Судни “Адолат қўрғони”га айлантирамиз
15.08.2017
Президентимиз Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, судьянинг онгида — адолат, тилида — ҳақиқат, дилида — поклик бўлиши шарт.
Ўтган йиллар давомида барча соҳалар қатори суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш борасида ҳам кенг кўламли ва самарали ислоҳотлар амалга оширилди. Жумладан, Биринчи Президентимизнинг қатор фармон ва қарорлари асосида суд тизими ходимларини ижтимоий муҳофаза қилиш, судлар фаолиятини такомиллаштириш чоралари кўрилди.
2016 йилнинг 21 октябрида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан суд-ҳуқуқ тизимини тубдан ислоҳ қилишга қаратилган ва суд-ҳуқуқ тизимини янада демократлаштириш ва эркинлаштириш, суд, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат органлари фаолияти самарадорлигини юксалтириш, аҳолининг одил судловга бўлган ишончини ошириш, жамиятда қонун устуворлигини таъминлаш ва қонунийликни мустаҳкамлаш мақсадида “Суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони қабул қилинди.
Мазкур фармонда суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини, фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларининг ишончли ҳимоясини таъминлаш, шунингдек, одил судловга эришиш даражасини ошириш суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш соҳасида давлат сиёсатининг асосий устувор йўналишлари этиб белгиланиб, барча органлар каби суд тизими ходимлари учун ҳам бир қатор вазифалар белгиланди.
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 24 йиллигига бағишланган тантанали маросимда “Конституциямизда олий қадрият сифатида белгилаб қўйилган инсон ҳуқуқларини таъминлаш масаласи бундан буён ҳам эътиборимиз марказида бўлади. Бунинг учун суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигига эришиш нақадар муҳим аҳамиятга эга эканини, албатта, барчамиз яхши тушунамиз. Бу борада яқинда қабул қилинган фармон ижросини таъминлаш биринчи даражали вазифамиздир. Хусусан, судьяларнинг ваколат муддатини узайтириш, суд ишларида адолатли қарорлар қабул қилишга қодир бўлган, юксак малакали суд ходимлари корпусини шакллантиришимиз лозим. Суд ҳокимиятининг мустақиллиги тўғрисидаги конституциявий нормаларга ва одил судловни амалга ошириш фаолиятига аралашганлик учун жавобгарлик муқаррарлигини таъминлаш олдимизга қўйган мақсадларга эришишнинг муҳим кафолатидир. Судларда ишларни кўриш сифатини ошириш, айниқса, фуқаролик ишларида овора бўлиб юришларнинг олдини олиш, айнан бир инстанция судида ишни бир неча маротаба кўриб, турли қарорлар қабул қилиш амалиётига чек қўйиш вақти келди” деган эди. Бу эса суд ҳокимияти мустақиллигини таъминлаш билан бир қаторда, ҳар бир ходим зиммасига катта масъулият юклайди.
Судьяликка номзодларни танлаш ва лавозимга тайинлаш тизимини тубдан такомиллаштириш, юқори малакали судьялар корпусини шакллантириш, улар устидан назоратни белгилаш учун судьялар ҳамжамиятининг янги органи — Судьялар олий кенгаши ташкил этилди.
Кенгаш, аввало, судьялик лавозимига номзодларни энг малакали ва масъулиятли мутахассислар орасидан танлаб олади. Судьяларни тайинлаш, касбий тайёрлаш, малакасини оширишни ташкил этади. Судьяларнинг фаолияти самарадорлигини баҳолайди, оммавий ахборот воситалари билан ўзаро ҳамкорлик олиб боради, аҳоли билан мулоқотларни амалга оширади. Шунингдек, судьяларни интизомий, жиноий ва маъмурий жавобгарликка тортиш учун хулоса бериш ҳақидаги масалани ҳам кўриб чиқади.
Бошқача айтганда, кенгаш суд тизимидаги бутунлай янги, адолатпарварликка, демократияга, очиқ-ойдинликка хизмат қиладиган, фуқароларнинг ҳақ-ҳуқуқларини қонуний асосда кўриб чиқадиган янгиликларни яратишга хизмат қилади.
Кенгаш фаолиятида оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорлик ва аҳоли билан мулоқотлар олиб боради, дейилган. Демак, бу суд ишларида адолатнинг рўёбга чиқиши учун ошкоралик институтини юзага келтириш ҳисобланади. Яъни жиноятчиларни жазолаш, жиноятчиликнинг олдини олиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш борасидаги амалий ишлар оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилиб, халқ билан мулоқотларда ошкор қилинади.
Шу жиҳатдан олиб қараганда, жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар ва туман судлари судьяларининг, судьяликка номзодларнинг ҳамда суд ходимларининг малакасини ошириш, уларнинг маънавий дунёқарашини янада бойитиш учун мунтазам равишда маърифат дарслари ҳамда семинар машғулотлари ўтказилмоқда. Уларга таниқли олимлар, фан арбоблари, ёзувчи ва шоирлар, иқтисодий ва ижтимоий соҳа мутахассислари, олий ўқув юртлари профессор-ўқитувчилари таклиф этилмоқда.
Суднинг олдига қўйилган вазифалардан биринчиси — бу жиноятчиликка қарши курашиш, жиноятчиларни қонуний асосда жазолаш, жиноятга жазо муқаррарлигини таъминлаш орқали жамиятда адолатни қарор топтириш бўлса, иккинчиси — жиноятчиликнинг олдини олиш натижасида юрт тараққиётига хизмат қилишдан иборат.
Кўп йил давомида суд тизими жиноятчиликка қарши курашиб келди. Энди эса ҳаёт бу борада ҳам ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар олдига янгича талабни — жиноятчиликнинг олдини олишни асосий масала қилиб қўймоқда. Президентимиз бу борада ҳам ташаббускор бўлди. Давлатимиз раҳбарининг таклифи билан ҳар ҳафтанинг пайшанба куни “Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси куни” деб эълон қилинди. Шу куни жойларда ҳуқуқ-тартибот ва суд идоралари вакиллари аҳоли билан учрашувлар, суҳбатлар ўтказиб келмоқда.
Шу мақсадда жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар ва туман судлари судьялари томонидан жиноят ишлари сайёр суд мажлисларида кўрилмоқда. Масалан, шу йилнинг 1 июль ҳолатига судлар томонидан 1534 та сайёр суд мажлиси ўтказилди.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев қайси мансаб ёки лавозимда бўлмасин, ҳар бир раҳбардан қатъий тартиб-интизом ва шахсий жавобгарлик баробарида, албатта, адолатли бўлишни талаб этаётгани, Биринчи Президентимизнинг “Ислоҳот ислоҳот учун эмас, ислоҳот — инсон манфаати учун”, деган пурҳикмат ғояси изчил ва тизимли давом эттирилаётгани ҳар бир фуқаронинг қалбига қувонч бағишлаб, келажакка ишонч билан қарашга ундамоқда.
Хулоса қилиб айтганда, Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан жорий йил 13 июнь куни Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган суд органлари тизимида одил судловни таъминлаш борасидаги ишлар аҳволи, муаммолар ва истиқболдаги вазифаларга бағишланган видеоселектор йиғилишида билдирилган фикр-мулоҳазалардан келиб чиқиб, биз, судьялар фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш орқали халқимизнинг суд тизимига бўлган ишончини қатъий мустаҳкамлашимиз, судни том маънода “Адолат қўрғони”га айлантиришимиз керак.
Шукурулло ИНОҒОМОВ,
жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди
раисининг ўринбосари