2017 йил июнь сонида
ОТМга қабул бу йил қандай ўзгаришлар рўй берди?
20.07.2017
2017 йилнинг 5 майида Ўзбекистон Республикаси ­Президенти Шавкат Мирзиёевнинг «2017/2018-ўқув йилида ­Ўзбекистон Республикасининг олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.
 
Ҳужжатлар қачон топширилади?
2016 йил 16 июнда Вазирлар Маҳкамасининг «Олий таълим муассасаларига кириш тест синовларига тайёргарлик жараёни оптималлаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида»ги қарори қабул қилинган эди. Мазкур қарор билан «Олий таълим муассасаларининг бакалавриатига талабаларни қабул қилиш тартиби тўғрисида»ги низомга ўзгартиришлар киритилди. Унга кўра 2017 йилдан абитуриентларнинг ўқишга қабул қилиш ҳақидаги аризалари олий таълим муассасалари қабул комиссиялари томонидан 15 июндан 15 июлгача (бунгача
20 июндан 20 июлгача), Ўзбекистон давлат консерваторияси учун 15 июндан 10 июлгача (бунгача 20 июндан 15 июлгача) қабул қилинади.
Шунингдек, «Ўзбекистон Республикаси олий ҳарбий таълим муассасаларига танлаш тартиби ва қабул қилиш қоидалари тўғрисида»ги низомга киритилган ўзгартиришларга кўра, олий ҳарбий таълим муассасаларига кириш учун тест синовлари 5 июлгача (бунгача 10 июлгача) ўтказилади.
 
Қабул квоталари оширилди
2017/2018-ўқув йили учун олий таълим муассасаларига ўқишга қабул бўйича умумий квота бакалаврлар учун 66316 нафар, шу жумладан, давлат гранти бўйича 18194 та ва тўлов-контракт асосида 48122 та, магистрлар учун 5000 нафар, шу жумладан, давлат гранти бўйича 1556 та ва тўлов-контракт асосида 3444 та этиб белгиланди.
Эслатиб ўтамиз, 2016/2017-ўқув йили учун олий таълим муассасаларига ўқишга қабул бўйича умумий квота бакалаврлар учун 57907 нафар, шу жумладан, давлат гранти бўйича 19120 та ва тўлов-контракт асосида 38787 та, магистрлар учун 5000 нафар, шу жумладан, давлат гранти бўйича 1548 та ва тўлов-контракт асосида 3452 та этиб белгиланган эди.
Демак, ўтган йилга нисбатан бу йил учун олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича умумий квота бакалаврлар учун 8409 тага кўпайган. Магистрларники эса деярли ўзгаришсиз қолган.
 
Тўлов-контракт асосида ўқийсизми? марҳамат!
«2017/2018-ўқув йилида Ўзбекистон Республикасининг олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш тўғрисида»ги қарорга берилган расмий шарҳда қайд этилишича, 2017/2018-ўқув йилидан бошлаб олий таълим муассасаларига тўлов-контракт пулининг оширилган ставкаси бўйича қўшимча қабулни амалга ошириш жорий этилмоқда. Бунда:
– олий таълим муассасаларига тўлов-контракт пулининг оширилган ставкаси бўйича қўшимча қабулни амалга ошириш учун квота миқдори таълим муассасасининг имкониятлари ва таълим йўналишларидан келиб чиқиб, Давлат комиссияси томонидан белгиланиши;
– қўшимча қабул бўйича тўлов-контракт пулининг оширилган ставкаси абитуриентлар тўплаган балларга қараб, Давлат комиссияси томонидан дифференциялашган тартибда белгиланиши;
– тўлов-контракт пулининг оширилган ставкаси бўйича қўшимча қабул ўтиш балини тўплай олмаган абитуриентларга тўплаган балига мувофиқ
(68 баллдан кам бўлмаган) кетма-кетлик тартиби қатъий сақланган ҳолда, уларнинг оширилган контракт пулини тўлай олиш имкониятидан келиб чиқиб амалга оширилиши белгилаб қўйилди.
 
Сиртқи бўлимлар ҳам очилди
Муҳим ўзгаришлардан яна бири шуки, Навоий давлат кончилик институти ва Тошкент темирйўл муҳандислари институтида махсус сиртқи бўлимлар очилди. Масалан, Навоий давлат кончилик ­институтида тўлов-контракт асосида 90 нафар ва Тошкент темирйўл муҳандислари институтида тўлов-контракт асосида 80 нафар бакалаврни тайёрлаш назарда тутилган.
Тошкент ахборот технологиялари университетининг махсус сиртқи бўлимига 100, шу жумладан, давлат гранти бўйича 15 ва тўлов-контракт асосида 85 нафар талаба қабул қилинади. Тошкент кимё-технология институти (Қўнғирот бўлими)нинг махсус сиртқи бўлими эса ёпилди.
 
Бошқа янгиликлар
Тиббий олий ўқув юртлари эндиликда талабаларни давлат гранти асосида ҳудудларга тақсимланган квота билан қабул қиладиган бўлди. Қарорга кўра, 2017/2018-ўқув йилидан бошлаб Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари буюртмаларига биноан юқори малакали тиббий кадрларга катта талаб мавжуд бўлган ҳудудлар учун мақсадли қабул бўйича квоталарни Ўзбекистон ­Республикасининг тиббий олий таълим муассасалари (Тошкент тиббиёт академияси, Тошкент тиббиёт академиясининг Урганч филиали, Тошкент педиатрия тиббиёт институти, Тошкент педиатрия тиббиёт институтининг Нукус филиали, Андижон давлат тиббиёт институти, Бухоро давлат тиббиёт ­институти, Самарқанд давлат тиббиёт институти, Тошкент давлат стоматология институти)га давлат грантлари асосида бакалавриат йўналиши бўйича мутахассислар тайёрлашнинг умумий белгиланган параметрлари доирасида ажратиш бўйича таклифи қабул қилинди.
Шу йилдан бошлаб Тошкент тиббиёт академиясининг Фарғона филиали, Тошкент давлат стоматология институтининг ҳудудлардаги барча филиаллари, хусусан, Андижон, Бухоро, Самарқанд, Нукус филиаллари ёпилди. Бунинг ўрнига аввалгидек ҳудудлардаги тиббиёт институтларида «стоматология» факультетлари қайта ташкил этилди.
2017/2018-ўқув йилида Тошкент тиббиёт академиясининг Урганч филиалига 200 нафар (61 та давлат гранти, 139 та тўлов-контракт асосида) талаба қабул қилинади. Ёдингизда бўлса, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Давлат тест маркази ва Тошкент тиббиёт академиясининг таклифига ­биноан 2016/2017-ўқув йилидан бошлаб ушбу филиалга ўқишга қабул қилиш тўхтатилган эди.
Яна бир муҳим янгилик. Термиз шаҳрида Тошкент давлат техника университети ҳамда Тошкент давлат аграр университети филиаллари очилди. Масалан, 2017/2018-ўқув йилида Тошкент давлат техника университетининг Термиз филиалига 350 нафар (110 та давлат гранти, 240 та тўлов-контракт асосида), Тошкент давлат аграр университетининг Термиз филиалига 300 нафар (70 та давлат гранти, 230 та тўлов-контракт асосида) талаба ўқишга қабул қилиниши режалаштирилган. Демак, энди шу иккала университетда ўқимоқчи бўлган абитуриентлар Термиз шаҳридаги филиалларда ҳам таҳсил олишлари мумкин.
Наманган муҳандислик-педагогика институтининг номи Наманган муҳандислик-қурилиш институти дея ўзгартирилди.
Маъмуржон МАҲМУД
тайёрлади