2018 йил июнь сонида
Судланганлик ҳолати: муаммо ва ечим
12.02.2018
Давлатимиз раҳбари Олий Мажлис палаталари, сиёсий партиялар вакиллари иштирокида бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида кимнингдир отаси ёки акаси, қариндошлари судланган ёки қамалган деган важлар билан яхши-яхши кадрлар бошқарувга яқин йўлатилмаганлигини таъкидлаб, кўп йиллардан буён ўз ечимини топмай келаётган жуда муҳим, аниқроқ айтганда, муаммоли бир масалага эътибор қаратди.
Шу ўринда, судланганлик ва унинг ҳуқуқий ҳолати қонунчилигимизда қандай нормалар билан тартибга солинган деган табиий савол туғилади.
 Маълумки, судланганлик шахсга суд ҳукми билан жазо қўлланилишидан келиб чиқадиган ҳуқуқий ҳолат бўлиб, мазкур шахсга нисбатан ­жиноят-ҳуқуқий ва умумҳуқуқий ­хусусиятга эга муайян салбий оқибатлар келиб чиқишида намоён бўлади.
Жиноят кодексининг 77-мод­да­сига мувофиқ, судланганлик ҳолати жазо тайинланган суд ҳукми қонуний кучга кирган кундан бошлаб, у тугалланган ёки олиб ташланган пайтгача давом этади.
Судланганлик ҳолатининг муҳим жиҳатларидан яна бири бу қайси соҳада бўлмасин, жамиятимиз ривожига ҳисса қўшаман деган ёш кадрларнинг эртанги ҳаёти, келажаги билан бевосита боғлиқ эканлигидир.
Шунингдек, бу масала кейинги йилларда мамлакатимизда амалга оширилаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотлари билан бевосита боғлиқ эканлиги сабабли, ушбу масаладаги айрим фикрларимиз билан ўртоқ­лашиб, судланганлик ҳолатининг ҳуқуқий аҳамияти ва бошқа айрим жиҳатларига тўхталиб ўтишни лозим деб топдик.
Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 77–80-моддаларида судланганликнинг ҳуқуқий аҳамияти, олиб ташланиши, шунингдек, судланганлик ҳолатининг тугалланиш ёки судланганликни олиб ташлаш муддатларини ҳисоблаш назарда тутилган. Шунга кўра, судланганлик қуйидаги пайтларда тугалланган ҳисобланади:
а) шартли ҳукм қилинганларга нисбатан – синов муддати тугаган кундан бошлаб;
б) хизмат бўйича чеклаш ёки интизомий қисмга жўнатиш тарзидаги жазоларини ўтаб чиққач;
в) жарима жазоси ижро этилган кундан кейин, шунингдек муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш ёки ахлоқ тузатиш ишлари жазолари ўталганидан кейин бир йил ўтгач;
г) қамоқ жазоси ўталганидан кейин икки йил ўтгач;
д) беш йилдан кўп бўлмаган муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси ўталганидан кейин – тўрт йил ўтгач;
е) беш йилдан ортиқ, лекин ўн йилдан кўп бўлмаган муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси ўталганидан кейин – етти йил ўтгач;
ж) ўн йилдан ортиқ, лекин ўн беш йилдан кўп бўлмаган муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси ўталганидан кейин – ўн йил ўтгач.
Ўн беш йил ва ундан ортиқ муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосини ўтаб чиққан шахслар ҳамда ўта хавфли рецидивистлар жазони ўтаб чиққанидан кейин ўн беш йил мобайнида бошқа жиноят содир этмаса, суд уларнинг судланганлигини олиб ташлаши мумкин.
Судланганлик Жиноят кодексининг 13-моддаси иккинчи қисмида назарда тутилган асослар мавжуд бўлган тақдирда ҳамда афв этиш ёки амнистия акти асосида ҳам олиб ташланиши мумкин.
Қонунда назарда тутилган ҳолатларга кўра, фақат озодликдан маҳрум қилинган шахсларга нисбатан судланганлик олиб ташланиши мумкин. Жиноят кодексининг 13-моддаси иккинчи қисмида кўрсатилган ҳоллар бундан мустасно.
Судланганлик ҳолатининг тугалланиш ёки судланганликни олиб ташлаш муддатлари асосий ва қўшимча жазолар ўтаб бўлинган ёки ижро этилган кундан бошлаб ҳисобланади.
Судланганлик ҳолатининг тугалланишига муайян муддат ўтиши билан мазкур масалага оид суднинг махсус қарори қабул қилинмасдан барча ҳуқуқий оқибатлар бекор бўлади. Судланганлик ҳолати тугалланганда шахс судланмаган ҳисобланади.
Шунингдек, қонун судланганлик ҳолати барҳам топишининг фақат икки усулини – унинг тугалланиши ва олиб ташланишини назарда тутади (ЖК 77-моддаси тўртинчи қисми).
Судланганлик ҳолати тугалланиши шахснинг судланганлиги факти билан боғлиқ барча оқибатларнинг жазо тури ва муддатидан келиб чиққан ҳолда ЖК 78-моддасида назарда тутилган муддатлар ўтганлиги натижасида автоматик тарзда (ўз-ўзидан) барҳам топишини англатади. Бундай ҳолларда судланганлиги тугалланган шахс, унинг вориси, қонуний вакили ёки адвокати илтимосига кўра ҳукм чиқарган суд томонидан судланганлик ҳолати мавжуд эмаслиги фактини тасдиқловчи маълумотнома берилади. Бунинг учун манфаатдор шахс томонидан судга тақдим этилган ички ишлар органлари ахборот маркази маълумотномаси ва жазо ўталганлиги (ижро этилганлиги) фактини тасдиқловчи ҳужжатлар асос бўлади.
Судланганликнинг олиб ташланиши ундан келиб чиққан ҳуқуқий оқибатлар судланганлик ҳолати барҳам топиши учун қонунда белгиланган муддатлар ўтгунига қадар суд қарорига асосан тугатилишини англатади. Судланганлик олиб ташланиши учун шахснинг жазони ўтаб чиққандан кейинги бенуқсон хулқ-атвори (унга нисбатан маъмурий жазо ёки интизомий таъсир чораси қўлланилмаганлиги), жамоат бирлашмаси, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи, жамоа ёки шахснинг ўзи ЖК 79-моддасининг биринчи, иккинчи ва учинчи қисмларида назарда тутилган муддатлар ўтгандан сўнг берган илтимосномаси асос бўлиши мумкин. Қонун суд тартибидан ташқари амнистия акти ёки афв этиш орқали судланганликни олиб ташлаш имкониятини ҳам назарда тутади.
Судланганлик ҳолатининг тугалланиши ва қонунда белгиланган тартибда олиб ташланиши жиноятлар мажмуи, такроранлигини ва рецидив жиноятни истисно этувчи ҳолат ҳисобланади.
Судланганлик ҳолати тугалланган ёки олиб ташланган пайтдан бошлаб шахс судланмаган ҳисобланиб, ушбу шахс томонидан жиноят содир этилганлиги факти ва унинг учун судланганлик билан боғлиқ барча ҳуқуқий оқибатлар қатъиян ва сўзсиз бекор бўлади.
Демак, шу ўринда, қонунчиликда судланганлик ҳолати тугалланган ёки олиб ташланган пайтдан бошлаб шахс судланмаган деб ҳисобланиб, унинг барча ҳуқуқий оқибатлари қатъиян бекор бўлиши белгилаб қўйилган бўлса-ю, лекин амалиётда бу соҳада яна қандай муаммолар бўлиши мумкин деган савол туғилади.
Шу ўринда, бундан бир неча йил аввал бир танишим билан бўлиб ўтган суҳбат жараёнига тўхталиб ўтмоқчиман.
Суҳбатдошимнинг айтишича, у бундан йигирма йиллар аввал савдо-сотиқ қоидаларини бузганлиги учун суд тартибида белгиланган жавобгарликка тортилган.    
Орадан бир неча йиллар ўтиб, суҳбатдошимнинг олий юридик маълумотга эга фарзанди давлат идорасига ишга кириш мақсадида ҳужжатларни топширганда, уни отаси судланган деган важ билан ишга қабул қилиш рад этилган.
Шундан сўнг суҳбатдошим ушбу масалани қонуний ҳал этишни сўраб судга ариза билан мурожаат қилган ҳамда суднинг ажримига асосан унинг судланганлиги олиб ташланган.
Аммо шундан кейин ҳам унинг фарзандини, ваҳоланки, қўлида отаси судланмаган деган суднинг ажрими бўлишига қарамасдан, ИИБ ахборот марказидан олинган маълумотнома важ қилиниб, ишга қабул қилиш рад этилган.
Дарҳақиқат, бир шахс бундан йигирма йил аввал, айтайлик, содир этган ҳуқуқбузарлиги учун жазога тортилган, шунингдек, қонун ҳужжатларида судланганлик муддатининг ўтиб кетганлиги ёки судланганликнинг олиб ташланиши муносабати билан унинг барча ҳуқуқий оқибатлари бекор бўлиши белгилаб қўйилган бўлса-ю, шунга қарамасдан унинг фарзандини ишга қабул қилиш рад этилса?
Юқорида қайд этилган ушбу масала амалиётда айрим саволларни келтириб чиқарадики, уларга эътиборингизни қаратишни лозим деб топдик.
Улар қуйидагилардан иборат:
биринчидан, айтайлик, бир шахс бундан йигирма йил аввал билиб-билмай содир этган ҳуқуқбузарлиги учун судланган, аммо, бугунги кунда судланганлик муддатининг ўтиб кетганлиги ёки судланганликнинг олиб ташланиши муносабати билан ўша шахс суднинг ажримига асосан судланмаган деб ҳисобланса;
иккинчидан, ҳуқуқбузарлик содир этилганидан кейин маълум бир вақт ўтиши билан унинг ижтимоий хавфлилик даражаси ва барча ҳуқуқий оқибатлари бекор бўлган бўлса;
учинчидан, муқаддам жавобгарликка тортилган шахснинг бугунги кунда судланмаганлиги тўғрисида суднинг ажрими мавжуд бўлишига қарамасдан, иш берувчининг сўровига кўра ахборот марказидан ўша шахснинг судланганлиги ҳақида олинган маълумотномага асосан унинг фарзандини ишга қабул қилиш рад этилиши қанчалик асосли ҳисобланади? 
Ваҳоланки, Ўзбекистон Республикасининг «Судлар тўғрисида»ги қонунининг 5-моддасига кўра, суд ҳужжатлари барча давлат органлари, жамоат бирлашмалари, корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар, мансабдор шахслар, фуқаролар учун мажбурийдир ҳамда Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудида ижро этилиши шарт.
Шундай экан, бундай ҳолатда қайси ҳужжат кўпроқ устуворликка эга бўлади: суднинг ажримими ёки иш берувчи томонидан сўраб олинган маълумотномами?   
Хулоса қилиб айтганда, мазкур соҳада мавжуд бўлган қонун ҳужжатларини, шунингдек, айрим идоравий-ҳуқуқий ҳужжатларни, авваламбор, инсонпарварлик принципи, қолаверса, судланганлик ҳолатини тугатиш, олиб ташлаш, муддатлари ва асосларини қисқартириш, унинг меҳнат муносабатларига таъсири нуқтаи назаридан қайта кўриб чиқиш зарур ва кечиктириб бўлмайдиган долзарб масала ҳисобланади.
Тўлқин ТУРСУНОВ,
ҳуқуқшунос