«Маҳалла ифтихори» кўкрак нишонини таъсис этиш тўғрисида
14.07.2017
Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори
Жамиятимизда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг ўрни ва ролини кучайтириш, жойларда маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш, миллатлараро дўстлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, ёш авлодни она Ватанга муҳаббат ва истиқлол ғояларига садоқат руҳида тарбиялаш, аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш, кенг қамровли профилактика тадбирлари ва жамоатчилик назоратини амалга ошириш, маҳалла фуқаролар йиғинларининг моддий-техника базасини ривожлантириш ишларига муносиб ҳисса қўшиб келаётган фаол, ташаббускор фуқаролар ва жамоатчилик тузилмалари вакилларини тақдирлаш мақсадида ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 3 февралдаги «Маҳалла институтини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-4944-сонли Фармонига асосан:
 
1. «Маҳалла ифтихори» кўкрак нишони таъсис этилсин.
 
2. Қуйидагилар:
 
«Маҳалла ифтихори» кўкрак нишони тўғрисидаги Низом 1-иловага мувофиқ;
 
«Маҳалла ифтихори» кўкрак нишони ва унинг гувоҳномасининг тавсифлари 2, 3-иловаларга мувофиқ тасдиқлансин.
 
3. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси «Маҳалла ифтихори» кўкрак нишонлари ва уларнинг гувоҳномалари тайёрланишини таъминласин.
 
4. Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича республика кенгашининг «Маҳалла ифтихори» кўкрак нишонлари ва уларнинг гувоҳномаларини тайёрлаш билан боғлиқ харажатлар Ўзбекистон «Маҳалла» хайрия жамоат фонди маблағлари ҳисобидан қопланиши тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.
 
5. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартиш ва қўшимчаларни киритсин.
 
6. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Арипов зиммасига юклансин.
 
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.МИРЗИЁЕВ
Тошкент шаҳри, 2017 йил 13 июль
Манба: uza.uz