Адлия вазирлигидаги янгиликлар
“Ягона дарча” марказлари: такомил сари яна бир қадам
01.05.2017
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 1 февралдаги “Тадбиркорлик субъектларига давлат хизматларини кўрсатиш механизмларини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори тадбиркорлик субъектларига давлат хизматлари кўрсатишнинг сифати ва ошкоралигини, улардан фойдаланиш имкониятларини янада ошириш, тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш ҳамда жойларда халқ билан бевосита мулоқотнинг самарадорлигини таъминлашга қаратилган. Ушбу қарорга асосан “ягона дарча” марказлари туман (шаҳар) ҳокимликлари тузилмасидан Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги тасарруфига ўтказилди.
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги “ягона дарча” марказлари фаолиятига умумий раҳбарликни ҳамда тадбиркорлик субъектларига давлат хизматларини кўрсатишга оид қонунчиликка риоя этилиши устидан назоратни амалга оширувчи ваколатли орган этиб белгиланди. Мазкур вазифаларни бажариш учун Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида Давлат хизматларини кўрсатишни мувофиқлаштириш ва ривожлантириш бошқармаси, жойларда эса унинг ҳудудий бўлимлари ташкил этилди.
Шунингдек, банклар ва кредит бюролари, уларнинг филиаллари ва ваколатхоналаридан ташқари барча тадбиркорлик субъектини давлат рўйхатидан ўтказиш “ягона дарча” марказлари зиммасига юклатилди.
Бундан ташқари, қарорда талаб энг юқори бўлган қўшимча 86 турдаги лицензия ва рухсатномаларни “ягона дарча” марказлари орқали расмийлаштириш механизмини босқичма-босқич жорий этиш назарда тутилмоқда. “Ягона дарча” марказлари барча зарур келишиш тартиб-таомилларини тадбиркорлик субъекти иштирокисиз мустақил амалга оширади.
Юқоридагиларга асосан Самарқанд вилоятидаги марказларнинг моддий-техник жиҳозлари инвентаризациядан ўтказилиб, улар ҳокимликларнинг тегишли қарорлари асосида вилоят адлия бошқармаси балансига ўтказилди.
Бу амалиётдан кўзланган мақсад тадбиркорлик субъектларига давлат хизматлари кўрсатишнинг сифати ва ошкоралигини, улардан фойдаланиш имкониятларини янада ошириш, тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтиришдан иборат. Адлия органлари тадбиркорларни рўйхатдан ўтказишдан бошлаб, уларга лицензия ва рухсатномалар бериш, давлат хизматлари кўрсатилиши жараёнларини, қонунчиликка риоя этилиши устидан назоратни амалга ошириш  ваколатига эга бўлдилар. Бу марказлар фаолиятини бошқариш ва давлат органлари билан ўзаро самарали ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Бундан ташқари, Президентимизнинг ушбу қарори билан Тадбиркорлик субъектларига давлат хизматларини кўрсатиш соҳасидаги фаолиятни мувофиқлаштириш бўйича республика ва ҳудудий комиссиялар ташкил этилган бўлиб, уларнинг асосий вазифаларидан бири сифатида соҳадаги муаммоларни аниқлаш ва уни тезкорлик билан ҳал этиш белгиланган.
Мақсуд ҚУРБОНОВ,
Самарқанд вилояти адлия
бошқармаси бўлим бошлиғи