Ўзбекистон Президентининг Тожикистонга давлат ташрифига доир
07.03.2018

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Тожикистон Республикаси Президенти Имомали Раҳмоннинг таклифига биноан 2018 йил 9-10 март кунлари давлат ташрифи билан Тожикистонда бўлади.
Олий даражадаги музокараларда икки мамлакат ўртасидаги сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий, молиявий, транспорт-коммуникация, туризм, маданий-гуманитар соҳалардаги ва ҳудудлараро ҳамкорликни ривожлантириш, фуқароларнинг ўзаро ташрифларини осонлаштириш масалалари муҳокама қилинади, томонларни қизиқтирган минтақавий ва халқаро муаммолар юзасидан фикр алмашилади.
Музокаралар якунлари бўйича Президентларнинг Қўшма баёноти, Ўзбекистон - Тожикистон давлат чегарасининг алоҳида участкалари тўғрисида шартнома, Фуқароларнинг ўзаро қатнови тўғрисидаги битим, шунингдек, турли соҳаларда ҳамкорликни ривожлантириш ва мустаҳкамлашга қаратилган жами 25дан ортиқ ҳужжат имзоланиши режалаштирилган.
Бундан ташқари, ташриф доирасида ўтказиладиган бизнес-форум ва Ўзбекистон миллий саноат кўргазмасида тижорат шартномалари ва иқтисодиётнинг турли тармоқларидаги кооперацияга оид битимлар имзоланиши кўзда тутилган. Икки мамлакат санъат усталари иштирокида концерт ташкил этилиши ҳам мўлжалланган.


Манба: prezident.uz