2017 йил октябрь сонида
Нотариал идоралар ва замонавий ахборот-коммуникация технологиялари
01.12.2017
Сўнгги йилларда идоралараро электрон ҳамкорлик ривожланаётганини ҳисобга олиб, нотариал идоралар фаолиятини автоматлаштириш, барча нотариал битимлар ҳисобини марказлашган ҳолда юритиш, аҳоли ва тадбиркорларга интерактив давлат хизматлари ­кўрсатишни йўлга қўйиш масаласига катта эътибор берилмоқда. Бундан кўзланган асосий мақсад – фуқаролик-ҳуқуқий ва хўжалик низоларининг олдини олишга қаратилган институт сифатида нотариал ­идораларни янада ривожлантириш, аҳолига қулай ва сифатли ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш, нотариал идораларни малакали мутахассислар билан тўлдириш, нотариал идоралар фаолиятига замонавий-ахборот коммуникация технологияларини кенг жорий этишдан иборат.
Президентимизнинг 2017 йил 7 февралдаги «Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси тўғрисида»ги ­фармонида ҳам ушбу масалалар муҳим вазифа қилиб белгиланди. Хусусан, мазкур фармонда юридик ёрдам ва хизмат кўрсатиш тизимини такомиллаштириш, жумладан, нотариуслар томонидан юридик хизмат кўрсатиш тартибини босқичма-босқич эркинлаштириш назарда тутилди.
Жорий йилнинг 27 февралида давлат нотариал идоралари фаолиятида замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш ва аҳолига кўрсатилаётган хизматлар сифатини ошириш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг «Битимларни нотариал тасдиқлаш тартибини идоралараро электрон ҳамкорликни қўллаган ҳолда такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди. Мазкур қарорга кўра нотариал ҳаракатларни амалга оширишда идоралараро электрон ҳамкорлик йўли билан давлат хизматлари кўрсатишни назарда тутувчи «Нотариус» автоматлаштирилган ахборот тизими жорий этилди. Шунингдек, «Кўчмас мулкнинг олди-сотди, айирбошлаш ва ҳадя қилиш битимларини идоралараро электрон ҳамкорликни қўллаган ҳолда нотариал тасдиқлаш тартиби тўғрисида»ги низом ҳамда Идоралараро электрон ҳамкорлик йўли билан алмашинадиган маълумотлар рўйхати тасдиқланди. Жумладан, адлия вазирининг 2017 йил 5 апрелдаги буйруғига асосан «Нотариуслар томонидан нотариал ҳаракатларни амалга ошириш тартиби тўғрисида»ги йўриқномага ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Натижада йўриқнома «Кўчмас мулкнинг олди-сотди, айирбошлаш ва ҳадя қилиш битимларини идоралараро электрон ҳамкорликни қўллаган ҳолда тасдиқлаш» дея номланган 21-параграф билан тўлдирилди.
Мазкур янгиликларга биноан идоралараро электрон ҳамкорликни қўллаган ҳолда кўчмас мулкнинг олди-сотди, ­айирбошлаш ва ҳадя қилиш битимларини нотариал ­тасдиқлаш Тошкент шаҳрида 2017 йилнинг 1 июлидан бошланди. Бундай амалиёт республикамизнинг бошқа ҳудудларида 2018 йилнинг июлидан бошлаб жорий этилади. Яъни кўчмас мулкларни олди-сотди, айирбошлаш ва ҳадя қилиш битимларини тасдиқлаш учун ариза берувчи давлат нотариал идорасига Ягона интерактив давлат хизматлари порталида шахсий кабинет орқали элек­трон аризани бевосита тўлдириш йўли билан ёки электрон аризани тўлдириш учун кўчмас мулкнинг кадастр йиғма-жилди, паспорт ёки шахсни тасдиқловчи бошқа ҳужжат билан нотариал идорага ўзи келиб мурожаат қилиши мумкин. Ариза берувчи давлат нотариал идорасига ўзи келиб мурожаат қилганда, электрон ариза унинг номидан нотариал идоранинг ходими томонидан тўлдирилади. Шундан сўнг солиқлар, коммунал хизматлар (газ, совуқ сув, иссиқлик таъминоти (марказий иситиш ва иссиқ сув таъминоти) ва оқава сувларни чиқариш бўйича хизматлар) ва электр энергияси бўйича қарздорлик, кўчмас мулкка нисбатан тақиқ ва хатлаш мавжудлиги Ягона интерактив давлат хизматлари порталида ёки тизимда идоралараро электрон ҳамкорлик орқали автоматик тарзда текширилади. Агар солиқлар, коммунал хизматлар ва электр энергияси бўйича қарздорлик ёки кўчмас мулкка нисбатан тақиқ ва хатлаш мавжудлиги аниқланса, ариза берувчига қарздорлик бартараф этилганидан ёки тақиқ ва хатлаш олиб ташланганидан кейин битимни нотариал тасдиқлаш учун мурожаат қилиш ҳуқуқи борлиги, солиқлар, коммунал хизматлар ёки электр энергияси бўйича аниқланган қарздорликни нотариал идорада, шу жумладан, электрон тўлов тизимлари орқали тўлаши мумкинлиги тушунтирилади.
Солиқлар, коммунал хизматлар ва электр энергияси бўйича қарздорлик ёки кўчмас мулкка нисбатан тақиқ ва хатлаш мавжуд бўлмаса, электрон аризага рақам берилади.
Электрон аризага рақам Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали олинган кундан бошлаб 10 календарь кун ичида ариза берувчи нотариал идорага келиши мумкин. Агар кўрсатилган муддат ўтганидан кейин нотариал­ идорага мурожаат этилса, электрон ариза қайтадан тўлдирилади. Шуни ҳам таъкидлаш керакки, нотариусга рақам берилган электрон ариза қоғоз ёки электрон шаклда тақдим этилган тақдирда, ундаги маълумотларнинг актуаллиги нотариус томонидан тизим орқали автоматик тарзда ­текширилади.
Бир сўз билан айтганда, қонун ҳужжатларига киритилган мазкур янгиликлар ­жисмоний ва юридик шахслар манфаатларини ҳимоя қилиш ва уларга сифатли ҳуқуқий ёрдам кўрсатишга, қонунда белгиланган талабларни ҳаётга тўғри татбиқ этиш эса мамлакатимизда амалга оширилаётган ҳуқуқий ислоҳотлар самарадорлигини таъминлашга хизмат қилади.
Гулбаҳор ФАКИРОВА,
Янгийўл тумани 1-давлат
нотариал идораси
катта нотариуси