Тадқиқот, таҳлил, таклиф
Экология соҳасида махсус ваколатли давлат органлари тизими ва уларнинг ваколатлари
17.04.2017
Экологик хавфсизлик муаммоси аллақачонлар миллий ва минтақавий доирадан чиқиб, бутун инсониятнинг умумий муаммосига айланган. Табиат ва инсон ўзаро муайян қонуниятлар асосида муносабатда бўлади. Бу қонуниятларни бузиш ўнглаб бўлмас экологик фалокатларга олиб келади.
Ислом  КАРИМОВ
 
Ўтган йилларда Ўзбекистондаги экологик муносабатлар иқтисодий шаклдан иқтисодий-экологик шаклга ўтиб бўлди. Ҳозир экологияга оид қонунлар дифференциал ва интеграл объектлар бўйича қабул қилинмоқда. Давлатнинг бошқарув органлари, айниқса, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларида экологик бўлинмалар фаолият кўрсатмоқда. Буларнинг ҳаммаси экологик муносабатлар борасида қўлга киритилган муваффақиятлардир.
Экология соҳасида давлат бошқаруви объекти – инсоннинг яшаш учун қулай атроф табиий муҳитга эга бўлиш борасидаги фаолияти ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ҳамда уларни муҳофаза қилиш ҳисобланади. 2017 йилнинг Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили деб эълон қилиниши замирида ҳам инсоннинг фаровон ҳаёт кечиришини таъминлаш масъулияти ётади. Шу муносабат билан 2017 йил 14 январда бўлиб ўтган Вазирлар Маҳкамасининг кенгайтирилган мажлисида ҳам давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев экологиянинг жиддий муаммоларини ҳал этиш, экология соҳасидаги ишлар аҳволини яхшилаш, энг аввало, жойларда чиқиндилар билан ишлаш соҳасида давлат назоратини кучайтириш бўйича тегишли топшириқлар берди (“Халқ сўзи”. 2017 йил 16 январь, 11-сон). Бу, ўз навбатида, экология соҳасидаги умумий ва махсус ваколатли давлат органлари зиммасига қўшимча масъулият ва тизимдаги ишларни янада самарали ташкил этиш мажбуриятини юклайди.
Экология соҳасида давлат бошқарувини шакллантириш орқали давлат ўзининг экологик ваколати ва экологик сиёсатини амалга оширади. Экология соҳасида давлат бошқаруви орқали давлат табиий ресурсларнинг мулкдори сифатида табиий ресурслардан фойдаланишни ташкил этиш мақсадида уларни тасарруф этиш ҳуқуқини амалга оширади. Экология соҳасида давлат бошқаруви деб ваколатли давлат органларининг атроф табиий муҳитни муҳофаза қилиш, табиий ресурслардан фойдаланиш ва экологик хавфсизликни таъминлаш бўйича ижро этиш ва фармойиш бериш фаолияти тушунилади (Экология ҳуқуқи умумий қисмидан. Ўқув-услубий қўлланма – Тошкент: ТДЮИ нашриёти, 2011. – 14-бет).
Экология соҳасида давлат бошқарувини амалга ошириш жараёни давлат бошқарувини мустаҳкамловчи ўзининг бир қатор функцияларига таянади. Жумладан: атроф табиий муҳит сифатининг нормативлари ва стандартлари; экологик мониторингнинг мавжудлиги; табиат ресурсларига нисбатан экологик кадастрнинг юритилиши; экологик экспертизанинг ўтказилиши; экологик назоратни ташкиллаштириш ва олиб бориш; экологик тўлов ва солиқларни ундириш; экология соҳасидаги қонунларни бузганлик учун аниқ жавобгарликларнинг мавжудлиги.
Давлат бошқаруви органларини экология соҳасидаги ваколатларига қараб тизимга бўлиш мумкин.
Умумий ва махсус. Қуйидагилар умумий ваколатли давлат бошқаруви органлари ҳисобланади: Олий Мажлис; Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси; Вазирлар Маҳкамаси; маҳаллий давлат ҳокимияти органлари.
Қуйидагилар махсус ваколатли давлат органлари ҳисобланади: Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси; Соғлиқни сақлаш вазирлиги; Саноатда, кончиликда ва коммунал-маиший секторда ишларнинг бехатар олиб борилишини назорат қилиш давлат инспекцияси; Ички ишлар вазирлиги; Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги; Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси.
Экология соҳасидаги махсус ваколатли давлат органларининг асосий вазифаси атроф табиий муҳитни асраб-авайлаш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ва экологик хавфсизликни таъминлаш ва бу борадаги ижтимоий муносабатларни тартибга солишдан иборатдир.
Олимларнинг фикрича, давлатнинг экологик вазифасини бажариш учун, бир томондан, табиий бойликларни қўриқлаш, тежаб-тергаб сарфлаш зарур бўлса, иккинчи томондан, кимё ва техниканинг салбий таъсири билан сув, ҳаво, тупроқ ва атмосферанинг ифлосланишига қарши кураш эҳтиёжи мавжуд.
Экологик концепциялар, ўз навбатида, табиатни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан фойдаланишнинг асосий принципларини белгилаб беради. Экологик принцип табиат ва жамият ўртасидаги ўзаро муносабатларга киришган кишилар яшаш фаолиятининг асосий қоидалари ҳам демакдир. Бу қоидалар 1972 йили БМТга аъзо бўлган мамлакатларнинг нуфузли Стокгольм конференциясида қабул қилинган Декларациянинг 26 та принципида ҳамда Ўзбекистон Республикасининг 1992 йил 9 декабрда қабул қилинган “Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги қонунида ўз аксини топган.
Ҳар бир халқаро экология субъекти мазкур 26 та принципни тан олиши ва давлат бошқаруви тизими уларга риоя этиши керак. Бу жараён, айниқса, Марказий Осиё республикалари, жумладан, Ўзбекистон учун муҳимдир. Орол денгизининг ҳалокатига Қирғизистондаги радиоактив ифлосланиш, Тожикистондаги алюминий заводининг атмосфера ҳавосини заҳарли моддалар билан ифлослантираётгани каби муаммоларнинг қўшилиши, албатта, ёш мустақил давлатлар иқтисодиётига кескин таъсир этиши ва экологик хавфсизликка путур етказиши мумкин.
Бу борада Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси халқаро муносабатларни ривожлантириш, хорижий давлатлар билан ҳамкорлик алоқаларини кенгайтириш, соҳага грант маблағларини жалб қилишга алоҳида эътибор қаратмоқда. Шу мақсадда қўмита БМТнинг Европа иқтисодий комиссияси, Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти, Оролни қутқариш халқаро фонди (шу жумладан, Давлатлараро барқарор ривожланиш комиссияси), Марказий Осиё минтақавий экологик марказига аъзо мамлакатлар билан ҳамкорлик алоқаларини кенгайтириш чораларини кўрмоқда (Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг 2016 йил якуни бўйича амалга оширилган ишлар натижалари тўғрисидаги ҳисоботи).
Экология соҳасидаги умумий ва махсус ваколатли давлат органларининг ваколатлари қуйидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда ўз аксини топган: Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси тўғрисида”ги, “Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги, “Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги, “Сув ва сувдан фойдаланиш тўғрисида”ги, “Ўрмон тўғрисида”ги, “Муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар тўғрисида”ги, “Ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида”ги, “Ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида”ги, “Атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш тўғрисида”ги, “Ер ости бойликлари тўғрисида”ги қонунларида, Ер кодекси ҳамда экология соҳасидаги давлат функциясини амалга оширувчи вазирликлар, давлат қўмиталарининг низомлари.
Бироқ қабул қилинган қонунлар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг кўплигига қарамай, мамлакатимизда атроф табиий муҳитга зарар етказаётган жараёнлар, хатти-ҳаракатлар камайгани йўқ.
Экологик назорат доирасида қонунбузилиш ҳолатларини аниқлаш ва уларнинг олдини олиш юзасидан 2016 йили кўплаб тезкор назорат тадбири (рейд) ўтказилган. Жумладан:
– далаларда экин ўриб олинганидан кейин сомон ёқиш бўйича – 240 та;
– аҳоли пунктларида хазон ва бошқа ўсимлик қолдиқларини ёқиш бўйича – 415 та;
– очиқ оловни қўллаган ҳолда битум эритиш бўйича – 2028 та;
– ўсимлик ва ҳайвонот дунёси объектларидан ноқонуний фойдаланиш бўйича – 4732 та ҳолат аниқланган (http://uznature.uz.).
Атроф табиий муҳит мониторинги доирасида 2016 йили 687 та ифлослантирувчи манбаларга эга хўжалик юритувчи субъектда мониторинг ишлари олиб борилиб, 12397 манбада, шундан атмосфера ҳавоси бўйича 5797 та, сув ресурслари бўйича 5151 та, тупроқ ифлосланиши бўйича 1449 та манбада асбоб-ускуналар ёрдамида текшириш ишлари амалга оширилди (Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг 2016 йил якуни бўйича амалга оширилган ишлар натижалари тўғрисидаги ҳисоботи).
Экология соҳасида давлат бошқарувининг махсус ваколатли органлари ичида марказий ўринни Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси эгаллайди. Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг 1996 йил 26 апрелдаги қарори билан тасдиқланган низомига мувофиқ, табиатни муҳофаза қилиш, табиий ресурслардан фойдаланиш ва уларни қайта тиклаш соҳасида давлат назоратини ҳамда тармоқлараро бошқарувни амалга оширувчи, идоралардан устун турувчи ҳамда мувофиқлаштирувчи махсус ваколатли орган¬дир. Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатига ҳисобдор ҳисобланади.
Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси вазирликлар, давлат қўмиталари, идоралар, корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар, шунингдек, айрим шахслар томонидан ер, ер ости бойликлари, сув, ўрмон, ҳайвонот ва ўсимлик дунёсидан, атмосфера ҳавосидан фойдаланиш ҳамда уларни муҳофаза қилишга доир қонунларга риоя этилиши устидан давлат назоратини амалга оширади.
Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Ўрмон хўжалиги бош бошқармаси Вазирлар Маҳкамасининг 2001 йил 30 мартдаги 160-сон қарори билан тасдиқланган “Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Ўрмон хўжалиги бош бошқармаси тўғрисида”ги низом асосида фаолият юритади.
Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги фаолияти Вазирлар Маҳкамасининг 1999 йил 14 январдаги 18-сон қарори билан тасдиқланган “Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги тўғрисида”ги низом билан тартибга солинади. Ушбу низомга биноан аҳоли саломатлигини сақлаш ва яхшилашни, соғлом авлодни тарбиялаш учун шарт-шароитларни шакллантиришни, профилактик соғлиқни сақлашни ривожлантиришни, соғлом турмуш тарзини кенг оммалаштиришни таъминловчи давлат сиёсатини амалга ошириш; аҳолини санитария-эпидемиология жиҳатидан саломатлигини ҳамда манфаатдор органлар билан биргаликда республика ҳудудини карантин ва ўта хавфли инфекциялардан муҳофаза қилишни таъминлаш каби вазифаларни амалга оширади.
Шунингдек, 1996 йил 27 декабрдаги “Атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш тўғрисида”ги қонунга (6-модда) мувофиқ, инсон учун атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш соҳасидаги стандартлар (санитария нормалари) Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тасдиқланиши кўрсатилган.
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги “Атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш тўғрисида”ги қонунга биноан атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш устидан назорат қилиш бўйича махсус ваколат берилган давлат органларидан бири ҳисобланади. Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги яна экологик ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, ҳуқуқбузарларга нисбатан маъмурий жавобгарлик чораларини қўллаш, табиий ҳудудлар ва объектларда ёнғин хавфсизлигини таъминлаш, уларни қўриқлаш каби функцияларни ҳам бажаради.
Ҳозирги пайтда экология соҳасида махсус ваколатли давлат органлари фаолиятини такомиллаштириш борасида хорижий мамлакатлар тажрибасидан кенгроқ фойдаланиш зарур. Шуни таъкидлаш лозимки, жаҳон тажрибасида экологияга оид давлатнинг махсус вазифаларини шу давлатда шакллантирилган экологик давлат органлари билан биргаликда, жамоатчилик асосида шакллантирилган органлар томонидан ҳам амалга ошириб келинмоқда. Хорижий давлатларда экологияга оид вазифалар билан шуғулланувчи органларнинг шакллантирилишида, аввало, шу давлатнинг иқтисодиёти ва давлатнинг ижтимоий ҳаёти экологик ресурсларга қанчалик боғлиқлигидан келиб чиқиб белгиланади. Мисол учун, давлат ҳудудининг асосий қисмини ўрмонлар ташкил этувчи Канада ва Бразилияда алоҳида Ўрмон вазирликлари ташкил этилган ва ушбу вазирликлар бевосита ўрмон билан боғлиқ бўлган ижтимоий муносабатларни тартибга солади. Ёки баъзи давлатларда давлатнинг экологияга оид вазифалари шу соҳага яқин келувчи вазирликлар зиммасига юкланган. Мисол учун, АҚШда сув ва атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш вазифаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги зиммасига юкланган, Японияда табиатни муҳофаза қилиш функцияси Ички савдо, ишлаб чиқариш ва қурилиш вазирлиги функциялари қаторига киради (Экологическое право. Курс лекций. Н.А.Гейт. Москва 2008. – Стр.93, 320).
Хорижий давлатларда экологик муносабат аллақачон иқтисодий муносабатларнинг ажралмас қисмига айланиб бўлган. Уларда ишлаб чиқариш характери билан боғлиқ бўлган ҳар қандай хусусий мулкчилик ташаббуси ҳам жиддий экологик экспертизадан ўтади.
Бундан ташқари, АҚШ, Англия, Германияда шундай жазо чоралари мавжудки, агар маълум корхона (завод) атроф-муҳитни назорат қиладиган вазирлик ёки идоранинг кўрсатмасига бўйсунмаса, бу корхона батамом тугатилади.
Бугунги кунда республикамизда маҳаллий давлат ҳокимияти назоратида бўлган чиқиндилар масаласини алоҳида ташкилот зиммасига олиши керак. Шунингдек, чиқиндиларни тоифаларга бўлиб, қабул қилиш меҳанизмини янада такомиллаштириш, хусусан, қайта ишлаб чиқарилувчи ва биогаз ҳосил қилувчи механизмларга қўшимча сармоя жалб этиш лозим. Аҳолининг экологик маданиятини юксалтириш борасидаги тарғибот ва ташвиқот ишларини бундан-да самарали ташкил этиш керак.
Абдулазиз ИНОМИДДИНОВ,
ТДЮУ магистранти