2018 йил июнь сонида
Юридик хизмат фаолияти: унинг навбатдаги такомиллашуви
12.02.2018
Ҳуқуқий демократик давлатнинг энг асосий талаби давлат ва жамият ҳаётида қонун устуворлиги ва қонунийликни таъминлашдир. Ушбу устувор вазифани амалга оширишда давлат органлари ва ташкилотларининг юридик хизмат ходимлари ҳам муҳим ўрин тутади.
Шу мақсадда жорий йилнинг 19 январида Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Юридик хизмат фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди. Ушбу қарор юридик хизмат соҳасидаги ислоҳотларни янги босқичга олиб чиқди.
Ўтган йиллар мобайнида қонун ҳужжатларига асосан юридик хизмат ходимлари давлат органлари ва ташкилотларининг норма ижодкорлиги, шартномавий-ҳуқуқий ва талабнома-даъво ишларини амалга ошириб келган бўлса-да, уларнинг қонунбузилишларнинг олдини олиш ҳамда ўз вақтида чоралар кўриш борасидаги фаолияти талаб даражасида эмас эди. Бунга уларнинг етарли ва таъсирчан ваколатларга эга эмасликлари сабаб бўлаётган эди. Мазкур қарор юридик хизмат ходимининг ҳуқуқий мақомини мустаҳкамлагани, уларга зарур ваколат, функцияларни белгилаб бергани билан аҳамиятлидир. Шунингдек, ушбу қарор билан юридик хизмат ходимларининг моддий-техник таъминотига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.
Жумладан, қарорда юридик хизмат ходимлари ҳар чоракда судгача ва суд тартибида давлат органи ва ташкилоти фойдасига ҳал қилинган низолар юзасидан ундирилган сумманинг 5 фоизи, бироқ энг кам ойлик иш ҳақининг 50 баробаридан кўп бўлмаган миқдорда мукофотланиши белгиланди.
Шуни таъкидлаш лозимки, шу пайтгача давлат органи, корхонаси ва ташкилотидаги юридик хизмат ходимлари судда ёки судга қадар ҳал қилинган низолар юзасидан ундириладиган суммаларни ундирган тақдирда, агар иш берувчи ихтиёрий равишда уни рағбатлантирмаса, бунинг учун ҳеч қандай мукофот олмасди.
Юридик хизмат соҳасидаги моддий таъминотнинг етарли эмаслиги, имтиёз ва рағбатлантиришларнинг пастлиги учун ҳам ўқишни янги битирган ҳуқуқшунослар кўпинча юридик хизмат соҳасида эмас, балки суд-ҳуқуқ органларига ишга киришни хоҳлашар эди. Бу ҳолат, ўз навбатида, меҳнат бозорида номутаносибликни юзага келтираётган эди (юридик хизмат соҳасида вакант иш ўринларини ҳаддан зиёд кўплиги, уларнинг узоқ вақтдан бери вакант туриши ва ҳоказо).
Юқоридаги қарорда Адлия вазирлигига юридик хизмат ходимларининг меҳнатига ҳақ тўлаш разрядларини давлат органлари ва ташкилотлари тегишли тузилмаларининг раҳбарлариники даражасига қадар ошириш юзасидан таклифларни Вазирлар Маҳкамасига киритиш топширилган эди.
Ушбу вазифани бажариш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан зарур таклифлар ишлаб чиқилиб, тегишли тартибда Вазирлар Маҳкамасига киритилди.
Ушбу таклифлар асосида 2017 йил 1 майда Вазирлар Маҳкамаси томонидан «Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Юридик хизмат фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2017 йил 19 январдаги ПҚ–2733-сон қарорини амалга ошириш чора-тадбирлари ҳақида»ги 250-сон қарори қабул қилинди.
Ушбу қарор билан қуйидагилар тасдиқланди:
– республика, ҳудудий (вилоят) ва туман (шаҳар) даражасидаги давлат органлари ва ташкилотларининг юридик хизматлари ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш бўйича лавозим разрядлари;
– давлат органлари ва ташкилотлари юридик хизматларининг мартаба даражаларига эга бўлган ходимларига узоқ муддат хизмат қилгани учун бериладиган ҳар ойлик устама ҳақ миқдорлари (лавозим маошига нисбатан фоизларда);
– давлат органлари ва ташкилотлари юридик хизматлари ходимларининг лавозим маошларига мартаба даражалари учун қўшиладиган ҳар ойлик устамалар миқдорлари;
– давлат органлари ва ташкилотларида юридик хизматларни ташкил этиш шакллари;
– давлат органлари ва ташкилотларида юридик хизматлар ташкил этишнинг минимал нормативлари ва мезонлари;
– судгача ва суд тартибида давлат органи ва ташкилоти фойдасига ҳал қилинган низолар юзасидан ундирилган маблағлар ҳисобидан юридик хизмат ходимларини мукофотлаш тартиби тўғрисидаги низом.
Қарорнинг 2-иловасига мувофиқ, мартаба даражаларига эга бўлган юридик хизмат ходимларига иш стажи (адлия органлари ва муассасаларидаги фаолиятининг, шунингдек, давлат органлари ва ташкилотларида юридик хизмат ходими сифатида ишлаган барча даври) 2 йилдан 5 йилгача бўлганда 5 фоиз,
5 йилдан 10 йилгача бўлганда 10 фоиз, 10 йилдан 15 йилгача бўлганда 15 фоиз, 15 йилдан 20 йилгача бўлганда 20 фоиз, 20 йилдан 25 йилгача бўлганда 25 фоиз, 25 йилдан ортиқ бўлганда 30 фоиз лавозим маошига нисбатан устамалар тўланиши белгиланди.
Ушбу устамаларни тўлаш ҳарбий ва махсус унвонлар (малака тоифалари, дипломатик даража ва бошқалар) беришнинг бошқача тартиби амал қиладиган алоҳида давлат органларига татбиқ қилинмаслиги белгилаб қўйилди.
Бундан ташқари, қарор билан судгача ва суд тартибида давлат органи ва ташкилоти фойдасига ҳал қилинган низолар юзасидан ундирилган маблағлар ҳисобидан юридик хизмат ходимларини мукофотлашнинг аниқ механизмлари белгиланди. Тасдиқланган низомга мувофиқ, юридик хизмат ходимлари томонидан ундирилган қуйидаги маблағлар давлат органлари ва ташкилотлари томонидан мукофот пулини тўлашда ҳисобга олинади:
– давлат органлари ва ташкилотлари томонидан тўлиқ ёки қисман тан олинган даъволар бўйича ундирилган маблағлар;
– ҳакамлик судининг қарорлари асосида ундирилган маблағлар;
– фуқаролик ишлари ва иқтисодий низолар бўйича судларнинг ҳал қилув қарорлари, ажримлари ва қарорлари билан ундирилган маблағлар;
– жиноят ишлари бўйича судларнинг ҳукмлари, ажримлари ва қарорларининг мулкий ундиришга оид қисми билан ундирилган маблағлар;
– маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишлар бўйича ундирилган маблағлар;
– нотариусларнинг ижро хатларига асосан ундирилган маблағлар;
– бошқа ундирилган маблағлар.
Мукофот пули юқорида қайд қилинган маблағлар давлат органи ва ташкилоти ҳисоб рақамларига ёки шахсий ғазначилик ҳисобварақларига тушгандан сўнг тўланиши белгиланди.
Хулоса ўрнида таъкидлаш лозимки, давлат томонидан юридик хизмат соҳасида берилган юқоридаги каби имтиёз ва афзалликлар улардан юксак касбий масъулиятни талаб қилади.
Тимур ШУКУРОВ,
Самарқанд вилояти адлия
бошқармаси масъул ходими