2017 йил июнь сонида
Китоб – тафаккур қайроғи, ақл чироғи
20.07.2017
Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 12 январдаги «Китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарҳатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғибот ҳилиш бўйича комиссия тузиш тўғрисида»ги фармойиши кенг жамоатчилик томонидан мамнуният билан кутиб олинди.
Фармойишда ҳудудларда ёзувчи, шоирлар иштирокида китоб байрами ва ярмаркаларини ташкил этиш, аҳоли ўртасида бадиий жиҳатдан юксак миллий ва жаҳон мумтоз адабиётлари намуналарини тарғиб қилиш, китобхонлар, босма ва электрон китоб ишлаб чиқарувчилар, китоб сотувчилар, кутубхоначи ва тарғиботчиларни рағбатлантиришни янада кучайтириш юзасидан қатор чора-тадбирлар белгиланиши билан бирга соҳадаги камчиликлар ҳамда уларни самарали ҳал этиш йўллари чуқур очиб берилди.
Давлатимиз раҳбарининг китоб ишлаб чиқариш ва китобхонлик маданиятини янада яхшилаш масаласига куюнчаклик билан ёндашаётганида теран маъно, эзгу мақсад мужассам. Чунки китоб нафақат билим манбаи, балки тафаккур қайроғи, ақл чироғи, кўнгил табиби, руҳият озиғидир.
Президентимиз фармойиши китоб, китобхонлик маданиятининг жамият маънавий ҳаётидаги ўрни ва ролини ошириш борасидаги ишларни янги босқичга кўтарди. Бу ҳақда пойтахтимизнинг Ғафур Ғулом номидаги маданият ва истироҳат боғида «Адабиётга эътибор – маъна­вият­га, келажакка эътибор» шиори остида ташкил этилган республика китоб байрамининг тантанали очилиш маросимида ҳам алоҳида таъкидланди.
Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги томонидан қатор вазирлик ва идоралар, жамоат ташкилотлари билан ҳамкорликда ташкил этилган бу йилги «Китоб байрами» ҳам шаклан, ҳам мазмунан ўзига хос ўтди. Боғдаги гавжумлик, ёзувчи ва шоирлар билан суҳбат қураётган ёшлар, турфа китоблар тўла расталарни бирма-бир кўздан кечираётган китобхонлар, мақол ва шиорлар, турли эртак қаҳрамонлари расмлари туширилган баннерларга иштиёқ ва қизиқиш билан боқиб турган жажжи болакайлар – барчанинг юз-кўзида хуррамлик, кайфиятида кўтаринкилик…
Тадбирда аҳолининг ижтимоий-сиёсий фаоллигини янада ошириш, айниқса, юксак маънавиятли ва интеллектуал салоҳиятли авлодни камолга етказиш, уларнинг қалбида ватанга садоқат, миллий ва умуминсоний ғояларга ҳурмат-эҳтиром туйғуларини кучайтиришда китоб беқиёс восита бўлиб хизмат қилиши алоҳида қайд этилди.
Дарҳақиқат, бугун инсонни камолотга чорлайдиган эзгу таълимотлар билан ёвуз ғоялар ўртасидаги азалий кураш ҳар қачонгидан-да кескинлашиб, ёшлар онгу қалбида чуқур акс-садо бермоқда. Зотан, Биринчи Президентимизнинг «Юксак маънавият – енгилмас куч» китобида таъкидланганидек, инсон маънавиятига қарши йўналтирилган, бир қарашда арзимас бўлиб туюладиган кичкина хабар ҳам ахборот оламидаги глобаллашув шиддатидан куч олиб, кўзга кўринмайдиган, лекин ҳеч нарса билан қоплаб бўлмайдиган улкан зиён етказиши мумкин.
Ушбу жараёнда ёшларнинг ахборотга бўлган эҳтиёжини умуминсоний ғояларга тўйинган, мағзи тўқ маълумотлар билан қондириш, уларни онг ва тафаккурни тарбияловчи адабиётга ошно этиш долзарб аҳамиятга эга. Мамлакатимизда ўтказилиши анъанага айланган мазкур маънавий-маърифий тадбирдан кўзланган асосий мақсад ўғил-қизларнинг адабиётга қизиқишини ошириш, китобхонлик маданиятини янада юксалтиришга қаратилгани кишини қувонтиради.
– Китобхонлик аввало оиладан бошланиши керак, – дейди Ўзбекистон Республикаси халқ шоири Анвар Обиджон. – Қуш уясида кўрганини қилади. Ота-она кунда бир марта бўлса-да, қўлига китоб ушламаса, фарзандини мутолаага ўргатиш мушкул. Бугун мамлакатимизда ёшларни китобхон қилиб ўстириш, мутолаа маданиятини юксалтиришга давлат сиёсати даражасида эътибор қаратилмоқда. Бундан барча қатори биз, ижод аҳли ҳам жуда хурсандмиз. Зеро, китобни ўзига доимий ҳамроҳ тутган одам асло кам бўлмайди. 
Китоб байрамида мамлакатимизда фаолият юритаётган нашриёт ва матбаа корхоналарининг янги китоб маҳсулотлари, нуфузли халқаро китоб кўргазмаларида совринли ўринларни олган асарлар намойиш этилди.
Мамлакатимизда бугун 120 дан зиёд нашриёт фаолият юритмоқда. Мустақилликка қадар юртимизда атиги 9 нашриёт бўлганини эътиборга олсак, истиқлол йилларида бу соҳа нечоғли жадал тараққий этгани, аҳолининг китобга бўлган эътибор ва эҳтиёжи йилдан-йилга ошиб бораётганини англаш қийин эмас. Мустақилликнинг дастлабки йилларида юртимизда 149 матбаа корхонаси иш юритган бўлса, бугун уларнинг сони бир минг етти юз олтмишдан ошади. Ҳар йили уч мингдан ортиқ номдаги адабиётлар олтмиш миллиондан зиёд нусхада нашр этилмоқда.
Нашриётларимиз маҳсулотлари Германия, Хитой, Россия ва бошқа қатор давлатларда ўтган халқаро китоб ярмаркаларида совринли ўринларга сазовор бўлди. Бу мамлакатимизда матбаа корхоналарини модернизациялаш, техник ва технологик янгилашга қаратилаётган алоҳида эътибор самарасидир.
Тадбирда китобхонликни кенг тарғиб қилиш, ўқувчилар эътиборини жалб этиш мақсадида «Академнашр» нашриёти томонидан муаллифларнинг «Имзо куни» ташкил этилди. Китобхонлар Ойдиннисонинг «Серенада», Зулхумор Мирзаеванинг «ХХ аср ўзбек адабиётининг Америкада ўрганилиши» китобларини муаллиф имзоси билан сотиб олиш, ижодкорлар билан жонли мулоқот қилиш имконига эга бўлди.
– Бугунги кунда «китоб сотиб олинг», «китоб ўқинг» каби чақириқ, ундовлар билан китобхонлар сафини кенгайтириш қийин бўлиши мумкин, – дейди «Академнашр» нашриёти директори Санжар Назар. – Китобхонлар сафини оширишда «Имзо куни»га ўхшаш билвосита ташвиқот усулларидан ҳам фойдаланишимиз даркор. Ўқувчилар қизиқиш ва эҳтиёжларига мос маҳсулотларни етказиб бериш, замонавий PR технология­ларни қўллаган ҳолда уларнинг қалбига йўл топиш – бугунги замон билан ҳамнафас қадам ташлашни истаётган ҳар бир ноширнинг вазифаси. Ҳар йили ўтказилаётган «Китоб байрами» соҳа мутасаддиларига бу йўлда кенг имкониятлар яратмоқда. Нашриётимиз томонидан тадбирда иштирок этиш учун пухта ҳозирлик кўрилди. Ижодкорлар ва уларнинг мухлислари ўртасидаги самимий мулоқот муҳитини яратишга интилдик. Натижа ёмон бўлмади. Юзлаб китоблар ўз ўқувчиларини топди. Бундан ташқари, тадбир давомида 30 минг сўмлик китоб харид қилганларга битта китоб совға қилинди. Нашриётимизда чоп этилган Алишер Навоийнинг «Муҳокаматул-луғатайн», Чўлпон асарларининг тўрт жилдлик тўплами, «Қўшимча дарс» рукнида чоп этилган «Қизиқарли кимё», «Қизиқарли биология», «Қизиқарли она тили» ва бошқа фанлардан факультатив дарсларда фойдаланиш учун қўлланмалар китобхонларда катта қизиқиш уйғотди. «Китоб байрами» даво­мида китобхонлар қизиқиши, талаб ва истакларини янада яқинроқ ўрганиб, истиқболдаги вазифаларни белгилаб олдик.
Байрамда ташкилотчилар томонидан оилавий китоб ўқиш анъаналарини тарғиб қилиш мақсадида маданият ва истироҳат боғига ташриф буюрганларга «Болаларда китоб ўқишга меҳр уйғотишда ота-оналарга маслаҳатлар» номли флайерлар тақдим қилинди.
Тадбир доирасида «Китоб ўқишни ёқтирасизми?» мавзусидаги ижтимоий сўров, адабий-бадиий, ижтимоий-сиёсий ҳамда энциклопедик йўналишдаги китоблар тақдимоти, ношир ҳамда муаллифлар, адиб ва шоирлар, китоб графикаси рассомларининг китобхонлар билан бевосита ижодий учрашув-мулоқотлари, мушоиралар, интеллектуал викториналар, концерт дастури, шунингдек, «Китоб – миллатнинг бебаҳо маданий ва маънавий мероси» мавзусидаги V илмий-амалий конференция ўтказилди.
Байрам тадбирлари Қорақалпоғистон Республикаси ва барча вилоят марказларида ҳам ­ташкил этилди.
Дилшод КАРИМОВ,

«Huquq va burch» мухбири