2017 йил октябрь сонида
Якка тартибдаги тадбиркорлик
01.12.2017
Бозор иқтисодиётига асосланган ҳар бир давлатда кичик бизнеснинг иқтисодиётдаги улуши йилдан-йилга ортиб бормоқда. Чунки барқарор бўлмаган иқтисодий шароитда ҳам, иқтисодий инқироз даврида ҳам кичик бизнес, жумладан, якка тартибдаги тадбиркорлик энг мослашувчан бизнес шакли экани исботланган.
Сўнгги йилларда юртимизда ҳам кичик бизнес, жумладан, якка тартибдаги тадбиркорликни ривожлантиришга жиддий эътибор қаратилмоқда. Айтиш лозимки, амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ якка тартибдаги тад­биркорларимиз 6 турдаги чакана савдо, ҳунар­мандчилик, 31 турдаги маиший хизмат ва 39 тур­­-даги бошқа фао­лият, умуман ­олганда, 80 га яқин фаолият тури билан шуғулланмоқда.
Ўзбекистонда якка тартибдаги тадбиркорлар фаолияти билан боғлиқ ҳуқуқий муносабатлар 20 га яқин қонун, шу билан бирга, Ўзбекистон Республикаси Президентининг қатор фармон ва қарорлари, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари, идоравий-меъёрий ҳужжатлар билан тартибга солинмоқда. Афсуски, қонунларда соҳа фаолиятининг ҳуқуқий асосларига доир тарқоқ, такрорловчи ва айрим ҳолларда бир-бирини инкор этувчи ва зид характерга эга нормалар учрайди.
Якка тартибдаги тадбиркорлик жисмоний шахс томонидан юридик шахс ташкил этмаган ҳолда тадбиркорлик фаолиятининг амалга оширилишидир. Якка тартибдаги тадбиркорлар кичик бизнес субъектлари ҳисобланади. Бундан ташқари, оилавий корхона, деҳқон хўжалиги, кичик корхона, микрофирмалар ҳам кичик бизнес субъектларидир. Улар фаолиятига оид «Оилавий тадбиркорлик тўғрисида»ги, ­«Деҳқон хўжалиги тўғрисида»ги, «Хусусий корхоналар тўғрисида»ги бир қанча қонунлар мавжуд.
Лекин якка тартибдаги тадбиркорлик соҳасини тартибга­ солувчи яхлит ҳуқуқий механизм мавжуд эмас. Бу эса рўйхатга олинган якка тартибдаги тадбиркорларнинг самарали фаолият юритишига салбий таъсир кўрсатмоқда. Якка тартибдаги тадбиркорлик субъектлари томонидан мажбурий тўловларни тўлашнинг, уларни давлат реестридан чиқариш жараёнида солиқ қарзини ундиришнинг самара­ли механизми яратилмагани, якка тартибдаги тадбиркорлик субъектлари банкротлиги билан боғлиқ ишлар лозим даражада ҳуқуқий ечимга эга эмаслиги шулар жумласидандир. Бу эса якка тартибдаги тадбиркорлар ўртасидаги ҳуқуқий низоларнинг ортишига сабаб бўлмоқда.
Якка тартибдаги тадбиркорлар иштирокидаги ҳуқуқий низолар ҳам кўплигича қолмоқда. Иқтисодий судлар томонидан якка тартибдаги тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш масаласи янада кучайтирилиши керак. Охирги бир ярим йилда судларда якка тартибдаги тадбиркорлар иштирокида кўрилган 66 250 тага яқин иш бўйича якка тартибдаги тадбиркорлардан 374,7 млрд. сўмдан зиёд маблағ ундирилгани  бунинг исботидир. Таъкидлаш керакки, ушбу ҳолатларни баратараф этишда соҳа фаолиятининг ташкилий-ҳуқуқий асосида юзага келаётган бўшлиқларни тўлдириш долзарб аҳамиятга эга.
Шу ўринда яна бир муҳим жиҳат. Якка тартибдаги тадбиркорлар ҳуқуқларининг устуворлиги принципига мувофиқ якка тартибдаги тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш билан боғлиқ ҳолда юзага келадиган барча бартараф этиб бўлмайдиган зиддиятлар ва ноаниқликлар якка тартибдаги тадбиркорлар фойдасига ҳал этилиши керак. Афсуски, қонуннинг ушбу талаби ҳам кўп ҳолларда эътибордан четда қолмоқда.
Соҳада кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирларни амалга оширишни ҳаётнинг ўзи тақозо этмоқда.
Шу асосда кичик бизнес субъектлари ичида салмоқли улушга эга якка тартибдаги тадбиркорлик фаолиятига доир яхлит қонунчиликни белгилаб берувчи
«Якка тартибдаги тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш тўғрисида»ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш зарур.
Бундай дейишимизга асослар ҳам, сабаблар ҳам етарли. Хусусан:
— якка тартибдаги тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ишлари тизимли эмас. Ваколатли органлар томонидан халқаро кўргазмалар ва ярмаркаларда иштирок этишга, экспорт-импорт операцияларини, ташқи иқтисодий фаолият соҳасидаги дастурлар ва лойиҳаларни амалга оширишга якка тартибдаги тадбиркорлар кенг жалб этилмаяпти ва уларнинг имкониятидан фойдаланилмаяпти;
— самарали фаолият кўрсатиш учун якка тартибдаги тадбиркорларнинг зарур ҳуқуқий, иқтисодий, статистик, илмий-техник ва бошқа ахборот билан таъминланиши ҳам қониқарли даражада эмас;
— якка тартибдаги тадбиркорликни зарур хомашё билан таъминлаш, уларга ер ажратиш, коммунал инфратузилма хизматлари (электр энергияси, сув, канализация, газ ва иссиқлик таъминоти) кўрсатиш бўйича ҳам тизимли чоралар кўрилмаяпти.
Якка тартибдаги тадбиркорларга солинадиган солиқлар, бошқа мажбурий тўловлар ва тарифлар бўйича имтиёзлар ҳамда преференциялар масаласида халқаро тажрибани чуқур ўрганиш, якка тартибдаги тадбиркорлик субъектлари фаолиятини мувофиқлаштириш, шунингдек, уларнинг ҳуқуқ ва қонуний ман­фаатларини ҳимоя қилиш учун ҳам Якка тартибдаги тадбиркорлар уюшмасини ташкил этиш мақсадга мувофиқ.
Ҳунармандчилик билан шуғулланаётган якка тартибдаги тадбиркорлар фаолиятини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ҳам бугуннинг долзарб вазифаларидан биридир.
Дунё тан олган Самарқанд қоғози, духобаси, нони, Хоразм ва Фарғона водийсининг ёғоч усталари, ипаги, атласи, адраси, Чуст пичоғи... Бу рўйхатни яна давом эттириш мумкин. Темирчилар, тунукасозлар, дурадгорлар, бешикчилар, пичоқчилар, қазичилар, қандолатчилар, новвойлар, косиблар, ­маҳсидўзлар, дўппичиларнинг иш жараёни ва маҳсулотларини дунёга кўз-кўз қилишимиз керак. Улар таклиф этаётган маҳсулотларнинг бугун ҳам қадри баланд. Шу асосда якка тартибдаги тадбиркорликнинг ҳунармадчилик соҳасига алоҳида эътибор қаратиш, ҳунармандлар маҳаллалари довруғини дунёга ёйиш, улар тайёрлаётган маҳсулотлар экспортини тубдан ошириш, пировардида, маҳаллаларнинг ижтимоий нуфузини, турмуш даражасини янада яхшилаш мумкин.
Шу билан бир қаторда, «Самарқанд», «Бухоро», «Хива», «Элликқалъа», «Марғилон», «Шаҳрисабз», «Термиз», «Шайхонтоҳур», «Зангиота» ҳунармандчилик зоналарини ташкил этишга қаратилган ҳуқуқий ҳужжатни қабул қилиш ҳам мақсадга ­мувофиқдир.
Нуриддин МУРОДОВ,
ЎзЛиДеП Сиёсий Кенгаши
Ижроия Қўмитасининг гуруҳ раҳбари