“Huquq va burch” жавоб беради
«Huquq va burch» жавоб беради
12.12.2016
Ижара шартномасини расмийлаштириш тартиби
— Юридик шахсларга тегишли бўлган кўчмас мулкни ижарага бериш шартномасини расмийлаштириш учун қандай ҳужжатлар талаб этилади?
Юлдуз ҚУРБОНОВА,
Юнусобод тумани
Саволга Адлия  вазирлигининг  масъул ходими Ҳасан Мардиев  жавоб беради:
— «Нотариуслар томонидан нотариал ҳаракатларни амалга ошириш тартиби тўғрисида»ги йўриқноманинг 136—137-бандларига мувофиқ юридик шахсларга тегишли бўлган кўчмас мулкни (уй, квартира, уйнинг ёки квартиранинг бир қисми ва бошқаларни) ижарага бериш шартномаларини нотариал тасдиқлашда қуйидаги ҳужжатлар талаб этилади:
— кўчмас мулк объектининг кадастр йиғмажилди. Бунда мулк ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжат, бинолар, иншоотлар ва кўп йиллик дарахтларга бўлган ҳу­қуқнинг давлат рўйхатидан ўтказилгани тўғрисидаги гувоҳнома ҳамда кўчмас мулкнинг умумий майдони ҳақидаги маълумотлар кўрсатилган тегишли ҳужжатлардан нусха олиниб, кадастр йиғмажилдининг асли қайтариб берилади;
— юридик шахснинг таъсис ҳужжатлари;
— юридик шахснинг давлат рўйхатидан ўтказилгани ҳақидаги гувоҳнома;
— вакилга берилган ишончнома;
— юридик шахс ваколатли органларининг кўчмас мулкни ижарага бериш (олиш) ҳақидаги ҳужжат (қарор, умумий мажлис баённомаси, кузатув кенгашининг қарори, буйруқ ва ҳоказо);
— топшириш ва қабул қилиш далолатномаси (агар шартномани имзолашдан аввал ижара объекти топширилган бўлса).
Тадбиркорлик субъектлари нотариал ҳаракатни амалга ошириш юзасидан мурожаат этса, 137-банднинг иккинчи ва учинчи хатбошиларида назарда тутилган ҳужжатлар нотариус томонидан тегишли юридик шахсни давлат рўйхатидан ўтказган ташкилотдан идоралараро сўров орқали олиниши белгиланган.
 
Жиянларим билан кўриша олмаяпмиз...
— Вафот этган акамнинг фарзандлари онаси билан яшайди. Мана, икки йилдирки, улар билан кўриша олмаяпмиз. Чунки бунга уларнинг онаси йўл бермайди. Акамнинг ўғилларини кўриш учун менда ва ота-онамда қандай қонуний ҳуқуқлар бор?
Вали ТОЈАЕВ,
Янгиер шаҳри
Саволга Адлия вазирлигининг масъул ходими Ойбек Қаюмов жавоб беради:
— Яқин қариндошларнинг боласи билан кўришиб туриш ҳуқуқингиз бор. Бу ҳуқуқни фақатгина алоҳида­ ҳолларда суд чеклай олади, холос. Онасининг ўзбошимчалик билан чеклаб қўйишга ҳаққи йўқ. Бу ерда боланинг ҳам, яқин қариндошларнинг ҳам ҳуқуқлари бузилмоқда.
Оила кодексининг 66-моддасида «Боланинг ота-онаси ва бошқа қариндошлари билан кўришиш ҳуқу­қи»­ белгилаб қўйилган. Унда айтиладики, «бола отаси,­ онаси, бобоси, бувиси, ака-укалари, опа-сингиллари ва бошқа қариндошлари билан кўришиш ҳуқуқига эга. Ота-онасининг никоҳдан ажралиши, никоҳнинг ҳақи­қий эмас деб топилиши ёки ота-онанинг бошқа-бош­қа яшаши боланинг ҳуқуқларига таъсир қилмайди».
Гарчи бу ерда вафот этиш ҳақида гапирилмаган бўлса-да, лекин мазкур моддадаги «бошқа-бошқа яшаш»ни айнан айтилаётган ҳолатга мос деб қабул қилиш мумкин.
Оила кодексининг 77-моддасида «Бобо, буви, ака-ука, опа-сингил ва бошқа яқин қариндошларнинг бола билан кўришиб туриш ҳуқуқи» ҳақида гапирилган. Унга кўра «бобо, буви, ака-ука, опа-сингил ва бошқа яқин қариндошлар бола билан кўришиб туриш ҳуқуқига эга».
Хўш, савол туғилади: агар жиянингиз билан кўришишга онаси тўсқинлик қилаётган бўлса, унда нима қилиш керак? Айнан Оила кодексининг 77-моддасига биноан ота-она (улардан бири) яқин қариндошларнинг бола билан кўришишига имконият бермаса, васийлик ва ҳомийлик органи ота-онани (улардан бири­ни) бундай имконият беришга мажбур қилиши мумкин.­
Агар ота-она (улардан бири) васийлик ва ҳомийлик­ органининг қарорини бажармаса, боланинг яқин қа­риндошлари ёки васийлик ва ҳомийлик органи бола билан кўришиб туришга тўсқинлик қилувчи ҳолларни­ бартараф қилиш ҳақида даъво билан судга мурожаат­ қилишга ҳақли. Суд боланинг манфаатларини ва бола­нинг фикрини ҳисобга олган ҳолда низони ҳал этади.
Суднинг ҳал қилув қарори бажарилмаган тақдирда­, айбдор онага нисбатан қонун ҳужжатларида назарда­ тутилган чоралар қўлланади. Демак, сиз, энг аввало,­ васийлик ва ҳомийлик органига мурожаат қилишингиз керак. Агар улар сизга ёрдам бера олишмаса, унда даъво билан судга мурожаат қиласиз.
 
Бахтсиз ҳодисалар деганда нималар тушунилади?
— Бахтсиз ҳодисалардан суғурталаш деганда айнан қандай ҳодисалар назарда тутилади?
Шаҳноза АЮБХОНОВА,
Узун тумани
Саволга «Ўзбек-инвест» экспорт-импорт миллий суғурта компанияси департамент бош менежери Сайфулло МИРЗОЕВ жавоб беради:
— Бахтсиз ҳодиса деганда суғурталанган шахснинг иродасига боғлиқ бўлмаган тўсатдан, қисқа вақт оралиғида одам организмига ташқи таъсир кўрсатган ва травматик жароҳатга ёки соғлиғига бошқача зарар етишига олиб келган воқеа тушунилади. Жумладан:
— куйиш, яшин уриши ёки электр токи таъсирида тан жароҳати олиш;
— кимёвий (саноат ёки маиший) моддалардан заҳарланиш ва/ёки заҳарли ва/ёки куйдирадиган моддалар, буғ ёки газдан нафас олиш ёки уларга тегиш натижасида заҳарланиш, куйиш;
— чўкиш, совуқ уриши, қуёш уриши, одам ёки ҳайвонларнинг ҳужуми, нарсаларнинг нафас йўлларига тўсатдан кириб қолиши, заҳарли ўсимликлардан заҳарланиш, шунингдек, транспорт воситалари (автомобиль, поезд, трамвай ва бошқалар) фалокатга учраганда, машиналар, механизмлар ва турли асбоб-ускуналардан фойдаланганда олинган жароҳатлар.
 
Ўтказмалар миқдорини ҳар бир банк мустақил белгилайди
— Бир пластик картадан бошқасига пул ўтказганда, унинг суммаси чекланган. Бир ойда кўпи билан 1 миллион сўмгача ўтказиш мумкин, холос. Бу миқдорни янада ошириш мумкинми?
Исроил ТИЛЛАБОЕВ,
Яйпан шаҳри
Саволга Марказий банкнинг Пул муомаласи департаменти бошқарма бошлиғи Рустамбек АБДУРАҲМОНОВ жавоб беради:
— Адлия вазирлигида 2013 йил 21 ноябрда 2528-сон билан давлат рўйхатига олинган Тижорат банкларида жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш бўйича ички назорат қоидалари тижорат банкларида мазкур йўналишни тартибга солувчи ҳужжат ҳисобланиб, унинг талаблари асосида тижорат банклари мижозларни лозим даражада текшириш бўйича мустақил равишда чора-тадбирларни кўриши қайд этилган.
Ҳар бир тижорат банки мазкур қоидалар талабидан­ келиб чиқиб, ўзининг ички қоидаларини ишлаб чиқиши лозим. Ушбу қоидаларнинг 48-бандида қайд этилган мезон ва аломатларнинг бири мавжуд бўлганда, операциялар гумонли операция деб тан олинади.
Юқоридагиларга асосан бир пластик картадан ­иккинчисига пул ўтказиш операциялари бўйича кўриладиган чораларни ҳар бир тижорат банки ўзи мустақил белгилайди.