Одам савдосига қарши курашиш, ноқонуний меҳнат миграциясининг олдини олиш борасида давра суҳбати ўтказилди
12.10.2017
Сирдарё вилояти Гулистон шаҳар прокуратураси ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи шаҳар кенгаши ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда касб-ҳунар коллежлари педагоглари, ўқувчилар ва уларнинг ота-оналари иштирок этди.
 
Мамлакатимизда одам савдосининг олдини олиш, аҳолининг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, ноқонуний меҳнат миграциясига қарши курашиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилаётгани таъкидланди.
 
Ўзбекистон Республикасининг “Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида”ги қонуни ва Президентимизнинг 2017 йил 5 июлдаги “Ёшларга оид давлат сиёсати самарадорлигини ошириш ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи фаолиятини қўллаб-қувватлаш тўғрисида”ги фармони бу борада муҳим дастуриламал бўлаётир.
 
– Давлатимиз раҳбарининг БМТ Бош Ассамблеяси 72-сессиясида сўзлаган нутқида БМТнинг Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро конвенциясини ишлаб чиқиш ва Бош Ассамблеянинг "Маърифат ва диний бағрикенглик" деб номланган махсус резолюциясини қабул қилиш бўйича таклифи жаҳон ҳамжамиятида катта қизиқиш уйғотди, – дейди Гулистон шаҳар прокурори С.Бозоров. – Бугун дунёда рўй бераётган низо ва можароларнинг асосий иштирокчилари ҳам, содир этилаётган терактлар ижрочиси ҳам, ҳар хил экстремистик гуруҳларга қўшилиб кетаётганлар, одам савдоси қурбони бўлаётганлар ҳам асосан 19 ёшдан 30 ёшгача бўлган ёшлардир. Афсуски, улар орасида бизнинг ёшларимиз ҳам борлиги кишини ташвишга солади. Бундай ҳолатларнинг олдини олиш учун аввало, улар илм олиши, касб-ҳунар эгаллаши зарур, бунинг учун эса бандлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратиш лозим.
 
Тадбирда одам савдосининг олдини олиш, ноқонуний меҳнат миграциясига қарши курашиш, аҳолининг ҳуқуқий маданиятини юксалтиришга бағишланган маърузалар тингланди.
 
Иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб олди.
Манба: uza.uz