Суд очерки
Одам савдоси – инсон эркинлигига таҳдид
12.11.2016
Одам савдосининг бутун инсониятга хавф солаётган глобал муаммо эканини бугун кўпчилик яхши билади. Унинг турлари, шакллари ва одамларни тузоққа­ туширишда ишлатиладиган усуллари ҳақида матбуотда бот-бот маълу­мот бериб келинаётганига қарамай, ушбу уюшган трансмиллий жиноят кўлами кун­дан-кунга кенгайиб, унинг домига тортилаётганлар сони кўпайиб бормоқда.
Халқаро меҳнат ташкилотининг маълу­мотларига кўра 2012 йили 20,9 млн. нафар одам мажбурий меҳнат ва шаҳвоний эксплуатация қурбони бўлган. Бу Австралия аҳолиси сонига тенг дегани.
«Walk Free Foundation» ташкилоти томонидан 2014 йили эълон қилинган «Глобал қуллик индекси» («Global Slavery Index»)да одам савдоси қурбонлари сони янада ўсгани қайд этилади. Унга кўра мазкур рақам 35,8 млн.ни ташкил этади.­
Одам савдоси оқибатида инсонлар то­варга айланадилар. Яъни улар сотиб оли­­ниши ёки сотиб юборилиши, ҳатто ҳадя қилини­ши ҳам мумкин. Мазкур уюшган трансмиллий­ жиноят мажбурий меҳнат, шаҳвоний хизматларга мажбурлаш, инсон­ аъзоларини трансплантант қилиш, чақалоқларни сотиш,­ инсонларни тиланчилик­ка мажбурлаш, мажбурий никоҳ ва репродуктив вазифалар эксплуатацияси (сунъий оналик, мажбурий бола туғиш), ёлланма аскарлик каби кўринишларда намоён бўлади.
Аскарият ҳолларда аёллар ва болалар,­ аҳолининг ижтимоий кам таъминланган қатлами вакиллари одам савдосининг қурбонига айланаяпти. Айрим давлатлар­нинг иқтисодий тараққиётида катта тафо­вут мавжудлиги, одамларни меҳнатга мажбурлаш ва арзон ишчи кучини жалб этиш орқали харажатларни камайтириш ҳамда фойдани кўпайтиришга интилиш, гендер тенгсизлик муаммоси инсоният учун шармандали бўлган ушбу жиноят­нинг авж олишига сабаб бўлмоқда.
Одам савдоси жинояти аллақачон глобал «саноат»га айланиб улгурган. Мазкур­ «бизнес» орқали олинадиган миллиардлаб­ ноқонуний даромад салмоғи ҳам йилдан-­йилга ортиб бормоқда. Халқаро меҳнат ташкилотининг маълуотларига кўра 2014 йили мажбурий меҳнат орқали қўлга ки­ри­тилган даромад 150 млрд. АҚШ доллари­ни ташкил этган. Бунинг энг кўп қисми Осиё мамлакатлари (51,8 млрд. АҚШ доллари) ҳамда Осиёга туташ иқтисодиёти­ тараққий этган давлатлар (46,9 млрд. АҚШ доллари) ҳиссасига тўғри келмоқда.­
Одам савдоси жабдийдалари инсоннинг ҳар қандай ҳуқуқ ва қадр-қимматидан маҳрум бўлиб, улардан тахминан 70 фоизи мажбурий меҳнат, 20 фоизи эса шаҳвоний қулдорлик улушига тўғри кела­ди. БМТ гиёҳвандлик моддалари ва жиноятчи­лик бўйича бошқармасининг сўнгги маълумотларига кўра одам савдоси 124 мамлакат ҳудудида учраган, унинг жабрдийдалари 152 давлат фуқаролари ҳисобланади.
Юқорида таъкидланганидек, одам сав­доси трансмиллий характердаги жиноятдир. Жабрланувчи­лар асосан ўз юртидан­ бошқа давлатлар­га транзит қилиш ва чегаралардан ўтказиш орқали пулланади.­ Мазкур жиноий фао­лият бир мамлакат ҳудудида бошланиб, бошқа мамлакат ҳудудида тугаши ёки бир неча давлат ҳудудида содир бўлиши мумкин. Шу боис одам савдоси­га қарши фақат бир давлат ёки минтақа мамлакат­лари кураш­ олиб боргани билан­ мақсадга­ эришиб бўлмайди. Бу иллатга барҳам бе­ришда кенг миқёсли ҳамкорлик­ талаб эти­лади. Шу сабабдан ҳам кейинги йиллар­да ушбу масала БМТ фаолия­тининг етакчи йўналишларидан бирига айланди.
2010 йил 30 июлда БМТнинг Бош Ассамблеяси 64/293-резолюцияси билан Одам савдосига қарши курашиш бўйича БМТнинг Глобал ҳаракат дастурининг қабул қилиниши одам савдосига қарши курашни халқаро миқёсда янги босқичга олиб чиқди. Мазкур ҳаракат дастурида ушбу жиноятнинг олдини олиш, жабрдийдаларнинг ҳимояси, жиноятчиларни таъқиб этиш ва барча йўналишларда ҳамкорликни мустаҳкамлаш бўйича чора-тадбирлар кўзда тутилган.
Бундан ташқари, 2000 йили БМТ «Одам савдосининг, айниқса, аёллар ва болалар савдосининг олдини олиш ҳамда унга чек қўйиш ва унинг учун жазолаш ҳақида»ги протокол (уни «Палермо протоколи» ҳам деб аташади)ни қабул қилди. Бугунги кунда 166 мамлакат мазкур халқаро ҳуқуқий ҳужжатда белгиланган мажбуриятларни бажариб келмоқда. Палермо протоколи дунёнинг турли давлатларида одам савдосига қарши кураш борасида ягона ёндашув ишлаб чиқилишига ёрдамлашиш, мазкур жиноий фао­лиятга қарши халқаро миқёсда биргаликда курашиш, тергов ва суд қилишга ёрдамлашишга қаратилган. Протокол, шунингдек, одам савдоси жабрдийдаларини ҳимоя қилиш ва қўллаб-қувватлашга йўналтирилган. Мазкур халқаро ҳуқуқий акт БМТнинг Одам савдосига қарши курашиш бўйича глобал ҳаракат дастурига таянади.
2013 йили Бош Ассамблея Глобал ҳа­ракат дастурининг қай тарзда амалга оши­рилаётганини баҳолаш мақсадида­ юқори даражадаги учрашувни ташкил этди. Унда аъзо мамлакатлар томонидан A/RES/68/192-резолюция қабул қилинди.­ Ушбу ҳужжатнинг 5-бандига мувофиқ одам савдоси жабрдийдалари ҳолати тўғрисидаги­ хабардорликни ошириш, уларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини­ ҳимоя қилиш ҳамда рағбатлантириш зару­рати муносабати ­билан 2014 йилдан бошлаб 30 июль «Жаҳон одам савдосига қар­ши кураш куни» деб эълон қилинди. Ушбу сана, мана уч йилдирки, БМТга аъзо мамлакатлар, ушбу ташкилот тизи­­мидаги­ муассасалар, бошқа халқаро таш­­­килотлар­ ва фуқаролик жамияти ­инс­­ти­тутлари томонидан кенг нишон­ланмоқда.
БМТ Бош котиби Пан Ги Мун Жаҳон­ одам савдосига қарши кураш куни муно­сабати билан йўллаган мурожаатида бутун жаҳон ҳамжамиятини барча учун адолат ва қадр-қимматни таъминлаш мақсадида одам савдосига қарши курашиш бўйича бор куч-ғайратни бирлаштиришга даъват этди.
Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, ўтган йиллар мобайнида республикамизда­ одам савдосининг оқибатларини чуқур англаган ҳолда унга қарши курашиш, юртдошларимизни мазкур жиноят қурбонига айланиб қолишдан асраш, ундан жабр кўрганларга ҳуқуқий, ижтимоий, тиббий ва психологик ёрдам кўрсатиш бўйича кенг кўламли ишлар амалга ошириб келинмоқда. Кези келганда, мамлакатимизда ушбу соҳада катта тажриба­ тўпланганини, бу борада ҳатто айрим ривожланган давлатлардан ҳам илгарилаб кетганимизни таъкидлаш жоиз. Шу йилнинг 26 апрелида пойтахтимизда бўлиб ўтган «Одам савдосига қарши курашиш: Ўзбекистон тажрибаси ва халқаро амалиёт» мавзусидаги халқаро конферен­цияда­ қатнашган халқаро экспертлар ҳам Ўзбекистоннинг мазкур соҳадаги тажрибасини эътироф этишди.­
Одам савдосига қарши курашиш бўйича республика идоралараро комиссияси, Бош прокуратура ва Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси миллий­ маркази томонидан Халқаро миграция ташкилотининг Марказий Осиё бўйича ҳудудий координатори билан ҳамкорликда ташкил этилган ушбу тадбирда Австрия, Албания, Жанубий Корея,­ Исроил­ ва бошқа давлатлардан ташриф буюрган­ халқаро экспертлар, юртимизда­ фаолият­ юритаётган халқаро ташкилотлар­ ва дип­ломатик корпус вакиллари, проку­ратура ҳамда ИИВ органлари, вазирлик,­ идора­, фуқаролик жамияти институтлари,­ нодав­лат нотижорат ташкилотларининг масъул­ ходимлари иштирок этишди. Маз­кур нуфузли­ анжуманда Ўзбекистонда одам савдосига­ қарши курашиш аҳволи ва бу борада кўрилаётган чоралар хусусида маълумот берилди. Халқаро экспертларнинг Австрия, Албания, Жанубий­ Корея,­ Исроил давлатларида одам савдо­сига қарши курашиш тизими, Халқаро мигра­ция ташкилотининг мазкур глобал муам­мога қарши курашишдаги ўрнига бағиш­ланган маърузалари тингланди. Шу билан бирга, хорижлик меҳмонларга Ўз­бекистон­ Республикаси томонидан амалга­ оширилаётган чоралар, халқаро ҳуқуқий ҳужжатларда белгиланган мажбуриятларнинг ижроси, соҳага оид қонунчилик базасининг яратилгани юзасидан батафсил тушунтириб берилди.
Халқаро экспертлар ўз чиқишларида­ мамлакатда одам савдосига қарши кура­­­ш­иш соҳасида амалга оширилган ишлар­ни юқори баҳолаб, келгусида давлат­ органла­ри ва инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтларнинг ҳаракатларини бирлаштириш, уларнинг фуқаролик жамияти­ институтлари билан ўзаро алоқаларини янада кучайтириш ҳамда халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш зарурлигини таъкидладилар.
Мухтасар қилиб айтганда, мамлака­тимиз­да одам савдосига қарши кура­шиш маса­ласига давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири сифатида эътибор қаратилаётгани бу борадаги ютуқларнинг бош омили бўлмоқда. Бироқ хотиржамликка берилмаслигимиз керак. Зеро, ­огоҳлик зару­ратини ҳис этган ҳолда ҳар томонлама кураш олиб борсаккина ­юртимизда бу иллатнинг пайини қирқ­қан бўламиз.­
Луқмонжон ИСОҚОВ,
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги
Давлат бошқаруви академияси 1-босқич тингловчиси,
Одам савдосига қарши курашиш бўйича республика идоралараро комиссиясининг таҳлилий ишчи гуруҳи аъзоси