Нотариал ҳаракатни уйда амалга ошириш
28.06.2017
ҳамюртларимиз учун яратилган қулайликлардан биридир
Маълумки, амалдаги қонунларимизнинг энг олий мақсади бу – инсонпарварлик экани ҳеч кимга сир эмас. Буни ҳар бир қонуннинг ҳар қайси моддасини ўқиганимизда, гувоҳ бўлишимиз мумкин.
Ҳуқуқшунос – нотариус сифатида айни ҳақиқатга кўп бора амин бўлганман. Хусусан, фаолиятимизнинг энг муҳим мезонларидан бўлмиш “Нотариат тўғрисида”ги қонун ҳам фуқароларимизнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоялашда муҳим аҳамият касб этади. Яъни мазкур қонун нотариал ҳаракатларни амалга оширишни тартибга солади.
Қонуннинг 30-моддасида нотариал ҳаракатларни амалга ошириш жойи ўз аксини топган. Унга кўра, нотариал ҳаракатлар нотариал идораларнинг биноларида амалга оширилади. Аммо қонун ижодкорлари шу нарсани ҳам эътибордан четда қолдиришмаганки, фуқаро касаллиги, ногиронлиги туфайли ёки бошқа сабабларга кўра нотариал идорага бора олмайдиган айрим ҳолларда нотариал ҳаракатлар мазкур фуқаро турган жойда амалга оширилиши ҳам белгиланган. Қонун ҳужжатларида нотариал ҳаракатлар нотариал идораларнинг биноларидан ташқарида амалга ошириладиган бошқа ҳоллар ҳам назарда тутилиши мумкин. Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг 2010 йил 30 мартдаги 64-мҳ-сон буйруғига асосан тасдиқланган “Нотариуслар томонидан нотариал ҳаракатларни амалга ошириш тартиби тўғрисида”ги йўриқноманинг 9-бандида ҳам фуқаро касаллиги, ногиронлиги туфайли ёки бошқа сабабларга кўра давлат нотариал идорасига бора олмайдиган айрим ҳолларда ёки юридик шахс томонидан таклиф қилинганда, нотариал ҳаракатлар давлат нотариал идораси биносидан ташқарида, яъни мазкур фуқаро ёки юридик шахс ёхуд унинг вакили жойлашган жойда амалга оширилиши мумкинлиги қайд қилинган. Нотариал ҳаракатлар давлат нотариал идораси биносидан ташқарида бажарилса, ҳужжатнинг тасдиқловчи ёзувида ва нотариал ҳаракатларни рўйхатга олиш реестрида нотариал ҳаракат амалга оширилган жойнинг манзили кўрсатилади. Бу ҳам бўлса, қонунга асосан фуқароларга яратилган қулайликнинг яна бир ифодасидир.
Шу ўринда фикрларимизнинг исботи тариқасида бир ҳаётий мисолларга эътибор қаратсак. Туманимиз марказида яшовчи, 64 ёшли онахон Маҳбуба Суннатова (исм-шарифлари ўзгартирилган) ўзининг кўп қаватли уйда жойлашган 3 хонали хонадонини бошқа фуқарога сотган. Лекин бу аёл беморлиги туфайли нотариал идорамизга келолмаган. Шу боис унинг қизи олди-сотди шартномасини тасдиқлаб беришимизни сўраб, бизга мурожаат қилди. Натижада нотариал ҳаракат аёл яшаётган хонадонда амалга оширилди.
Ёки яна бир фуқаро – 55 ёшли Шоҳида Дўстназарова ҳам бетоблиги сабаб нотариал идорамизга келолмаган. Маълум бўлишича, у кўп қаватли уйда жойлашган 1 хонали хонадонини ўзига таниш бўлган фуқарога 6 ой муддатга ижарага берган. Бинобарин, тарафларнинг мурожаатига биноан ижара шартномаси Ш.Дўстназарованинг яшаш хонадонида тасдиқланди.
Кези келганда юртдошларимизга эслатиб ўтиш лозимки, Вазирлар Маҳкамасининг 1999 йил 3 ноябрдаги 533-сон қарори билан тасдиқланган Давлат божи ставкаларига мувофиқ нотариал ҳаракатлар нотариал идорадан ташқарида амалга оширилганда, давлат божи 2 баравар миқдорда ундирилади (озодликдан маҳрум этиш жойларидаги ёки қамоқдаги шахсларнинг ишончномаларини нотариал тасдиқлаш бундан мустасно). Шунингдек, ушбу нотариал ҳаракатни бажариш учун жойга бориш билан боғлиқ амалда сарфланган ҳаражатлар тўланади.
Шуни ҳам ёдда тутиш жоизки, нотариуснинг ва амалга оширилаётган нотариал ҳаракатлардан хизмат вазифасини бажариш муносабати билан хабардор бўлиб қолган шахсларнинг ўзларига маълум бўлган ахборотларни ошкор қилиши, шу жумладан, меҳнат шартномаси бекор қилинганидан кейин ҳам ошкор қилиши тақиқланади. Фуқаро жисмоний нуқсони, касаллиги туфайли ёки қандайдир бошқа сабабларга кўра битим, ариза ёки бошқа ҳужжатни ўз қўли билан имзолай олмаганида, битим, ариза ёки бошқа ҳужжатни унинг топшириғига кўра имзолаган фуқаро, ҳужжатни таржима қилиб берган таржимон (сурдо таржимон) ва бошқалар ҳам ўзларига маълум бўлган ахборотларни ошкор қилиши тақиқланади.
Амалга оширилган нотариал ҳаракатлар тўғрисидаги маълумотлар (ҳужжатлар) бу ҳаракатлар кимнинг номидан ёки кимнинг топшириғи билан амалга оширилган бўлса, ўша шахсларнинг ўзигагина берилиши мумкин.
Хулоса қилиб айтганда, юқорида тилга олинган қонуний имкониятнинг моҳиятини нафақат фуқароларимиз, балки маҳалла-куй, жамотчилик вакиллари ҳам тўғри ва тўлақонли англаб етишлари шарт. Шундагина айни қоида асосида амалга оширилган нотариал ҳаракат чинакам маънода қонун устуворлигини таъминлашга хизмат қилади.
Элнора АЗБЕКОВА,
Поп тумани 1-сон давлат
нотариал идораси нотариуси