Қанчадан-қанча яхши кадрлар Тошкент шаҳрида олган ойлигини фақат ижара уйи учун сарфлаб, бири икки бўлмаяпти
12.01.2018
Ўзбекистон Республикаси норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг муҳокамаси порталида Тошкент шаҳрига “прописка” қилиш масаласи қизғин муҳокама қилинмоқда. Бу муҳокамаларнинг долзарблиги шундаки, билдирилаётган таклифлар амалга татбиқ этилиши мумкин.
 
2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили”да амалга оширишга оид Давлат лойиҳасининг 28-бандида фуқароларни доимий ва вақтинча рўйхатга қўйиш (ҳисобга олиш) тартибини соддалаштириш, уларнинг мамлакат ҳудудида эркин ҳаракатланиш ҳамда меҳнат қилиш ҳуқуқларини таъминлаш назарда тутилган.
 
Мазкур банд юзасидан юртдошларимиз энг кўп мулоҳаза ва таклифлар билдирган. Прописка билан боғлиқ ўзлари дуч келган муаммоларни ёзиб қолдирган.
 
Мана улардан айримлари:
 
Акбар Юсупов: “Тошкентга келиб ишлайман деган одам барибир келади. Прописка қилолмаса ички ишлар ходимини рози қилди. Бу эса коррупцияга олиб келади”.
 
Фарҳод Абдураҳмонов: “Дунёдаги деярли барча давлатларда прописка деган тизим умуман мавжуд эмас. Прописканинг бекор қилиниши фақат аҳолига енгиллик туғдиради, уларнинг оддий инсоний ҳуқуқлари таъминлашга хизмат қилади”.
 
Шукрулло Абдувалиев: “Муаммони ҳал қилишда турли чекловларни жорий қилиш эмас, муаммонинг асл негизини бартараф қилиш йўлини танлаш вақти келди”.
 
Мақсад Асқаров: “Пропискаси йўқлар бировнинг номига уй сотиб олиб, кейинчалик алданиб қолиш, шунингдек, чет давлатларга чиқиб кетиб ўша давлатларнинг тараққиётига ҳисса қўшаётганликларининг гувоҳи бўлмоқдамиз”.
 
Акмал Раҳимов: “Вақтинчалик пропискани 6 ойга эмас, балки 2, 3, 5 йил ёки бошқа муайян даврга қилиш керак. Ахир ҳар 6 ойда прописка қилиш катта оворагарчилик, коррупция, қоғозбозликка олиб келяпти”.
 
Бекзод Ибрагимов: “Беш йилдан зиёд Тошкент шаҳрида вақтинчалик рўйхатда туриб, муқим жойда ишлаётганларга ипотека кредитлари асосида уй олиш учун рухсат бериш керак. Қанчадан-қанча яхши кадрлар Тошкент шаҳрида олган ойлигини фақат ижара уйи учун сарфлаб, бири икки бўлмаяпти”.
 
Барнохон Саттарова: “Пропискадаги чекловлар туфайли ҳар йили меҳнат шартномаси тузаман. Болаларни боғча ва мактабга жойлаштиришга қийналганман, яьни пул талаб қилишган”.
 
Дилмурод Халилов: “Халқни қийнаётган энг катта муаммолар - нақд пул ва валюта, газ-свет, пропискадир. Президентимизнинг қатъийлиги ва жасурлиги, масъулиятни ўз бўйнига олишдан қўрқмаслиги туфайли нақд пул ва валюта муаммоси деярли барҳам топди. Аҳолини табиий газ ва электр энергияси билан таъминлаш бўйича зарур чоралар кўрилмоқда. Прописка бўйича ҳам одамларни қинаётган муаммо ечимини топади, деб ўйлайман. Жуда катта олға силжиш бор”.
 
Абдураҳмон Шокиров: “Юртимизда бўлаётган ўзгаришларни кўриб одамнинг ишонгиси келмайди. Бўлар экан-ку, дегинг келади”. 
 
Муҳокамалар давом этмоқда. Фикр-мулоҳаза ва таклифларни Ўзбекистон Республикаси норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг муҳокамаси порталида қолдириш мумкин.
Манба: uza.uz