Бош прокуратурадаги янгиликлар
Суд-ҳукуқ тизими ислоҳотлари замонавий босқичда
14.03.2017
Пойтахтимизда Демократия ва инсон ҳуқуқлари институти томонидан Бош прокуратура ва Германиянинг Ф.Эберт номидаги жамғармасининг Марказий Осиё бўйича вакили ҳамкорлигида “Суд-ҳукуқ тизими ислоҳотлари замонавий босқичда. Ёндашув ва истиқболлари: Ўзбекистон ва Германия тажрибаси” мавзусида халқаро давра суҳбати ўтказилди.
Ушбу давра суҳбати Президентимиз ташаббуси билан ишлаб чиқилган 2017—2021–йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифалар ижроси доирасида ташкил этилди. Тадбир давомида суд ҳокимиятининг тўлақонли мустақиллигини ҳамда фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш, бу борада қонун устуворлигини таъминлаш, суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш, фуқароларнинг одил судловга эришиш даражасини кўтариш, жиноятчиликка қарши кураш тизимини такомиллаштириш ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, суд жараёнида тортишувчанлик принципини тўлақонли амалга ошириш, юридик ёрдам ва ҳуқуқий хизмат тизимини такомиллаштириш бўйича кейинги йилларда рўёбга чиқариладиган чора-тадбирлар ҳақида сўз борди.
Анжуманда 2017 йил 21 февралда кабул қилинган Президентимизнинг “Ўзбекистон Республикаси суд тизими тузилмасини тубдан такомиллаштириш ва фаолияти самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонини самарали татбиқ этиш бўйича соҳа мутахассисларининг маърузалари тингланди.
Давра суҳбатида ушбу фармоннинг қонун устуворлиги ва суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилишдаги аҳамияти беқиёс экани алоҳида таъкидланди. Шунингдек, одил судловни амалга ошириш самарадорлиги кучайтиришнинг долзарб масалалари, маъмурий судларни ташкил қилиш ҳамда халқаро тажрибани ўрганиш бўйича ҳам фикр-мулоҳазалар билдирилди.
Аҳрорбек ЎРИНОВ,
“Huquq va burch” мухбири