Бош прокуратурадаги янгиликлар
Прокуратура органлари ходимлари куни нишонланди
09.01.2018
Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасида 8 январь – Ўзбекистон Республикаси прокуратура органлари ходимлари куни муносабати билан тадбир ташкил этилди.
 
Ўзбекистон Республикасининг 2016 йил 19 декабрдаги қонунига мувофиқ жорий этилган мазкур сана мамлакатимизда иккинчи бор нишонланди.
 
Президентимиз Шавкат Мирзиёев прокуратура органлари фаолияти ҳақида тўхталар экан, бу тизим қонунлар ижроси устидан назорат олиб бориши зарурлигини алоҳида таъкидлаган. Шу мақсадда соҳани тубдан ислоҳ қилиш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Соҳа ходимларининг фаолияти халқ манфаатларига хизмат қилишга йўналтирилмоқда.
 
Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори И.Абдуллаев ана шу жиҳатларга эътибор қаратар экан, қонун устуворлигини таъминлаш, қонунийликни мустаҳкамлашда соҳа ходимлари зиммасидаги масъулият янада ортганини қайд этди. Фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, жамият ва давлатнинг қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоялаш, жиноятчилик ҳамда ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва профилактика қилиш борасидаги фаолият изчил такомиллаштирилмоқда.
 
Зеро давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, прокуратура органлари ходимларининг иши катта масъулият, фидойилик, ҳалолликни талаб қилади. Қабул қилинаётган ҳар бир қарор замирида инсон тақдири туради. Шундай экан, етти ўлчаб бир кесиш бу борада асосий мезон бўлмоғи шарт.
 
Ҳаракатлар стратегияси, Маъмурий ислоҳотлар концепцияси доирасида амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида инсон ҳуқуқлари кафолатини таъминлашга қаратилган амалий чора-тадбирлар кучайтирилди. Аҳоли ва тадбиркорларнинг қонуний ҳуқуқлари изчил таъминланаётир. Жиноят ва ҳуқуқбузарликлар профилактикасига эътибор кучайгани прокуратура ходимларининг халқ билан бевосита мулоқот олиб бориш, уларнинг муаммоларини жойида ҳал этиш имкониятини оширди.
 
Бош прокуратура, Ҳарбий прокуратура, Бош прокуратура ҳузуридаги СВОЖЖДЛҚК департаменти, Мажбурий ижро бюроси ходимлари ва бошқалар иштирок этган тадбирда жиноятчиликка қарши курашиш ва қонунийликни таъминлаш, юридик кадрларни тайёрлаш ва аҳолининг ҳуқуқий маданиятини юксалтиришга муносиб ҳисса қўшиб келаётган ҳамда хизмат вазифасини намунали бажараётган ходимлар, олий таълим муассасалари ва бошқа ташкилотлар вакиллари муносиб тақдирланди.
Манбаuza.uz