Адлия вазирлигидаги янгиликлар
Ўзбекистон ва Россия: стратегик шерикликнинг 25 йили
01.12.2017
Ўзбекистон ва Россия: стратегик шерикликнинг 25 йили Ўзэкспомарказда 30 ноябрь куни шундай номли тарихий-ҳужжатли кўргазма очилди.
 
Шу муносабат билан ўтказилган тантанали тадбирда икки мамлакат парламент аъзолари, вазирлик ва идоралари раҳбарлари, олимлар, дипломатик корпус вакиллари, юртдошларимиз ва россиялик меҳмонлар иштирок этди.
 
Икки мамлакатнинг давлат мадҳиялари янгради.
 
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг тарихий-ҳужжатли кўргазма ташкилотчилари ва иштирокчиларига табригини Президентнинг Давлат маслаҳатчиси Х.Султонов ўқиб эшиттирди.
 
Россия Федерацияси Президенти Владимир Путиннинг қутлов сўзини Россия Федерацияси Президентининг хорижий давлатлар билан минтақалараро ва маданий алоқалар бўйича бошқармаси бошлиғи, Россия делегацияси раҳбари В.Чернов ўқиб эшиттирди.
 
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раисининг биринчи ўринбосари С.Сафоев, Россия Федерацияси Федерал Мажлиси Федерация Кенгаши Раисининг ўринбосари И.Умаханов, Россия Федерациясининг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси В.Тюрденев ва бошқалар Ўзбекистон билан Россия ўртасидаги ҳамкорлик ҳар томонлама ривожланиб бораётгани, ушбу кўргазма стратегик шериклик ва мустаҳкам дўстлик алоқаларини яққол намоён этишини таъкидлади.
 
Жорий йилда Ўзбекистон Республикаси билан Россия Федерацияси ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганига 25 йил тўлди. Шу муносабат билан 20 март куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Россия Президенти Владимир Путин бир-бирларини қутладилар.
 
Қутловларда таъкидланганидек, ўтган йилларда Ўзбекистон билан Россия муносабатлари стратегик шериклик даражасига кўтарилди. Серқирра ва кўп томонлама муносабатлар ривожида салмоқли натижаларга эришилди.
 
Кўргазмада ана шу натижалар, тарихий ҳужжатлар ўз ифодасини топган. Экспозиция еттита мавзуга бўлинган 300 га яқин экспонатни ўз ичига олган.
 
Улардан бири Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил апрель ойида Россия Федерациясига давлат ташрифига бағишланган.
 
Ушбу ташриф мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатларни янада юқори босқичга кўтарди. Олий даражадаги музокараларда ўзаро алоқаларни ривожлантиришнинг узоқ муддатли истиқболлари белгилаб олинди. Ҳамкорлик соҳалари кенгайди. Мулоқотлар натижасида умумий қиймати 16 миллиард доллар бўлган ҳукуматлараро ва идоралараро ҳужжатлар имзоланди.
 
Бу воқеа барча даражадаги алоқаларга янги суръат бағишлади. Делегациялар ташрифи, ишбилармон доиралар ҳамкорлиги фаоллашди.
 
Кўргазма блокларидан яна бири “Сиёсий мулоқот” деб номланган. Унда бугунги дипломатик муносабатларга асос солган Биринчи Президентимиз Ислом Каримовнинг Россия Президентлари Борис Ельцин, Владимир Путин ва Дмитрий Медведев билан учрашувлари, имзоланган қўшма баёнот ва шартномалар суратлари акс этган.
 
Ўзбекистон билан Россия ўртасида савдо, иқтисодиёт, энергетика, қишлоқ хўжалиги, таълим, маданият ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликка доир икки юздан зиёд ҳужжат қабул қилинган. 2004 йил 16 июнда имзоланган Стратегик шериклик тўғрисидаги шартнома, 2005 йил 14 ноябрда имзоланган Иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги шартнома уларнинг энг муҳимларидир. Мамлакатларимиз БМТ, ШҲТ, МДҲ каби халқаро тузилмалар доирасида ҳам самарали ҳамкорлик қилиб келмоқда.
 
Кўргазмада икки томонлама иқтисодий ҳамкорликка алоҳида ўрин берилган.
 
Ўзбекистон – Россия муносабатларида савдо-иқтисодий алоқалар асосий ўринда туради. Мамлакатимизда Россия инвестициялари иштирокида тузилган 960 дан зиёд корхона, Россияда эса Ўзбекистон сармоядорлари иштирокида ташкил этилган қарийб 570 корхона фаолият юритмоқда. Юртимизда ушбу мамлакатнинг 64 етакчи фирма ва компанияси ўз ваколатхонасини очган.
 
Ўзаро савдо ҳажми жадал ортиб бормоқда – йил бошидан буён товар айирбошлаш ҳажми 3 миллиард доллардан ошган.
 
Мамлакатимизда Россиянинг етакчи компания ва банклари иштирокида нефть-газ ва нефть-кимё соҳалари, металлургия, машинасозлик, электр техникаси саноати, фармацевтика, агросаноат, озиқ-овқат ва бошқа тармоқларда йирик инвестиция лойиҳалари амалга оширилмоқда. Икки давлат ҳудудлари ва ишбилармон доиралари ўртасидаги амалий ҳамкорлик кенгайиб бормоқда.
 
Яна бир экспозиция ҳарбий ва ҳарбий-техникавий ҳамкорликка бағишланган.
 
Ўзбекистон ва Россия тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш, минтақавий хавф-хатарларга қарши курашиш борасида ҳам изчил ҳамкорлик қилиб келмоқда. Турли йилларда терроризмга қарши қўшма тактик машқлар ўтказилган. Жорий йил октябрда Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округининг “Фориш” тоғ-дала ўқув майдонида Ўзбекистон Республикаси ва Россия Федерацияси мудофаа вазирликлари қўшинлари бўлинмаларининг махсус тактик-ўқув машқлари бўлиб ўтди. Сентябрь ойида Тошкент шаҳрида икки мамлакат Хавфсизлик кенгашлари аппаратлари ўртасида навбатдаги маслаҳатлашувлар ўтказилди.
 
Маданий-гуманитар ҳамкорликка бағишланган бўлимда ушбу соҳадаги мустаҳкам алоқалар ўз ифодасини топган.
 
Ўзбекистон билан Россиянинг фан, таълим, маданият, санъат, спорт, туризм соҳаларидаги ҳамкорлиги изчил ривожланмоқда. Икки давлат халқлари бир-бирининг маданияти ва адабиётига ҳурмат билан қарайди. Москва шаҳрида буюк ўзбек шоири ва мутафаккири Алишер Навоий ҳайкали, Тошкент шаҳрида рус шоири Александр Пушкин ҳайкали қад ростлаган. Мамлакатимизда Россиянинг етакчи олий таълим муассасалари филиаллари очилган.
 
2016 йил Ўзбекистонда Россия кунлари, жорий йил Россияда Ўзбекистон маданияти кунлари ўтказилди. Ўзбекистон делегациясининг ташрифи арафасида Москвадаги А.Пушкин номидаги тасвирий санъат музейида мамлакатимизнинг И.Савицкий номидаги давлат санъат музейи экспонатлари кўргазмаси ташкил этилди.
 
Бу йил Тошкент епархиясининг 145 йиллиги нишонланди. Унда иштирок этиш учун Москва ва Бутун Рус Патриархи Кирилл юртимизга ташриф буюрди.
 
"Умумий тарихнинг муҳим даврлари" деб номланган қисмда Иккинчи жаҳон урушида ўзбекистонлик аскарларнинг қаҳрамонликлари, юртимизга эвакуация қилинган россияликларнинг ҳаёти ва фаолияти, халқимизнинг фронт ортидаги машаққатли меҳнати, 1966 йилда Тошкентда рўй берган зилзиладан кейинги тикланиш ишлари акс эттирилган.
 
“Замонавий Ўзбекистон” деб номланган бўлимда мамлакатимизнинг мустақиллик йилларидаги тараққиёти, иқтисодий ва маданий бойликлари, туризм салоҳияти намоён бўлган.
 
– Мамлакатларимиз ва халқларимиз ўзаро ҳурмат, умумий маслак, тарихий хотиралар билан боғланган, – деди Россия Федерацияси Федерал Мажлиси Федерация Кенгаши Раисининг ўринбосари И.Умаханов. – 1970 йил менинг она юртим Доғистонда даҳшатли зилзила бўлганда ўзбекистонлик қурувчи ва ишчилар биринчи бўлиб етиб борган. Маҳачқалъада улар бунёд этган масканни ҳозир ҳам халқимиз “Ўзбек шаҳарчаси” деб атайди. Бундай меҳр-оқибат, ҳамжиҳатлик биз тенгилар учун улкан сабоқ ва ибрат бўлган. Шундай дўстлик руҳини авлоддан авлодга етказиш, мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорликни изчил мустаҳкамлаш жуда муҳим. Ушбу кўргазмада умумий тарихимиз ва бугунги алоқаларимиз намоён бўлгани бизда катта таассурот қолдирди.
 
Кўргазма доирасида яна бир воқеа бўлди. Ўзбекистон Республикаси халқ артисти Галина Мельникова Россия Федерацияси Президентининг шу йил 27 ноябрдаги фармонига мувофиқ, Россиянинг “Дружба” (Дўстлик) ордени билан тақдирланган эди. Россия Федерацияси Президентининг хорижий давлатлар билан минтақалараро ва маданий алоқалар бўйича бошқармаси бошлиғи В.Чернов Галина Мельниковага ушбу мукофотни тантанали равишда топширди.
 
Кўргазма бир ой давом этади.
 
* * *
 
Шу куни Москва давлат университетининг Тошкент филиалида "Ўзбекистон ва Россия стратегик шериклигининг янги уфқлари: иқтисодиёт, хавфсизлик, ижтимоий мулоқот" мавзуида халқаро конференция бўлиб ўтди.
 
Анжуманда мамлакатимиз вазирлик ва идоралари раҳбарлари, Россия делегацияси аъзолари нутқ сўзлади. Академиклар, тарихчи ва сиёсатшунос олимлар, олий таълим муассасалари ўқитувчиларининг маърузалари тингланди.
 
Тадбирда Ўзбекистон билан Россия шериклигининг турли жиҳатлари – тарихий босқичлар, сиёсий мулоқотлар натижалари, иқтисодий ҳамкорлик имкониятлари, маданий-гуманитар алоқалар истиқболларига доир масалалар муҳокама қилинди.
Манба: uza.uz