2017 йил июнь сонида
ОАВ: бугун ва эртага
20.07.2017
Оммавий ахборот воситалари халҳ билан давлат ґртасида кґприк вазифасини ґтайди. Шу билан бирга, одамларнинг ахборотга бґлган эµтиёжини ҳондиради, мавжуд муаммоларга ­жамоатчилик эътиборини тортади. Мамлакатимиз тараҳҳиётини янги босҳичга кґтариш, халҳни давлатга, давлатни халҳҳа яҳинлаштиришга ҳаратилган бугунги ислоµотлар силсиласида медиа макон ґз зиммасидаги ана шундай вазифаларни нечоҲли адо этмоҳда? Журналистларга ҳґйиладиган асосий талаблар нималардан иборат бґлиши керак?
Миллий ОАВ истиҳболига ҳандай баҳо берасиз?
Давра суҳбатимизда шу каби саволларга жавоб изланди.
Шерзодхон Қудратхўжаев, Халқаро пресс-клуб раиси, сиёсий фанлар номзоди, ­доцент:
– Бугун инсонлар дунёни медиа орқали англамоқда. Журналистика касб сифатида эътироф этила бошлангандан буён ўз номига муносиб бўлиш учун ҳаракат қилмоқда, зиммасига юклатилаётган янгидан янги вазифаларни адо этмоқда. Ҳаётимизга «мустақил журналистика», «халқ журналистикаси», «ғоявий журналистика», «тушунтириш журналистикаси», «ташкилий журналистика» каби тушунчалар кириб келгани ҳам фикримизни исботлайди.
Журналистика ривожида замонавий ахборот технологияларининг иштироки катта. Чунки веб-сайт, блог, ижтимоий тармоқлар (Fecebook, Twitter, Instagram) бугунги журналистикада катта роль ўйнаяпти. Медиа макон энди фақат ахборот тарқатувчи майдон эмас. У ахборот узатиш билан бирга ижтимоий кайфиятни шакллантиради, фикр уйғотади, тушунтиради ва билим беради.
Бугун журналистика йирик медиамагнатлар, давлатлар, сиёсий шахсларнинг манфаатига ҳам хизмат қилмоқда. Буни дунёда Сурия, Ироқ, Украина, Қрим воқеаларининг ёритилиши мисолида кўришимиз мумкин. Яъни, энди журналистика воситачи ҳамдир. Хуллас, бугунги журналистиканинг ахборот узатишдан ташқари тушунтириш, билим бериш, фикр уйғотиш вазифалари мақсадга мувофиқ, аммо ахборот узатишдаги холислик соҳа асосини ташкил этгани афзал.
 
Гулноза Раҳимова, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси жамоатчилик билан ­алоқалар ва ҳуқуқий ахборот бўлими бошлиғи:
– Ҳаётни фаол акс эттириш, жамиятдан бир неча қадам олдинда юриш, эртанги кунни режалаштиришда одамларга кўмаклашиш журналистиканинг асосий вазифасидир. Шунинг учун ҳар бир журналист теран тафаккур, етарли билим ва салоҳият, рўй бераётган воқеа-ҳодисаларга нисбатан шахсий қарашга, фуқаролик позициясига эга, қисқача айтганда, профессио­нал бўлиши лозим.
Журналистика – ижтимоий дунёқарашни шакллантирувчи, катта масъулият ва маҳорат талаб этувчи соҳа. Мустақиллик йилларида юртимизда ОАВнинг эркин фаолият юритиши учун ҳуқуқий, ижтимоий-сиёсий ва иқтисодий шарт-шароитлар яратилди, қатор қонун ҳужжатлари қабул қилинди. Соҳанинг ҳар бир вакили мазкур норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар билан таниш бўлиши керак.
Журналист – ахборотни имкон қадар кенг аудиторияга етказувчи шахс. У ахборотга холис ёндашиши шарт, чунки ОАВда эълон қилинган ҳар қандай материал бевосита ижтимоий фикрни шакллантиришга таъсир кўрсатади. Фактларни ишончли ва тўғри баён қилиш муҳим. Бу вазифаларни муваффақиятли амалга ошира олган журналист соҳанинг илғор вакилидир.
 
Маҳлиё Мирсоатова, Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон миллий университетининг журналистика факультети декани:
– Ҳар бир давр журналистика олдига маълум вазифаларни қўяди. Бу ўзи воқеликни яратадиган ва уни йўналтириб турувчи куч миссиясидан келиб чиқиши ҳаммамизга тушунарли. Аммо миллатга хизмат қилиш соҳанинг асл фидойилари учун ҳамиша асосий мақсад бўлган. Сўнгги асрларда бу олий мақсадни турли манфаатларга бўйсундириш ҳоллари кучайди. Бундан касбимизнинг яна бир вазифаси ҳаққонийлик бўлиши кераклиги англашилади.
Замонавий ахборот алмашинувининг жадаллашуви натижасида журналистика муҳим ижтимоий вазифаларни бажармоқда. ­Ахборот бугунги жамиятнинг ҳал қилувчи воситаси ва ­капитали бўлгани боис соҳанинг ҳар бир вакили зиммасида катта масъулият бор.
 
Элмурод Нишонов, «Ҳуррият» газетаси бош муҳаррири ­ўринбосари:
– Бугун содир бўлган воқеани оммага етказишнинг йўли кўп. Кўраётган бўлсангиз, жаҳон журналистикасида иложи борича камроқ сўз қўллаб, кўп нарсани англатиш тенденцияси кузатилаяпти. Соҳада визуал ахборотлар, инфографикалар даври кечаяпти. Шундоқ ҳам ўзи кўп ишга улгурмай (вақти етмай) қолаётган ХХI аср одами учун газетадаги бир саҳифа таҳлилий мақолани ўқишдан кўра қисқа инфографика билан танишиб қўя қолиш ёхуд мавзуга оид суратни томоша қилиш маъқулдек кўринмоқда. Телевидение, радио ва интернетда ҳам шундай... Нима дейсиз энди, бу – кўпга келган тўй. Шу боис биз ҳам бирор журналистик материал тайёрлаш деганда матн билангина эмас, теле ва фотокамералар билан ишлашни, видео ва аудиоматериалларни монтаж қилиш, фотосуратларни ишлай олиш, уларни интернетга жойлаштира билишни тушунишимиз керак. «Менга шуниси ҳам бўлади» деб зиммамизга юкланган тор вазифалар билан чекланиб юрсак, янгиликка интилмасак, аудиториямизни кенгайтириш тугул, боридан ҳам ажралиб қолишимиз ҳеч гап эмас.
Ҳа, омма эътиборини жалб этишнинг усул ва услублари кўп. Аммо ҳар соҳада бўлгани каби журналистикада ҳам мумтоз қоидалар, мезонлар борки, улардан четлашиш, оғишиш жамиятни ҳалокатга етаклайди. Масалан, холислик тамойилини олайлик. Бугун дунё ахборот майдонини ишғол қилган машҳур телерадиоканал, агентлик ёхуд нашрларнинг қай бири шу мезонга тўлиқ амал қилаяпти? Менимча, ҳеч бири. Чунки уларнинг барчаси ўз давлатлари белгилаб берган муайян миссияни бажаради. Битта воқеадан юз хил мазмундаги журналистик материал тайёрлаш мумкин. Айтайлик, бир одам велосипедда кетаётиб, учта мухбир кўз ўнгида йиқилиб тушди. Буни битта мухбир «бахтсиз ҳодиса» қабилида талқин қилса (хабар), иккинчиси воқеа сабабларини излайди, фикр юритади ва хулоса чиқаради (мақола). Учинчиси унга сиёсий тўн кийдиради: «Бу мамлакатда ишлаб чиқариш паст даражада, велосипедлари сифатсиз, давлат бунга эътибор қаратмаяпти...» (ҳолбуки, бундай ҳодиса дунёнинг икки юзта мамлакатида ҳар куни икки юз минг марта такрорланиши мумкин), шунингдек, озгина «ижод» ҳам қилади: «Фалокатга учраган шахс камбағал оиладан бўлиб, пул топиш мақсадида мардикор бозорига кетаётган эди» (журналистик тўқима). Ачинарлиси шундаки, одамларни кўпроқ учинчи мухбирнинг тўқимаси қизиқтиради. Чунки у танқид қилаяпти-да! Бу танқиднинг тагида нима бор, у холисми ёки бўҳтон аралашми, афсуски, бу ҳақда ҳаммамиз ҳам бош қотириб кўрмаймиз.
Назаримда, журналистиканинг асл вазифаси яхшилик бўлиб қолиши керак. Танқидий-таҳлилий бўладими, оддий хабар руҳидами, эзгуликка хизмат қилиши, жиллақурса, тайёрлаб, оммага тақдим этаётган материалимиз ёмонликка сабаб бўлиб қолмаслиги тарафдориман.
Медиа воситалари ҳаётимизда ­қандай ўрин эгалламоқда?
 
Шерзодхон Қудратхўжаев:
– ОАВ – халқ минбари. У нафақат давлат ташкилоти ёхуд муассис, балки аввало жамоатчилик манфаатига хизмат қилиши керак. Шу билан бирга, ҳар бир медиа восита халқаро майдонда мамлакатнинг имижини шакллантирадиган, лозим бўлса, ­обрў-эътиборини турли ғаразли ахборот хуружларидан ҳимоя қиладиган куч ҳамдир.
Ўзбекистон тарихида илк бор ташкил этилган Халқаро пресс-клуб мамлакатимизда ислоҳотлар самарадорлигини ошириш, давлат ва жамиятни ҳар томонлама уйғун, жадал ривожлантириш, барча соҳани модернизация қилиш ва эркинлаштириш, халқ билан мулоқотни изчил йўлга қўйишга қаратилган ислоҳотлар жараёнида рўй бераётган воқеа-ҳодисаларни тезкор ва сифатли ёритишда интерфаол майдонга айланиб, ижтимоий мулоқотни янада ривожлантиришга хизмат қилаётгани билан аҳамиятлидир.
Халқаро пресс-клубда иқтисодий, ижтимоий ва сиёсий ҳаётимизда бўлаётган ўзгаришлар ҳақида объектив маълумотларни халқаро жамоатчиликка етказиш мақсадида янги форматдаги ток-шоулар, баҳс-мунозаралар, матбуот анжуманлари ташкил этилаяпти. Давлат бошқаруви органлари, экспертлик жамиятлари вакиллари, хорижлик ва маҳаллий мутахассислар билан оммавий ахборот воситалари иштирокида очиқ мулоқотлар, учрашувлар ўтказилмоқда. Барча материаллар тўғридан тўғри ОАВ орқали халққа намойиш этилмоқда. Ижтимоий тармоқларга жойлаб борилмоқда. Бу давлат ҳокимиятининг очиқлигини, ўзаро чекловлар ва мувозанат тизими ҳамда мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар устидан жамоатчилик назоратини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.
Хабарингиз бор: бир вақтлар қайсидир масалага «тепадан» муносабат билдирилгачгина журналистлар ҳаракатга тушиб қоларди. Танқид қилинса, танқид қилардик, мақталса, эътирофни чандон оширардик. Бугун бу тенденция анча ўзгарган. Журналистлар ижтимоий ҳаётнинг барча пучмоқларига дадил кириб бормоқда. Пресс-клубда ҳам бу борада муҳим қадамлар ташланган. 
Ушбу медиа майдонда ҳаётимизнинг долзарб масалалари бўйича ташкил этилаётган тадбирларда журналистлар, кенг жамоатчилик вакиллари мансабдор шахсларнинг фақат ҳисоботларини тингламасдан, улар билан жонли мулоқот ­ўтказиш, муаммоларга ечим топишда экспертлар, фуқаролик жамияти институтлари вакиллари, мутахассисларнинг таклифлари ва мулоҳазалари билан танишиш, ўзаро фикр алмашиш имконига эга бўлаётгани қувонарлидир.
Пресс-клубда Халқ қабулхоналари фаолияти натижалари, Ўзбекистон ички ва ташқи сиёсати, инсон ҳуқуқлари ҳимояси, Ҳаракатлар стратегиясининг амалга оширилиши, қабул қилинаётган янги қонун ва қонуности ҳужжатларининг муҳокамалари, шунингдек, ёш журналистлар учун маҳорат дарслари, тренинглар, мамлакатимизга ташриф буюраёт­ган хорижий делегациялар, нуфузли халқаро таш­килотлар ва расмий доира вакиллари иштирокида мунтазам медиа учрашувлар ўтказиш кўзда тутилган.
Гулноза Раҳимова:
– Ахборот даврида яшаяпмиз. Бугунги кун учун ахборотнинг қиймати чексиз. Уни яратиш ва кенг оммага тарқатиш – ОАВ зиммасида. Биз йўқликка маҳкум бўлмаслик, муайян тизимда мавжудлигимизни ҳис қилиш учун ахборотга муҳтожмиз. Ахборот макони ана шундай ­ҳаракатланувчан, жўшқин тизимлардан биридир. Бу маконни эса журналистлар яратади. Бугун нафақат республикамизнинг энг чекка ҳудудларида рўй бераётган ўзгаришлардан, балки жаҳондаги янгиликлар, турли воқеа-ҳодисалардан хабардор бўлмоқдамиз. Қолаверса, юз бераётган ­жараёнларга турли соҳа вакилларининг ­муносабатлари ва мутахассислар бераётган баҳолар билан танишиб бораяпмиз.
Бугунги кунда ОАВ одамларнинг ижтимоий фаоллигини, жамоатчилик билан алоқаларни кучайтиришга хизмат қилаётганидан мамнунмиз. Зеро, бу жамият ривожида, сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий масалаларнинг муваффақиятли ечимида муҳим роль ўйнамоқда.
Бўлимимиз ҳамда унинг жойлардаги таркибий тармоқларига прокуратуранинг жамоатчилик билан алоқаларини ривожлантириш, идоранинг имижини яратишга ҳисса қўшиш вазифаси юкланган. ­Мажозан айтганда, прокуратура органлари ва ОАВ ўртасида кўприк вазифасини ўташимиз лозим. Шу мақсадда ОАВ билан яқин ҳамкорлик ўрнатганмиз, муттасил равишда ахборот узатишда уларга кўмаклашиб келаяпмиз.
Прокуратура органлари ҳақида жамоатчилик фикрини шакллантириш, муҳим тадбирлар юзасидан тайёрланган хабарларни телерадиоканаллар, газета ва сайтлар орқали тезкорлик билан оммага тарқатиш, пировардида прокуратура органларининг қонунийликни мустаҳкамлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, жамият ва давлат ­манфаатларини ҳимоя қилиш борасидаги фаолиятига ошкоралик беришга ҳаракат қилаяпмиз.
Маҳлиё Мирсоатова:
– Оммавий ахборот воситалари, қайси турга мансублигидан қатъи назар, ўзи кириб борган хонадоннинг ҳақли аъзосидир. Уйимиз тўрига жойлаб, соатлаб тикилганимиз, тинглаганимиз, энг қадрли дақиқаларимизда мутолаа қилганимизнинг ўзи ОАВнинг ҳаётимиздаги ўрни катта эканини кўрсатади. Одамлар дўст деб билади уни. ­Ишонишни ­истайди. Бу истак қай даражада оқланаётгани эса анчайин баҳсли масала. Кескин ўзгаришлар, кенг кўламли ислоҳотлар, тақдиримизга дахлдор ­янгиланишлар бўлаётган бир пайтда ҳаммамиз ҳам бунинг моҳиятини англаб ололмаяпмиз. Ўз-ўзидан иккиланиш, ҳадик пайдо бўлади ёки бефарқликка айланади бу тушунмаслик.
Тасаввур қилинг, атрофимда нима бўлаяпти ўзи, деган савол туғилди. Нима қиламиз? Уйда бўлсак, телевизорни ёқамиз. Ишда ёки ўқишда бўлсак, жамоа билан обуна бўлганимиз (кечикиб етказиб берилиши бошқа масала) – газета-журналларни варақлаймиз. Шунда нимага гувоҳ бўламиз? Бир телеканалда қайсидир хонанда овқат пиширишни ўргатмоқда. Ҳали пультни қўйиб улгурмасимиздан бошқасига оламиз. Кейингисида унинг бошқа бир ҳамкасби кийим танлаш ҳақида зўр бериб гапирмоқда. Бошқасида актёр саломат бўлиш сирларидан дарс беради. Бу ҳолат матбуот саҳифаларида ҳам яккаш бўй кўрсатади. Чўчиб кетасиз, қачон журналистлар ўз ўрнини шоу-бизнес вакилларига бўшатиб берди?! Ана шундай кўнгилочар-маиший материаллар боис ОАВ ҳаётимиздаги ўрнидан тўлиқ фойдалана олмаяпти. Таъбир жоиз бўлса, меҳримизни суиистеъмол қилмоқда. Аммо охирги пайтларда мана шу совуган кўнгилларда илиқлик пайдо қилишга дадил уринишларнинг гувоҳи бўлмоқдамиз.
Элмурод Нишонов:
– Менимча, медиа воситаларининг ҳаётимиздаги ўрни анча мустаҳкамланиб бораяпти. Юртдошларимизнинг матбуотга, телевидение ва радиога ишончи ортаяпти. Одамларнинг сизга ишонмай қўйиши – фожиа. Каттами, кичикми, бирор муаммосини ҳал қилишга кўмаклашсангиз, лоақал, дарду ташвишини тинглай олсангиз ҳам катта гап.
ОАВнинг иши фақат шикоятларни ўрганиб, танқидий-таҳлилий материал тайёрлаб, муаммолар ечимига ҳисса қўшиш эмас, албатта. Жамоатчилик фикрини шакллантириш, маънавиятни тарғиб қилиш, хусусан, ёшлар тарбиясида ота-оналарга кўмаклашиш ҳам касбий бурчимизга киради.
Одамлар журналист деганда борган жойида ғавғо қўзғаб юрадиган, йўқ жойдан муаммо кўтарадиган, бўлар-бўлмас танқидий нарсаларни ёзадиган кимсани тушунмаслигини истардим. Журналистика – мўътабар соҳа. Касбимиз ҳақида оммада салбий фикр шаклланишини хоҳламайман. Журналист деганда ҳамма юксак обрў-эътиборга эга шахсни кўз олдига келтиришини орзу қиламан.
 
Чинакам «тўртинчи ҳокимият» ­даражасига кўтарилиши учун ­миллий журналистикада қандай ўзгаришлар амалга оширилиши лозим?
 
Шерзодхон Қудратхўжаев:
– Соҳа мутахассиси сифатида шуни айтишим мумкинки, бугун бир неча йил олдинги журналистика йўқ. У тўлалигича ўз қиёфасини янгилади ва янгиламоқда. Эндиликда телевидение, газета, ҳатто радио ҳам янгича форматни танлади. Масалан, кўплаб анъанавий ОАВларнинг ижтимоий тармоқларда саҳифалари, блог ва веб-сайтлари мавжуд. Аммо, шундай бўлса-да, улар ахборот тарқатиш воситалари орасида энг қулай, тезкор, арзон тар­моқлар ўрнини боса олмаяпти. Чунки, «виртуал олам»нинг ўз тили бор. Бу тил қоидаларига эса анъанавий нашрлар мослаша олмаяпти. Масалан, бирор бир газетанинг ижтимоий тармоқдаги саҳифасига кириб кўрсангиз, матн кўп, кириш сўз, ўхшатишлар керагидан ортиқ, мавзу содда тилда эмас. Хўш, айтинг-чи, ҳам вақтингиз, ҳам нақдингиз кетаётган бир вазиятда узундан узун матнни ўқиб ўтирармидингиз? Тўғри, асло ўқимас эдингиз!!!
Шунингдек, миллий журналистикамизда телевидениеда эфирга узатилган бирор-бир кўрсатувнинг, газетадаги мақоланинг ёки радиоэшиттиришнинг одамлар орасида кун мавзусига айланганини камдан-кам ҳолатларда кузатамиз. Аммо ижтимоий тармоқларда, блогларда кўтарилган мавзулар жамоатчилик эътиборини тезда ўзига қаратади. Хўш, бунга сабаб нима? Албатта, бунга сабаб ҳали ҳануз ОАВларимизнинг ўз шакл-шамойилини ўзгартирмаганидадир. Кўрсатувларининг савияси паст, газетадаги мақолалар эса ўша «қолип»дан четга чиқа олмаяпти. Худди ҳисобот топширишга ўхшайди. Ахир бугун жаҳон журналистикасида янги йўналишлар, янги форматлар вужудга келмоқда. Жумладан, «тушунтириш журналистикаси», «халқ журналистикаси» ва ҳоказо. Уларнинг асосий вазифаси маълумотни содда кўринишда, қисқа шаклда жамоатчиликка тақдим этишдан иборат.
Биз бу ерда миллий журналистиканинг илдизи қаерга бориб тақалиши-ю, цензура ҳақида гаплашаётган бир вақтда жаҳонда журналистика соҳасининг ўзи йўқолиб бораётгани ҳам аслида ҳақиқат. Ваҳоланки, бугун ҳаммамиз янгилик яратувчилармиз, ҳаммамиз чегарасиз ахборотни олишимиз ва чегарасиз майдонда тарқатишимиз мумкин. Шундай бир вақтда миллий журналистика ўз мавқеини сақлаб қолиш учун расмий тилини йўқотиши, соддаликка кўпроқ урғу бериши лозим. Хулоса сифатида шуни таъкидлаш мумкинки, бугун миллий журналистика «тўртинчи ҳокимият» мақомига лойиқ бўлиши учун жамият манфаатларига, инсонларга хизмат қилиши лозим. «Берилиши» керак бўлган ахборот эмас, аудиторияга қизиқ бўлган ва улар учун муҳим бўлган ахборотларгина тақдим этилса, мақсадга мувофиқ бўлар эди.
Гулноза Раҳимова:
– ОАВ халқ билан турли давлат институтларининг ўзаро мулоқотига, жамиятнинг ҳукуматга таъсири, ўз навбатида, ҳокимиятнинг фуқаролар фикрини инобатга олишига кўмаклашиши керак. Журналист­лар ижтимоий ҳаётнинг барча иштирокчилари ўртасидаги ўзаро муносабатни таъминлайди. Шунинг учун ҳам жамият уларсиз тараққий этмайди.
Бугун «жамоатчилик журналистикаси», «фуқаролик журналистикаси» деган тушунчалар ҳаётимизга дадил кириб келди. ОАВнинг «тўртинчи ҳокимият» даражасига кўтарилиши журналистиканинг ана шу кўринишлари ривожига ҳам боғлиқ. Бугун ахборот технологиялари ва интернет кириб бормаган соҳа қолмади ҳисоб. Ҳар бир фуқаро оддий ижтимоий тармоқдан фойдаланиб, ўз саҳифаларига маълумотларни киритиб борар экан, у ахборот тарқатувчига айланади.
Интернетда ҳам журналистлар касбий бурчи доирасида жамиятда рўй бераётган воқеа-ҳодисаларни ёритиб, ҳокимият эътиборидан четда қолаётган долзарб муаммоларни кўтариб чиқса, жамиятимизнинг янада юксалишига, камчиликларнинг бартараф этилишига ҳисса қўшади.
Маҳлиё Мирсоатова:
– Чинакам «тўртинчи ҳокимият»га айланиши учун аввало журналистикамизнинг мустақил институтлиги таъминланиши, унинг ҳуқуқий кафолатлари пишиқ-пухта ишлаб чиқилиши ва амалиётга татбиқ этилиши лозим. Давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари раҳбарларининг журналистикага ҳурмати шаклланмас экан, бу саъй-ҳаракатлар ҳам натижа бермайди.
Журналист кадрлар тайёрлаш тизимида кўплаб янги ўқув фанларини жорий этиш масаласи ҳам долзарб. Буни давр шиддати ва медиа макондаги қизғин жараёнлар ҳам кўрсатиб турибди. Айни пайтда ОАВ номи остида фаолият олиб бораётган муассасалар ходим танлаётганда журналист мақомига эга бўлган кадрларни танлашга эътиборли бўлиши керак.
Журналистикамизнинг виртуал борлиқдаги мақомини мустаҳкамлаш зарур. Вақт, макон ва ҳажм тўсиқларини енгиб ўтган веб-ресурслар мавқеининг ошиши миллий журналистикамиз ривожига хизмат қилади. Телеканал ёки газетанинг электрон архиви эмас, юраги каби уриб турган алоҳида кўриниши – сайтлари кўп бўлган журналистика ҳам, жамият ҳам ютади. Вақт ўтиб сайт ўзи мансуб бўлган газета-журнал билан рақобат қила олса, журналистикамиз давлат ва жамият ҳаётида ўзининг ҳақли ўрнини эгаллайди.
Шу ўринда яна бир жиҳат. Миллий журналистиканинг чинакам фидойилари соҳани «тўртинчи ҳокимият»га айлантиришга кўп ҳам ошиқишмаган. Муҳими халқ билан мулоқот, уларга бадиий-эстетик кайфият улашиш, саволли масалалар атрофида мулоҳазалар юритиш, гўзаллик ва муҳаббатнинг энг ёрқин рангларини, авж пардаларини талқин этиш бўлган. Журналистика – ижод. Унинг ижтимоий юкини оширишга сунъий уриниш шарт эмас. «Тўртинчи ҳокимият»ликка даъвомиз биздан олдинги «ҳокимиятлар»ни тан олиш ва уларга ишонишга мутаносиб бўлса, улар билан тенглашиш эмас, ҳамкорлик қилиш ҳаракатида бўлсак, шунда журналистикамиз халққа яқинлашади, ёзганларимизнинг аҳамияти ошади.
Элмурод Нишонов:
– Саволингизга тўлиқ жавоб бераман десам, гапим адо бўлмайдигандай. Шунинг учун икки жиҳатга эътиборингизни қаратмоқчиман. Биринчиси – ОАВнинг иқтисодий аҳволи, иккинчиси – кадрларни тайёрлаш масаласи.
Матбуот вакили бўлганим учун газета мисолида фикримни асослашга ҳаракат қиламан. Газета обуна ва рекламадан пул топади. Биз кейинги пайтларда авж олган мажбуран обуна қилдириш иллатидан бутунлай воз кечмас эканмиз, ҳеч қачон «тўртинчи ҳокимият» даражасига эриша олмаймиз. Ўзингиз ўйланг, кимнингдир оғриниб тўлаётган пули эвазига кун кўрадиган нашрнинг «ҳокимият»лиги қоладими? Ишхонасида мажбуран обуна қилдирилгач, ўқувчининг ўша нашрга нисбатан ишончи ҳам, ҳурмати ҳам йўқолади. Модомики, биз бозор иқтисодиёти шароитида яшар эканмиз, бозор қонунларига бўйсунишга мажбурмиз. Сифатли маҳсулот ҳеч қачон растада чанг босиб ётмайди, инчунин, газета ёки журнал мазмуни билан омма эътиборини тортар экан, ўқувчиси ҳам кўп бўлади. Аудитория эса пул дегани. Бировнинг қўлига қараб қолмаган ОАВнинг гапини биров гап дейди, обрўси бўлади.
Журналистика, ОАВ, тўртинчи ҳокимият – буларнинг бари мавҳум тушунчалар, нари борса, биров берган сифат, мақом. Қанчалар ёрқин бўёқларда тасвирланмасин, қоғоздаги нарса ҳеч иш бажаролмайди, чунки у жонсиз. Ҳар қандай номни, мавҳум отни, гўзал сифатни жонлантирадиган инсондир. Малакали кадрларсиз, ўз ишининг усталарисиз ОАВ – ҳеч нарса. Унга ҳокимият мақомини берамизми, улуғлаб, шаънига шеър тўқиймизми, мадҳия айтамизми, номи улуғу супраси қуруқ бўлиб қолаверади.
Журналистика факультетларига фақат шу соҳага қобилияти бор ёшларни қабул қилиш шарт. Айни қабул арафасида «Журналистикага ҳужжат топширмоқчиман, газетада мақола чиқаришим (тўғрироғи, фамилиям чиқиши) керак экан», дея таҳририятларга бош суқиб юрадиган йигит-қизларни кўп учратамиз. Аввало, университетга ҳужжат топшираётган 19 яшар ўғил-қиздан бир папка мақола талаб қилиш қанчалик тўғри, деган саволга жавоб топишимиз керак. Бу амалиёт ўзини оқлаган, ўзгаришга ҳожат йўқ, дейдиганлар ўша абитуриентга нисбат берилган мақолаларнинг асл муаллифи ким эканини аниқ билишларига шубҳам бор. Чунки «шарт экан», «зарур экан» дея газета-журналларда фамилиясини чиқартириб журналист бўлаётганлар кам эмас.
Фикрим мутлақо тўғри, бундан бошқа ҳақиқат йўқ, демоқчи эмасман. Балки бу масала масъул жойларда аллақачон кўрилаётгандир, қабулнинг мақбул мезонлари ишлаб чиқилар. Нима бўлганда ҳам, журналистикага соҳани чин дилдан севадиган, унга қобилияти бор, илмли ёшларнинг кириб келиши давлат учун ҳам, жамият учун ҳам бирдек манфаатли бўлар эди.
Дилшод ЙЎЛДОШ
ёзиб олди