2018 йил май сонида
Мажбурий ижро бюроси: тўлов маданиятини шакллантириш керак
12.02.2018
Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони билан тасдиқланган 2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган ­вазифаларни амалга ошириш, шунингдек, электр ва газ таъминоти соҳасида бошқарув тизимини, назорат ва ҳисобга олиш механизмларини янада такомиллаштириш, тўлов интизомини мустаҳкамлаш, жавобгарликни кучайтириш, ижро иши юритишнинг самарадорлигини тубдан ошириш мақсадида 2017 йилнинг ­майида Бош прокуратура ҳузурида Мажбурий ижро бюроси ташкил этилган эди. Ўтган давр ­мобайнида соҳада амалга оширилган ишлар, белгиланган устувор вазифалар хусусида ­Мажбурий ижро ­бюроси директори Ботир ҚУДРАТХОДЖАЕВга ­саволлар билан мурожаат қилдик.
 
– Бюро олдига ижро иш юритуви, электр ва газ таъминоти соҳаларида йиллар давомида тўпланиб қолган муаммоларни ҳал қилиш юзасидан бир қатор вазифалар қўйилган эди. Ўтган давр ичида бу борада қандай натижаларга эришилди?
 
– Президентимиз ташаббуси билан қабул қилинган ҳужжатлар асосида қисқа муддатлар ичида ёқилғи-энергетика комплексини модернизация қилиш ҳамда технологик қайта жиҳозлаш, электр энергияси, табиий газ етказиб бериш ва истеъмол қилиш соҳасида шартнома мажбуриятларига сўзсиз риоя этиш, шунингдек, суд ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш бўйича таъсирчан механизм яратилди. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 29 майдаги «Электр энергияси ва табиий газ етказиб бериш ҳамда истеъмол қилиш соҳасида тўлов интизомини янада мустаҳкамлаш, шунингдек, ижро иши юритиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонига кўра Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси органларига:
суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларининг сўзсиз ижросини таъминлаш, ижро ҳужжатлари ҳамда ундирилган маблағларнинг ҳаққоний ҳисобини юритиш, ижро иши юритишда сансалорлик ва суиистеъмолчилик ҳолатларининг олдини олиш;
электр, газ узатиш ва газ тақсимлаш тармоқларига ноқонуний уланиш, талон-торож ҳолатларини аниқлаш, бартараф этиш ва олдини олиш;
энергия ресурслари учун тўловларнинг ўз вақтида ва тўлиқ ундирилишини, истеъмолчиларнинг қарздорлиги камайтирилишини таъминлаш;
энергия ресурслари истеъмолини назорат қилиш ва ҳисобга олишнинг замонавий автоматлаштирилган тизимлари, шунингдек, муқобил энергия манбаларининг жорий этилиши устидан мониторинг ўтказиш;
энергия ресурсларини сотиш ва истеъмоли ҳисобини юритишда иштирок этиш;
энергия ресурслари истеъмолчиларининг масъулияти ва ҳуқуқий маданиятини ошириш чораларини кўриш;
комплекс таҳлил ўтказиш, тизимли муаммоларни аниқлаш, энергия ресурслари учун ҳисоб-китоб қилинишини таъминлаш ва мажбурий ижро тизимини такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;
қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни юритиш, суриштирув ва тезкор-қидирув фаолиятини амалга ошириш вазифалари юклатилган. Шунинг билан бирга, Бюро органлари энергия ресурслари учун тўловларнинг ўз вақтида ва тўлиқ ундирилишини, истеъмолчиларнинг қарздорлиги камайтирилишини таъминлаш, энергия ресурсларидан ноқонуний фойдаланиш ҳолатларини, шунингдек, бевосита истеъмолчилар томонидан фойдаланилган энергия ресурслари ҳажми ва тегишли ҳудудлар чегарасидаги тармоқларга етказиб берилган ҳажм ўртасидаги тафовутларни аниқлаш, бартараф этиш ва олдини олиш, аниқланган тафовутларни бартараф қилиш механизми бўйича таклифлар киритиш ҳамда айбдор шахсларни жавобгарликка тортиш чораларини кўришга жавобгар экани белгиланди.
Амалга оширилган комплекс чора-тадбирлар натижасида Бюро органлари томонидан 2017 йилнинг июль-декабрь ойларида фойдаланилган энергия ресурслари учун жами 11,1 трлн. сўм, шундан электр энергияси бўйича 6,5 трлн. сўм, табиий газ бўйича 4,6 трлн. сўм ундирилди.
Таҳлиллар ўтган йилнинг шу даврида энергия ресурслари учун жами 5,8 трлн. сўм, шундан электр энергияси бўйича 4,5 трлн. сўм, табиий газ бўйича 1,3 трлн. сўм ундирилганини кўрсатади.
Энергия ресурслар учун тўловларнинг ўз вақтида ва тўлиқ ундирилишини таъминлаш долзарб вазифа. Бунда аввало, ўз вазифаларига совуққонлик билан қараган, ваколатини суиистеъмол қилган электр энергияси ва табиий газ етказиб берувчи корхоналарнинг мансабдор шахслари фаолиятини тартибга солишга эътибор қаратилди. Уларнинг дебитор қарздорликни қисқартириш бўйича лозим даражада чора кўрмай қилган масъулиятсизлигига қонуний баҳо берилмоқда.
Ўтган давр ичида истеъмолчиларга 6,96 трлн. сўм миқдордаги қарзни тўлаш юзасидан 8,5 млн. та мажбурий талабномалар юборилди. Шунингдек, 266,6 млрд. сўмлик қарзни иш ҳақидан ушлаб қолиш ҳақида иш берувчиларга 817.688 та талабнома берилди.
Энергия ресурслари истеъмоли бўйича 1 трлн. 961 млрд. сўмлик қарзи бўлган 95.016 та юридик шахснинг банкдаги ҳисоб-рақамига инкассо топшириқномалари қўйилди, судларга 14.768 та даъво аризалари киритилди, 10.361 та мажбурий кўрсатма ва жамоат таъсир чораларини кўриш ҳақида 5.161 та тақдимнома киритилди.
 
– Электр, газ тақсимлаш тармоқларига ноқонуний уланиш ва талон-торож қилиш, назоратчилар томонидан истеъмолчиларнинг пул маблағларини ўзлаштириш, ҳисобга олиш ускуналари кўрсаткичларини ўзгартириш каби ҳолатлар учраб туриши сир эмас. ­Бундай ҳолатларнинг олдини олиш, барҳам бериш борасида қандай чора-тадбирлар амалга оширилмоқда?
 
– Электр, газ тақсимлаш тармоқларига ноқонуний уланиш ва талон-торож ҳолатларини аниқлаш ва уларга қарши курашиш борасида ҳам самарали ишлар ташкил қилинди. Бюро томонидан энергия ресурслари билан боғлиқ барча ҳолатлар тизимли ўрганиб чиқилмоқда.
Ҳисоб-китобларни ўз вақтида амалга оширмаган ва тармоққа ноқонуний уланган 177.603 нафар истеъмолчи, шу жумладан 25.525 та юридик шахс электр ва газ тармоқларидан узиб қўйилди.
Шунингдек, тезкор-суриштирув тадбирлари натижасида 995 млрд. сўмлик фойдаланиш қоидаларини бузиш, истеъмол­чиларнинг пул маблағларини талон-торож қилиш ва бошқа ҳолатлар бўйича 420 та жиноят иши (240,2 млрд. сўм электр, 754,8 млрд. сўм газ), шунингдек, 23,7 млрд. сўмлик 20.179 та маъмурий ҳуқуқбузарликка оид иш қўзғатилди.
Электр ва газ таъминоти корхоналари ходимларининг товламачилик, порахўрлик ва мансабини суиистеъмол қилганлиги, мавжуд қарздорликни ҳисобдан чиқариб бериш эвазига қонунга хилоф равишда ҳақ олганлиги ҳолатлари бўйича 152 та жиноят иши қўзғатилди.
 
– Шу ўринда тармоққа ноқонуний равишда уланганларга нисбатан кўриладиган ҳуқуқий таъсир чораси ҳақида ҳам қисқача ­маълумот бериб ўтсангиз. Бундай ҳолат учун қонунчилигимизда қандай жавобгарлик белгиланган?
 
– Электр ва газ тармоқларига ўзбошимчалик билан уланиб олган истеъмолчиларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 101-моддасига асосан энг кам иш ҳақининг беш бараваридан ўн бараваригача, мансабдор шахсларга эса ўн бараваридан йигирма ­бараваригача миқдорда жарима белгиланган.
Агар шахс шундай ҳаракатларни маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этган тақдирда, Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 1852-моддаси билан жиноий жавобгарликка тортилади.
Шуни таъкидлаш лозимки, агар мазкур шахс биринчи марта жиноят содир этган ва жиноят аниқланган кундан эътиборан ўттиз кунлик муддатда етказилган моддий зарарнинг ўрнини қоплаган бўлса, ЖКнинг 1852-моддаси 6-қисми татбиқ этилиб, жавобгарликдан озод этилади.
 
– Энергия ресурсларини ҳисобга олиш ускуналарини ўрнатиш ва пломбалаш ишлари тартиби ҳақида ҳам маълумот берсангиз.
 
– Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 10 июлдаги 484-сонли қарори билан тасдиқланган «Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюросининг электр энергияси ва табиий газ етказиб берувчилар билан ўзаро ҳамкорлик қилиш тартиби тўғрисида»ги Низомга асосан электр энергияси ва табиий газ истеъмолини ҳисобга олиш ускуналарини ўрнатиш энергия ресурслари етказиб берувчилар томонидан Бюронинг туман ва шаҳар бўлимлари ходимлари иштирокида амалга оширилади.
Электр энергияси ва табиий газ истеъмолини ҳисобга олиш ускуналари ташқи таъсирдан юқори даражали ҳимоя ҳамда фарқловчи белги билан ­пломбаланади. Бу жараён ­истеъмолчилар иштирокида амалга оширилади.
Электр энергияси ва табиий газ истеъмолини ҳисобга олиш ускуналарини ўрнатиш ва пломбалаш ҳақида уч нусхада далолатнома тузилади, у энергия ресурслари етказиб берувчилар ва Бюронинг масъул ходимлари ҳамда истеъмолчи томонидан имзоланади.
 
– Тўлов қачон амалга оширилиши керак? Қандай ҳолларда истеъмолчи тармоқдан узиб қўйилади?
 
– Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Электр энер­гияси ва табиий газ етказиб бериш ҳамда истеъмол қилиш соҳасида тўлов интизомини янада мустаҳкамлаш, шунингдек, ижро иши юритиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонига асосан 2017 йил 1 июлдан бошлаб жисмоний шахслар ҳар ойнинг 10-санасига қадар ўтган ойда истеъмол қилинган энергия ресурслари учун тўлиқ ҳисоб-китобларни амалга ошириши, юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорларга энергия ресурслари олдиндан 100 фоизлик ҳақ тўлаш шарти билан етказиб берилиши лозим.
Истеъмолчиларни электр ва газ тармоқларидан узиб қўйиш тартиби Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 10 июлдаги қарори билан тасдиқланган «Истеъмолчиларни электр ва газ тармоқларидан узиб қўйиш тартиби тўғрисида»ги низомда белгиланган. Унга кўра:
– шартнома мажбуриятлари бажарилмаганда, шу жумладан, ҳисоб-китоблар ўз вақтида амалга оширилмагани оқибатида фойдаланилган электр энергияси ва табиий газ учун қарздорлик мавжуд бўлганда;
– Бюро талабномалари ижро этилмаганда, шу жумладан, унинг вакилларига электр энергияси ва табиий газ истеъмолини ҳисобга олиш ускуналарига кўрсаткичларни олиш учун рухсат этилмаганда;
– электр ва газ тармоқларига ноқонуний уланиш, талон-торож қилиш ёки электр энергияси ва табиий газдан фойдаланиш қоидаларини бузишнинг бошқа ҳолатлари аниқланганда;
– электр энергияси ва табиий газ истеъмолини ҳисобга олиш приборлари қасддан бузилганда, кўрсаткичларни ўзгартириш мақсадида уларга ташқаридан аралашилганда истеъмолчилар электр ва газ тармоқларидан узиб қўйилади.
Истеъмолчиларни электр ва газ тармоқларидан узиб қўйиш, уларни қайта улаш тегишлича энергия ресурслари етказиб берувчи корхоналар ва Бюро томонидан амалга оширилади ҳамда бу жараён далолатнома билан расмийлаштирилади. Қоидабузарлик ва қарздорлик бартараф этилиб, жарималар ундирилгандагина истеъмолчилар тармоққа қайта уланади.
 
– Мажбурий ижро бюроси тўғрисидаги Низомда хизмат вазифасини бажараётган Бюро ходими белгиланган тартибда тасдиқланган хизмат кийимида бўлиши шартлиги белгиланган. Бюро ходимлари мазкур қоидаларга риоя этишмоқдами?
 
– Бюро ташкил этилгандан сўнг қисқа вақт ичида туман (шаҳар) бўлимлари давлат инспекторларини хизмат кийими билан тўлиқ таъминлаш чоралари кўрилди, уларга хизмат гувоҳномалари ва жетонлар берилди.
Бюро директори томонидан тасдиқланган Тартибга мувофиқ, хизмат вазифасини бажариш вақтида ходим хизмат кийимини кийиши ҳамда унинг ёнида хизмат гувоҳномаси ва жетони бўлиши шарт.
Шу боис, юртдошларимиз ўзини «Бюронинг давлат инспектори» деб таништирган шахсдан энг аввало унинг шахсини тасдиқловчи ҳужжатни, яъни хизмат гувоҳномасини кўрсатишни талаб қилиши ҳамда жетони мавжудлигига эътибор қаратишлари лозим.
Шуни айтиб ўтиш ўринлики, зиммамизга юклатилган вазифалар ижроси, соҳага доир тўпланиб қолган муаммолар ечими кўп жиҳатдан истеъмолчиларнинг тўлов интизомига риоя этиш маданияти билан ҳам боғлиқ. Шу маънода, Бюро органлари томонидан ­«Ўзбекэнерго» ва «Ўзтрансгаз» акционерлик жамиятлари билан ҳамкорликда истеъмолчиларнинг тўлов интизомига риоя этиш маданиятини оширишга ­қаратилган кенг қамровли чора-тадбирлар кўрилди.
Бюро органлари томонидан аҳолининг ҳуқуқий ва тўлов интизомига риоя этиш маданиятини ошириш, истеъмолчилар ўртасида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш мақсадида 31.235 та тарғибот тадбири ўтказилди.
Шунингдек, республика ва маҳаллий телеканаллар орқали энергия ресурларидан оқилона фойдаланиш ва бу борадаги қарздорликни камайтиришга қаратилган видеороликлар намойиш қилиб борилмоқда.
Шавкат Ёдгоров
 суҳбатлашди