2017 йил декабрь сонида
Судьялар олий кенгаши: янги орган, янги вазифа ва ваколатлар
04.05.2017

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 21 февралдаги «Ўзбекистон Республикаси суд тизими тузилмасини тубдан такомиллаштириш ва фаолияти самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонига асосан Судьялар олий кенгаши ташкил этилиб, унинг асосий вазифалари, таркибини шакллантириш тартиби, тузилмаси, штат жадвали, аъзолари ва ижро аппарати ходимларининг ягона тариф сеткаси бўйича меҳнатига ҳақ тўлаш разрядлари белгилаб берилди.
Шу йилнинг 7 апрелида матбуотда эълон қилинган «Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартишлар ва қўшимча киритиш тўғрисида»ги ва «Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши тўғрисида»ги қонунлар суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш, судлар фаолияти самарадорлиги ва нуфузини ошириш, судьялик лавозимларига номзодларни танлаш ва тайинлаш тизимини янада такомиллаштиришга хизмат қилади.
«Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши тўғрисида»ги қонуннинг мазмун-моҳиятига тўхталишдан олдин судьялик лавозимларига номзодларни танлаш ва тайинлаш тартибини янада такомиллаштириш зарурати, судьяларни танлаш ва лавозимларга тавсия этиш бўйича Олий малака комиссияси аниқ ҳуқуқий мақомга эга эмаслиги, ўз фаолиятини жамоатчилик асосида амалга ошириши ва ваколатлари чекланган ваколатларга эгалиги каби сабаблар Судьялар олий кенгашини ташкил этишни тақозо қилганини қайд этиш жоиз.
Хўш, Судьялар олий кенгаши шу пайтга қадар амалда бўлган органдан қайси жиҳатлари билан фарқ қилади? Аввалги орган Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузурида фаолият юритар, ўз номига кўра судьяларни танлаш ва лавозимларга тавсия этиш билан шуғулланар эди, холос. Унинг низоми Президент фармойиши билан тасдиқланган эди. Олий малака комиссияси фаолиятининг ҳуқуқий асослари сифатида Конституция ва қонунлар, Олий Мажлис палаталарининг қарорлари, Президентнинг фармон, қарор ва фармойишлари кўрсатилган бўлса, янги Кенгаш ва унинг аъзолари ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунлари талабларига риоя этиши ҳамда уларни бажариши шартлиги, Кенгаш ўз фаолиятини фақат қонунга бўйсунган ҳолда, давлат органлари ва бошқа ташкилотлардан, шунингдек, мансабдор шахслардан мустақил равишда амалга ошириши белгилаб қўйилди.
Янги орган конституциявий мақомга эга бўлиб, мустақил, ҳеч қайси давлат органи таркибида ёки ҳузурида эмас. Вазифа ва ваколатлари, ҳатто номи билан ҳам Олий малака комиссиясидан фарқ қилади. Комиссия деганда, одатда, мустақил орган бўлмай, кўмаклашувчи аҳамият касб этиб, у ёки бу орган, муассаса ҳузурида, таркибида фаолият юритадиган, яхлит тугалланган вазифалардан кўра муайян, тор доирадаги вазифаларнигина бажариш учун ташкил этиладиган, фаолият юритиши доимий бўлмай, даврийлик, жамоатчилик асосида йўлга қўйилган, кўпинча текширув, ўрганиш функциялари билан чекланадиган тузилмалар тушунилади.
Кенгаш эса ўзида демократизм ва коллегиаллик, бамаслаҳат иш тутиш, вакилликка асосланиши, аъзоларнинг тўла ҳуқуқлилиги ва фикрларни эркин билдириши, одатда, мустақил бўлиши ҳамда ўзи кўриб чиқаётган масалада ҳал қилувчи қарор чиқариши билан ажралиб туради. Шу маънода мазкур орган номи кенгаш деб аталиши ҳар томонлама тўғри бўлди.
Энди бевосита Судьялар олий кенгашига тўхталадиган бўлсак, юқоридаги қонунлар таҳлилидан қуйидагиларни кўриш мумкин.
Дастлабки муҳим жиҳат: Конституциянинг 111-моддасига кўра, «Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши судьялар ҳамжамиятининг органи бўлиб, у Ўзбекистон Республикасида суд ҳокимиятининг мустақиллиги конституциявий принципига риоя этилишини таъминлашга кўмаклашади. Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгашини ташкил этиш ва унинг фаолияти тартиби қонун билан белгиланади». Судьялар олий кенгашига конституциявий мақом берилгани унга юклатилган вазифалар мустақил ва самарали амалга оширилишининг муҳим конституциявий кафолати ҳисобланади.
Халқаро стандартларда бундай вазифани амалга оширувчи орган мақомининг конституциявий тартибга солиниши юксак баҳоланади. Шу боис ҳам кўпгина ривожланган демократик давлатлар конституциялари ўзида бундай органлар фаолиятини тартибга солувчи нормаларни ифодалайди. Яна бир эътиборли жиҳат шундаки, мазкур органни ташкил этиш ва унинг фаолияти аввалгидек давлат бошлиғи фармойиши билан тасдиқланган низом асосида эмас, балки қонун билан белгиланишидир.
Судьялар олий кенгаши раиси аввалгидек Сенат аъзолари орасидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармойиши билан тайинланмай, балки бошқа бир қатор мустақил конституциявий органлар раҳбарлари каби Президентнинг тақдимига биноан Сенат томонидан тайинланиши Асосий қонунимизнинг 80-моддаси 4-бандида ўзи ифодасини топди. Бундан ташқари, Судьялар олий кенгаши раиси Қонунчилик палатаси ва Сенат мажлисларида, шунингдек, уларнинг органлари мажлисларида иштирок этиши конституциявий жиҳатдан мумкин бўлган шахслар қаторига киритилди.
Маълумот ўрнида айтиш жоизки, Конституциямизнинг 81-моддасида шу вақтгача бундай шахслар қаторига фақат Ўзбекистон Республикаси Президенти, Бош вазир, Вазирлар Маҳкамасининг аъзолари, Конституциявий суд, Олий суд, Олий хўжалик суди раислари, Бош прокурор, Марказий банк бошқаруви раиси киритилган эди. Буларнинг барчаси Судьялар олий кенгаши раиси лавозими юксак обрў ва нуфузга эгалигидан далолат бериб, унинг мустақиллигини, дахлсизлигини таъминлашга хизмат қилади.
Иккинчи муҳим жиҳати, ҳарбий судларнинг, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судларининг судьяларини, туманлараро, туман, шаҳар судларининг раислари ва судьяларини Ўзбекистон Республикаси Президенти билан келишилган ҳолда Кенгашнинг ўзи лавозимга тайинлаши, қонунда назарда тутилган ҳолларда эса уларни Президент билан келишилган ҳолда лавозимидан озод қилиши унинг нуфузини кўтаришда фавқулодда муҳим аҳамият касб этади. Авваллари бу лавозимларга тайинлаш ва озод қилиш Ўзбекистон Республикаси Президентининг мутлақ ваколатларига кирар эди. Комиссиянинг ўрни фақат мазкур лавозимларга тавсия этиладиган номзодлар бўйича, шунингдек, уларнинг ваколатларини муддатидан илгари тугатиш тўғрисида Президентга тақдимномалар киритиш билан чекланар эди. Жаҳон тарихида орган ваколатини ўз ташаббуси билан бошқа органга ўтказиш тажрибаси камдан-кам учрайди.
Учинчи муҳим жиҳат Кенгашни шакллантириш тартибидир. Қонунда Кенгаш раис, раис ўринбосари, унинг аъзолари ва котибидан – жами йигирма бир нафар кишидан иборат таркибда судьялар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, фуқаролик жамияти институтлари вакиллари ва ҳуқуқ соҳасидаги юқори малакали мутахассислар орасидан шакллантирилиши белгилаб қўйилди. Кенгашнинг ўн бир нафар аъзоси Кенгаш раисининг тақдимига биноан Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан судьялар орасидан тасдиқланади. Кенгашнинг ушбу аъзоларидан бир нафари Қорақалпоғистон Республикаси судларининг судьялари орасидан тасдиқланади. Кенгашнинг раиси, котиби ва судьялар орасидан тасдиқланган ўн бир нафар аъзоси ўз фаолиятини доимий асосда, Кенгашнинг қолган саккиз нафар аъзоси, шу жумладан, Кенгаш раисининг ўринбосари ўз фаолиятини жамоатчилик асосида амалга оширади. Маълумот ўрнида айтиш жоизки, илгарилари Комиссия Сенат ва Қонунчилик палатаси, Олий суд, Олий хўжалик суди, Адлия вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Бош прокуратура вакиллари ва ҳуқуқ соҳасидаги юқори малакали мутахассислар, шунингдек, жамоатчилик вакилларидан шакллантирилиши ҳамда улар Президентнинг фармойиши билан ўн етти кишидан иборат таркибда беш йил муддатга тасдиқланиши, Комиссияда раис ва тўрт нафар аъзо (котибият ва суд инспекцияси раҳбарлари ҳамда уларнинг ўринбосарлари) ўз фаолиятларини доимий асосда, ўн икки нафар аъзо эса ўз фаолиятини жамоатчилик асосида амалга ошириши белгиланган эди.
Тўртинчи муҳим жиҳат Кенгашнинг асосий вазифаларида намоён бўлиб, унда судьялик лавозимларига танлов асосида, энг малакали ва масъулиятли мутахассислар орасидан тайинлаш, судьяларни касбий тайёрлашни, уларнинг малакасини оширишни ташкил этиш, судьяларнинг фаолияти самарадорлигини баҳолаш, оммавий ахборот воситалари билан ўзаро ҳамкорлик олиб бориш, аҳоли билан мулоқотни йўлга қўйиш, судьяларни интизомий жавобгарликка тортиш тўғрисидаги, шунингдек, уларни жиноий ва маъмурий жавобгарликка тортиш учун хулоса бериш ҳақидаги масалани кўриб чиқиш кабилар белгиланган.
Бешинчи муҳим жиҳат Кенгаш фаолиятида тадқиқот фаолиятига алоҳида ўрин берилгани билан боғлиқ. Буни Олий суд ҳузуридаги Суд қонунчилигини демократлаштириш ва либераллаштириш ҳамда суд тизими мустақиллигини таъминлаш бўйича тадқиқот маркази Судьялар олий кенгаши ҳузуридаги Одил судлов муаммоларини ўрганиш бўйича тадқиқот марказига айлантирилганида ҳам кўриш мумкин. Мазкур марказ Кенгашнинг суд-ҳуқуқ соҳасидаги қонун ҳужжатларини янада такомиллаштириш, суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш, одил судловга эришиш даражаси ва уни амалга ошириш сифатини яхшилаш бўйича таклифлар тайёрлаш вазифасини бажаришда ўз тадқиқотлари билан кўмаклашади.
Олтинчи муҳим жиҳат Кенгашнинг бир қатор ваколатларида мужассамдир. Уларнинг энг муҳимларига юқорида тўхталиб ўтдик. Яна шуни қайд этиш жоизки, қонунда Кенгашнинг судьяларни давлат мукофотлари билан тақдирлаш тўғрисида Президентга тақдимномалар киритиш, судьяларни интизомий жавобгарликка тортиш масаласини кўриб чиқиш ва материалларни судьяларнинг тегишли малака ҳайъатларига юбориш (илгари судьяларга нисбатан интизомий таъсир чораларини қўллаш ҳақида тегишли судлар раисларига тақдимномалар киритилган), судьяларни жиноий ёки маъмурий жавобгарликка тортиш масалалари юзасидан хулоса бериш, судьяларнинг малака ҳайъатлари фаолиятига умумий раҳбарликни амалга ошириш, жисмоний ва юридик шахсларнинг судьялар томонидан одоб-ахлоқ қоидалари бузилишига доир мурожаатларини кўриб чиқиш, судьялар фаолиятини ўрганиш ва баҳолаш мезонларини тасдиқлаш, судьяларни касбий тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишни ташкил этишга доир дастурни тасдиқлаш (аввал таълим олиш ва стажировкадан ўтиш дастурлари тегишли равишда Олий суд, Олий хўжалик суди ва Адлия вазирлиги томонидан тасдиқланиши белгиланган эди), Олий суд ҳузуридаги Судлар фаолиятини таъминлаш департаменти директорининг ўз фаолияти тўғрисидаги ахборотини ҳар йили эшитиш каби ваколатлари мустаҳкамланди.
Юқоридагилардан ташқари, қонунда Кенгаш аъзоларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари аниқ белгилаб қўйилди (олдинги низомда Комиссия аъзоларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари келтириб ўтилмаган эди), масалаларни кўриб чиқишда коллегиалликни, демократизмни кучайтириш мақсадида Кенгаш мажлиси ўз аъзоларининг камида учдан икки қисми иштирок этган тақдирда ваколатли ҳисобланади деб белгиланди (шу пайтга қадар Комиссияда мажлис унинг аъзоларининг кўпчилиги иштирок этган тақдирда ваколатли деб ҳисобланар эди). Кенгаш аъзосини рад этиш ва унинг ўзини ўзи рад этишига оид қоидалар киритилди, судьялар корпусини шакллантириш чоғида судьялик лавозимларига номзодлар ҳуқуқларининг тенглиги эътироф этилди, аввалгидан фарқли ўлароқ, одил судловни амалга оширишга тўсқинлик қиладиган касалликларга ёки жисмоний нуқсонларга эга бўлганлар ҳам захирага киритилиши мумкин эмаслиги қайд этилди.
Қонунда судьялик лавозимига номзод захирадан чиқарилишининг амалдаги асосларидан ташқари (фақат ўқиш ва стажировка натижалари қониқарсиз баҳоланганда, шаъни ва қадр-қимматига доғ туширувчи хатти-ҳаракатлар содир этганда каби) захирадан чиқариш тўғрисида ўзи ариза берганда, судьялик лавозимларига номзодлар тайёрланадиган махсус курсларга қабул қилиш танловидан ўтмаганда, Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини йўқотганда, унда одил судловни амалга оширишга тўсқинлик қиладиган касалликлар ёки жисмоний нуқсонлар пайдо бўлганда, белгиланган тартибда муомалага лаёқатсиз ёки муомала лаёқати чекланган деб топилганда, вафот этганда ёки суд қарори билан вафот этган деб эълон қилинганда, жиноят содир этганда, унинг судьялик лавозимига номуносиблиги ҳақида хулоса чиқарилганда каби асослар киритилди. Бундан ташқари, судьялик лавозимига номзод, агар у уч йилдан ортиқ муддат давомида судьялик лавозимига кўрсатилмаган бўлса ҳам захирадан чиқарилиши қайд этилди.
Мазкур ҳужжатнинг яна бир қатор муҳим жиҳатлари сифатида унда биринчи марта тайинланадиган судьяларни танлашнинг асосий мезонлари алоҳида, судьяларни янги ваколат муддатига ва бошқа судьялик лавозимларига танлашнинг асосий мезонлари алоҳида қайд этилгани, шунингдек, судьялик лавозимига номзоднинг тиббий текширувдан ўтказилиши қонунан белгиланаётгани, бунда одил судловни амалга оширишга тўсқинлик қиладиган касалликларнинг ва жисмоний нуқсонларнинг рўйхати Кенгаш ва Соғлиқни сақлаш вазирлигининг қўшма қарори билан тасдиқланиши кабиларни келтириб ўтиш мумкин.
Мазкур ўзгаришлар, энг аввало, фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларининг ишончли ҳимоясини, суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлашга хизмат қилади.
Миравзал Миракулов,
юридик фанлар доктори

Об-ҳаво
Обуна
«Huquq va burch» ижтимоий-ҳуқуқий журналига обуна бўлинг.
Обуна индекси – 902.
Қўшимча маълумотлар учун телефон: 233-51-07
e-mail: info@huquqburch.uz
Мурожаат қилиш тартиби
Тадқиқот, таҳлил, таклиф
ОХСда кўрилган ишлар