2017 йил апрель сонида
Янги конвенция ишчи-ходимларга нима беради?
04.05.2017
Ўтган йили Ўзбекистон Республикаси Халқаро меҳнат ташкилоти (ХМТ)нинг Бирлашмалар эркинлиги ва касаба уюшмаларига бирлашиш ҳуқуқини ҳимоя қилиш тўғрисидаги Конвенцияси (Сан-Франциско, 1948 йил, 9 июль)ни ратификация қилган эди. Хўш, мазкур ҳужжат кундалик ҳаётимизда, турмушимизда қандай аҳамиятга эга? У одамларга нима беради? Қуйида ана шу ­саволларга жавоб беришга ҳаракат қиламиз.
Аввало, ХМТ хусусида икки оғиз тўхаталсак. У Бирлашган Миллатлар Таш­килотининг ихтисослаштирилган муассаcaси ҳи­соб­ланади. Ташкилотнинг мақсади ижтимоий адолат тамойилларини, халқаро тан олинган инсон ҳуқуқлари ва, энг асосийси, меҳнат соҳасидаги ҳуқуқларни илгари суришдан иборат. Меҳнат соҳасидаги асосий ҳуқуқларнинг мини­мал стандартлари белгилаб­ қўйилувчи конвенциялар ва тавсиялар шаклида қа­бул қилинадиган халқаро­ меҳнат меъёрларини ишлаб­ чиқиш ХМТнинг энг муҳим­ ва ўзига хос функ­ция­ла­ридан бири ҳисобланади. Айни пайтга келиб, жаҳон­нинг 187 мамлакати ушбу ташкилотга аъзо бўлган.
Халқаро меҳнат меъёрлари Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси, Иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пакт, Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқ­лар тўғрисидаги халқаро пакт каби бир қатор халқаро ҳужжатларнинг узвий­ қисмидир. ХМТ томонидан­ ҳозирга қадар 189 та Конвенция ва 202 та Тавсия қабул қилинган. Бугун бутун дунёда амалда бўлган саккиз соатлик иш куни, шунингдек, оналикни ва меҳнатни муҳофаза қилиш, ижтимоий суғурта тизими ва бошқа соҳалардаги ҳу­қуқ ва имтиёзларнинг кўплаб давлатлар миллий қонунчилигида ўз ифодасини топиши ҳамда амалиётга татбиқ этилиши ХМТнинг қарийб 90 йиллик фаолияти самарасидир.
Ўзбекистон Республикаси ХМТга бундан роппа-роса 25 йил муқаддам, яъни 1992 йилнинг март ойида аъзо бўлган эди. Республи­камиз ҳозирга қадар мазкур ташкилотнинг 13 та Конвенциясини ратификация қилганди. Бирлашма­лар эркинлиги ва касаба уюшмаларига бирлашиш ҳуқуқи тўғрисидаги Конвенция мамлакатимиз қў­шилган ХМТ ҳужжатлари­нинг ўн тўртинчиси бўлди.
ХМТга аъзо 187 та мамлакатнинг 153 таси ушбу Конвенцияни ратификация қилган. Конвенция преамбула, 4 бўлим (21 модда)ни ўз ичига олади ва қуйидагиларни назарда тутади:
— ходимлар ва иш берувчиларнинг ташкилотлар тузиш, шунингдек, ушбу ташкилотларга аъзо бўлиш;
— ходимлар ва иш берувчилар ташкилотларининг ўз уставлари ва маъмурий регламентларини ишлаб чиқиш, ўз фаолиятини ташкил этиш, ҳаракатлар дастурини тасдиқлаш ва амалга ошириш;
— бирлашиш ҳуқуқини чекловчи ёки уни қонуний амалга оширишга тўсқинлик қилувчи давлат органларининг аралашувидан холи бўлиш;
— ходимлар ва иш берувчилар ташкилотларининг маъмурий тартибда тарқатиб юборилишини ёки фаолиятининг тўхтатиб қўйилишини тақиқлаш;
— ходимлар ва иш берувчиларга бирлашиш хуқуқини эркин тарзда амалга оширишни кафолатловчи чора-тадбирлар кўриш.
Шу ўринда таъкидлаш керакки, Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги бир­лашиш эркинлиги тамойилларини тўлиқ акс эттиради, қонунчилик амалиёти ХМТнинг Бирлашмалар эркинлиги ва касаба­ уюшмаларига бирлашиш ҳуқуқини ҳимоя қилиш тўғрисидаги Конвенциясига тўла мос келади. Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси томонидан бирлашиш эркинлиги кафолатларини мустаҳкамловчи халқаро ҳуқуқий ҳужжатлар ратификация қилинган ва амалда қўл­ланмоқда. Хусусан, фуқароларнинг касаба уюшмаларига бирлашиш ҳуқу­қи­нинг конституциявий кафолатлари ўрнатилган (Конституциянинг 34- ва 59-моддалари), мазкур кафолатлар, шунингдек, 20 дан ортиқ ҳужжатда, шу жумладан, «Касаба уюш­ма­­лари, уларнинг ҳуқуқлари­ ва фаолиятининг кафолат­лари­ тўғрисида»ги қонунда­ ва Меҳнат кодексида ҳам мустаҳкамлаб қўйилган.
Қонунчилик касаба уюш­маларига бирлашиш, жамоа музокараларини олиб боришни Конвенциянинг 9-моддасида белгиланганидек, Қуролли кучлар, ички ишлар органлари, МХХ, ички қўшинлар­ ва бошқа ҳарбий тузилма­ларни истисно қилган ҳолда, давлат­ секторида тақиқламайди.
Ҳозир Ўзбекистонда ходимлар манфаатларини 14 тармоқ, 14 ҳудудий, 37 мингга яқин бошланғич касаба уюшма ташкилотини бирлаштирган ва ўз сафларида 6 миллион нафардан ортиқ аъзога эга бўлган Касаба уюшмалари федерацияси ифодалайди. 2015 йил октябрь ойида Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси ­Халқаро касаба уюшмалари конфедерацияси (ХКУК)­нинг ассоциациялашган аъзоси бўлди, Ўз­бекис­тон касаба уюшмалари федера­цияси ва ХКУК ўртасида ҳамжи­ҳатлик тўғрисида меморандум имзоланган ва амалда татбиқ этилмоқда.
Иш берувчиларнинг манфаатларини 14 ҳудудий вакилликни ўз ичига олган ва иш берувчилар, шу жумладан, кичик бизнес манфаатларини ҳимоя қи­лувчи ва илгари сурувчи ҳамкор ҳисобланган Савдо-саноат палатаси ифодалайди. 2014 йилдан бошлаб Савдо-саноат палатаси­ Халқаро иш берувчилар ташкилотининг тенг ҳуқуқ­ли аъзоси ҳисобланади.
Хулоса қилиб айтганда, республикамиз томонидан ХМТнинг Бирлашмалар эркинлиги ва касаба уюшмаларига бирлашиш ҳу­қуқини ҳимоя қилиш тўғ­рисидаги Конвенциясининг ратификация қилини­ши давлатимизнинг инсон ҳу­қуқлари соҳасидаги қадриятларга содиқлигининг яққол намунасидир. Бу эса Ўзбекистон Рес­пуб­лика­сининг хал­қаро ва ҳудудий ташкилотларга янада интеграция­ла­шувини таъминлайди.
Ҳаётжон ШАРИПОВ,
Ўзбекистон давлат ­муассасалари ва жамоат хизмати ходимлари касаба уюшмаси Тошкент шаҳар бирлашган касаба уюшмаси қўмитаси раиси