Тадқиқот, таҳлил, таклиф
Ахборот хавфсизлиги: таҳлил ва талқин
02.02.2017
Ахборот технологияларининг жадал суръатлар билан ривожланиши, ижтимоий жараённинг глобаллашуви, информацион телекоммуникациялар соҳасида инқилобий ўзгаришларнинг амалга ошиши инсоният жамиятида қатор муаммоларни келтириб чиқарди. Жумладан, компьютер тизимларининг яратилиши ва ахборот тармоқларининг пайдо бўлиши ахборот тизимлари ва тармоқларининг хавфсизлиги муаммосини юзага келтирди.
 Ахборот хавфсизлигининг моҳияти – ҳимоя объектларининг оптимал ҳолати, унинг хатар манбалари ва хусусиятлари аниқлангани билан белгиланади. Шу билан бирга, хавфсизликни таъминлаш йўллари ва усуллари масаласига аниқлик киритилиши талаб этилади. Бундан кейин бу борадаги чора-тадбирларни йўлга қўйишнинг ташкилий ва таркибий жиҳатлари таҳлил қилиниши керак.
Янги ахборот-коммуникация технологияларининг тез суръатларда оммалашиши сиёсат ва иқтисодиётдан тортиб илм-фан ва маданиятгача бўлган жамият ҳаётининг барча соҳаларига улкан таъсир ўтказади. Ахборот ва у билан боғлиқ барча нарса ижтимоий ҳаётга кенг таъсир доирасига эга бўлиб, энг муҳим манбалардан бирига айланмоқда, ахборот ресурсларига эга бўлиш имкони эса ижтимоий-иқтисодий тараққиётнинг зарурий омили бўлиб бормоқда. Шундай экан, ахборот феноменини илм-фаннинг турли соҳалари ўрганаётганига ҳайрон қолмаса ҳам бўлади. Бошқалардан кечроқ бўлса ҳам, ўз соҳасига ахборотни амалий намоён қилиш билан боғлиқ бир қатор янги ҳодисаларни тавсифлайдиган ахборот ва унга боғлиқ тушунчаларни киритган ҳуқуқшунослик фани ҳам бундан мустасно эмас.
Энг оддий маиший тушунчаларда “ахборот” атамаси, одатда, бирор нарса ёки бирор ким ҳақидаги баъзи маълумотлар ва билимлар билан боғланади. Лотин тилидан таржима қилганда, “информатио” сўзи хабар бериш, изоҳлаш, баён қилиш маъноларини билдиради. Профессор С.И.Ожегов ахборотга қуйидагича таъриф беради: бу инсон ёки махсус қурилма томонидан қабул қилинадиган атроф-муҳит ва унда содир бўлаётган жараёнлар ҳақидаги маълумотлар бўлиб, маълумотлар деганда қайсидир соҳадаги билимлар, хабарлар, бирор нарса ҳақидаги тасаввур тушунилади.
Модомики ахборот – бу воқеликни ифодалашнинг натижаси экан, демак, у шунчаки билимларни эмас, балки бирор нарса – воқелик, ундаги нарса ва ҳодисалар ҳақидаги билимларни ўз ичига олиши керак. Шунинг учун ҳам, айтиб ўтиш керакки, функционал нуқтаи назардан ахборот деганда воқеликни идрок этиш субектини ўраб турган нарса ва ҳодисалар тўғрисидаги маълумотлар тушунилади.
Шундай қилиб, 2002 йил 12 декабрда қабул қилинган “Ахборот эркинлиги принциплари ва кафолатлари тўғрисида”ги қонуннинг 3-моддасига мувофиқ, ахборот деганда манбалари ва тақдим этилиш шаклидан қатъи назар, шахслар, предметлар, фактлар, воқеалар, ҳодисалар ва жараёнлар тўғрисидаги маълумотлар тушунилади.
Ахборот маълумот сифатида таърифланар экан, қонун чиқарувчи бу билан унинг кўргазмали хусусиятини кўрсатиб беради. Ахборотнинг кўргазмали хусусияти шунда намоён бўладики, ахборот ҳамиша бирор нима тўғрисидаги маълумотлардан иборат бўлади, яъни улар ҳамиша намоён бўлади.
Ахборот ҳақида сўз очганда, унинг бозор иқтисодиёти жамияти шароитларидаги роли ва аҳамиятини аниқлаб берувчи яна икки хусусиятини қайд қилиш лозим.
Биринчидан, ахборотни унинг ишлаб чиқарувчиси ва ундан фойдаланган ҳар қандай шахсдан жисмонан ажратиб олиш мумкин эмас. Ҳар қандай ахборот ўзида моҳиятан ажратиб бўлмайдиган билимларни акс эттиради. Унга эга бўлган шахс, унга эга бўлишда давом этган ҳолда, билимларни бошқа шахсларга ҳам етказиши мумкин.
Иккинчидан, ахборот уни ишлаб чиқарувчидан ажралиш хусусиятига эга (ахборотни унинг ишлаб чиқарувчисидан ажратиб олиш мумкин). Моддий омил натижасида у оммавий тарқатиш (ёйилиш) товарига, шунга мувофиқ, мустақил ҳуқуқ объектига айланади. Ахборотни айланмага (муомалага, оборотга) киритиш эса моддий омил орқали бўлади, шунинг учун ҳам ахборот ва унинг моддий сақловчиси иккига ажрайди (ўртасида иккитарафламалик ҳосил бўлади). Бунинг натижасида бир тарафдан, ахборот, аввало, ақлий фаолиятнинг натижаси сифатида номоддийлик, бошқа тарафдан, моддий ахборот сақловчида ўз аксини топгани учун моддийлик хусусиятига эга бўлади.
Қайд этиб ўтиш керакки, ахборот ўзида турли – табиий, техник, ижтимоий фанларда турли хил тарафлардан ўрганиладиган умумилмий тушунчани акс эттиради. Ҳозир ахборот жамияти, билимлар жамияти шаклланаётган бир пайтда, ахборот тушунчасининг нисбатан тез ривожланаётган илм-фан соҳаларида калит сўз бўлиб қолгани бежизга (тасодиф) эмас.
Энг аввал “ахборот” тушунчасига таъриф бериш зарурати ахборотни етказиш, сақлаш ва қайта ишлаш муаммоси билан боғлиқ ҳолда, табиий фанлар вакилларида юзага келди, бунда унинг айнан шу жараёнлар билан боғлиқ бўлган хусусиятлари асос қилиб олинди. Ахборот тушунчасини илмий жиҳатдан тавсифлаш йўлидаги биринчи қадам ХIХ асрда статик физикага энтропия тушунчасини киритиш билан боғлиқ равишда физиклар Р.Клаузиус ва Л.Болсман томонидан қўйилди. “Ахборот” тушунчасининг ўзи эса илмий майдонга ХХ аср ўрталарида Р.Хартли ва К.Шеннон томонидан ишлаб чиқилган ахборотнинг математик назарияси шарофати билан кириб келди [1].
Академик Ҳ.Раҳмонқуловнинг таъкидлашича, ахборот манбалари ва тақдим этилиш шаклидан қатъи назар, шахслар, предметлар, фактлар, воқеалар, ҳодисалар ва жараёнлар тўғрисидаги маълумотлардан иборат бўлади.
Таъкидлаш жоизки, бозор иқтисодиёти шароитларида ахборот фуқаролик ҳуқуқи объекти сифатида умумдавлат ва ижтимоий-иқтисодий муносабатлар тизимида жисмоний ва юридик шахслар орасида кенг ишлатилади. Ахборотнинг фанда фуқаролик ҳуқуқи объекти сифатидаги хусусиятлари борасида турли баҳслар мавжуд. Хусусан:
– ахборотнинг номоддийлиги (идеаллиги). Ахборот инсонга, агар у моддий ахборот сақловчида акс этган бўлсагина, (фойдаланишга) яроқли бўлади. Шунинг учун ҳимоя объектлари деганда ахборотни моддий сақловчилари тушунилади. А.В.Трофименко бу борада ўз фикрини қуйидагича ифодалайди: ахборот моддий ахборот сақловчи билан боғлиқ ҳолда ҳам, идеал шаклда (онгда) ҳам мавжуд бўлиш хусусиятига эга [2];
– ахборот истеъмол жараёнида йўқ бўлиб кетмайди ва кўп марта фойдаланилиши мумкин. Бошқача айтганда, ахборот – бу чекланмаган миқдорда фойдаланиш мумкин бўлган бузилмайдиган ресурс.
Ахборот ўзида идеаллик категориясини акс эттиради, моддий сақловчиси – жисмоний объектлар (алоҳида ҳужжатлар ва ахборот тизимларидаги ҳужжатлар массивлари), ижтимоий ва психологик жараёнлардан қатъи назар, уни сезиб бўлмайди, фойдаланиб бўлмайди ва ҳуқуқий муносабатлар объекти бўла олмайди. Ахборот доимий равишда ижтимоий муҳитда айланиб юради ва шу тарзда шахслар, жамиятлар ва давлатлар эҳтиёжларини қондиради. Бу эса ҳуқуқий назорат объекти ҳисобланган ижтимоий муносабатларнинг янги кўриниши – ахборот муносабатлари пайдо бўлди, деб хулоса қилишга асос бўлади [3].
Маълумки, фуқаролик ҳуқуқлари объекти деганда фуқароларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари пайдо бўлиши ва амалга ошишига сабаб бўладиган барча нарса тушунилади. Профессор В.А.Дозорсев ахборотга алоҳида ҳуқуқлар объекти сифатида таъриф беради ва шундай дейди: “Ахборот ўзида бир шахс бошқа шахсга хабар қилган маълумотларни акс эттиради, маълумотлар номоддий моҳиятга эга экан, улар алоҳида ҳуқуқлар туркумига кирувчи ҳуқуқларга тааллуқли бўлади. Бироқ бу одатий эмас, балки етарлича ўзига хос алоҳида ҳуқуқлар бўлиб, уларнинг асосига мутлақо ўзига хос ҳуқуқий режим қурилади” [4].
Бозор иқтисодиёти шароитида ахборот фуқаролик ҳуқуқлари объекти сифатида тан олинади ва худди қиймати баъзан энг бозори чаққон (кўп ишлатиладиган) моддий бойликларни ҳам ортда қолдирадиган моддий маҳсулот каби товар деб тан олинади. Шундан келиб чиққан ҳолда, савол туғилади, ахборот товар, демак, фуқаролик ҳуқуқлари объектига айланиши учун қандай кўринишда тақдим этилиши керак?
Ахборотнинг фуқаролик ҳуқуқининг мустақил объекти сифатида талқин этилиши унинг давлат миқёсидаги аҳамияти, тижорий қийматигагина эмас, балки ахборотни исоннинг ҳаёти ва фаолиятида керак бўлган, номоддий, эркин тарқаладиган ва осон эришиладиган манфаат сифатида ҳимоя қилиш заруратига ҳам боғлиқ. Лекин ахборотнинг Фуқаролик кодексида фуқаролик ҳуқуқи объекти сифатида тан олинишига қарамай, амалдаги қонунчилик фуқаролик муносабатларида иштирок этадиган ахборотнинг моҳиятини таърифлаб бермайди, ахборот тушунчасига фуқаролик ҳуқуқи объекти сифатида таъриф бермайди, шунингдек, ахборотнинг фуқаролик ҳуқуқи объектлари тизимидаги ўрнини очиб (изоҳлаб) бермайди.
Шундай қилиб, Фуқаролик кодекси ахборот тушунчасига таъриф бермайди ва унга нисбатан торроқ кўринишдаги объект – хизмат ва тижорат сирлари ҳимоясини назарда тутади. Шундай қилиб, Фуқаролик кодексининг 98-моддасига мувофиқ, хизмат ва тижорат сирларидан иборат ахборот, мазкур ахборот учинчи шахсларга маълум қилинмаганда, амалий ёки потенсиал тижорий қийматга эга бўлган, унга қонуний асосда эркин тарзда эга бўлиш имкони мавжуд бўлмаган, ахборот эгаси унинг махфийлигини сақлаш учун чораларни кўрган тақдирда, ҳимоя остига олинади.
Профессор Р.Н.Миргазизова ахборотнинг ҳуқуқ объекти сифатидаги қуйидаги ўзига хос жиҳатларини ажратади:
– шахслар, предметлар, фактлар, воқеалар, ҳодисалар ва жараёнлар;
– ахборот борасида ҳуқуқий муносабатлар иштирокчилари томонидан қабул қилиниши мумкин бўлган маълумотлар;
– бирор-бир объективлаштирилган шаклда белгилаб қўйилган (тикланган, ишлаб чиқарилган) маълумотлар;
– кенг доирадаги шахсларга маълум қилинмаганда, тижорий қийматга эга бўлган маълумотлар [5].
Юқорида келтирилган тавсифдан келиб чиқиб, ахборотга қуйидагича таъриф бериш мумкин: ахборот – бу атроф-муҳит ва унда бўлиб ўтаётган жараёнлар ҳақидаги ҳар қандай қабул қилиш мумкин бўлган шаклда қайд қилинган тижорий қийматга эга бўлган маълумотлар.
Фуқаролик ҳуқуқи объекти бўлган, яъни мол-мулк муомаласига киритилган, мустақил тижорий қийматга эга бўлган ахборот ҳақида гапирганда, уни икки асосий гуруҳга бўлиш мумкин: чекланган равишда фойдаланиладиган ахборот (қўриқланадиган/сақланадиган ахборот) ва эркин тарзда фойдаланиладиган ахборот (оммавий фойдаланиш имконияти мавжуд бўлган ахборот), бунда ижрочи ахборотни излаш, тизимлаштиришни амалга ошириш ва буюртмачига етказишга масъул бўладиган ахборот хизматларини кўрсатиш тўғрисидаги фуқаролик-ҳуқуқий шартномаларга киритилади. Фойдаланилиши чекланган маълумот учинчи шахсларга маълум қилинмаганда, ўз қийматига эга бўлади. Айни пайтда фойдаланиш учун очиқ бўлган маълумот уни буюртмачига керакли шаклда тақдим қилинганда тижорий қийматга эга бўлади, у ижодий меҳнат самараси ҳисобланмайди, бироқ уни қайта ишлаш учун маълум миқдорда ресурслар сарфланган. Шу тарзда фуқаролик ҳуқуқи объекти сифатида ахборотнинг таркиби, балки шакли ҳам назорат қилиниши мумкин.
Юқорида келтирилган асосларга кўра, ахборотга фуқаролик ҳуқуқи объекти сифатида қуйидагича таъриф бериш таклиф қилинади: ахборот деб, қонун билан белгиланган ёки маълум қонуний тартибдаги ҳодисалардан ташқари, у ёки бу ифода шаклида мавжуд бўлган, ахборот алмашиш субъекти манфаатларини қондира оладиган ва фуқаролик-ҳуқуқий муносабатлар объекти бўла оладиган номоддий манфаат – маълумотлар (хабарлар) тан олинади.
Динора ИЛҲОМЖОНОВА,
ТДЮУ 2-босқич магистранти
 
Фойдаланилган адабиётлар рўйхати:
1. Й.Воскресенский. “Оммавий ахборот воситаси” тушунчаси. Жамиятнинг сиёсий тизимида коммуникация ва ОАВнинг роли // Юрист. 2005. № 6.
2. В.Трофименко. Номоддий объектлар назариялари муаммолари (фуқаролик-ҳуқуқий жиҳати) Автореф. Юридик фанлар номзоди диссертацияси. Саратов, 2004.
3. Й.А.Суханов. Ҳуқуқ ва информатика / Й. А. Суханова таҳрири остида. М., 1990. 5-б.; Тихомиров Й.А. Ижтимоий ҳуқуқ. М., 1995. 198-199-бетлар.
4. В.А.Дозорсев. Интеллектуал ҳуқуқлар: Тушунча; Тизим; Кодлаштириш вазифалари: Мақолалар тўплами /В.А.Дозорсев; Хусусий тартибдаги тадқиқот маркази. М., Статут, 2003. 416-бет.
5. Р.Н.Миргазизова. Россия Федерациясида минерал хомашё қидириб топиш ва ишлаб чиқариш соҳасида мулкий муносабатларни ҳуқуқий тартибга солиш (Нефть ва газ мисолида): юридик фанлар номзоди диссертацияси: 12.00.04: Екатеринбург, 1997. 148-бет.