2018 йил август сонида
Хива хонлигида ҳарбий бошқарув тизими
12.02.2018
Амударёнинг қуйи оқими – қадимги Хоразм воҳаси инсоният тамаддуни ­ўчоқларидан бири сифатида минг йиллар мобайнида дунё эътиборини жалб этиб келган. Унда шаклланган давлатчилик анъаналарининг давоми сифатида XVI аср бошларида вужудга келган Хива хонлиги ҳам минтақа ҳаётининг барча соҳаларида, хусусан, ижтимоий-сиёсий, иқтисодий, маданий жараёнларда муҳим ўрин тутган.
Муайян даврларни инобатга олмаганда, 1920 йилда большевиклар томонидан барҳам берилгунига қадар мустақил сиёсат юритган Хива хонлиги ўзбек давлатчилиги тарихида ўз ўрнига эга. Шу хусусда фикр юритар эканмиз, XV–XVII асрлардаги Хива хонлигидаги давлат бошқаруви тизими, хусусан, ҳарбий-маъмурий тизимга эътибор қаратмоқчимиз.
Темурийлар салтанати таназзулга юз тутиб, Муҳаммад Шайбонийхон томонидан минтақани ягона, марказлашган давлатга қайта бирлаштириш ҳаракати бошланган даврда Хоразм темурий султон Ҳусайн Бойқаро ҳукмронлигидаги Хуросон давлати тасарруфида эди.
1505 йилда Шайбонийхон Хоразмни ҳам ўз салтанатига қўшиб олади. Бироқ 1510 йилда кам сонли қўшин билан Эрон шоҳи Исмоилнинг улкан қўшинига рўбарў келган Шайбонийхон жангда ҳалок бўлади. Хоразм Исмоилшоҳ томонидан забт этилади. Бу узоққа чўзилмади: Шайбон авлодидан бўлган Элбарсхон 1511–1512- йилларда воҳадан Исмоилшоҳ қўшинини қувиб чиқаради ва 1512 йилда мустақил Хива хонлигига асос солади. Бу хонлик таркибига Амударё қуйи оқимидаги воҳалар, Ман­ғишлоқ, Дахистон (Машҳад) ва Ўзбой атрофидаги кўчманчи туркман ҳудудлари кирар эди.
Хива хонлиги шайбонийлар давлати сингари бир қанча катта-кичик мулклардан ташкил топган бўлиб, жанубда Эрон, шарқда Бухоро амирлиги, ғарбда Каспий денгизи, шимолда қозоқ жузлари билан чегарадош эди.
Шу ўринда, хонлик тарихидаги муҳим бир жиҳатга тўхталиб ўтиш жоиз. ХVI асрнинг 70-йилларидан бошлаб ўз ўзанини ўзгартирган Амударё Каспийга эмас, балки Орол денгизига қуйила бошлайди. 15 йил давом этган бу жараён оқибатида Амударёнинг олдинги ўзани оқиб ўтган ҳудудлар чўл-биёбонга айланади. Бу қишлоқ хўжалиги соҳасига, аҳолининг турмуш тарзига жиддий таъсир кўрсатади. Хонлик пойтахти Урганчнинг мавқеи пасайиб, минтақанинг энг бой савдо марказларидан бири бўлган Хива шаҳри пойтахт деб эълон қилинади.
Хонлик тўлиғича ҳарбий бошқарувга асосланган бўлиб, буни сиёсий вазият тақозоси дейиш ҳам мумкин. Хонлик муттасил сиёсий курашлар, урушлар гирдобида эди. Узоқ йиллар давомида ҳокимият тепасида турган ўзбек қабилалари билан туркман қабилалари ўртасида, шунингдек, шаҳзодалар ўртасидаги урушлар тинмади. Хива ва Бухоро ҳукмдорлари ўртасида Мурғоб дарёси бўйлари ва Марв учун қирғинборот урушлар бўлиб турар, бу ҳудудлар қўлдан-қўлга ўтарди.
Булардан ташқари, хонлик ҳудудига шимолдан қалмоқлар, қозоқлар, Урал казакларининг тез-тез ҳужумлари ҳам улкан талофатлар келтирган.
XVI асрда бутун Мовароуннаҳр ва Хуросонни бирлаштиришга бел боғлаган Бухоро хони Абдуллахон II Хоразмга икки марта юриш қилиб, марказий ҳокимият ҳукмронлигини қайта тиклайди. Унинг вафотидан кейингина Хива хонлигининг мустақиллиги қайта тикланади.
Хонликда давлат бошқаруви ва қўшин тузилиши Бухоро хонлигидан деярли фарқ қилмаган. Мутлақ ҳокимият эгаси бўлган хон олий бош қўмондон ҳисобланган, ундан кейинги ўринда турган иноқ ҳарбий-маъмурий амалдорларга етакчилик қилган. Хоннинг қўшини асосан отлиқлардан ташкил топган бўлиб, уларга лашкарбоши, юзбошилар қўмондонлик қилган. Ҳарбий хизматдагилар солиқ ва жамоат ишларидан озод қилинган. Қўшиннинг асосий қисми қилич, ўқ-ёй, найза билан қуролланган.
Хива хонлиги тарихида улкан ўрин тутган ҳукмдорлардан бири, шайбонийлар сулоласининг йирик вакили Абулғозий Баҳодирхон нафақат одиллиги ва ғозийлиги, шунингдек тарихнавис ижодкор сифатида ҳам машҳур бўлган. Унинг ҳаёт йўли оғир кечган. Отаси Араб Муҳаммад тахтдан кетгач узоқ йиллар муҳожирликда яшашга мажбур бўлган. 1643 йилга келиб, Орол бўйи ўзбеклари ёрдамида Хива тахтига ўтиради.
Абулғозий Баҳодирхон сиёсий бош-бошдоқликка барҳам бериш мақсадида хонликдаги ўзбек уруғларини 4 гуруҳга, яъни қиёт-қўнғирот, уйғур-найман, қанғли-қипчоқ, нукуз-манғитларга бўлади. Уларни Бухоро билан чегарадош бўлган Дояхотун (Дарғонота яқинида)дан тортиб, то Оролгача бўлган ҳудудларга жойлаштиради. Ҳар бир қабилавий гуруҳга иноқ тайинланади. Бундан кўринадики, иноқлар хоннинг энг яқин кишиси саналган.
Бухоро хонлигида (шайбонийлар даврида) эса бундай лавозимда нақиблар фаолият кўрсатган. Нақиб ҳам иноқ каби хон­нинг энг яқин ва ишончли киши­си бўлиб, фармон ва ёрлиқларда унинг номи биринчи бўлиб ёзилган.
Иноқ давлатнинг ички ва ташқи сиёсати масалаларида хоннинг биринчи маслаҳатчиси ҳисобланган.
ХVIII аср ўрталарида Нодиршоҳ Хива хонлигини босиб олади. Туркман қабилаларини Хуросонга кўчиради. Бироқ Хоразм халқи Нодиршоҳ ва унинг ноибларига қарши тез-тез исён кўтарар, аҳоли боши оққан томонга кетар эди. Хонликдаги сиёсий вазият мустақиллик ва янги сиёсий элитани тақозо этаётган эди. XVIII асрнинг  60-йилларига келиб, хонликдаги ўзбек қабилаларидан қўнғиротлар етакчиларининг тарих саҳнасига чиқиши бошланди. 1770 йилда иноқ Муҳаммад Амин ҳокимиятни қўлга олди ва Хива хонлигида янги сулола – қўнғиротлар сулоласига асос солди (бу сулола 1920 йилгача ҳукм сурди). Муҳаммад Амин туркманлар қўзғолонини бостирди, Бухоро ҳукмдорининг ҳужумини даф этди ва Хива хонлигидаги бебош ҳокимларни марказий ҳокимиятга бўйсундирди.
Хива шаҳри шахсан хоннинг ва қушбегининг измида бўлган. Шаҳар ички тартиблари ва осойишталигига миршаббоши масъул бўлса, жиноий ишларни кўриш ва жазо тайинлаш ишлари шаҳар қозиси, пойтахтни тасодифий ҳужумлардан ҳимоялаш тўпчибоши ва Ичан-қалъа, Дишон-қалъа қутволи зиммасида бўлган.
Хива хонлигидаги навбатдаги ҳарбий мансабдор амир ул-умаро ҳисобланган. Хонликнинг сиёсий-маънавий ҳаётида уламоларнинг таъсири Бухородаги каби кучга эга бўлмаган, ­дейишга асос йўқ. Миршаблар, қамоқхоналар, шунингдек, хонни қўриқлаш ишлари, яъни хоннинг шахсий гвардияси бошлиғи – ясовулбоши қўлида бўлган. Бошқа мусулмон давлатларидаги каби ғуломлар деб аталган сарой гвардияси аскарлари сара жангчилардан тузилган. Хонликдаги ҳарбий-маъмурий амалдорлар доирасида мингбоши, юзбоши каби ҳарбий бўлинмалар бошлиқлари, шиғовул (айғоқчи), қутвол (қалъа бошлиғи), тўғбеги ва шу каби бошқа ҳарбий мансабдорлар ҳам муҳим ўрин тутган.
Хонликдаги ҳарбий тизим ўзига хос бўлиб, қўшин асосан вассал уруғлар лашкарларидан иборат бўлган. Фақатгина XIX асрга келиб хонликда мунтазам қўшин пайдо бўлди. Қўшинлар пиёда ва отлиқ навкарлардан ташкил топган. Қўшин бошлиғи саркарда деб аталган.
Ҳукмдор доиралар хоннинг бу қўшинини ўзлари учун мустаҳкам таянч деб билганлар. Шу боис қўшиннинг шу қисми бошқаларига қараганда кўпроқ имтиёзга эга бўлган. Хон нав­карларига Хива шаҳри атрофидан, яъни уларнинг қисмлари турадиган жойларнинг атрофидан ер-сув берилган. Амалдорлар сингари уларга ҳам маош тўлаб турилган. Хонликдаги бошқа юқори амалдорлар сингари бу қўшин зобитлари фақат катта ер эгалари орасидан танлаб олинган. Ҳар бир зодагон «ҳарбий киши» ҳисобланган.
Ўзбеклар, туркманлар, қорақалпоқлар қўшиннинг кўпчилик қисмини ташкил этган. Хоннинг марказлаштириш ва ягона ҳокимиятга интилиш йўлидаги уринишини улар унчалик ҳам қўллаб-қувватламас эдилар. Аммо навкарларнинг бу қисми ўзининг жанговарлиги, чидамлилиги билан фарқ қилар ва оғир вазиятларга ҳам жуда яхши кўниккан эдилар.
Навкарлар ярадор бўлиб қолган тақдирда, даволаниш учун уларга зарур миқдорда пул берилган. Отлари ярадор бўлган навкарларга ҳам пул берилган. Ўлдирилган навкарнинг бева қолган хотинига нафақа, баъзан пул ўрнига бир хизматкор берилган. Агар уруш хоннинг исён кўтарган фуқароларига (қозоқ ва туркманлар ҳам хонлик фуқароси эди) қарши олиб борилаётган бўлса, бутун хизмат даврида навкарларга маош тўлаб турилган. Гарнизонлардаги навкарлар, айниқса, беками-кўст таъминланган.
Хонлар аксари деҳқончилик ҳудудлардан олинган навкарларга кўпроқ ишонган ва жанг сафарларида уларга таянган. Манбалардан маълум бўлишича, саркардалар, қоида бўйича ўз уруғларидан тайинланмаган. Хонлар буни эҳтиёткорлик деб ҳисоблаган бўлсалар керак.
Навкарларнинг махсус ҳарбий кийимлари, нишонлари ва медаллари бўлмаган. Хизмат кўрсатган ҳарбийлар ёки амалдорлар пул, ер-сув, мол ёки қимматбаҳо буюмлар билан мукофотланган. Турли-туман чопон кийгизиш жуда кенг тус олган, айрим ҳолларда эса пичоқ ҳам инъом қилинган. Хон сулоласининг намояндалари, атоқли амалдорлар фахрий мукофот тариқасида олтин ва қимматбаҳо тошлар қадалган камар билан тақдирланган.
Хива қўшинида маҳаллий аҳолидан ташқари хонга аскар беришга мажбур саналган туркманлар, қорақалпоқлар ва бошқа халқлар орасидан олинган аскарлар ҳам бор эди. Хонликнинг чегара қўшини навкарлар қўшини каби ташкил этилган. Бу қўшин навкарларига ҳам ер-сув берилган. Чегара хизматининг бошлиғи – қоровулбошига 50 тилло маош тўланган.
Хон қўшинга бевосита ўзи, биз юқорида таъкидлаган амир ул-умаро орқали фармон берган. Эътиборлиси, бу вазифага ҳар ким, ҳатто ҳарбий лавозим эгаси бўлмаган одам ҳам тайинланиши мумкин бўлган. Чунки, юқорида айтилганидек, Хива шароитида ҳар бир катта ер эгаси ҳарбий ҳисобланган. Бир неча вилоятнинг даромадлари бутунлай амир ул-умаро ихтиёрида бўлган. Уларнинг қарамоғида ўзлари томонидан тузилган саройга қарашли махсус амалдорлар бўлиб, умумдавлат тадбирларини бажариш, душман ҳужумини даф этиш ва шу каби ҳолларда амир ул-умарога тобе бўлган вилоятларнинг барча аҳолиси хоннинг фармонига сўзсиз бўйсунган. Амир ул-умародан кейинги юқори расмий лавозим ясовулбошилар эди. Хонликда улар икки нафар бўлиб, бири ёвмуд туркманларга, иккинчиси эса човдурларга қўмондонлик қилган.
Ясовулбошининг вазифаси хон фармонига мувофиқ урушлар, ғалаёнлар ва талончиликларни бостириш учун аскарни бошлаб боришдан иборат бўлган. Махфий фармонлар ҳам унинг қўлида бўлган. Ясовулбошиларнинг ясовуллар деб аталган бир неча ёрдамчиси бўлиб, тинчлик вақтида улар фуқароларнинг хонларга берган арзларини қабул қилишган. Арзномани текшириш учун хондан фармон олгач, ясовулбоши ўз ёрдамчиларидан бирини шикоятчига қўшиб, воқеа жойига жўнатган. Текшириш ишлари тамом бўлгандан кейин ясовул саройдан бошлаб босилган ҳар бир тош (18 чақирим) масофа учун арзчидан ўз фойдасига 3,5 тилло ундириб олган. Ясовулнинг кумуш қалқони унинг унвони ва ваколатини тасдиқлаш учун асос бўлган.
Хон ҳузуридаги расмий қабул маросимларида ясовулбошиларнинг доимий ўрни бўлмаган, лекин улар хон ҳузурида бўладиган тор кенгашда меҳтар, қушбеги ва девонбоши билан бир қаторда қатнашар эдилар.
Сарой ҳужжатлари ёзилган маълумотдан кўринишича, ясовулбошилардан кейин келадиган мингбошилар тузуккина инъомлар олганлар. Юзбошилар рўйхатида сарангларни учратамиз. Булар қалъа атрофида мудофаа истеҳкомлари қуришга жавобгар бўлган амалдор ҳисобланган. Юзбошилар рўйхати орасида қатовул мансаби ҳам учрайди. Қатовул қалъанинг шикаст-рехтлари учун жавобгар бўлган шахсдир.
Саркардалик мансаби қўшин уруш сафарига чиққан даврда тасдиқланган. Мингбоши ва юзбошилар сингари саркардалар ҳам бевосита хоннинг ёрлиғи билан тайинланар эди. Эътиборли жиҳати, саркарда ҳарбий маҳкама таркибидаги кишилардан бўлмаслиги ҳам мумкин эди. Масалан, агар салоҳияти бўлса, оддий мироблар саркарда бўлиши ҳам мумкин бўлган. Гарчи Хива хонлигида қўшин бош штаби бўлмаса-да, лекин вазифаси жиҳатидан штаб бошлиғига ўхшаш мансаб бор эди – бу вазифани юқорида айтиб ўтилган иноқ  босар эди.
Нақиб хўжа саййидлар ва хўжалар учун юқори фахрий унвон эди. У хоннинг энг яқин маслаҳатчилардан бири бўлиб, сафарда унга ҳамроҳ бўлган. Нақиб хўжа унвонига тайинланадиган шахс албатта мадраса таълимини олган бўлиши шарт эди. Расмий қабул маросим­ларида нақиб хўжа хоннинг чап томонидан биринчи ўринда ўтирган.
Хонликда деҳқончилик ва чорвачилик асосий ўрин тутган. Ўша даврларда ҳам Хоразм қовунлари маълум ва машҳур бўлган. Ўз навбатида ирригация иншоотлари қурилишига ҳам катта эътибор қаратилган. XVI аср ўрталарида Янгиариқ ва Тошли Ёрмиш, 1602 йилда эса Араб Муҳаммадхон каналлари қазилган. XVII асрнинг 60-80- йилларида Шоҳобод ва Ермиш каналлари, кейинроқ Јозиобод каналлари қазилган.
Ички ва ташқи савдо хон хазинасига даромадлар келтириб турган. Бозорлардаги савдо жойларидан фойдаланганлик учун «тагжой» деб аталган алоҳида солиқ тури мавжуд бўлган. Асосан қоракўл тери, ҳунармандчилик маҳсулотлари, гиламлар Эрон, Хитой, Ҳиндистон ҳамда Туркия каби мамлакатларга экспорт қилинган. Россия билан ҳам XVI аср охиридан савдо-сотиқ ишлари йўлга қўйилган бўлиб, Россияга газлама ва тўқилган матолар чиқариб турилган.
Хонликда айниқса ҳунар­мандчилик тараққий топган эди. Шогирдларга касб ўргатишнинг шартлари ва муддатлари шартнома асосида расмийлаштирилган. Синовдан ўтган шогирдгагина ўз устахонасини очишга рухсат берилган. Уларнинг фаолияти мунтазам назорат қилиниб, айни пайтда манфаатлари ҳам тўлиқ ҳимоя остида бўлган.
Хива хонлигида илм-фан соҳасида ҳам маълум ютуқларга эришилган. Хусусан, Абулғозий Баҳодирхоннинг «Шажараи турк», «Шажараи тарокима» каби асарлари нафақат ўз даври, балки келажак авлодлар учун ҳам муҳим аҳамиятга эгадир. Бу ҳақда таниқли шарқшунос олим Ҳерман Вамберининг «Абулғозийнинг «Шажараи турк»и учун бутун дунё ундан миннатдор» деганини эслашнинг ўзи кифоя.
XVII асрдан меъморчилик соҳаси ҳам ривожланиб борди. Бунга Араб Муҳаммадхон мадрасаси (1616 йил), Хўжабердибий мадрасаси (1688 йил) ва Оқмасжид (XVII аср) мадрасалари мисол бўла олади (Ўзбекистон миллий Энциклопедияси. Т.: «Қомуслар бош таҳ­ририяти». 1997, 151–154 бетлар).
Халқимизнинг бой тарихи ва маданиятини ўрганиш, унинг теран илдизларига атрофлича назар ташлаш бугунимиз ва келажагимиз учун ўта муҳим вазифалар сирасига киради. Зеро, тарих ёшларимизни ватанга садоқат ва инсонпарварлик руҳида тарбиялашга ҳамда мамлакатимиз нуфузини янада оширишга муносиб ҳисса қўшади.
Ҳаким АЗИМОВ,
ТДЮУ доценти,
тарих фанлари номзоди