Олий суддаги янгиликлар
Суд ҳокимиятининг мустақиллигини таъминлаш – суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг бош мақсадидир
10.03.2017
2016 йил 21 октябр куни давлатимиз раҳбарининг “Суд-ҳукуқ тизимини янада ислоҳ қилиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони қабул қилинган эди. Мазкур ҳужжат суд-ҳуқуқ соҳасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг мантиқий давоми бўлди.
Фармоннинг расмий шарҳида қайд этилишича, мустақиллик йилларида амалга оширилган ислоҳотлар суд-ҳуқуқ соҳасини демократлаштириш ва эркинлаштиришга, суд ҳокимиятининг фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш борасидаги роли ва аҳамиятини оширишга замин яратгани алоҳида эътироф этилиши баробарида мамлакатни ривожлантиришнинг замонавий талаблари ва стратегик устувор вазифалар мазкур соҳани янада такомиллаштиришни талаб этиши ҳам таъкидланади. Фармонда ана шу вазифалар ижросини таъминлаш учун галдаги вазифалар, амалга оширилиши лозим бўлган ўзгаришлар белгилаб берилади.
Жумладан, суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш, касбий нуфузини ошириш, юқори малакали ва самарали фаолият юритувчи суд корпусини шакллантириш мақсадида илк бор судьяларнинг ваколат муддатлари қайта кўриб чиқилди ҳамда судьялик лавозимига биринчи маротаба беш йил муддатга ва кейин ўн йил муддатга, шундан сўнг муддатсиз тайинлаш (сайлаш)ни назарда тутувчи тартиб жорий этилди.
Шу билан бирга, фармонга кўра 2017 йилнинг 1 апрелидан фуқаролик процессуал, жиноят, жиноят-процессуал ва бошқа қонун ҳужжатларига инсон ҳуқуқ ва эркинлари устуворлигини таъминлаш, суд муҳокамасини адолатли ва ўз вақтида ўтказиш, жазонинг адолатли ва инсонийлиги кафолатларини кучайтиришни инобатга олган ҳолда одил судлов самарадорлигини оширишга қаратилган бир қатор ўзгартишлар киритилиши белгиланди. Айниқса, қамоқ тарзидаги жиноий жазо турининг тугатилиши, прокурорларнинг почта-телеграф жўнатмаларини хатлаб қўйиш ва эксгумация қилиш каби тергов ҳаракатларини ўтказишга санкция бериш бўйича ваколатларининг судларга ўтказилиши, суд томонидан жиноят ишини қўшимча терговга қайтариш институтининг бекор қилиниши, фуқаролик иши бўйича суд қарорини назорат тартибида қайта кўриб чиқиш муддатининг 3 йилдан 1 йилга қисқартирилиши, судлар томонидан фуқаролик ва жиноят ишларини назорат тартибида қайта кўриш бўйича бир-бирини такрорловчи инстанцияларнинг тугатилиши, хўжалик судлари тизимида минтақавий апелляция судларининг ташкил этилиши ҳамда адлия органларининг умумий юрисдикция судлари фаолиятини моддий-техника жиҳатидан ва молиявий таъминлаш бўйича вазифа ва ваколатларининг Олий судга ўтказилиши суд-ҳуқуқ тизимидаги муҳим янгиликлардан бўлди.
Бундан ташқари, ушбу фармон билан Олий суд, Олий хўжалик суди, Бош прокуратура ва бошқа манфаатдор идораларга илғор хорижий тажрибани ўрганган ҳолда бир қатор йўналишлар (масалалар) бўйича асослантирилган таклифлар тайёрлаш топширилган бўлиб, айни пайтда бу борада бир қанча ишлар қилинди. Хусусан, Президентимизнинг 2017 йил 7 февралдаги “Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси тўғрисида” фармони билан тасдиқланган “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси”нинг 2-қисмида қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқук тизимини янада ислоҳ қилишга йўналтирилган суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини ҳамда фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини мустаҳкамлаш, маъмурий, жиноят, фуқаролик ва хўжалик қонунчилигини, жиноятчиликка қарши курашиш ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш тизими самарасини ошириш, суд жараёнида тортишув тамойилини тўлақонли жорий этиш, юридик ёрдам ва ҳуқуқий хизматлар сифатини тубдан яхшилаш назарда тутилган. Шундан 2017 йилда амалга оширилиши белгиланган давлат дастурида Олий ва Олий хўжалик судларини бирлаштириш масаласи ҳам ўрин олган.
Шу ўринда айрим мулоҳазаларни билдириб ўтсак. Суд тизимида амалга оширилиши кутилаётган суднинг олий органларини бирлаштириш билан бирга вилоят ва унга тенглаштирилган судларни бирлаштириш масаласини ҳам чуқур таҳлил қилиб чиқиш лозим, деб ҳисоблаймиз. Фикримизча, “Судлар тўгрисида”ги қонун ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритилиб, вилоят ва унга тенглаштирилган фуқаролик, жиноят ишлари бўйича судларини бирлаштириш, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида ягона судни ташкил этиш жоиз. Бунда ушбу судларнинг таркибида фуқаролик, жиноят ва маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъатларини тузиш зарур бўлади. Туманлараро, туман ва шаҳар судларининг фуқаролик, жиноят ва маъмурий ишлар бўйича судларга бўлинишини эса сақлаб қолиш мақсадга мувофиқ.
Қонунчиликга бундай ўзгартириш киритилиши суд тизимидаги қатор муаммоларни ҳал этиш имконини беради. Аввало, кворум йўқлиги сабабли апелляция ва кассация инстанцияларида кўриладиган ишларнинг бир суддан бошқа судга ўтказилиши ҳолатларини кескин камайтиради. Бунда, ҳар хил судлов ҳайъати таркибига кирувчи судьяларнинг барча тоифадаги ишларда иштирок этиши ҳисобга олинади. Иккинчидан, ҳудудлардаги судларни бирлаштириш орқали давлат бюджети харажатлари камаяди. Бир сўз билан айтганда, Президентимизнинг юқоридаги фармонида белгиланган вазифаларнинг амалга ошиши суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотларни янги босқичга кўтарибгина қолмай, юртимизда яшаётган хар бир фуқаронинг ҳуқуқ ва эркинликлари руёбга чиқишини таъминлаш, шу асосда фуқаролик жамиятини шакллантириш ва демократик ҳуқукий давлатни барпо этишга хизмат қилади.
Камол Тарихов,
Фуқаролик ишлари бўйича
Қорақалпоғистон Республикаси
Олий суди раисининг ўринбосари