Олий таълим муассасаларида
17.10.2017
"Тараққиёт стратегияси" маркази томонидан мамлакатимиз олий ўқув юртларида "2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси" хоналари ташкил этиш бўйича лойиҳа амалга оширилмоқда. Лойиҳа юртимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар жараёнида ёшларнинг ижтимоий фаоллигини юксалтириш мақсадида ҳаётга татбиқ этилмоқда.
 
Тошкентдаги Инҳа университети ректори С.Бобохўжаевнинг айтишича, мамлакатимизда амалга оширилаётган Ҳаракатлар стратегияси ҳаётимизнинг барча жабҳалари, жумладан, таълим тизими ва ёшларга оид давлат сиёсатини такомиллаштириш, шунингдек, демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш жараёнида ёшларнинг ўрнини мустаҳкамлаш масалаларини қамраб олган Ўзбекистонни янада ислоҳ этишнинг комплекс дастури ҳисобланади.
 
Университетда ташкил этилган "Ҳаракатлар стратегияси" хонаси мамлакатимизда рўй бераётган ўзгариш ва янгиланишлар, шунингдек, уларга асос бўлган меъёрий-ҳуқуқий база хақидаги материаллар ва ахборотлар билан таъминланган. Бу ерда, шунингдек, "Ҳаракатлар стратегияси" кўнгилли гуруҳларига талабаларни жалб этиш бўйича тарғибот ишлари олиб борилади. Иштирокчилар Ҳаракатлар стратегияси мазмун-моҳиятини тушунтириш ва тарғиб қилишга бағишланган тадбирларнинг ёритилиши, сўровлар ўтказиш орқали жамоатчилик фикрини ўрганиш, семинар ва тренинглар ташкил этиш билан шуғулланади. Бу, ўз навбатида, ташаббускор ва ижодий салоҳияти юксак ёшларни аниқлаш имконини беради.
Манба: uza.uz