Адлия вазирлигидаги янгиликлар
Фуқаролик жамияти институтлари — демократик ислоҳотларнинг фаол иштирокчиси
31.05.2017
Мамлакатимизда ҳуқуқий демократик давлат, кучли фуқаролик жамияти қуришга, эркин бозор муносабатларига ва хусусий мулк устуворлигига асосланган иқтисодиётни ривожлантиришга, халқ осойишталиги ва фаровонлиги учун шарт-шароитлар яратишга, халқаро майдонда Ўзбекистоннинг муносиб ўрин эгаллашига қаратилган комплекс чора-тадбирлар амалга ошириб келинмоқда.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан бошланган ислоҳотларнинг янги босқичида фуқаролик жамияти институтлари ривожланишини қўллаб-қувватлашга устувор вазифалардан бири сифатида эътибор қаратилмоқда. Буни давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 7 февралдаги фармони ва у билан тасдиқланган 2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси мисолида ҳам кўриш мумкин.
Мисол учун, Ҳаракатлар стратегиясининг “Давлат ва жамият қурилиши тизимини такомиллаштиришнинг устувор йўналишлари” деб номланган биринчи йўналишида жамоатчилик бошқаруви тизимини такомиллаштириш, шу жумладан, жамоатчилик назоратини амалга оширишнинг замонавий шаклларини ривожлантириш, фуқаролик жамияти институтларини ривожлантириш, уларнинг ижтимоий ва сиёсий фаоллигини ошириш; маҳалла институтининг жамият бошқарувидаги ўрни ва фаолияти самарадорлигини ошириш, оммавий ахборот воситаларининг ролини кучайтириш масаласи ҳам кейинги беш йилликда рўёбга чиқарилиши лозим бўлган вазифалардан бири сифатида белгиланган.
Дарҳақиқат, мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётида фуқаролик жамияти институтлари тобора муҳим ўрин тутмоқда. Бугун ушбу ташкилотлар, яъни фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, сиёсий партиялар ва ҳаракатлар, касаба уюшмалари, жамоатчилик ташкилотлари ҳамда фондлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари ижтимоий шериклик асосида аҳолининг барча қатлами манфаатларини ҳимоя қилишда давлат идораларига кўмакдош бўлиб, жамоатчилик назоратини муваффақиятли амалга ошираяпти.
2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили”да амалга оширишга оид давлат дастурида “Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш назарда тутилганини ҳисобга олсак, бу борадаги ҳуқуқий асос янада мустаҳкамланади. Мазкур қонуннинг қабул қилиниши давлат органларига юклатилган вазифаларни бажариш самарадорлигининг ошишига, улар томонидан инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига риоя этилишига, фуқароларнинг мурожаатларини, уларда кўтарилган муаммоларни жойида ҳал этишда давлат органлари раҳбарлари томонидан қай даражада муносабат билдирилиши устидан жамоатчилик назоратини ўрнатишга имкон беради.
Ҳасан МАРДИЕВ,
Ўзбекистон Республикаси
Адлия вазирлиги масъул ходими