Адлия вазирлигидаги янгиликлар
Рухсат беришга оид тартибларнинг соддалашиши тадбиркорлик ривожига хизмат қилади
28.04.2017
Давлатимиз томонидан тадбиркорлик ва кичик бизнес субъектлари фаолиятидаги бюрократик тўсиқларни бартараф этиш, замонавий талабларга жавоб бермайдиган рухсат бериш ва лицензиялаш тартиб-таомилларини, статистик, молия ва солиқ ҳисоботларини тубдан қисқартириш, уларни тақдим қилиш механизмларини такомиллаштириш эвазига қулай ишбилармонлик муҳитини яратиш, улар фаолиятига кенг эркинлик бериш чора-тадбирлари изчил амалга ошириб келинмоқда.
Қонунчилик билан барча даражадаги давлат бошқаруви идоралари билан ўзаро муносабатларда тадбиркорлар ҳуқуқларининг устуворлиги принципи жорий қилинди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2015 йил 28 сентябрдаги “Тадбиркорлик субъектларига “ягона дарча” тамойили бўйича давлат хизматлари кўрсатиш тартибини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан 2016 йилнинг 1 январидан барча туман ва шаҳарларда тадбиркорлик субъектларига “ягона дарча” тамойили бўйича давлат хизматларини кўрсатувчи марказлар фаолияти йўлга қўйилди. Ушбу марказлар замонавий компьютер ва бошқа ташкилий техникалар билан таъминланди.
Шунингдек, қарор билан 2016 йилнинг 1 январидан бошлаб фақат “ягона дарча” марказлари орқали кўрсатиладиган 16 турдаги давлат хизматлари рўйхати тасдиқланди.
Жумладан, унга кўра:
1. Тадбиркорлик субъектларини муҳандислик-коммуникация тизимига тайёр ҳолда улаш;
2. Бино ва иншоотнинг ташқи кўринишини ўзгартиришни (фасадини таъмирлашни) келишиш;
3. Объектни қайта ихтисослаштириш ва реконструкция қилишга рухсат бериш;
4. Қурилиш-монтаж ишларига рухсат бериш;
5. Юридик шахсларнинг ер участкаларига бўлган ҳуқуқларини давлат рўйхатидан ўтказиш;
6. Юридик шахсларнинг бинолар ва иншоотларга (шу жумладан, ер ости иншоотларига) бўлган ҳуқуқларини давлат рўйхатидан ўтказиш;
7. Юридик шахсларнинг ипотека ҳамда бинолар ва иншоотлар ва ер участкаларига бўлган ашёвий ҳуқуқлар ипотекаси тўғрисидаги шартномаларини давлат рўйхатидан ўтказиш;
8. Алкоголли маҳсулотлар билан чакана савдо қилиш ҳуқуқини берадиган рухсат гувоҳномаси;
9. Умумий овқатланиш корхоналари томонидан алкоголли маҳсулотларни сотиш ҳуқуқи учун рухсат гувоҳномаси;
10. Кўчма савдони амалга оширишга рухсат бериш;
11. Ташқи рекламаларни жойлаштиришга рухсат бериш;
12. Турар жойларни нотурар жой тоифасига ўтказишга рухсат бериш;
13. Ер ости бойликлари участкасидан фойдаланишда бузилган ерлар қайта тикланганини тасдиқлаш хулосаси;
14. Ўрмон фондига кирмайдиган дарахт ва буталарни кесишга рухсат бериш;
15. Махсус сувдан фойдаланиш ёки сув истеъмолига рухсат бериш;
16. Ўсимлик дунёси объектларидан махсус фойдаланишга рухсат бериш давлат хизматлари ҳисобланади.
Бундан ташқари, Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 14 декабрдаги “Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Тадбиркорлик субъектларига “ягона дарча” тамойили бўйича давлат хизматлари кўрсатиш тартибини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2015 йил 28 сентябрдаги ПҚ-2412-сон қарорини амалга ошириш чора-тадбирлари ҳақида”ги 358-сон карори кабул килинди.
Мазкур қарорга асосан “ягона дарча” маркази ўзига юкланган вазифаларга мувофиқ қуйидаги функцияларни бажаради:
– давлат хизматлари кўрсатиш рўйхатида назарда тутилган, тадбиркорлик субъектларига “ягона дарча” тамойили бўйича давлат хизматлари фақат “ягона дарча” марказлари томонидан кўрсатиладиган Давлат хизматлари рўйхатида (кейинги ўринларда рўйхат деб аталади) назарда тутилган давлат хизматлари кўрсатиш тўғрисидаги аризаларни (кейинги ўринларда ариза деб аталади) қабул қилади ва рўйхатдан ўтказади;
– ариза берувчиларнинг ваколатли органлар билан контактсиз ўзаро ҳамкорлик қилишини таъминлайди;
– аризаларнинг ваколатли органларга улар бўйича қарор қабул қилиш ва уларни тегишли равишда расмийлаштириш учун ўз вақтида берилишини таъминлайди;
– аризачиларга аризаларни кўриб чиқиш якунлари бўйича ҳужжатлар беради;
– аризачилар “ягона дарча” марказига мурожаат қилишганда, уларга ахборот ёрдами кўрсатади;
– жамоатчиликнинг кўрсатилаётган давлат хизматлари тўғрисидаги фикрини ўрганади;
– қонун ҳужжатларига мувофиқ бошка функцияларни амалга оширади.
Қорақалпоғистон Республикасидаги “ягона дарча” марказларига 2016 йил давомида 16 турдаги давлат хизматларини кўрсатиш юзасидан 6139 та, 2017 йилнинг биринчи чорагида эса 1831 та мурожаат келиб тушган.
Ҳар қандай тизим каби, рухсат бериш хусусиятига эга бўлган тизим белгили бир алоҳида элементлардан иборат бўлиб, улар ўзаро боғлиқ бўлган бир бутунликни ташкил қилади. Агар ушбу элементлар тизимнинг бошқа элементлари билан боғлиқ бўлмаса, тизимдан ташқари ҳар бир элемент ўзига юкланган вазифаларни тўлиқ амалга ошира олмайди.
Европа иттифоқи давлатларида рухсат бериш ва лицензиялаш соҳасини тартибга солувчи махсус қонунчилик мавжуд эмас, лицензиялаш ва рухсат бериш соҳасидаги тартиботлар ҳар хил давлатларда ҳар хил қонунлар билан тартибга солинган, шунингдек, рухсат бериш ва лицензияланиши керак бўлган соҳалар ҳамда фаолият турларини белгилаш ҳам бир-биридан фарқ қилади. Бугун Европа иттифоқи таркибига кирувчи давлатларда тартибга солинадиган фаолият турларини қисқартиришга йўналтирилган Директива қабул қилинган.
Ривожланган давлатларда қоида тариқасида икки турдаги соддалаштирилган ва стандартли намунадаги рухсат бериш хусусиятига эга бўлган ҳужжатларни бериш қоидалари жорий қилинган ва ушбу соҳани ислоҳот қилишнинг асосий йўналишлари қуйидагилардан иборат:
– рухсат берувчи ҳужжатлар сонини камайтириш, уларнинг рўйхатини қонунлар билан белгилаш;
– рухсат берувчи ҳужжатларни расмийлаштириш тартиботларини ишлаб чиқишда аниқ талабларни белгилаб бериш;
– квалификациялаш талабларини аниқ белгилаш;
– квалификациялаш талабларига жавоб бериши ёки жавоб бермаслигини баҳолашни мустақил экспертлар томонидан амалга оширилиши;
– рухсат берувчи ҳужжатлар турларини ва уларнинг амал қилиш муддатларини аниқ белгилаш;
– ахборот технологияларини қўллаш орқали рухсат берувчи ҳужжатлар олишни соддалаштириш;
– рухсат берувчи ҳужжатларни электрон тарзда бериш, шунингдек, реал вақт давомида кўриш имкониятини берадиган, берилган ҳужжатларнинг электрон рўйхатини юритиш;
– рухсат берувчи ҳужжатларнинг амал қилинишини фақат суд тартибида тўхтатиш ва бекор қилиш ҳисобланади.
Рухсат берувчи ва лицензиялаш ҳужжатларини расмийлаштириш соҳасининг тубдан ислоҳ қилиниши Жанубий Корея иқтисодиётининг жаҳондаги биринчи ўнталик қаторига киришига асос бўлган бўлса, Ҳиндистонда ички ялпи маҳсулотнинг 3,5 фоиздан 6-7 фоизгача ўсишига имкон берган.
Олдинги жаҳон амалиётида тадбиркорлик фаолияти соҳасида рухсат берувчи ҳужжатларни расмийлаштириш қуйидагиларни ўз ичига олади:
– тадбиркорлик фаолияти соҳасини тартибга соладиган норматив- ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқишда талабларни унификациялаш, шунингдек, уларнинг барқарорлигини таъминлаш;
– тегишли идоралар томонидан рухсат берувчи ҳужжатлар ва лицензияларнинг электрон реестрини юритиш;
– маҳсулотларнинг хавфсизлигини таъминлаш бўйича давлатнинг қатъий назоратини мослашувчан стандартлар билан алмаштириш;
– ушбу соҳани тартибга солишни босқичма-босқич бизнес уюшмаларига ёки тадбиркорларнинг ўзларига бериш;
– рухсат бериш соҳасини тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тадбиркорлик субъектларининг фикрларини инобатга олган ҳолда қабул қилиш;
– ушбу соҳани тартибга солишни соддалаштириш.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 5 октябрдаги “Тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатдан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонида тадбиркорлик субъектларига фақат давлат хизматлари кўрсатиш бўйича “ягона дарча” тамойили асосида кўрсатиладиган давлат хизматлари рўйхатини кенгайтириш назарда тутилган эди.
Ушбу соҳадаги изчил давлат сиёсатининг яна бир ифодаси сифатида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 1 февралдаги “Тадбиркорлик субъектларига давлат хизматларини кўрсатиш механизмларини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорини келтириш ўринли. Ушбу қарор билан 2017-2020 йилларда босқичма-боскич жорий этиладиган, фақат “ягона дарча” марказлари орқали кўрсатиладиган давлат хизматлари рўйхати тасдиқланди.
Тасдиқланган рўйхатга асосан қўшимча 86 турдаги лицензия ва рухсатномаларни “ягона дарча” марказлари орқали расмийлаштириш механизмини босқичма-босқич жорий этиш назарда тутилмоқда. Уларнинг 18 таси 2017 йили жорий этилса, қолган 68 таси 2021 йилгача амалиётга киритилади.
Е.ДОСАНОВ,
Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги
масъул ходими