2017 йил октябрь сонида
Конституция — инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси
01.12.2017
Комил ишонч билан айтиш мумкинки, Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси бугун барчамиз учун мўътабар ижти­моий-хуқуқий қадриятга айланди.
Мустақилликнинг дастлабки кунлариданоқ республикамизда барча соҳаларда, шу жумладан, ҳуқуқий соҳада ҳам кенг қамровли ислоҳотлар амалга оширилди. Хусусан, Ўзбекис­тон Республикаси Конституцияси лойиҳасининг ишлаб чиқилиши, умумхалқ муҳокамасига қўйилиши, шундан кейин унинг такомил ва маромига етказилиши ҳамда қабул қилиниши халқимиз ва миллий давлатчилигимиз тарихида катта ижтимоий-сиёсий воқеа сифатида баҳоланади. Шунинг учун ҳам декабрь ойининг саккизинчи санаси Ўзбекистон Республикаси Конс­титуцияси қабул қилинган кун сифатида бутун мамлакат миқёсида кенг нишонланиши анъанага айланди. Зеро, Бош қонунимиз мамлакатимиз тараққиётининг асосий йўналишларини белгилашда ҳал қилувчи ролга эга бўлган сиёсий ва ҳуқуқий ҳужжатдир.
Ўзбекистон Конституцияси мамлакатнинг сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий ҳаёти, шунингдек, ташқи сиёсати билан боғлиқ барча масалаларни ҳуқуқий тартибга солувчи принциплар ва нормаларни белгилаб беради. Лекин, энг асосийси, Бош қонунимизда давлат халқ иродасини ифодалар экан, унинг манфаатларига хизмат қилиши мустаҳкамлаб қўйилган.
Барча фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ­таъминланишига эришиш ҳар қандай демократик давлат олдидаги энг устувор вазифадир. Шу сабабли ҳар бир давлат тараққиёт сари қадам ташлар экан, энг аввало, ўз фуқаролари ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини амалда таъминлаш йўлида ислоҳотлар олиб боради. Буни ривожланган мамлакатлар тажрибаси мисолида ҳам кўришимиз мумкин. Чунки тараққий этган давлатлар ислоҳотларни миллат манфаатлари доирасида амалга ошириш орқали энг юксак натижаларни қўлга киритган.
Сўнгги 25 йилда ўз матнларида Инсон ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро биллда қайд этилган принципларни инобатга олган ҳолда, шахсни ҳуқуқий ҳимоялаш чораларини аниқ ифодалаган конституциялар ва қонун ҳужжатларининг сони сезиларли даражада ошди. Улар жумласига Ўзбекистон Республикасининг Конституциясини ҳам киритишга тўла ҳақлимиз.
Конституциямизнинг иккинчи бўлими инсон ҳуқуқлари тўғрисидаги ўзига хос ўзбек «билли»дир. Бошқача айтганда, мазкур бўлим шахсий ҳуқуқларнинг яхлит бир тизимидир. Инсон ва фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликлари тўғрисидаги бўлим фуқаро ўзига эркинлик орқали берилган ажралмас ҳуқуқлари мажмуидан онгли равишда фойдаланишини тасдиқлаганидек, Бош қонунимизнинг давлат ҳокимиятига бағишланган бўлимидан олдинги ўринда ўз ифодасини топган.
Инсон ҳуқуқлари ичида энг асосийси, албатта, инсоннинг ҳаётга бўлган ҳуқуқидир. Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг ушбу муҳим қоидаси Конституциямизнинг VII бобида (шахсий ҳуқуқ ва эркинликлар) акс этган. Бу билан давлат ва жамиятнинг барча воситалар орқали яшаш ҳуқуқини кафолатлашдек муҳим мажбурияти ифода этилган. Бу ҳуқуқнинг амалга оширилиши давлат ва жамият демократик ривожланишининг асосий омилларидан бири ҳисобланади.
Мамлакатимизда изчил олиб борилаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотлари жараёнида ўлим жазосининг бекор қилиниши билан боғлиқ ислоҳотларни алоҳида таъкидлаб ўтиш жоиз. Чунки ҳуқуқий демократик давлат сифатида тез-тез тилга олинадиган, инсон ҳуқуқларининг энг намунали ҳимоячиси сифатида эътироф этиладиган мамлакатларнинг ҳаммасида ҳам ҳозирги кунга қадар ўлим жазоси тўлиқ бекор қилинмаган. Шу сабабли Ўзбекистонда ўлим жазосининг умрбод озодликдан маҳрум этиш жазоси билан алмаштирилиши халқаро ҳамжамият эътиборига сазовор бўлган эди.
Шу ўринда Бош қонунимиздаги яна бир жиҳатга эътибор қаратсак. Конституциянинг 45-моддасига кўра вояга етмаганлар, меҳнатга лаёқатсизлар ва ёлғиз кексаларнинг ҳуқуқлари давлат ҳимоясидадир. Бу норма орқали аҳолининг бошқаларга қараганда ижтимоий ҳимоя ва ёрдамга кўпроқ муҳтож бўлган қатлами ҳуқуқларига алоҳида эътибор қаратилиши қатъий белгилаб қўйилган. Албатта, бундай мазмундаги модданинг Конституциямизда ўз ифодасини топиши ҳам бежиз эмас. Чунки ўзбек халқининг асрлар давомида шаклланган қадриятлари орасида ҳам муҳтожларга ёрдам бериш, ногиронлар, кам таъминланганлар ҳолидан хабар олиш, етимлар бошини силаш азалдан жамоа масъулиятидаги вазифа ҳисобланган.
Инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини тантанали равишда эълон қилиш, Конституция ва қонунларда белгилаб қўйиш, сўзсиз бажарилишини кафолатлашнинг ўзи камлик қилади.     Энг асосийси, ушбу ҳуқуқ ва эркинликларнинг амалга оширилишини таъминлашдир.
Давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган 2017–2021-йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида ҳам юртимизда қонун устуворлигини таъминлаш, аҳолининг сиёсий-ҳуқуқий маданияти, ижтимоий фаоллиги, ҳуқуқий саводхонлигини ошириш муҳим аҳамият касб этиши ва ахборотлардан тўсиқларсиз, тўла-тўкис фойдаланиш инсон ҳуқуқ ва қонуний манфаатларининг ҳимоя қилинишида таъсирчан омил бўлиб хизмат қилиши алоҳида қайд этиб ўтилган.
Демак, Ўзбекистонда ҳуқуқий демократик давлат ва эркин фуқаролик жамиятини ривожлантиришнинг энг асосий омили ҳам халқимизнинг миллий ва умуминсоний қадриятларга содиқлиги десак, асло янглишмаймиз. Шу сабабли инсонпарварлик, бағрикенглик, биродарлик тамойилларининг фақат Бош қонунимиз ва унинг асосида қабул қилинган қонун ҳужжатларидагина эмас, мамлакатимиз ижтимоий-иқтисодий ҳаётида ҳам ўз ифодасини топиши кўпгина халқлар учун ибрат бўлишга арзигуликдир.
Анвар ҚОДИРОВ,
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг
Ҳуқуқий тарғибот ва ахборот бошқармаси
бош ­маслаҳатчиси