2017 йил октябрь сонида
Парламентнинг ёшлар масалалари бўйича комиссияси тузилди
01.12.2017
Шу йилнинг 12 июлида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев парламент палаталари, сиёсий партиялар, Ўзбекистон экологик ҳаракати фаолиятининг таҳлилига бағишланган видеоселектор йиғилишида Олий Мажлис Қонунчилик палатасида ёшлар, оилалар ва аёллар масалалари бўйича комиссиялар ­фаолиятини йўлга қўйиш мақсадга мувофиқ эканини таъкидлаб ўтган эди.
 
Комиссия нималар билан шуғулланади?
2017 йил 11 октябрь куни бўлиб ўтган Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида ушбу комиссияларни тузиш масаласи кўриб чиқилди. Хусусан, эндиликда парламентда ёшлар масалалари бўйича комиссия фаолият олиб боради.
Ёшлар масалалари бўйича парламент комиссияси фаолияти, унинг ваколатлари, умуман, мазкур комиссия қандай ишлар билан шуғулланиши ҳақида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари фикри билан қизиқдик.
 
Расул Кушербаев, Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Ахборот ва коммуникация технологиялари ­масалалари қўмитаси аъзоси:
– Аввало, парламент комиссия­сининг ёшлар билан ишлайдиган бошқа идора ва ташкилотлардан фарқли вазифалари ҳақида қисқача тўхталсак. Ушбу комиссия парламент ва депутатларнинг назорат-таҳлил тадбирларида ёшлар масалаларига оид қонунчиликда аниқланган камчилик ва қонунбузилиш ҳолатларини бартараф этиш бўйича тавсиялар ишлаб чиқиш, ёшларга оид қонунларни такомиллаштириш юзасидан ҳамда соҳадаги халқаро шартномаларнинг бажарилишини таъминлашга кўмаклашиш, ёшларга оид қонунларнинг ижроси бўйича таъсирчан парламент ва депутатлик ­назоратини амалга ошириш юзасидан таклифлар киритиш билан шуғулланади.
Шунингдек, комиссия ­низомида ёшларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний ман­фаатларини ҳимоя қилишга, ижтимоий, иқтисодий, сиёсий, ҳуқуқий, маданий ҳаётдаги иштирокини фаоллаштиришга қаратилган давлат сиёсатини амалга оширишда иштирок этиш, уюшмаган, ишсиз, тайинли машғулотга эга бўлмаган ёшларнинг касб-ҳунар эгаллаши учун муносиб шароит яратишга кўмаклашиш каби муҳим вазифалар ҳам белгиланган.
Мазкур комиссия давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, шу жумладан, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ҳамда Ўзбекистон ёшлар иттифоқи билан ҳамкорлик қилади.
Комиссия 11 нафар депутатдан иборат таркибда Қонунчилик палатасининг ваколат муддатига тузилиб, унинг йиғилишларига кўриб чиқилаётган масалага алоқадор бўлган давлат органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлар, ­фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари, илмий муассасалар вакиллари, мутахассислар, олимлар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари таклиф этилиши мумкин. Зарур ҳолларда комиссия қарорлари матбуотда эълон қилинади.
 
Акмалжон Жумабаев, Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари ­қўмитаси аъзоси:
– Мамлакатимиз раҳбари таъкидлаганидек, парламент демократия мактабидир. Ёшлар билан ишлаш эса ислоҳотларнинг барқарор ва изчил амалга оширилишини таъминлашга қодир сиёсатчиларни тайёрлаш тизимини яратиш имконини беради.
Ёшларни қонун лойиҳаларининг муҳокамаларига жалб этиш парламент қуйи палатаси фаолиятидаги эътиборли янгиликлардан бири бўлди дейиш мумкин. Шунингдек, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси қўмиталари ҳузурида фаолият юритаётган эксперт гуруҳлари таркибига Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вакилларининг киритилгани ҳам ўз самарасини бермоқда. Бугунги ёшларимиз хорижий тилларни яхши билади, замонавий ахборот-коммуникация технологиялари билан ишлаш малакасига эга. Уларда халқаро тажрибага қизиқиш катта. Буларнинг барчаси бизга қонун лойиҳаларини янада мукаммал яратиш учун замин яратади.
Шавкат Ёдгоров
ёзиб олди