2017 йил июнь сонида
Экспорт салоҳияти кенгаймоқда
20.07.2017
2017 — 2021-йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида экспорт фаолиятини ­либераллаштириш ва соддалаштириш, экспорт таркибини ва географиясини диверсификация қилиш, иқтисодиёт тармоқлари ва ҳудудларнинг экспорт салоҳиятини кенгайтириш ҳамда сафарбар этишга алоҳида эътибор қаратилган бўлиб, мазкур ҳужжатнинг Қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш ва жадал ривожлантириш бандида таркибий ўзгартиришларни чуқурлаштириш ва қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришини изчил ривожлантириш, экологик тоза маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кенгайтириш, аграр секторнинг экспорт ­салоҳиятини сезиларли даражада ошириш ҳақида сўз боради.
Ушбу масала давлатимиз иқтисодий сиёсатининг муҳим йўналишларидан ҳисобланиши бежиз эмас. Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан 2017 йили 10 миллиард 800 миллион доллар (Танқидий таҳлил, қатъий тартиб-интизом ва шахсий жавобгарлик – ҳар бир раҳбар фаолиятининг кундалик қоидаси бўлиши керак. Шавкат ­Мирзиёевнинг мамлакатимизни 2016 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг асосий якунлари ва 2017 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамасининг кенгайтирилган мажлисидаги маърузаси. 15.01.2017 http://president.uz) ҳажмидаги экспортни таъминлаш кераклиги ҳақида фикр билдирилиб, бу борадаги муҳим вазифалардан бири сифатида мева-сабзавотни экспорт қилиш назарда тутилди.
Хўш, бугун мамлакатимизда мева-сабзавот экспорти қандай йўлга қўйилган? Фермер ва деҳқон хўжаликлари ўзлари етиштирган мева-сабзавотни қандай йўллар орқали экспорт қилишлари мумкин?
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 21 июндаги «Маҳаллий экспорт қилувчи ташкилотларни янада қўллаб-қувватлаш ва ташқи иқтисодий фаолиятни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига кўра, 2017 йилнинг 1 июлидан бошлаб барча тадбиркорлик субъектларига янги мева-сабзовот маҳсулотлари, узум ва полиз маҳсулотларини тўловни олдиндан 100 фоиз амалга ошириш шарти билан тўғридан-тўғри шартномалар асосида экспорт қилиш ҳуқуқи берилди.
Мазкур ҳужжатни қабул қилишдан мақсад, ташқи иқтисодий фаолиятни янада либераллаштириш, экспортга маҳсулот етказиб беришни кўпайтиришни рағбатлантириш, маҳаллий экспорт қилувчи ташкилотларнинг рақобатдошлигини ва молиявий барқарорлигини ошириш, ортиқча ва эскирган рухсат бериш тартиботларини бекор қилиш орқали ишбилармонлик муҳитини такомиллаштириш бўлиб, тадбиркорларнинг мустақил равишда ҳеч қандай воситачиларсиз, шунингдек, воситачилик ҳақисиз мева-сабзовот маҳсулотларини экспорт қилиш имкониятини яратди.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 15 июндаги 207-қарори билан тасдиқланган «Янги ва қайта ишланган мева-сабзовот маҳсулотларини экспорт қилиш тартиби тўғрисида»ги низомга мувофиқ, фермер ва деҳқон хўжаликлари, агрофирмалар, қайта ишлаш ташкилотлари ва Ўзбекистон Республикасининг бошқа хўжалик юритувчи субъектлари билан тузилган воситачилик шартномалари асосида фақат «Ўзагроэкспорт» ихтисослаштирилган ташқи савдо компанияси (кейинги ўринларда «Ўзагроэкспорт» АЖ) томонидан амалга оширилади.
Биринчи ҳолатда мева-сабзавот маҳсулотларини экспорт қилувчи ўзи мустақил равишда контрагент топади ва экспорт жараёнининг барча босқичида бевосита иштирок этади.
Иккинчи ҳолатда эса мева-сабзавот маҳсулотлари юзасидан экспорт контракти тузиш учун Ўзбекистон Республикасининг резидентлари ва норезидентлари «Ўзагроэкспорт» АЖга мурожаат қиладилар. «Ўзагроэкспорт» АЖга тушган мурожаатлар уч кун муддатда кўриб чиқилади, музокаралар олиб борилади. Музокаралар якунлари бўйича, ҳар икки тараф розилик билдирган тақдирда, белгиланган тартибда экспорт контрактлари ва воситачилик шартномалари тузилади.
Воситачилик шартномалари бўйича мева-сабзавот маҳсулотларини экспорт қилишда «Ўзагроэкспорт» АЖнинг воситачилик ҳақи миқдори 1 фоиздан ортиқ бўлмайди, шу жумладан, ­воситачилик шартномаси бўйича экспортнинг амалдаги ҳажми 1 млн. доллардан ортиқ бўлганда, воситачилик ҳақи миқдори 0,8, 5 млн. доллардан ортиқ бўлганда – 0,6, 10 млн. доллардан ортиқ бўлганда – 0,5, 20 млн. доллардан ортиқ бўлганда – 0,4 ва 50 млн. доллардан ортиқ бўлганда – 0,1 фоизни ташкил этади. Бундан кўриниб турибдики, мева-сабзавот ­маҳсулотларини сотиш бўйича экспорт контракти суммаси қанча юқори бўлса, «Ўзагроэкспорт» АЖнинг воситачилик ҳақи ҳам шунча камаяди.
Воситачилик ҳақи юзасидан воситачилик шартномалари бўйича фермер ва деҳқон хўжаликлари, агрофирмалар, қайта ишлаш ташкилотлари ҳамда бошқа хўжалик юритувчи субъектлар билан узил-кесил ҳисоб-китоблар воситачилик шартномаси амал қилиш ­муддати тамом бўлгандан кейин амалга оширилади.
Мева-сабзавотлар маҳсулот қийматининг камида 30 фоизини олдиндан тўлаш шарти билан экспорт қилинади, қолган қисмига эса тасдиқланган банк аккредитиви очилади ёхуд биринчи даражали хорижий банкнинг кафолати расмийлаштирилади.
Маълумки, экспорт контрактида контракт валютаси ва тўлов хорижий валютада кўрсатилади. Жорий қонунчилик янги мева-сабзавот маҳсулотларини экспорт қилишдан олинган хорижий валютадаги тушумни мажбурий сотиш, шартномалар шаклларидан ва қонун ҳужжатларида белгиланган имтиёзлардан қатъи назар, «Ўзагроэкспорт» АЖ томонидан тушган маблағлар суммасининг 25 фоизи миқдорида амалга оширилади.
Мажбурий сотиладиган ­хорижий валютанинг миқдори 2016 йилнинг 14 ноябригача тушумнинг 50 фоизига тенг эди. Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 14 ноябрдаги 385-қарори билан мева-сабзавот маҳсулотларини экспорт қилувчи фермер хўжаликлари ва қишлоқ хўжалиги корхоналарининг хорижий валютани тасарруф этиш эркинлигини рағбатлантирувчи норма белгиланиб, хорижий валютанинг мажбурий сотиладиган миқдори 25 фоизга камайтирилди.
Шунга ўхшаш ҳолатларни баъзи хорижий мамлакатларда кузатиш мумкин. Мисол учун, Беларусь Республикасида 2015 йил февралда хорижий валютадаги тушумдан мажбурий сотув 50 фоиздан 40 фоизга, 2015 йил апрелда 40 фоиздан 30 фоизга, 2016 йил 1 сентябрда эса
20 фоизга туширилди (https://ej.by/news/economy/2016/09/01/natsbank-snizil-normu-obyazatelnoy-prodazhi-valyutnoy-vyruchki.html).
Экспортдан тушган валютани мажбурий сотиш институти кўпроқ ривожланаётган мамлакатлар иқтисодиётига хос бўлиб, бундай қоида асосан МДҲ мамлакатларида мавжуд. ­Германия, Япония, Италия каби ривожланган мамлакатларда эса деярли учрамайди.
Муайян ҳолатларда кичик тадбиркорлик субъектлари сифатида микрофирмалар ва кичик корхоналар валютадаги тушумнинг мажбурий сотувидан озод этиладиган ҳолатларнинг қонунчилигимизда назарда тутилиши кичик бизнес ­субъектларининг экспортини рағбатлантиришга муносиб ҳисса қўшмоқда. Қолаверса, Ҳаракатлар стратегиясида ҳам тадбиркорлик субъектларининг ўз валюта маблағларини эркин тасарруф этиш ҳуқуқини тўлиқ таъминлаш назарда тутилган.
Вазирлар Маҳкамасининг
2000 йил 29 июндаги 245-қарори билан тасдиқланган Хўжалик юритувчи субъектлар томонидан хорижий валютадаги тушумни мажбурий сотиш тартибининг
3-е бандида назарда тутилган микрофирмалар, кичик корхоналар ўзлари ишлаб чиқарган товарлар (ишлар, хизматлар)ни экспорт қилишдан тушадиган валюта тушумининг мажбурий сотувидан озод ­этилади.
Бунда нафақат ишлаб чиқарувчи, балки қайта ишловчи тадбиркорлик субъектларига ҳам имтиёзлар тақдим этилади. Эркин алмаштириладиган валютага экспорт қилишда имтиёзлар ва преференцияларни қўллаш мақсадида ўзи ишлаб чиқарган товарларни (ишларни, хизматларни) аниқлаш қоидалари (Адлия вазирлиги томонидан 2011 йил 16 февралда 2195-сон билан рўйхатдан ўтказилган)нинг 5-бандига мувофиқ, қайта ишлаш жараёнидан сўнг товар корхонанинг ўзи ишлаб чиқарган маҳсулоти ҳисобланади.
Бугун барча соҳада бўлгани каби экспорт имкониятларини янада кенгайтириш борасида эътибор қаратилиши, такомиллаштирилиши, соддалаштирилиши лозим бўлган масалалар ҳам бор. Хусусан, экспорт натижасида келиб тушадиган валютадан мажбурий сотув миқдорини изчиллик билан босқичма-босқич камайтириш зарур. Бу тадбиркорлик субъектининг даромад олишга нисбатан иштиёқини янада ошириб, мамлакатимизга валюта кириб келишини ­рағбатлантиради.
Шунингдек, Ташқи иқтисодий фаолият товарлар номенклатураси 2012 йили тасдиқланган бўлиб, ўтган давр мобайнида тадбиркорларимиз томонидан экспорт қилинадиган товарлар тури ва ассортименти анча кенгайди. Бир турдаги маҳсулотни қайта ишлаш натижасида иккинчи бир маҳсулот вужудга келар экан, табиийки, товар коди ҳам ўзгаради. Мазкур соҳада ҳамон тушунмовчиликлар ва турли-туман ёндашувларнинг мавжудлиги экспорт жараёнига ўз таъсирини кўрсатмай қолмаяпти. Шу жиҳатдан Ташқи иқтисодий фаолият товарлар номенклатурасини қайта кўриб чиқиш ҳам мақсадга мувофиқ. Бундан ташқари, божхона божлари ва солиқларни янада либераллаштириш мева-сабзавот маҳсулотларини экспорт қилувчилар фаолиятининг янада рағбатлантирилишига хизмат қилади.
Хулоса сифатида шуни айтиш мумкинки, экспорт натижасида тушадиган хорижий валютанинг мажбурий сотиладиган миқдорини минималлаштириш келажакда қишлоқ хўжалиги корхоналари, фермер ва деҳқон
хўжаликларининг фаолияти янада кенгайишига, янги ишлаб чиқариш
ва агротехнологияларни жорий этишга, натижада экспортбоп маҳсулотларнинг янада сифатли бўлишига олиб келади. Экспортни рағбатлантириш эса ­мамлакатимиз иқтисодий салоҳиятини оширишга улкан ҳисса қўшади.
Азиза ИБРАГИМОВА,
ТДЮУ ўқитувчиси