Адлия вазирлигидаги янгиликлар
Халқаро инвестициявий арбитраж бўйича активларни қидириш ва уларга ундирувни қаратиш бўйича семинар
21.11.2017
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида жорий йил 20 ноябрда халқаро инвестициявий арбитраж бўйича активларни қидириш ва уларга ундирувни қаратиш масалаларига бағишланган семинар бўлиб ўтди. Тадбир «Hogan Lovells» халқаро юридик компанияси билан ҳамкорликда ташкил этилган.
Семинарнинг мақсади – Ўзбекистон Республикасида халқаро инвесторлар билан арбитраж суд жараёнларида иштирок этувчи мутахассислар учун халқаро инвестицион арбитраж, активлар халқаро қидируви ва уларга ундирувни қаратиш механизмлари ва тартиблари масалалари билан таништиришдан иборат.
Семинарда Ўзбекистон Республикаси вазирликлари, идоралари, йирик компания ва юридик фирмалари вакиллари иштирок этди.
Семинарда  «Hogan Lovells» халқаро юридик компанияси вакиллари — ҳамкор, компаниянинг низоларни ҳал этиш амалиёти Москвадаги офиси раҳбари Алексей Дудко, компаниянинг халқаро арбитраж амалиёти бўйича Лондондаги офиси вакили Маркус Бургшталлерлар маъруза қилишди.
«Hogan Lovells» - бу энг йирик халқаро юридик компания бўлиб,  корпорациялар, молиявий институтлар ва давлат ҳокимияти органларини улар фаолиятига доир барча юридик масалалар бўйича ҳам халқаро, ҳам маҳаллий даражада маслаҳат беради. Инвестицион арбитраж соҳасида катта тажрибага эга.
Компания АҚШ, Европа, Осиё, Лотин Америкаси, Африка ва Яқин Шарқ мамлакатларида 40 дан зиёд офисларга эга, уларда низоларни мувофиқлаштиришга ихтисослашган 700 дан ортиқ юристлар фаолият юритади.
2017 йил сентябрь ойида Адлия вазирлиги ва «Hogan Lovells» юридик компанияси ўртасида ўзаро англашув тўғрисида Меморандум имзоланган эди.
Ушбу Меморандум доирасида томонлар турли соҳаларда, шу жумладан, қўшма тадбирларни ўтказиш, ҳуқуқий соҳани ривожлантириш борасида ҳамкорликни амалга оширмоқда.
Вазирлик «Hogan Lovells» билан биргаликда Ўзбекистон Республикасида амалга оширилаётган ислоҳотларни хорижий ОАВларда ёритиш бўйича узоқ муддатга мўлжалланган ҳамкорликдаги ахборот тарқатиш компаниясини режалаштирмоқда.
Манба: minjust.uz