Ўзбекистонда ягона Сайлов кодекси ишлаб чиқилади
10.01.2018
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида белгилаб берилган устувор вазифаларни парламент депутатлари изчил ижро этишга киришган.
 
Ўзбекистон "Адолат" социал-демократик партияси ва партиянинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси ҳамда Ўзбекистон "Миллий тикланиш" демократик партияси ва партия фракцияси йиғилишларида бу борада амалга оширилиши белгиланган чора-тадбирлар муҳокама этилди.
 
Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йилида Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси ва унинг барча даражадаги депутатлик гуруҳларидан алоҳида фаоллик талаб этилиши таъкидланди.
 
Бунда аввало соҳанинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш, хусусан, партия ташаббуси билан кўп йиллик тажриба ва изланишлар асосида ишлаб чиқилаётган “Инновацион фаолият тўғрисида”ги қонун лойиҳасини Инновацион ривожланиш вазирлиги билан ҳамкорликда такомилига етказиб, Қонунчилик палатаси муҳокамасига киритиш белгилаб олинди.
 
Йиғилишда адвокатларнинг консалтинг хизмати, яъни маслаҳат бериш ва тадбиркорлик субъектларига ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш борасидаги фаолиятини кенгайтиришга қаратилган “Адвокатура тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш таклифи илгари сурилди.
 
Депутатлар партия дастурий мақсадларидан келиб чиқиб, мактабгача таълим тизимини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратди. Бу борада нодавлат таълим муассасалари фаолиятини лицензиялаш, мактабгача таълим, умумий ўрта ва мактабдан ташқари таълимда аттестация ва аккредитация қилиш жараёнларида енгилликлар яратиш, соҳанинг норматив-ҳуқуқий базасини мустаҳкамлаш лозимлиги қайд этилди. Олиб борилаётган ишлар юзасидан Олий ва ўрта махсус таълим, Халқ таълими вазирликлари ҳамда Давлат тест марказига парламент сўровини юбориш масаласи муҳокама этилди.
 
Ўзбекистон "Миллий тикланиш" демократик партияси йиғилишида Президентимиз Мурожаатномасида баён этилган вазифалардан келиб чиққан ҳолда партия фракциясининг чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилгани айтилди. Мазкур режа 6 бўлим, 20 банддан иборат бўлиб, унда 50 га яқин долзарб ва муҳим масалани ҳал этиш бўйича механизмлар белгиланган. Ягона Сайлов кодексини ишлаб чиқиш, "Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар тўғрисида"ги қонун лойиҳаси юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш, туризмни ривожлантириш юзасидан норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштириш ва бошқа масалалар шулар жумласидан.
 
Мурожаатномада давлатимиз раҳбари томонидан билдирилган таклифга асосан 4 январь куни палатанинг ялпи мажлисида Фуқароларнинг соғлиғини сақлаш масалалари қўмитасини тузиш бўйича қарор қабул қилингани ҳам депутатлар зиммасига жиддий вазифалар ва масъулият юкланганидан далолатдир.
 
Қуйи палатанинг қонун ижодкорлиги ишлари сифатини тубдан яхшилаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузурида Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти ташкил этилгани парламентнинг фаоллиги, роли ва таъсири ошишига, халқчил, ҳаётий қонунлар қабул қилишга, пировардида мамлакатимизнинг жадал тараққий этишига хизмат қилади.
 
Мурожаатномада давлат бошқарувини ҳаддан ташқари марказлаштиришдан воз кечиш, кўпгина ваколатларни марказий давлат органларидан ҳудудий органларга ўтказиш вазифаси қўйилди. Бу механизмнинг ҳар томонлама шаффоф ва самарали ишлаши учун маҳаллий Кенгашлар депутатларининг фаолияти ҳам муҳим аҳамият касб этади. Бу борада уларнинг роли, ваколатлари оширилди. Сиёсий партияларнинг маҳаллий ҳокимият идораларини шакллантириш борасидаги ваколатлари босқичма-босқич кенгайтирилади.
 
Тадбир иштирокчилари халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партияси гуруҳлари ўз вазифа-ваколатига жиддий масъулият билан ёндашиши, аҳоли мурожаатларига катта эътибор билан муносабатда бўлиши ва фуқароларнинг ҳуқуқ-манфаатларини қатъий ҳимоя қилиши, аниқ таклифлар, қарорлар қабул қилишда фаоллик кўрсатиши лозимлигига эътибор қаратди.
Манба: uza.uz