Олий суддаги янгиликлар
Суд орқали ҳимояланиш ҳуқуқини тўлиқ таъминлаш учун
30.11.2017
Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Унда сенаторлар, депутатлар, судьялар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар масъул ходимлари, олимлар ҳамда видеоконференц-алоқа тизими орқали жойларда фаолият юритаётган судьялар иштирок этди.
 
Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси К.Комилов бошқарган мажлисда суд тизими зиммасига юкланган устувор вазифаларни бажариш, жамиятда адолат барқарорлигини таъминлаш, фуқароларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилиш борасида амалга оширилаётган тизимли ишлар ҳақида сўз юритилди.
 
Конституцияда кафолатланган фуқароларнинг ўз ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиш ҳуқуқини таъминлаш учун уларга барча шарт-шароит таъминлаб берилмоқда. Соҳага замонавий ахборот-коммуникация технологияларининг кенг жорий этилаётгани аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига кенг қулайликлар яратаётир.
 
Бош қомусимизда ҳар ким қариганда, меҳнат лаёқатини йўқотганда, шунингдек, боқувчисидан маҳрум бўлганда ва қонунда назарда тутилган бошқа ҳолларда ижтимоий таъминот олиш ҳуқуқига эгалиги мустаҳкамлаб қўйилган.
 
Фуқаролар бу борадаги ҳуқуқлари бузилганда уни суд орқали тиклаши мумкин. Шу йўналишдаги ишларни кўришда амалий ёрдам бўлиши учун Олий суд Пленумининг “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти билан боғлиқ ишлар бўйича суд амалиёти тўғрисида”ги қарори лойиҳаси ишлаб чиқилди.
 
Мажлисда ушбу қарор лойиҳаси иштирокчилар томонидан муҳокама қилинди. Унда судларга фуқароларнинг пенсия таъминоти билан боғлиқ қонун меъёрларини тўғри қўллаш, бу борадаги низоларнинг тури ва қайси судга тегишли эканлиги каби муҳим масалалар бўйича батафсил тушунтиришлар берилган. Энг асосийси, қарор лойиҳасида фуқароларнинг пенсия таъминоти билан боғлиқ ҳуқуқлари ҳимояси тўлиқ қамраб олинган.
 
“Суғурта соҳасидаги муносабатларни тартибга солувчи қонун ҳужжатлари нормаларини судлар томонидан қўлланилишининг айрим масалалари тўғрисида”ги Пленум қарори лойиҳаси ҳам муҳокама этилди. Қайд этилганидек, бозор иқтисодиёти шароитида жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини таъминлашда суғурта шартномаси муҳим ўрин тутади. Қарор лойиҳасида судларга бу борадаги қонун ҳужжатлари меъёрларини тўғри ва самарали қўллаш, суғурта шартномасидан келиб чиқадиган низоларнинг тури юзасидан батафсил тушунтиришлар берилган.
 
Мажлисда муҳокама этилган яна бир масала – “Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг жиноят ишлари бўйича айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Пленум қарори лойиҳаси бўлди. Мазкур ҳужжат билан амалдаги айрим Пленум қарорларига зарур қўшимчалар киритилмоқда. Бу, ўз навбатида, жиноят ишларини тўғри малакалаш, асосли ва адолатли қарорлар қабул қилишга хизмат қилади.
 
Мажлисда кўриб чиқилган масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.
Манба: uza.uz