Олий суддаги янгиликлар
Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси Ш.Ғозиев Сурхондарё вилоятида сайёр қабул ўтказди.
25.04.2017
Термиз шаҳридаги Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхонасида ташкил этилган сайёр қабулда мамлакатимизда фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш, қонун устуворлигини таъминлаш, суд иш юритувининг сифати ва самарадорлигини ошириш давлатимиз сиёсатининг устувор йўналиши экани таъкидланди. Президентимизнинг жорий йил 21 февралдаги “Ўзбекистон Республикаси суд тизими тузилмасини тубдан такомиллаштириш ва фаолияти самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони бу борада муҳим дастуриламал бўлмоқда.
Вилоятдаги Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхоналарига келиб тушаётган ҳар бир ариза ва шикоят белгиланган муддатда кўриб чиқилиб, қонуний ҳал қилинмоқда. Ўтган вақтда вилоятдаги Халқ қабулхонларига келиб тушган 11 минг 346 мурожаатнинг 320 таси суд амалиётига тегишли.
Сайёр қабулда Сурхондарё вилоятидаги тадбиркорлик субъектлари, кексалар, хотин-қизлар ва бошқа фуқаролар томонидан уларнинг яқин қариндошлари ёки ўзлари устидан чиқарилган суд ҳукмларидан норозилиги бўйича Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал қабулхонаси, Халқ қабулхоналари ва бевосита Олий судга қилинган мурожаатлар тингланди, қайта кўриб чиқиш учун қабул қилинди. Айрим фуқароларга тегишлилиги бўйича ҳуқуқий маслаҳатлар берилди.
Термизлик Мусурмонқул Холматов оилавий тадбиркорлик билан шуғулланади. Улар Шеробод туманидаги Хўжаикон туз конининг давлат мулки бўлган шифохонасини хусусийлаштириб олиб, хусусий даволаш масканига айлантирган. Табиий туз ёрдамида аллергия ва бронхиал астма каби касалликларни даволашни йўлга қўйган.
– 7 йил давомида бу масканда кўплаб юртдошларимиз дардига малҳам топди, – дейди М.Холматов. – Қонун доирасида хусусийлаштириб берилган мулкнинг эгалик ҳуқуқини бекор қилиш бўйича Термиз туманлараро фуқаролик суди 2014 йил қарор чиқарди. 2015 йил иш қайта кўрилиб, бизнинг фойдамизга ҳал бўлди. Шундан кейин ҳам суд жараёни давом этди. Хуллас, ўтган йили мулкни биздан олиб қўйиш бўйича Олий суднинг қарори чиқди. Хусусий мулкимизни ҳали олиб қўйишмаган бўлса-да, фаолиятимиз тўхтаб, биноларимиз қаровсиз ҳолга келиб қолган. Ушбу масалада Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал қабулхонасига мурожаат этган эдик. Мана, бугун Олий суд раиси бизни тинглаб, муаммони ўрганди. Белгиланган муддатда қайта кўриб чиқиб, қонуний ечимини топишга ваъда берди.
Сайёр қабулда Термиз шаҳри, Термиз, Музработ, Жарқўрғон, Бойсун, Ангор туманларида истиқомат қилаётган айрим фуқароларнинг уй-жой ва ер участкасига доир низолар билан боғлиқ мурожаатлари ҳам тингланди.
– Мен 14 йил Олтинсой тумани болалар поликлиникасида ҳамшира бўлиб ишлаганман, – дейди Наргиза Жўрақулова. – Ишдан асоссиз бўшатиб юборишди. Ўз ишимга қайтсам, юртдошларимиз саломатлиги йўлида хизмат қилсам, дейман. Адолат қарор топишига ишонаман.
Сайёр қабулга суд ҳукмидан норози бўлиб мурожаат қилганлар орасида турли идора ва корхоналарнинг собиқ раҳбарлари, ҳуқуқшунослар ҳам бор.
– Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида ташкил этилган Халқ қабулхоналари адолатли, ҳуқуқий-демократик давлат барпо этаётганимизнинг яна бир ёрқин ифодаси бўлди, – дейди Термиз туманидаги Тинчлик маҳалласида яшовчи Сайдулло Жанаев. – Кўплаб муаммолар шу даргоҳ орқали ўз ечимини топаётгани одамларнинг ҳаётдан рози бўлиб, эртанги кунига ишончини янада мустаҳкамламоқда. Ўзим олий маълумотли ҳуқуқшуносман. 2012 йил кеч кузда менга нисбатан маъмурий иш қўзғатилиб, уни мазмунан кўриб чиқиш жиноят ишлари бўйича Термиз шаҳар судига юборилди. Иш тўлиқ ва холисона ўрганилмади, деган фикрдаман. Сайёр қабулда такрорий назорат тартибидаги шикоятимни барча ҳужжатлар билан топширдим. Юзма-юз суҳбат чоғида Олий суд раиси масала ҳар томонлама ўрганилиб, 20 кун мобайнида қонуний кўриб чиқилишини ваъда қилди. Фуқароларнинг дардини тинглаш, қонун устуворлигини таъминлашга қаратилган бундай адолатли тизимни йўлга қўйган Президентимиздан миннатдормиз.
Вилоятдаги Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхоналарида муаммоси ижобий ечим топаётган фуқаролар ва хўжалик юритувчи субъектларнинг дил сўзларини тинглаш, самимий миннатдорлигини қабул қилиш одатий ҳолга айланган. Ўзбекистон Республикаси Олий суди раисининг сайёр қабулида “Willi Betz” Болгария – Германия компанияси вакиллари компания томонидан Термизда дуч келган муаммонинг қисқа вақтда қонуний ечимини топишга ёрдам бергани учун давлатимиз раҳбаридан миннатдор эканини билдирди.
Икки кун давом этган сайёр қабулда фуқароларнинг турли масалаларга оид 76 мурожаати тингланиб, қайта кўриб чиқиш учун қабул қилинди. Вилоят судлари раислари ва судьяларга аниқ топшириқлар берилиб, назоратга олинди. Фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини қонуний ҳимоя қилиш, жамиятда адолат устуворлигини таъминлаш соҳада амалга оширилаётган ислоҳотларнинг энг муҳим йўналиши экани таъкидланди.
Манба: uza.uz