2017 йил апрель сонида
Одил судлов: сифат сари
04.05.2017
Мамлакатимиз суд-ҳуқуқ органларида жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқишга оид тартибни соддалаштириш, бу борада ортиқча оворагарчилик ва қоғозбозликка чек қўйиш, турли бюрократик ҳолатларнинг олдини олишга жиддий эътибор берилаяпти. ­
Умумий ­юрисдикция судлари фаолиятига замонавий ­ахборот-коммуникация ­технологияларининг кенг жорий этилаётгани ҳам шу мақсадга қаратилгани билан ­аҳамиятлидир. Ушбу жараённинг бориши ҳамда унинг натижалари ҳақида Ўзбекистон Республикаси Олий суди фуқаролик ишлари бўйича ­судлов ҳайъати раиси Холмўмин ЁДГОРОВ билан суҳбатлашдик.
— Ҳар бир соҳа каби суд-ҳуқуқ тизими ривожини ахборот-коммуникация технологиялари(АКТ)сиз тасаввур қилиб бўлмайди, — дейди­ Холмўмин Ёдгоров. — Шу боис судлар фаолиятига замонавий АКТ­ни кенг жорий этиш бугуннинг энг муҳим талабларидан бири бўлиб қолмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Прези­дентининг «Суд тизими ходимлари­ни ижтимоий муҳофаза қилишни тубдан яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони (2012 йил 2 август) ҳамда Вазирлар Маҳкамаси­нинг «Судлар фаолиятига замонавий­ ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори (2012 йил 10 декабрь)да судларда иш самара­дорлигини оширишни таъминлайди­ган ­ахборот тизимлари ва ресурсла­рини яратиш, судьялар ва суд ходимларининг АКТдан фойдаланиш­ бўйича амалий ­кўникмаларини тако­миллаштириш билан боғлиқ муҳим ­вазифалар белгилаб берилган.
2016 йил 21 октябрдаги «Суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонда ҳам судлар фаолияти самарадорлигини оширишга қаратилган илғор илмий-техник воситалар ва АКТни, шунингдек, иш ташкил этишнинг замонавий шакл ва усулларини кенг жорий этиш лозимлиги алоҳида қайд этилган.
 
— Умумий юрисдикция судлари фаолиятига замонавий АКТни жорий этиш бўйича қандай ишлар амалга оширилмоқда?
— Замонавий АКТ судлар фаолиятига босқичма-босқич жорий этилаяпти. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Олий суди БМТ Тар­аққиёт дастурининг мамлакатимиздаги ваколатхонаси билан бирга «Ўзбекистонда қонун устуворлиги йўлида ҳамкорлик» қўшма лойиҳаси­ доирасида Жанубий Корея, АҚШ, Малайзия, Эстония каби давлатлар­нинг тажрибаларини ўрганган ҳолда, «E-sud» миллий электрон судлов ахборот тизимини яратди. Айни пайтда ушбу тизим фуқаролик ишлари бўйича судлар фаолиятига кенг жорий этилмоқда.
«E-sud» дастлаб Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятидаги фуқаролик­ ишлари бўйича туманлараро судла­рда жорий қилинди. Шу йилнинг 1 апрелигача мазкур судларга 281 мингдан ортиқ ариза электрон шаклда келиб тушган бўлиб, уларнинг 182 мингдан ортиғи, яъни 65 фоизи қаноатлантирилди.
Шу кунларда Фарғона, Наманган­ ва Андижон вилоятларидаги фуқаро­лик ишлари бўйича туманлараро суд­ларда локал ҳисоблаш тармоқлари ишга туширилди. Судьялар ва суд ходимларининг компьютерлари интернет тармоғи орқали
«E-sud»га уланди, тизим фойдаланувчиларига логин ва пароллар, шунингдек, судьяларга электрон рақамли имзо берилди. Тизим фойдаланувчилари учун жойларда ўқув семинарлари ва тренинглар ўтказилди. Бундан ташқари, фойдаланувчиларнинг билим ва кўникмаларини ошириш мақсадида «E-sud»да ишлаш бўйича методик қўлланма ишлаб чиқил­ди ҳамда рус ва ўзбек тилларида видео­роликлар тайёрланди. Келгусида бош­қа вилоятлардаги судлар ҳам ушбу тизимга босқичма-босқич уланади. Айни пайтда бу борада тегиш­ли ишлар амалга оширилмоқда.
«E-sud» орқали дастлаб суд буйруқлари бериш тўғрисидаги аризаларни судга тақдим этиш, суд буйруқларини чиқариш имкония­ти яратилган бўлса, ҳозир бунга қўшимча равишда ташқи фойдаланувчилар­ судга ариза ва даъво аризаларини ҳам электрон юбориш ва суддан жавобларни электрон қабул қилишлари мумкин.
Судга мурожаат қилувчиларга қулайлик яратиш учун Ўзбекистон Республикаси Олий суди веб-сайтининг янги версияси ишлаб чиқил­ди. Ушбу веб-сайтга интернет-қабулхона, электрон кутубхона, судларнинг интерактив харитаси жойлаштирилди, шунингдек, у орқали суд ҳужжатлари намуналарини юклаб олиш, «E-sud»дан фойдаланиш тартиби билан танишиш мумкин. Шу билан бирга, веб-сайтда соҳага оид қонунлар ва қонуности ҳужжатлари, тартиб-қоидалар, Пленум қарорлари, суд фаолиятига оид йўриқно­малар, кўплаб ўқув материаллари ва адабиётлар ҳам жамланган. Фойдаланувчилар веб-сайт орқали нафақат ушбу ­материаллар ва ўқув қўлланмалари­ билан танишиш, лозим бўлса, улардан нусха олиш имкониятига ҳам эга.
Фойдаланувчилар мазкур веб-сайт ёрдамида Олий суд раҳба­риятига ариза, шикоят ва бошқа турдаги мурожаатларни ҳам юборишлари ва уларга жавоблар олишлари мумкин. Таъкидлаш керакки, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг «www.uz» миллий қидирув тизими каталогида мавжуд 200 дан ортиқ веб-сайт ичида фойдаланувчилар сони бўйича веб-сайтимиз 53-ўринни эгаллади.
Ҳозир Олий суд биносида локал­ тармоқ тизими яратилган бўлиб, бу тармоқ барча судья ва суд ходимларининг компьютерларини бирлаштирган. Судьялар ва ходимлар ўртасидаги маълумотлар ва ҳужжатлар ушбу локал ­тармоқ орқали электрон­ тарзда алмашилади. Бу эса вақт ва моддий харажатларни камайтириб, иш самарадорлигини оширмоқда. Бундан ташқари, барча­ умумий юрисдикция судларини бирлаштирувчи ягона корпоратив электрон почта ҳам яратилган. Маз­кур почта тизимида 440 дан ортиқ почта қутиси мавжуд бўлиб, бу хизмат орқали хатлар, маълумотлар,­ ҳисоботлар ва ҳужжатларни алмашиш тез ва қисқа муддатда амалга оширилмоқда.
Фуқаролар, тадбиркорлик субъект­лари, адвокатлар ва турли ташкилотлар вакилларига судга мурожаат­ қилиш тартиби, давлат божи ва суд харажатларини қаерга ва қанча миқдорда тўлаш кераклиги, судларнинг манзиллари, телефон рақамлари, банк реквизитлари, кўриб чиқилаётган фуқаролик ишлари рўйхати, иш кўриладиган зал рақа­ми, ишни кўраётган судьянинг исм-фамилияси каби турли маълумотлардан хабардор бўлиб туришлари учун суднинг электрон ахборот тизимига уланган инфокиосклар Олий суд ва айрим туманлараро судларнинг қабулхоналари ёки кутиш залларига жойлаштирилган.
 
— Бу борада келгусида яна ­қандай ишлар қилиниши мумкин? Шулар ҳақида ҳам тўхталиб ўтсангиз.­
— Айни пайтда ишларни «E-sud» орқали апелляция ва кассация инс­танцияларида кўришни электронлаштириш, шунингдек, биллинг­ тизими орқали судларга электрон тарзда давлат божи ва бошқа суд харажатларини тўлаш тартибини жорий этиш бўйича техник топшириқлар ва модуллар тайёрланган.
Техник топшириқлар Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги қошидаги Эксперт комиссиясида экспертизадан ўтказилди ва ижобий­ баҳоланиб, уни фуқаролик ишлари бўйича судларга жорий этиш тавсия қилинган.
Бундан ташқари, суд жараёнларини янада мақбуллаштириш ва соддалаштириш, судлар фаолиятига замонавий АКТни кенгроқ жорий қилиш учун илғор хорижий давлатларнинг қонунчилиги ўрганилиб, «Ўзбекистонда қонун устуворлиги йўлида ҳамкорлик» қўшма лойиҳаси доирасида амалдаги процессуал қонунчиликка ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида қонун лойи­ҳаси ишлаб чиқилди.
Ушбу лойиҳада умумий юрисдик­ция судларида ишларни видеоконфе­ренцалоқа режимида кўриш тартиби­ни жорий этиш кўзда тутил­ган. Бу тизим ишга тушгач, агар даъвогар­ бир ҳудудда, жавобгар­ эса бошқа ҳудудда яшаётган бўлса, уларнинг ҳар бири суд мажлисида иштирок этиш учун ўзи яшаётган тумандаги судга ташриф буюради ва суд муҳо­камаси видео ёрдамида ўтказилади.­ Бу эса тарафлар учун транспорт, меҳмонхона ва бошқа хара­жатларнинг тежалишига сабаб бўлади, ортиқча оворагарчиликларга чек қўяди.
Шунингдек, лойиҳада судга ёзма мурожаатларни қўл телефони ёки бошқа телефонда SMS хабари орқа­ли жўнатиш, суд муҳокамасини аудио-видеога олиш тартибини жорий­ этиш ҳам назарда тутилган бўлиб, тарафларга суд ­муҳокамасининг ушбу аудио-видео ёзуви билан танишиш, улар бўйича эътирозлар билдириш имконияти яратилади.
Таъкидлаш керакки, «E-sud» би­ринчи бўлиб синалган фуқаролик иш­лари бўйича Зангиота туманлараро судида «SRS Femida» электрон дас­тури ўрнатилган бўлиб, айни пайтда ушбу дастур асосида фуқаролик ишлари аудио-видеога олинмоқда.
Қонун лойиҳасида акс этган қоидаларга кўра, суд мажлиси бўйича баённома юритиш тартиби автоматлаштирилади. Яъни баённомани суд мажлиси котиби қоғоз шаклида­ эмас, балки махсус­ дастур ёрдамида тўлдиради.­ Мазкур тартибнинг жорий этилиши­ эса баённома ёзиш муддатини қисқартиради, унинг сифатини ­ошира­ди, баённомага маълумотларнинг тўлиқ киритилишини таъминлайди.
Қонун лойиҳасида ишларни тўлиқ электрон тарзда шакллантириш тартибини жорий этиш масаласи ҳам кўзда тутилмоқда. Ишларни электрон тарзда шакллантириш юқорида санаб ўтилган қўл меҳнатини қисқартириш билан бирга, ишларни­ сақлаш, уларни юқори инстанция судларига юбориш, иш материаллари­ билан тарафларни таништириш, улардан нусхалар олиш каби процессуал жараёнларни сезиларли тарзда соддалаштиради.
Лойиҳада ижрога оид суд ҳужжатларини, яъни ижро варақалари ва суд буйруқларини электрон тарз­да шакллантириш ва уларга судьянинг электрон рақамли имзосини қўйган ҳолда Суд ижро департаменти ёки банкка юбориш тартиби ҳам белгиланган.
Бундан ташқари, «E-sud»ни Адлия вазирлиги ҳузуридаги Суд қарорларини ижро этиш, судлар фаолиятини моддий-техника жиҳатдан ва молиявий таъминлаш депар­таментининг «E-Ijro-varaqa» ахборот­ тизими билан интеграциялаш ишлари амалга оширилмоқда. Хусусан, Ижро ҳужжатлари­ни электрон тартибда ундирувчига ва суд ижрочиларига юбориш ҳамда ижрога қаратишда фуқаролик ишла­ри бўйича судлар ва ижро ор­ганларининг ўзаро ҳамкорлиги тартибининг лойиҳаси ишлаб чиқилди.­
Яна бир муҳим масала. «Суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонда жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини ўз вақтида ҳал этиш, мурожаатларни кўриб чиқишда сансалорлик ва бефарқ муносабатда бўлиш ҳолатларига йўл қўй­ганлик учун жиноий жавобгарликка­ча бўлган жавобгарликнинг муқаррарлигини таъминлаш, шунингдек, бузилган ҳуқуқларни тиклаш бўйича барча зарур чорани кўриш — давлат сиёсатининг асосий йўналишларини амалга ошириш бўйича суд-ҳуқуқ ва назорат органларининг муҳим вазифаларидан бири сифатида белгиланди.
Умумий юрисдикция судларида жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини белгиланган муддатларда, қонуний кўриб чиқиш ва ҳал этиш, билдирилган ҳар бир важни синчковлик билан ўрганиб, асослантирилган жавоблар юбориш ёки тегишли чоралар кўриш масалалари Олий суд раҳбариятининг доимий назоратида турибди.
Шундан келиб чиқиб, мурожаат­ларни кўриш самарадорлигини янада кучайтириш мақсадида Олий судда­ «ишонч теле­фон»ларини ишга туши­риш учун алоҳида хона ажратилиб,­ лойиҳа ҳисобидан замонавий техника, зарур асбоб-ускуналар ва мебель билан таъ­минлаш режалаштирилди. «Ишонч телефони» ишга тушгач, бир пайтнинг ўзида кўп сонли қўнғироқлар­ни қабул қилиш ва уларга жавоб қайтариш имкониятига эга бўлган ушбу замонавий қурилма орқали ҳар бир фуқаро, ҳар бир тадбиркор ёки таш­килот умумий юрисдикция судлари­ фаолияти билан боғлиқ ҳар қандай­ масала бўйича ўз ариза, шикоят, эътироз ва таклифларини, сўровла­рини билдириши мумкин бўлади.­
Умуман олганда, судлар фаолия­тига замонавий АКТни жорий этиш орқали янги турдаги интерактив хизматлар кўрсатишни йўлга қўйиш, суд ишини элек­трон тартибда юритишнинг замонавий механизмларини­ яратиш борасида Олий суд томони­дан доимий иш олиб борилмоқда. Қайд этиш лозим, ушбу соҳада қўл­га киритилаётган ҳар бир ютуқ, ҳар бир янгилик суд-ҳуқуқ тизимини янада демократлаштириш, одил судловнинг сифат ва самарадорлигини ошириш, суд органлари фаолия­тининг очиқ ва шаффофлигини таъминлаш, энг асосийси, фуқароларнинг суд органларига бўлган ишончини мустаҳкамлаш ва уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатлари ­ҳимоясини янада кучайтиришга хизмат қилади.
Олимжон ЎСАРОВ
суҳбатлашди