2018 йил июнь сонида
Мурожаатга эътибор инсонга, унинг дарду ташвишига бўлган эътибордир
12.02.2018
Давлатимизда халқ билан мулоқот, ­инсон манфаатларини таъминлаш бош вазифага айланди. ­«Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги қонун янги таҳрирда қабул қилинди ва шу асосда аҳоли учун мақбул бўлган усуллар – «ишонч телефонлари» ва тезкор алоқа телефонлари орқали ҳамда видеоконференцалоқа воситасида мурожаат қилиш тартиби жорий этилди.
Фуқароларимизнинг Конституцияда муҳрлаб қўйилган давлат органлари ва муассасаларига, халқ вакилларига мурожаат қилиш ҳуқуқини таъминлаш мақсадида оммавий учрашувларда мурожаатларни қабул қилиш тартиби белгиланди.
Инсон манфаатларини таъминлаш, энг аввало, одамлар билан мулоқот қилиш, халқнинг дарду ташвишлари, ҳаётий муаммо ва эҳтиёжларини чуқур ўрганиш ва ҳал қилиш ­мақсадида Ўзбекистон ­Респуб­ликаси Президентининг Виртуал ва Халқ қабулхоналари ташкил этилди.
Мазкур тузилмалар давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг самарадорлиги, шунингдек, жойлардаги муаммоларни чуқур таҳлил этиш механизми ва давлат органлари ҳамда мансабдор шахсларнинг жамият олдидаги масъулиятини ошириш, уларнинг фаолиятини баҳолаш мезонига айланди.
2017 йилда Виртуал қабулхона ва Халқ қабулхоналарига жисмоний ва юридик шахслардан 1,5 миллионга яқин мурожаат келиб тушди. Ҳар бир ариза ва шикоятнинг қонун доирасида кўриб чиқилиши қатъий назоратга олинди. Виртуал ва халқ қабулхоналари аҳолини ташвишлантираётган масалалар ҳал этиладиган масканга айланди.
Республиканинг барча вилоятлари, туманлари ва шаҳарларидаги халқ қабулхоналари аҳоли билан бевосита мулоқотни, жойларда юзага келадиган муаммоларни тезкор ҳал этиш, камчиликларни бартараф қилиш, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлади.
Жисмоний ва юридик шахслардан келиб тушган мурожаатлар тизимли равишда таҳлил қилиниб, мавжуд муаммоларни ҳамда аниқланган қонун бузилиши ҳолатларини бартараф этиш юзасидан зарур чоралар кўрилди.
Вазирлик ва идоралар ­кесимида энг кўп мурожаатлар Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Олий суди, Бош прокуратураси, Марказий банки ва тижорат банклари, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Мажбурий ижро бюро­си, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, «Ўзбекнефтгаз» ва «Ўзбекэнерго» акциядорлик жамиятлари фаолияти билан боғлиқ.
Мурожаат қилиш фуқароларнинг муҳим сиёсий ҳуқуқларидан биридир. Мурожаатлар халқимизнинг кайфияти, шарт-шароити, олиб борилаётган ислоҳотларга муносабатини акс эттиради. Шундан келиб чиққан ҳолда, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари доирасида Тошкент давлат юридик университети тадқиқотчилари томонидан ўрганишлар олиб борилди.
Соҳага оид назарий ва амалий таклиф ҳамда хулосаларни ишлаб чиқиш мақсадида давлат органларининг мансабдор шахслари билан ҳамкорликда жойларда ўрганишлар олиб борилди.
Ушбу муносабатларни фақат қонун, қонуности ҳужжатларини таҳлил қилиш, ёки статистик маълумотлар, таклиф ва хулосалар асосида бартараф этиб бўлмайди. Шу боис Халқ қабулхоналарига келиб тушаётган мурожаатларни ўрганиш, сўровнома ўтказиш ҳамда фуқароларнинг таклифларини таҳлил қилиш, соҳага оид қонунчиликка таклиф ва ­хулосалар тайёрлаш мақсадида Қорақалпоғистон Республикаси Шуманай тумани ҳокимлиги ва Халқ қабулхонасида, Тошкент вилояти, Зангиота тумани Халқ қабулхонасида, шунингдек, Чуст тумани ҳокимлигида ва Халқ қабулхонасида ўрганишлар олиб борилди.
Мазкур сўров ўтган йилнинг июнь-сентябрь ойларида «Ўзбекистон Республикасининг Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги қонуни ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармони билан жорий этилган ҳуқуқий механизмлар амалиётда қандай самара бераётганини ўрганиш мақсадида ўтказилди.
Унда 150 нафар фуқаро (респондент) иштирок этди.
Ижтимоий сўров турли йўналишдаги саволлар асосида олиб борилди. Хусусан:
Сиз мурожаат қилиш тўғрисидаги қонунчиликдан хабардормисиз, деган саволга респондентларнинг 52 нафари (34,6 фоизи) тўлиқ хабардорман, 64 нафари (42,6 фоизи) қисман хабардорман, 34 нафари (24,8 фоизи) қонунчилик мазмунидан хабардор эмасман, дея жавоб берган.
Сиз ўз муаммоларингизни ҳал этиш учун мурожаатни қайси шаклда йўллагансиз, деган  саволга иштирокчиларнинг 51 нафари (34,0 фоизи) ёзма шаклда, 40 нафари (26,5 фоизи) оғзаки тарзда, 44 нафари (30,6 фоизи) электрон шаклда ва 15 нафар сўралган шахс (10,3 фоизи) шахсий қабулга бордим, деб жавоб қайтарган.
Сўровда қатнашган фуқароларга «Сиз мурожаатни тузишда ўзгаларнинг ёрдамидан фойдаландингизми», «Ёрдам олган бўлсангиз, кимдан», «Халқ қабулхонасидаги қабул шароитлари сизга маъқулми (шунингдек, ногирон фуқароларга шароит яратилганми)», «Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисидаги махсус қонунчилик амал қилаётганидан қанчалик қаноатланасиз», «Сиз халқ қабулхоналари ходимларининг маданияти, эътиборлилиги, хушфеъллиги даражасини қандай баҳолайсиз», «Сиз мурожаат қилган мансабдор шахсларнинг муносабатларини (муомаласини) қандай баҳолайсиз», «Халқ қабулхоналари ташкил этилгач, уларда фаолият юритаётган ходимлар (мансабдор шахслар)нинг ўз ваколатларидан фойдалана олмаслигига дуч келдингизми», «Сизнинг кузатувингиз бўйича, мансабдор шахслар, Халқ қабулхонаси ходимлари қабул жадвалига қатъий амал қиладиларми» каби кўплаб саволлар билан мурожаат қилинди.
Ўтказилган сўров натижаларини таҳлил қилиш асосида давлат органларига мурожаат қилувчи фуқаролар фикри ва кайфиятини ўрганиш мамлакатда сўнгги йилларда амалга оширилаётган ислоҳотлар, халқ билан бевосита мулоқот сиёсати аҳоли томонидан кенг қўллаб-қувватланаётгани ва мамнунлик ҳиссини туғдираётганини кўрсатмоқда.
Аҳоли давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқ ҳамда шаффоф олиб борилаётганини маъқулламоқда. Бу эса фуқароларнинг давлат ишларини бошқаришда иштирокини рағбатлантириб, уларнинг сиёсий ҳамда ҳуқуқий фаоллиги ва маданиятини оширишда муҳим омил бўлмоқда. Сўров иштирокчиларининг тўртдан уч қисми (яъни 77,2 фоизи) мурожаатлар тўғрисидаги қонунчиликдан тўлиқ ёки умуман хабардорлигини кўрсатмоқда. Аҳоли Халқ қабулхоналаридан мамнун. Респондентларнинг салкам 60 фоизи уларда яратилган шарт-шароитлардан рози эканини, сўров иштирокчиларининг 75 фоизи қабулхоналар ходимлари ва мансабдор шахсларнинг муомала маданияти ва муносабатини юқори ёки умуман ижобий баҳолаётганининг гувоҳи бўлишимиз мумкин.
 Президентимиз ташаббуси билан Халқ қабулхоналари имкониятлари давлат хизматларини кўрсатиш соҳасига йўналтирилди.
Шу мақсадда давлатимиз раҳбарининг «Аҳолига давлат хизматлари кўрсатишнинг миллий тизимини тубдан ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони билан янги тузилма – тадбиркорлик субъект­ларига «ягона дарча» тамойили бўйича давлат хизматлари кўрсатиш ягона марказлари ташкил этилди.
Фармонга кўра, 2017 йил 1 февралдан Ягона марказларнинг туманлар (шаҳарлар) ҳокимликлари тузилмасидан Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги тасарруфига ўтказилиши мазкур соҳани ривожлантириш бўйича кейинги қадам бўлиб, вертикал бошқарувни шакллантириш, уларнинг самарали фаолиятини ташкил этиш имконини берди. Натижада Ягона марказлар томонидан кўрсатиладиган давлат хизматлари сони 33 тагача ошди. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президенти девонининг Фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлашни назорат қилиш ва мувофиқлаштириш хизматининг 24 та, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг туман (шаҳар)лардаги Халқ қабулхоналарининг 157 та штат бирлиги Агентлик тасарруфига ўтказилди.
Давлат хизматлари марказлари «ягона дарча» марказларида юридик шахслар ҳамда аҳолига хизмат кўрсатади.
Улар орасида уй-жойларнинг сув таъминоти, канализация, иссиқлик таъминоти ва бошқа муҳандислик-коммуникация тармоқларига уланиш, якка тартибда уй-жой қуришни амалга оширишга рухсатнома, турар жойи бўйича рўйхатга олиш (прописка), рўйхатдан чиқариш ва ҳисобга қўйиш, турли архив маълумотномалари, патентлар, гувоҳномалар ва расмий ҳужжатлар дубликатларини олиш каби аҳолининг талаби юқори бўлган хизматлар мавжуд.
Ҳар бир ишнинг самараси нафақат ҳуқуқий асосларнинг мавжудлиги, балки, субъектлар ундан қай даражада фойдалана олаётгани билан ҳам ўлчанади. Яна бир муҳим жиҳат шуки, фуқаролар мурожаат қилиш институтини ўзига берилган имконият қуроли ёки бирор бир шахсий манфаат воситаси сифатида англамасликлари зарур. Ҳар бир мурожаат қилувчи ўз ҳуқуқларини тиклаш ёки муҳофазалашга ҳаракат қилар экан, бошқаларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини поймол этмаслиги лозим.
Мурожаат қилиш ҳуқуқи — фуқароларнинг энг муҳим конституциявий ҳуқуқ ва эркинликлари сирасига киради. Энг асосийси, бу ҳуқуқ халқ давлат органларига эмас, давлат органлари халқимизга хизмат қилиши керак, деган тамойилнинг ҳаётимизда мустаҳкам ўрин эгаллашига хизмат қилади.
Сардорбек Юсупов,
ТДЮУ докторанти