Қонун ҳужжатларини тарқатишнинг такомиллашуви ноқонуний қарорлар қабул қилинишининг олдини олади
20.03.2017

Конституциямизнинг 84-моддасига биноан қонун Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилиниб, Сенат томонидан маъқулланиб, Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан имзолангач ва қонунда белгиланган тартибда расмий нашрларда эълон қилингач, юридик кучга эга бўлади. Қонунларнинг ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг матбуотда эълон қилиниши улар қўлланилишининг мажбурий шартидир.

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, истиқлол йилларида мамлакатимизда қонунлар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тарқатиш, нашр этишни ташкил қилиш, уларни “Ўзбекистон Республикаси Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси” — Lex.Uz сайтида жойлаштириш бўйича самарали ишлар амалга оширилди. 2016 йил 23 сентябрдаги “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонуннинг 12-моддасига мувофиқ, “Ўзбекистон Республикаси Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси” — Lex.Uzнинг расмий манбалар қаторига киритилгани шулар жумласидандир.

Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили дея номланган жорий йилда эса бу борада яна бир муҳим қадам ташланди. Аниқроғи, қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни, уларга киритилган ўзгартиш ва қўшимчаларни ижрочиларга ўз вақтида етказишни таъминлаш, уларнинг мазмун-моҳиятини тушунтириш, шунингдек, вазирликлар, давлат қўмиталари, идоралар, хўжалик бошқаруви ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан тегишли қонун ҳужжатлари матнидан монеликсиз фойдаланиш имконини яратиш ҳамда ўз таркибий ва ҳудудий бўлинмаларида қонун ҳужжатлари нормаларининг бир хилда қўлланилиши устидан доимий назоратни амалга оширишни таъминлаш мақсадида 2017 йил 8 февралда Президентимизнинг “Қонун ҳужжатларини тарқатиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Мазкур қарорга асосан 2017 йилнинг февралидан бошлаб Олий Мажлис Қонунчилик палатасига киритилаётган қонун лойиҳалари матнларида тегишли қонунлар қабул қилингандан кейин унинг ижросини ташкил этиш, ижрочиларга етказиш ва аҳоли ўртасида моҳияти ва аҳамиятини тушунтиришни ташкил этишга масъул бўлган аниқ давлат органлари, шу жумладан, давлат бошқаруви органлари кўрсатилиши шартлиги, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар имзоланган куни ахборот-таҳлилий материаллари билан бирга (норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг концепцияси баён этилган тушунтириш хати, ўзгартириш ва қўшимчалар тушунтирилган ҳолдаги таққослаш жадвали) қоғоз ва электрон шаклда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигига юборилиши, шундан сўнг бир кунлик муддатда норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ва тегишли ахборот-таҳлилий материалларни Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланадиган рўйхат бўйича барча давлат органлари ва ташкилотларига электрон шаклда етказилиши белгиланди.

Президентимизнинг юқоридаги қарори ижросини таъминлаш юзасидан биринчи галда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги ва вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳар адлия бошқармалари зиммасига катта масъулият юкланган. Бинобарин, ҳудудларда Ҳуқуқий тарғибот ва маърифат бўйича давлат органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Идоралараро кенгашлар ташкил этилиб, ҳудудий адлия бошқармалари бошлиқлари раҳбарлигида, таркибига ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, судлар, давлат бошқаруви органлари, таълим муассасалари, нодавлат нотижорат ҳамда бошқа ташкилотларнинг вакилларини киритган ҳолда Идоралараро кенгашнинг ҳудудий комиссиялари ташкил этилди.

Ижрочилар ҳамда аҳолини қонунчилик моҳияти ва аҳамияти тўғрисида хабардор қилишнинг сифатини тубдан ошириш, ушбу фаолиятни ташкил қилишга принципиал янги ёндашувларни ишлаб чиқиш бўйича комплекс чора-тадбирларни қабул қилиш, аҳолининг турли қатламлари, шу жумладан, тадбиркорлар ва ёшларнинг ахборотга бўлган эҳтиёжларини ҳисобга олган ҳолда, ҳуқуқий тарғибот ва маърифатни амалга оширишнинг замонавий механизмларини жорий этиш, давлат органлари ва ташкилотларининг ҳуқуқий ахборотдан кенг кўламда фойдаланилишини таъминлаш, ушбу соҳада фуқаролик жамияти институтлари ва оммавий ахборот воситалари билан самарали ҳамкорлик қилиш фаолиятини мувофиқлаштириш Идоралараро кенгаш ва унинг ҳудудий комиссияларининг асосий вазифалари саналади.

Бир сўз билан айтганда, давлатимиз раҳбарининг тилга олинган қарори қабул қилинаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қисқа муддатда юртимиз аҳолиси ва ижрочилар эътиборига етказиш ҳамда ушбу ҳужжатларни тарғиб қилишга масъулларнинг белгиланиши юртдошларимизнинг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш ҳамда шу орқали қонун устуворлигини таъминлаш ва кучли фуқаролик жамиятини барпо этишга хизмат қилади.

Фарҳод НУГМАНОВ,
Фарғона вилояти адлия бошқармаси шўъба мудири