2017 йил июнь сонида
Оломонча маданият
04.05.2017
Илгари бирон-бир мамлакатни бўйсундириш учун қанчадан-қанча қурол-аслаҳа, техника, аскару зобит, ойлар, ҳатто йиллар керак бўлган бўлса, ҳозир бунинг учун оммавий ахборот воситаларининг ўзи кифоя қилади. Куч ишлатиш, мажбурлаш, зўравонлик ўрнини ахборот орқали таъсир қилиш, муайян ғояга ишонтириш, онгни бошқариш технологиялари эгалламоқда. Инсониятнинг тараққийпарвар қисми куч ишлатишни ҳамиша қоралаб келган.
Чунки бунда инсонга жисмоний оғриқ, шикаст, моддий зарар етказилади. Ишонтиришга уринаётганларни эса бирор нарсада айблаш қийин. Зеро, улар тарғиб қилаётган ғоялар ортида қандай манфаатлар яширин эканини билиш осон эмас. Қолаверса, сўз, фикр, ахборот орқали инсон тафаккурини забт этиш ҳам халқ, мамлакат, ҳудудни босиб олишнинг бироз маданийлашган кўриниши ҳисобланади. Бироқ бунда истилочининг ким экани номаълум, ҳатто аҳоли уни маҳв этиш учун кураш бораётганини англамайди ҳам.
Бугун «оммавий маданият» ёки «оломонча маданият» деган номлар билан аталаётган тушунчалар аслида янги кўринишдаги мустамлакачиликка хизмат қилмоқда десак, муболаға бўлмайди.
Хўш, «оммавий маданият» ўзи нима? «Оммавий маданият» ёки «оломонча маданият» дея таржима қилинаётган тушунча ғарбда ­«популяр» ёки қисқартирилган ҳолда, «поп-культура» (инглизча «pop culture», яъни «оломонча маданият») деб ата­лади. Бу ном дунёни бошқаришни мақсад қилган айрим ғарб давлатлари томонидан ўйлаб топилиб, асл мақсадни ниқоблаш учун муомалага киритилган.
Оломонча маданият халқларнинг неча минг йиллик қадриятларини, ахлоқий тамойилларини емиришга, одамларни онгу шууридан, ­ҳамиятидан, иймон-эътиқодидан айириб, маънавиятсиз, тубан ­манқуртга айлантиришга хизмат қилади.
Айрим файласуф ва жамиятшунос олимларнинг фикрича, мазкур оқимни «маданият» деб аташнинг ўзи ножоиз. Бироқ ҳали «антикультура» — «ғайримаданият» ёки «аксилмаданият» тушунчалари илмий­ жиҳатдан тўлиқ шаклланмагани боис «оломонча маданият» деган атама қўлланмоқда. Чунки «оломонча мада­ният» аслида маданиятсизлик, маънавиятсизлик ва ахлоқсизликнинг синонимидир. Шу боис «оломон­ча маданият» юксак маънавий-ахлоқий ғояларга асосланган инсоний­ қадриятларни, мумтоз маданиятни, санъатни инкор этиб келаяпти.
Оломонча маданият, энг аввало, халқлар ва элатларнинг азалий қадриятларини шубҳа остига қўяди, инсоний фитратга зид ахлоқий тубанликлар табиийлик, эркинлик, ўзгачалик каби чиройли ёрлиқларга ўралади. Кино, театр ва оммавий­ ахборот воситалари, жумладан, теле­видение ва интернет орқали турфа бузуқликлар, зино ва ҳамжинсбозлик оддий, кундалик ҳолат сифатида тарғиб-ташвиқ этилади. Одамларнинг энг тубан инстинктлари, ҳайвоний ҳирс ва ғаризаларини қондиришга кенг йўл очиб берилади. Натижада жамиятда фақат ҳайвоний ҳирсга қул бўлган манқурт кимсаларнинг сони ортиб бораверади.
Агар «поп-тасвирий санъат», «поп-мусиқа», «поп-адабиёт»нинг баъзи намуналарига разм солсак, улар инсоният яратган барча қадриятларни инкор этаётганининг, юксак маданиятни, маънавиятни, ахлоқни, орзу-мақсадларни менсимаётганининг гувоҳи бўламиз… Улар учун муқаддас тушунчанинг ўзи йўқ. Жумладан, санъат – истеъдод эгала­ри томонидан яратиладиган маънавий бойлик, мўъжиза экани, ижоднинг олий мезонлари «оломонча маданият» тарафдорларининг ғашини келтиради. Уларнинг фикрича, ҳамма санъаткор бўлиши, ҳамма нарса санъат деб аталиши мумкин. «Поп-маданият» шу хулоса асосида­ вужудга келган.
«Оломонча маданият» вакиллари­ инсонни эмас, нарса ва буюмларни эъзозлайдилар. Маънавий дунёни эмас, маиший-истеъмолчилик ҳис-туйғуларини қадрлайдилар ва уларни оммалаштиришга интиладилар.
Уларнинг маънавий позицияси маънавиятни ўлдириш ва «нарсаларга қуллик»ни рағбатлантиришдир. Америкалик таниқли адиб Р.Бредбери айтганидек, «оломонча маданият» мактабидан ўтган авлод учун ҳаётнинг маъноси автомобиль, телевизор, компьютер ва шунга ўхшаш техник воситаларгагина эга бўлишдан иборат бўлиб қолади.
Оломонча маданиятнинг кескин оммалашувига глобал тармоқнинг ривожланиши ҳам сабаб бўлмоқда. Глобал ахборот тармоғига жойлаштирилган ахлоқсизлик, порнография, алкоголизм, гиёҳвандлик каби иллат­ларни тарғиб этувчи фото, аудио, видео ва бошқа кўринишдаги материаллар «оломонча маданият»ни тарғиб этувчи ғаразли кучларга қўл келмоқда. Ёшлар ахборотни тез ва идрок этиб-этмай ўзлаштиради, оммавий маданият вакилларининг кийиниш, юриш-туришига тақлид қилишга интилади. Миллатнинг кўҳна қадриятларига, маданият ва маънавиятига путур етказиш инсон қалби ва онгини шу тарзда эгаллашдан бошланади.
Оломонча маданият тўлқинига қарши қандай курашиш керак?! Деразани очсангиз, хонага тоза ҳаво билан бирга чанг-тўзон, турли­ зарарли ҳашаротлар кириб келганидек, оломонча маданият унсурлари ҳам глобаллашув кўланкаси остида, ахборот воситалари орқали кириб келаяпти.
Ахборот оқимига, хусусан, интер­нетга қарши бўлиш — шиддат билан келаётган селга кўксимни тутаман, тўсиб қоламан дейиш билан баробар. Бу офатга миллатнинг асрлар давомида шаклланган маънавий қадриятларини, халқимизнинг улуғ фазилатларини қалқон қилишимиз зарур. Бунинг учун ўзимизда миллий қадриятларга асосланган мафкуравий иммунитетни шакллантиришимиз лозим.
Қуш ҳам уясини, наслини омон сақлаш учун курашади. Хавф-хатарга қарши туришга ўзида куч топади. Инсонмиз, ватанимиз, оиламиз бор! Фарзандларимиз – ҳаётимиз давомчилари муҳофазаси учун бир қушчалик шижоат, фидойилик йўқми бизларда?!
Ўзбек миллати, аввало, мусулмон­ миллатидир. Халқимиздаги аксар эзгу хислатлар, гўзал урф-одатлар муқад­дас динимизга асосланади. Биринчи­ Президентимиз Ислом Каримовнинг таъбири билан айтган­да, дин бизнинг қон-қонимизга, онгу шууримизга шу қадар теран сингиб­ кетганки, уни ҳеч қандай куч, ҳеч қандай ташвиқот билан чиқариб бўлмайди.
Шу боис ёшлар тарбиясида «оломонча маданият» каби маънавий таҳ­дидлар хатарини бартараф қилишда­ муқаддас ислом дини кўрсатмаларига таяниш муҳим аҳамиятга эга. Ёшларимизга миллий қадриятларимиз, урф-одатларимиз, динимиз таълимотларини тўғри етказсак, уларни бугунги кун офатларидан омон сақлаган бўламиз.
Дарахтнинг танаси қанча йўғон, сербарг ва сермева бўлмасин, илдизи­ бақувват бўлмас экан, қурийди ёхуд арзимас шамол ҳам уни қўпориб таш­лайди. Миллат ҳам шундай. Дарахт­ни илдиз, миллатни эса улуғ қадриятлар тутиб туради. Ҳар қандай мафку­ра­вий бўронлар илдизлари бақувват халқни йиқита олмайди!­
Раҳматуллоҳ САЙФУДДИНОВ,
Юнусобод тумани бош имом-хатиби,
Тошкент ислом институти ўқитувчиси,
«Мирза Юсуф» жоме масжиди
имом-хатиби