Адлия вазирлигидаги янгиликлар
Касбий одоб-ахлоқ қоидаларининг коррупцияни олдини олишдаги ўрни
01.06.2017
Давлат ва жамият тараққиётини издан чиқарувчи, сизу бизнинг у ёки бу ҳуқуқларимизни поймол бўлишига замин яратувчи жирканч иллатлардан бири коррупциядир. Шу боис коррупцияга қарши курашиш ва унинг олдини олиш ҳамиша давлат ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ва жамоатчилик зиммасидаги энг долзарб вазифалардан бўлган.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 24 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида: «Жамият ривожига ғов бўлаётган яна бир иллат – бу коррупция балосидир. Бундай хатарга қарши курашиш мақсадида яқинда Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилиниб, Сенатга юборилган «Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида»ги қонунни тезроқ амалиётга жорий этиш чора-тадбирларини кўришимиз лозим. Буларнинг барчаси, ўз навбатида, инсон ҳуқуқ ва манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштиришга, халқимизнинг давлат ҳокимиятига бўлган ишончини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади», – дея алоҳида таъкидлаганди. Кўп ўтмай, 2017 йилнинг 3 январида «Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида»ги қонун қабул қилинди.
Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, қонунда давлат органлари ва муассасаларининг бу борадаги ваколат ва вазифалари аниқ-равшан белгилаб қўйилган. Жумладан, қонуннинг 12-моддасида Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги ваколатлари ўз аксини топган.
Бундан ташқари, коррупциянинг олдини олишда давлат хизматчиларининг, шу жумладан, адлия органлари ва муассасалари ходимларининг одоб-аҳлоқ қоидалари ҳам муҳим ўрин тутади. Бинобарин, Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг 2016 йил 30 мартдаги 55-ум-сон буйруғи билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси адлия органлари ва муассасалари ходимларининг одоб-ахлоқ қоидаларида айни шу масала алоҳида ўз аксини топган. Аввало, унинг 2-бандида таъкидланганидек, одоб-аҳлоқ қоидалари ҳуқуқбузарликнинг олдини олишга, улар содир этилишининг сабаб ва шарт-шароитларини бартараф этишга, адлия органлари ва муассасалари ходимларида юксак ҳуқуқий онгни шакллантириш, уларни Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, қонунлари ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларига, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларига қатъий риоя қилиш руҳида тарбиялашга йўналтирилганини эътироф этиш керак. Қоидаларнинг 5-бандига мувофиқ эса адлия органлари ва муассасалари ходимлари ўз касбий фаолиятини қонунийлик, фуқаролар ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларининг устуворлиги, ватанпарварлик ва хизмат бурчига фидоийлик, давлат ва жамият манфаатларига содиқлик, адолатлилик, ҳалоллик ва холислик, манфаатлар тўқнашувига йўл қўймаслик принциплари асосида амалга оширишлари шарт.
Ўз фаолиятида ушбу қоидаларни устувор деб билган ходим асло нафс домига тушмайди. Шунингдек, адлия ходими ўз хизмат вазифаларини бажаришда бирор-бир шахс, гуруҳ ёки ташкилотларга ён босмаслик ва устунлик бермаслик, уларнинг таъсиридан мустақил бўлиш, фуқароларнинг ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва қонуний манфаатларини ҳисобга олиш, камситиш ҳолатларига йўл қўймаслик, ўз хизмат вазифаларини бажаришига тўсқинлик қилувчи ёки хизмат вазифаларини амалга ошириши жараёнида қонун талабларига зид бўлган бирор-бир шахсий, мулкий ва бошқа манфаатларнинг таъсири билан боғлиқ бўлган хатти-ҳаракатлардан тийилиш, шунингдек, ўз хизмат фаолиятига бирор-бир таъсир кўрсатиш имкониятига барҳам бериш, хизмат мавқеидан давлат органлари, бошқа ташкилотлар, уларнинг мансабдор шахслари фаолиятига ноқонуний таъсир кўрсатиш мақсадида фойдаланмаслик, иш жойи ва вақтидан ташқари хизмат масалаларини муҳокама қилмаслик, шахсий манфаатдорлиги муносабати билан хизмат вазифаларини холисона бажаришига тўсқинлик қилиши ёки таъсир қилиши мумкин бўлган ҳолатлар ҳақида ўз раҳбарига зудлик билан маълум қилиш каби қоидаларга амал қилишга ҳам мажбурки, бу ҳам бўлса коррупциянинг пайини қирқади.
Энг асосийси, адлия органлари ва муассасалари ходимлари коррупция ҳолатларига қарши курашиши ва уларнинг профилактикасига фаол кўмаклашиши шарт. Хулоса қилиб айтганда, аҳолининг давлат органлари ҳамда мансабдор шахсларга бўлган ишончини янада мустаҳкамлаш бугуннинг долзарб вазифаларидан биридир. Бунинг учун эса барчамиздан коррупцияга қарши қатъий муносабат ва бирдек масъулият талаб этилади.
Сарвар АБДУРАҲИМОВ,
Фарғона вилояти адлия бошқармаси
масъул ходими