Адлия вазирлигидаги янгиликлар
Қонун ҳужжатларини тарқатиш тизимининг истиқболдаги вазифалари
11.03.2017
Аҳолининг ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтириш олдимизда турган устувор вазифалардан биридир. Чунки фуқаролик жамиятининг энг муҳим мезонларидан бири айнан одамларнинг ҳуқуқий саводхонлиги, аҳолининг давлатимиз томонидан қабул қилинаётган қонунлардан қай даражада хабардорлиги, ушбу қонунларга нисбатан уларнинг мустақил муносабатига боғлиқ. Шу маънода Бу борада фуқароларнинг ҳуқуқий маданиятини доимий равишда юксалтириб бориш барча давлат органларининг асосий вазифаларидан саналади.
Мазкур соҳадаги ишларни янада жонлантириш, амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятига жавоб берадиган даражадаги тарғибот тадбирларини ташкил этиш, жамиятнинг ижтимоий ҳуқуқий онгига тез ва сифатли таъсир қилишнинг самарали услубларидан мақсадли фойдаланиш, ўтказилаётган ҳар бир тарғибот тадбирларидан кўзланган мақсадга эришиш ғоят катта аҳамият касб этади. Юқоридагиларни инобатга олган ҳолда, жорий йилнинг 8 февраль куни Президентимизнинг “Қонун ҳужжатларини тарқатиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
Мазкур ҳужжат соҳада ўз ечимини кутаётган муаммоларни ҳал қилишга қаратилганлиги билан аҳамиятлидир. Хусусан, қонун ҳужжатларини, жумладан, расмий тарқатмаларни тарқатишнинг ягона механизми ва тартиби мавжуд эмас эди, норматив-хуқуқий ҳужжатлар шарҳларсиз, концепциясиз ва бошқа ахборот материалларисиз нашр этилар, давлат органларининг ҳуқуқий тарғибот бўйича фаолиятини самарали мувофиқлаштириш бўйича чоралар белгиланмаган эди. Ушбу қарор билан норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тарқатишнинг ягона тартибини ўрнатиш, бу соҳада принципиал янги ёндашувларни белгилаш, янги қабул қилинаётган қонунлар ижросини ташкил қилиш механизмларини мустаҳкамлаш ва уларнинг моҳияти ва аҳамиятини аҳоли ўртасида тушунтириш тартибга солинди. Шунингдек, янги қабул қилинган қонунлар, бошқа қонун хужжатларини давлат органлари ва бошқа ташкилотларга тўғридан-тўғри ижро этиш ва амалиётда қўллаш учун расмий тарқатма орқали юборишнинг ягона тартиби ва муддатлари белгиланди.
Шу билан бирга, бундан буён тегишли қонунлар қабул қилингандан кейин унинг ижросини таъминлаш, янги қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ижрочиларга тезлик билан етказиш ва аҳоли ўртасида уларнинг моҳияти ва аҳамиятини тушунтиришни ташкил этишга масъул бўлган давлат органларининг номлари Олий Мажлис Қонунчилик палатасига киритилаётган қонун лойиҳаларида қайд этилиши белгиланди. Ушбу механизм ўз навбатида, янги қабул қилинган қонунларнинг самарали ва ўз вақтида ижро этилишини таъминлашга хизмат қилади.
Яна бир янгилик, норматив-хуқуқий хужжатни ишлаб чиқиш жараёнида тайёрланган ахборот-таҳлилий материаллар билан танишиш имконияти яратилишидир. Бундан буён қабул қилинган қонун ҳужжатларининг ҳуқуқий мазмуни ва аҳамиятини тарғиб қилиш ушбу ахборот-таҳлилий материаллари асосида амалга оширилиши, бу эса ўз навбатида уларнинг мазмун-моҳиятини тўлиқ етказишга, аҳолининг ҳуқуқий маданияти ва онгини оширишга хизмат қилади.
Масалан, норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини ишлаб чиқиш асосини, унинг аҳамиятини, шунингдек, қабул қилинишидан кутилаётган натижа бўйича қисқача маълумотни ўзида акс эттирган тушунтириш хати, ўзгартиш ва қўшимчалар тушунтирилган ҳолдаги таққослаш жадвали Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида ҳам эълон қилинади. Қарор билан, шунингдек, қонун ҳужжатларини тарқатиш тартиби ва муддатлари аниқ баён этилган қонун ҳужжатларини тарқатиш, уларнинг моҳияти ва аҳамиятини ижрочилар ва аҳолига тушунтириш схемаси тасдиқланди.
Шу билан бир қаторда, Адлия вазирлигига норматив-ҳуқуқий хужжатларни барча давлат органлари ва ташкилотларига тезкор етказиш вазифаси юклатилмокда. Бундан буён барча норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар имзоланган куни ахборот-таҳлилий материаллари билан бирга қоғоз ва электрон шаклда Адлия вазирлигига юборилади, Адлия вазирлиги эса бир кунлик муддатда норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ва тегишли ахборот-таҳлилий материалларни электрон шаклда Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгилаб бериладиган рўйхат бўйича барча давлат органлари ва ташкилотларига етказилишини таъминлайди. Шу билан бирга, Адлия вазирлиги янги қабул қилинган ҳужжатларни Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасига бир кунлик муддатда жойлаштиради ва ҳар ҳафта Ўзбекистон Республикасининг Қонун ҳужжатлари тўпламида эълон қилиб боради. Шунингдек, Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасини такомиллаштириш, хусусан, энг кўп талаб қилинадиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар матнларининг инглиз тилидаги маълумотлар банкини яратиш бўйича чоралар белгиланмокда.
Тарғибот тадбирларининг янада самарадорлигини ошириш, ҳар бир тарғибот тадбирининг янги замон талабларига мос услубларидан фойдланиш мақсадга мувофиқ. Бу борада жамиятда қонунийликни мустаҳкамлашга қаратилган хуқуқий билимларнинг аҳоли ўртасида кенг тарғиб қилинишини ташкил этиш, энг муҳими, қабул қилинаётган қонунларнинг мақсади, мазмун-моҳиятидан аҳолини хабардор этиб бориш орқали жамиятда ҳуқуқий онг ва маданиятни янада юксалтириш долзарб аҳамият касб этади.
Шунга кўра, давлат органлари тизимида ҳар бир соҳа хусусиятидан келиб чиққан ҳолда, тарғибот ва хуқуқий маърифат тадбирларини олиб боришда қуйидаги масалаларга эътибор қаратилиши мақсадга мувофиқ ҳисобланади:
—           аҳоли билан ҳуқуқий тарғибот ва маърифат бўйича ишларни амалга оширишда оммавий ахборот воситалари, шу жумладан босма ва электрон оммавий ахборот воситалари, замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан самарали фойдаланиш;
— хусусий мулкни ишончли ҳимоя қилиш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш мақсадида, назорат қилувчи органларнинг ноқонуний фаолиятига чек қўйиш, мансабдор шахсларнинг масъулияти ва жавобгарлигини белгиловчи қонун ҳужжатларини кенг тарғиб қилиш;
— ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларида коллеж битирувчиларига ўз бизнесини ташкил этиш учун берилаётган имтиёзлар хусусида тушинтириш ишларини олиб бориш;
— босма ва электрон оммавий ахборот воситаларида норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг мақсади, мазмун-моҳиятини тарғиб этувчи рукн, эшиттириш ва кўрсатувлар ташкил этиш ва материаллар жойлаштириш;
— амалдаги қонунчилик нормаларини ва ҳуқуқий қадриятларни тарғиб қилувчи плакат, баннер, билборд, буклет, флаер ва бошқа тарқатма материаллар чоп этилишини ташкил этиш;
— аҳолини қонунчиликдаги янгиликлардан хабардорлигини таъминлаш учун давлат органлари биноларида “Ахборот стенд” (халқаро хужжатлар ва шартномалар, қонунчиликдаги янгиликлар, парламентда муҳокама қилинаётган қонун лойиҳалари, тадбиркорлик соҳасидаги норматив-ҳуқуқий тарғибот ва ҳуқуқий маърифат тадбирларининг тўғри ташкил этилишига, расмийлаштирилиши лозим бўлган ҳужжатлар)даги тарғибот тадбирлари атамаларининг тўғри ишлатилишига эътибор қаратиш;
— расмий веб-сайтларнинг қонунчиликда белгиланган норма ва талаблар асосида юритилишини таъминлаш ва расмий веб-сайтга жойлаштирилаётган ахборотларнинг мунтазам янгилаб борилиши, бироқ ахборотлар бир ҳафтада камида бир марта янгиланиб борилишини инобатга олиш;
— қонун ҳужжатларининг расмий даврий нашрларининг ўз вақтида келиб тушишини, қонунчиликка киритилаётган янгиликларнинг мазмун-моҳиятидан ижрочилар ва аҳолини мунтазам равишда хабардор қилиб бориш;
— ҳуқуқий тарғибот тадбирларини ташкил этишда аудиторияда кенг аҳоли қатламига сифатли ҳуқуқий ахборотни олиш имкониятини яратиб бериш, бу борада тарғибот тадбирларини олиб бораётган ташкилот (идора) томонидан берилаётган ахборотларнинг енгил, оддий, равон тилда етказилишига алоҳида эътибор қаратиш;
— ҳар бир орган, идора (ташкилот)ларда ўз соҳасидан келиб чиққан ҳолда, тарғибот ва хуқуқий маърифат соҳасидаги ишларини таҳлил қилиш, умумлаштириш, энг асосийси, айрим соҳалардаги хуқуқбузарликларнинг олдин олиш учун профилактик тадбирларнинг ўз вақтида амалга оширилиши, жамият ва давлат ҳаёти учун зарур ва долзарб ҳисобланган ҳуқуқий билимларнинг тўғри ҳамда ўз вақтида қўлланилиши мақсадга мувофиқдир.
Хулоса ўрнида шуни таъкидлаб ўтиш жоизки, ҳуқуқий тарғибот соҳасидаги фаолиятни янада кучайтириш, ҳуқуқий таргибот тадбирларида берилаётган ахборотларнинг халқчил тилда етказилишига алоҳида эътибор қаратиш, давлат органларининг ушбу соҳадаги фаолиятини мувофиқлаштириш вазирликнинг асосий мақсад ва вазифаларидан бири бўлиб қолаверади.
Исатай АЛДАБЕРГЕНОВ,
Қорақалпоғистон Республикаси
адлия вазирлиги етакчи маслаҳатчиси