2017 йил октябрь сонида
Адвокатлик қатъийликни талаб этади
01.12.2017
Ҳимоячи ўз ҳимоясидаги шахснинг ҳаракати суриштирувчи, ­терговчи, прокурор ёхуд суд томонидан нотўғри малакаланганини англаса, Жиноят-процессуал кодексининг 53-моддасига биноан гумонни ёки айбловни рад этадиган ёхуд жавобгарликни енгиллаштирадиган ҳолатларни қонунда назарда тутилган барча восита ва усулларни қўллаш йўли билан рўёбга чиқариши ҳамда шу орқали ҳимоясидаги шахсга малакали ҳуқуқий ёрдам кўрсатиб, қонун устуворлигини таъминлаши шарт.
Қонуннинг ана шу талабидан келиб чиқиб, бир жиноят иши мисолида ҳимоячи ўз ҳуқуқий нуқтаи назарини ҳимоя қилиши борасидаги тажрибамни ёш ҳамкасбларим билан ўртоқлашмоқчиман.
Ҳимоя хусусида гапиришдан аввал жиноят тафсилотларига тўхталсам. Мазкур жиноят бундан 11 йил муқаддам, яъни 2006 йили содир этилган эди.
Ўзбекистон туманида яшовчи Мансуржон Азизов­ (исм-фамилиялар ўзгартирилган) 2006 йил 16 фев­раль куни соат 17:00 ларда касалланган Рим лақабли итини кўрсатиш учун ветеринар ҳузурига йўл олди. У ўзи велосипедга миниб, итни эса боғловсиз эргаштириб кетаётган эди. Уйидан тахминан 20 метрча юрганидан кейин қўшниси Ханифахоннинг «вой» деган овози эшитилади. Қараса, қўшни аёл итдан қўрқиб кетган экан. Шу пайт қаёқдандир келган яна бир маҳалладоши Аҳмаджон Сайфуллаев ­велосипеддан тушиб:
– Итингга қарасанг бўлмайдими ёки пулинг кўпайиб қолдими? – дея дағдаға қилади.
Оқибатда иккови тортишиб ­қолишади. Мансуржоннинг асаби бузилиб, ортига қайтади. Аммо уйга киришга улгурмай, йўлда синфдоши Абдулҳамидни учратади. Оғайнисининг асабийлашганини кўрган Абдулҳамид эса уни дўконга бошлайди. Дўконда 100 граммдан ароқ ичишгач, М.Азизов уйига кириб кетади. Лекин ичганини сездирмаслик учун оила аъзоларининг яқинига бормайди. ароқ ҳидини кетказиш учун олма арчиб, ейишга тушади. Шу маҳал кўча эшикдан кимнингдир «неъмат» деб чақирган овози эшитилади (Мансуржонни кўпчилик Неъмат деб ҳам атарди – муаллиф изоҳи). Бир қўлида олма, бир қўлида пичоқ билан дарвоза томон юради. Чиқиб қараса, Аҳмаджон экан. Олмани еб, пичоқни орқа чўнтагига солиб қўяди.
– Юр, гузарга чиқиб, гаплашиб оламиз, – дейди ҳали жаҳлдан тушмаган А.Сайфуллаев.
Улар гузарга боришганда, Дурбек, Лочин, Азим ва яна бир-иккита маҳалладош йигитлар ўша ерда туришган экан. Бироқ уларнинг ажратишига қарамай, иккаласи яна ёқалашиб кетишади. Шунда Аҳмаджон «Сизлар аралашманглар, ўзимиз гаплашиб оламиз» деб Мансуржонни маҳалла ичкарисига судрайди. Кўчанинг қоронғу ерига етганларида эса М.Азизовнинг чап юзига мушт туширади. Кейин «Уруғ-аймоғинг билан қуритаман» дея, уни ерга ётқизиб, бўға бошлайди. Чунки А.Сайфуллаев М.Азизовдан 7 ёш катта бўлиб, ундан анча кучли эди. Шунинг учун Мансуржоннинг унга кучи етмайди. Шу пайт орқа чўнтагидаги пичоқ белига қаттиқ ботади ва у пичоғи борлигини эслайди. Ўзини ҳимоя қилиш учун пичоқни олиб, Аҳмаджоннинг чап кўкрагига санчади. Шундан сўнг Аҳмаджон Мансуржоннинг бўйнидан қўлларини бўшатиб, кўкрагини чангаллаганича ёнбошлаб қолади.
Буни қарангки, бояги йигитлардан иккитаси – Лочин ва Јуломжон уларнинг ортидан кузатиб келаётган экан. Югуриб келган Лочин А.Сайфуллаевнинг аҳволини кўриб, «Бирортанг машина чақир» дея йигитларга бақиради. Аммо шифохонага етиб бормай, Аҳмаджоннинг жони узилади.
Шундан сўнг М.Азизовга нисбатан Жиноят кодексининг 97-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилади. Тергов ҳаракатлари ниҳоясига етгач, мазкур иш 2006 йилнинг 12 майида жиноят ишлари бўйича Ўзбекистон тумани судида кўриб чиқилади. Суд жазо тайинлашда судланувчининг маст ҳолатда жиноят содир этганини жазони оғирлаштирувчи ҳолат деб баҳолайди. Лекин суд унинг муқаддам судланмагани, қилмишидан пушаймон экани, яшаш жойидан ижобий тавсифлангани, жабрланувчи вакилининг енгиллик беришни сўраб ариза тақдим қилганини айбни енгиллаштирувчи ҳолатлар деб ҳисоблаб, Жиноят кодексининг 57-моддасини қўллаган ҳолда, қонун санкциясида назарда тутилган энг кам жазодан ҳам камроқ – 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси ­тайинлайди.
Бироқ туман прокуратураси томонидан «судланувчига нисбатан ҳукм чиқариш жараёнида жазони оғирлаштирувчи ҳолатларга умуман аҳамият берилмай, енгил жазо тайинланган» деган важ билан ЖПКнинг 457- ва 484-моддаларининг 5-қисмига асосан суд ҳукмини бекор қилиш ҳамда жиноят ишини қайтадан кўриш учун бошқа суд таркибига юборишни сўраб, апелляция протести келтирилган. Аммо биринчи инстанция судида иштирок этган ҳамкасбим – ҳимоячи прокурор протестига нисбатан эътироз ҳам ёзмаган (судланувчининг яқинлари менга учта ҳамкасбимдан кейин, жиноят иши тўртинчи маротаба кўрилишидан аввал мурожаат қилишган – муаллиф изоҳи). Ваҳоланки, эътироз ёзиш учун жиноят ишида етарли асослар мавжуд бўлган. Судланувчи М.Азизов эса ҳукм устидан ёзган апелляция шикоятида айбига яна бир карра иқрор бўлиб, суддан енгиллик беришни сўраган, холос. Лекин ишни қабул қилиб олган иккинчи ҳимоячи қўшимча апелляция шикояти бериш ўрнига, судланувчининг апелляция шикоятини қайтариб олишига асоссиз кўмаклашган. Оқибатда жиноят ишлари бўйича Фарғона вилояти судининг 2006 йилнинг 3 июлидаги апелляция ажрими билан протест қаноатлантирилиб, суд ҳукми бекор қилинган ва жиноят иши қайтадан кўриш учун жиноят ишлари бўйича Фурқат тумани судига юборилган. Пировардида суд М.Азизовни Жиноят кодексининг 97-моддаси 1-қисми билан айбдор деб топиб, кодекснинг 57-моддасини қўллаган ҳолда 8 (саккиз) йил муддатга озодликдан маҳрум этиш жазосини тайинлаган.
Албатта, бунга нисбатан ҳимоячи маҳкумнинг номидан апелляция шикоятини келтирган. Бироқ иш апелляция инстанциясида кўрилгунча «эстафета таёқчаси»ни учинчи ҳимоячи қабул қилиб олган. У эса худди илгаригидек судланувчи М.Азизов томонидан апелляция шикояти қайтариб олинишига ёрдамлашган, холос. Қарабсизки, апелляция тартибида иш юритиш тугатилиб, судланувчи жазони ижро этиш муассасасига ­юборилган.
Шундан сўнг Мансуржоннинг отаси Шарифжон Азизов менга мурожаат қилиб, ўғлининг жиноят ишида ҳимоячи сифатида иштирок этишимни сўради. Мен жиноят иши материаллари билан танишгач, жабрланувчи – А.Сайфуллаевнинг рафиқаси Д.Раҳимованинг номидан кассация шикояти келтирдим. Чунки судланувчининг оила аъзолари марҳумнинг дафн маросимларини ўтказишга ёрдам беришган. Қолаверса, маърака-маросимлардан кейин ҳам жабрланувчилардан ўз ёрдамларини аяшмаган. Буни Д.Раҳимова 2007 йил­нинг 1 мартида бўлиб ўтган кассация суди мажлисида ҳам тасдиқлади. Аммо жиноят ишлари бўйича Фурқат тумани судининг ҳукми ўзгаришсиз, кассация шикояти қаноатлантирилмасдан қолдирилди. Шу боис кейинги гал Олий судга мурожаат қилдик. Натижада Олий суднинг
2007 йил 10 декабрдаги протестига кўра жиноят ишлари бўйича Фарғона вилояти судининг юқоридаги кассация инстанция ажрими бекор қилиниб, жиноят иши янгидан кўриш учун яна шу босқичга юборилди.
Жиноят ишлари бўйича Фарғона вилояти суди кассация судлов ҳайъатининг 2008 йил 3 январда бўлиб ўтган суд мажлисида ишга ҳар томонлама тўла ва холисона ёндашди. Суд жабрланувчининг қонуний вакили Д.Раҳимованинг А.Сайфуллаев ўша пайтда маст экани, гарчи М.Азизов дастлабки тортишувдан кейин уйига кириб кетган бўлса-да, Аҳмаджоннинг ўзи уни чақириб, яна жанжал бошлагани оқибатида бевақт вафот этгани, судланувчи эса ўзини ҳимоя қилиш мақсадида пичоқдан фойдалангани, қонун тили билан айтганда, зарурий мудофаа чегарасидан четга чиқиб, қасддан одам ўлдирганини билдириб, унинг жиноий ҳаракатларини Жиноят кодексининг 100-моддасига қайта квалификация қилиш ва енгиллик беришни сўраганини инобатга олди. Натижада жиноят ишлари бўйича Фурқат тумани судининг 2006 йил 18 июлдаги ҳукми ўзгартирилиб, ­М.Азизовнинг жиноий ҳаракати Жиноят кодексининг 100-моддаси (зарурий мудофаа чегарасидан четга чиқиб, қасддан одам ўлдириш)га қайта квалификация қилинди. Яъни суд уни шу модда билан айбдор деб топди ҳамда суд­ланувчи Олий Мажлис Сенатининг 2007 йил 30 ноябрдаги «Ўзбекистон Республикаси Конститу­цияси қабул қилинганлигининг 15 йил­лиги муносабати билан амнистия тўғрисида»ги қарорига мувофиқ тайинланган жазодан озод қилинди. Бу эса нафақат ҳимоячининг, балки қонуннинг ҳам ғалабасидир.
Ҳимоячи осонгина таслим бўлмасдан, қонунга таянган ҳолда, ўз ҳуқуқий нуқтаи назарини ҳамиша фаол ҳимоя қилиши керак. Зеро, гумон қилинувчи, айбланувчи ва судланувчи унинг тимсолида аввало, қонунга, қолаверса, давлатга ва адолатнинг барқарорлигига ишонади.
Қамбарали АБДУЛҲАЕВ,
Қўқон шаҳридаги
«Адолат шамчироғи»
адвокатлик фирмаси раҳбари