“Huquq va burch” жавоб беради
«Huquq va burch» жавоб беради
12.11.2016
Рухсатнома талаб этиладиган товарлар
— Қайси турдаги товарларни Ўзбекистондан олиб чиқишда ваколатли органларнинг махсус рухсатномалари­ талаб этилади?
Шерали
ВАЛИЖОНОВ,
Балиқчи тумани
Саволга Давлат божхона қўмитаси раиси ўринбосари Муталлибжон СОДИҚОВ жавоб беради:
— Дарҳақиқат, айрим турдаги товарларни олиб чиқишда ваколатли органларнинг тегишли рухсатномалари (лицензиялари) талаб этилади. Хусусан:
— гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорлар олиб чиқилаётганда Гиёҳвандлик воситалари устидан назорат қилиш бўйича Ўзбекистон Республикаси давлат комиссиясининг тегишли рухсатномаси ва Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни­ сақлаш вазирлиги томонидан бериладиган сертификатлар (Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 12 ноябр­даги «Гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларни Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириш, ундан олиб чиқиш ва транзит тарзида ўтказиш тартибини, шунингдек уларнинг муомалада бўлиши юзасидан назоратни такомиллаштириш тўғрисида»ги қарорига асосан);
— ўсимлик ва ҳайвонот дунёси объектларини ҳам­да CITES иловаларига киритилган намуналарни олиб кириш ва олиб чиқишда божхона расмийлаштируви Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси томонидан бериладиган рухсатномалар (Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 20 октябр­даги «Биологик ресурслардан фойдаланишни тартибга солиш ва табиатдан фойдаланиш соҳасида рухсат­ бериш тартиб-таомилларидан ўтиш тартиби тўғрисида»ги қарори билан тасдиқланган «Ўсимлик дунёси объектларидан фойдаланиш ва ўсимлик дунёси объектларидан фойдаланиш соҳасида рухсат бериш тартиб-таомилларидан ўтиш тартиби тўғрисида»ги, «Ҳайвонот дунёси объектларидан фойдаланиш ва ҳайвонот дунёси объектларидан фойдаланиш соҳасида рухсат бериш тартиб-таомилларидан ўтиш тартиби тўғрисида»ги, «Ўзбекистон Республикаси ҳудуди­да йўқ бўлиб кетиш хавфи остидаги ёввойи фауна ва флора турлари билан халқаро савдо қилиш (CITES) соҳасида рухсат бериш тартиб-таомилларидан ўтиш тартиби тўғрисида»ги низомларга мувофиқ);
— озонни бузувчи моддаларни ва таркибида улар мавжуд бўлган маҳсулотларни Ўзбекистон Республикасидан олиб чиқишда Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси томонидан бериладиган рухсатномалар (Вазирлар Маҳкамасининг 2005 йил 11 ноябрдаги «Озонни бузувчи моддаларни ва таркибида улар мавжуд бўлган маҳсулотларни Ўзбекистон Республикасига олиб киришни ва Ўзбекистон Республикасидан олиб чиқишни тартибга солишни такомиллаштириш тўғрисида»ги қарорига биноан);
— маданий бойликларни олиб чиқиш учун Ўзбекис­тон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги томонидан бериладиган сертификат («Маданий бойликларнинг олиб чиқилиши ва олиб кирилиши тўғрисида»ги қонун, Вазирлар Маҳкамасининг 1999 йил 23 мартдаги «Ўзбекистон Республикасида маданий бойликларнинг олиб чиқилиши ва олиб кирилиши­ масалаларини тартибга солиш тўғрисида»ги қарори).
Шу билан бирга, чегара божхона пости орқали олиб ўтилаётган айрим товарларга нисбатан халқаро битимлар, амалдаги қонунчилик асосида бошқа чеклов ёки тақиқлар қўлланиши мумкин.
 
Дам олиш вақти 12 соатдан кам бўлмасин!
— Ташкилот раҳбари талабани дарсдан кейин ишга қабул қилиши мумкинми? Агар мумкин бўлса, талаба қайси ҳужжатга асосан ишга қабул қилинади?
Ҳилола
ҒАФФОРОВА,
Хива шаҳри
Саволга Меҳнат вазирининг биринчи ўринбосари Баҳодир НИЗОМОВ жавоб беради:
— «Олий таълим тўғрисида»ги низомга асосан талаба ўқишдан бўш вақтида ишлаши мумкин. Меҳнат кодексининг 128-моддасида эса ишнинг тугаши билан кейинги куни (сменада) иш бошланиши ўртасидаги кундалик дам олиш вақтининг муддати 12 соатдан кам бўлиши мумкин эмаслиги белгиланган. Демак, ўқишдан бўш вақтида меҳнат шартномаси шарт­ларига мувофиқ ишлаган талабанинг ўқиш ва ишлаш вақтидан ташқари дам олиш вақти 12 соатдан кам бўлмаса, унинг меҳнат қилишига чеклов йўқ.
Конституциямизнинг 37-моддасида ҳар бир шахс меҳнат қилиш, эркин касб танлаш, адолатли меҳнат шароитларида ишлаш ва қонунда кўрсатилган тартибда ишсизликдан ҳимояланиш ҳуқуқига эгалиги белгилаб қўйилган. Меҳнат кодексига асосан барча фуқаролар меҳнат ҳуқуқларига эга бўлиш ва улардан фойдаланишда тенг имкониятларга эгадир.
 
Солиқ солинмайди
— Давлат гранти асосида берилган маблағ солиққа ­тортиладими?
Абдураҳим
УБАЙДУЛЛАЕВ,
Кармана тумани
Саволга Давлат солиқ ­қўмитаси раиси ўринбосари Эркин ГАДОЕВ жавоб беради:
— Солиқ кодексининг 22-моддасида белгиланишича, қуйидагилар грант ҳисобланади:
— давлатлар, давлатларнинг ҳукуматлари, халқаро ва чет эл ҳукуматга қарашли ташкилотлар томонидан, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати белгилайдиган рўйхатга киритилган халқаро ва чет эл ноҳукумат ташкилотлари томонидан Ўзбекистон Республикасига, Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматига, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига, юридик ва жисмоний шахсларга беғараз асосда бериладиган мол-мулк;
— чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар томонидан Ўзбекистон Республикасига ҳамда Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматига беғараз асосда бериладиган мол-мулк.
Солиқ кодексининг 129-моддасига мувофиқ олинган грантлар ва инсонпарварлик ёрдами тарзидаги маблағларга солиқ тўловчининг даромади сифатида қаралмайди, яъни уларга солиқ солинмайди.
 
васиятни ўзгартириш ёки бекор қилиш мумкин
— Ўзимга тегишли уй-жойни катта неварамга мерос қилиб, васиятнома ёзган эдим. Лекин васиятномани нотариал тартибда расмийлаштирганимиздан сўнг неварам менга аввалгидай ғамхўрлик кўрсатмай қўйди. Шу сабабли васиятномамни ўзгартирмоқчиман. Бунга ҳақлиманми?
Элбек ҲАЙИТОВ,
Янгийўл тумани
Саволга Янгийўл тумани 6-давлат нотариал идораси нотариуси Қумри ТАШТАНОВА жавоб беради:
— Албатта ҳақлисиз. «Нотариат тўғрисида»ги қонунга мувофиқ фуқаролар истаган пайтида ўз васиятномаларини бекор қилиш ёки унга ўзгартириш киритиш ҳамда тўлдириш ҳуқуқига эга. Бундай ҳолатда нотариуслар, васиятномани бекор қилиш тўғрисида ариза олинган тақдирда, шунингдек, васиятномани бекор қилувчи ёки ўзгартирувчи янги васиятнома олинган тақдирда, васиятноманинг нотариусда сақланаётган нусхасига ва нотариал ҳаракатларни рўйхатга олиш реестрига бу хусусда белги қўяди. Васиятномани бекор қилиш ҳақидаги аризага қўйилган имзо нотариал шаҳодатланиши лозим.
«Нотариуслар томонидан нотариал ҳаракатларни амалга ошириш тартиби тўғрисида»ги йўриқноманинг 177-бандида қайд этилишича, нотариус томонидан васият қилувчининг васиятномани ўзгартириш ёки бекор қилиш ҳақидаги аризаси нотариал шаҳодатлантирилиши керак.
Нотариус васиятномани ўзгартириш ёки бекор қи­лиш тўғрисида ариза олган тақдирда, васиятноманинг нотариусда сақланаётган нусхасига, реестрга ва алифбо китобига бу хусусда ёзув киритади. Васиятно­мани ўзгартириш ёки бекор қилиш тўғрисида ариза нотариал идорада юритиладиган битимларни бекор қилиш тўғрисидаги алоҳида йиғмажилдда сақланади.­
Васият қилувчи ўзида сақланаётган васиятнома нусхасини тақдим этган тақдирда, васиятноманинг ўзгартирилгани ёки бекор қилингани тўғрисида бу нусхага ҳам ёзиб қўйилади.
Васият қилувчи исталган вақтда васиятномани ўзгартириш ва бекор қилиш ҳақида «Нотариат тўғрисида»ги қонуннинг 16-моддасига мувофиқ хоҳлаган нотариал идорага мурожаат этиши мумкин. Бундай ҳолда нотариус васиятномани ўзгартириш ёки бекор қилиш тўғрисидаги аризани «Нотариат тўғрисида»ги қонуннинг 73-моддасига амал қилган ҳолда васиятнома тасдиқланган ёки у сақланаётган нотариал идорага топширади.
Васиятнома бутунлай ёки қисман бекор қилиниши мумкин. Масалан, янги васиятнома тузиш орқали олдин тузилган васиятнома тўлалигича ёки қисман бекор қилинади. Агар васият қилувчи томонидан кейин­ги васиятнома, ўз навбатида, бекор қилинган ёки ўзгартириш киритилган бўлса, янги васиятнома тузиш­ орқали тўлалигича ёки қисман бекор қилинган олдинги васиятнома қайта тикланмайди.
 
Иккинчи мутахассислик бўйича ўқимоқчиман
— Иккинчи мутахассислик бўйича ўқиш ниятим бор. Олий ва ўрта махсус, касб-ҳунар ­таълими муассасаларида иккинчи ва ундан кейинги таълим олишнинг иложи борми? Бунинг тартиби ҳақида маълумот берсангиз.
Равшан ШЕРАЛИЕВ,
Чиноз тумани
Саволга Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Олий таълим муассасалари бош бошқармаси бошлиғи Ином МАЖИДОВ жавоб беради:
—  «Таълим тўғрисида»ги қонунга мувофиқ олий (ўрта махсус, касб-ҳунар) маълумотга эга бўлган шахслар иккинчи ва ундан кейинги олий (ўрта махсус, касб-ҳунар) маълумотни олиш ҳуқуқига эга. Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларига қабул қилиш бўйича Давлат комиссияси томонидан 2008 йил 13 августдаги 15-сонли баён билан тасдиқланган «Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларида иккинчи ва ундан кейинги таълимни олиш тартиби тўғрисида»ги низомга асосан олий (ўрта махсус, касб-ҳунар) маълумотга эга бўлган шахслар қуйидаги иккинчи ва ундан кейинги олий (ўрта махсус, касб-ҳунар) маълумотни олиши мумкин:
— ўрта махсус, касб-ҳунар маълумотли мутахассис даражасига эга бўлган шахслар — ўрта махсус, касб-ҳунар таълими йўналишлари бўйича;
— бакалавр ва дипломли мутахассис даражасига эга бўлган шахслар — бакалавриат таълим йўналишлари ­бўйича;
— магистр даражасига эга бўлган шахслар — бакалавриат таълим йўналишлари ва турдош магистратура мутахассисликлари бўйича.
Иккинчи ва ундан кейинги олий (ўрта махсус, касб-ҳунар) маълумот олиш бўйича кадрлар тайёрлаш ҳуқуқига эга таълим муассасалари рўйхати ҳамда олий таълим муассасаларида уларнинг бакалавриат ва магистратурасига қабул кўрсаткичлари реал иқтисодиёт тармоқлари ва соҳалари учун малакали кадрларга бўлган талаб-эҳтиёжга ҳамда таълим муассасасининг илмий-педагогик салоҳияти ва моддий-техник базасини ҳисобга олган ҳолда, Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларига қабул қилиш бўйича Давлат комиссияси томонидан, иккинчи ва ундан кейинги олий маълумот олиш мумкин бўлган турдош магистратура мутахассисликлари рўйхати эса Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан белгиланади. Иккинчи олий маълумот бўйича қабулга рухсат берилган олий таълим муассасаларининг рўйхати билан вазирликнинг расмий сайти (www.edu.uz)даги «Иккинчи таълимга қабул» бўлимида танишишингиз мумкин.
Иккинчи ва ундан кейинги олий (ўрта махсус, касб-ҳунар) маълумот бўйича ўқитиш тўлов-контракт (шартнома) асосида амалга оширилади.
 
Зарар қопланадими?
— Баъзан кучли шамолдан синган дарахт шохи автомобилнинг устига қулаб, жиддий зарар етказади. Бундай ҳолда машинанинг зарари суғурта компанияси томонидан қопланадими?
Нуриддин
НИШОНОВ,
Бахмал тумани
Саволга «Ўзбекинвест» экспорт-импорт миллий суғурта компанияси бош менежери Сайфулло МИРЗОЕВ жавоб беради:
— Автотранспорт ихтиёрий суғурта тури бўйича суғурталанган тақдирдагина унга зарар етказилганда суғурта пули (полисда кўрсатилган) суғурта ташкилотининг мажбурияти доирасида қопланади. Умуман, автотранспорт воситалари ихтиёрий суғурта қилиш тури бўйича барча қалтисликлардан суғурталаниши мумкин. Жумладан, йўл-транспорт ҳодисаси, табиий офатлар, жисмларнинг тегиши ёки қулашидан, учинчи шахснинг ноқонуний хатти-ҳаракатлари кабилардан суғурталаниб, уларнинг содир бўлиши натижасида зарар етганда, суғурта ҳимояси тақдим этилади.
 
Қандай жазо қўлланилади?
— 2016 йил 1 мартдан кучга киритилган янги таҳрирдаги Йўл ҳаракати қоидаларига биноан ҳар бир транспорт воситасида тиббиёт қутичаси, ўт ўчиргич, мажбурий тўхтаганини билдирадиган белги ва махсус нимча бўлиши лозим. Йўл ҳаракати хавфсизлиги инспектори ҳайдовчини тўхтатиб, ана шу жиҳозлар ёки нимча бор-йўқлигини суриштиришга ҳақлими? Агар сўралган пайтда улардан бирортаси бўлмаса, қандай жазо қўлланилади?
Элёр ХОЛМУРОДОВ,
Пайариқ тумани
Саволга ИИВ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси бошлиғи, полковник Холмат САЙДАЛИЕВ жавоб беради:
— Албатта ҳақли. Йўл ҳаракати қоидаларида тиббиёт қутичаси (аптечка), ўт ўчиргич, мажбурий тўхтаганини билдирувчи белги (ёки милтилловчи қизил чироқ) ва нур қайтаргичли камзул (жилет) билан жиҳозланмаган транспорт воситаларидан фойдаланиш тақиқланган. Ушбу талабни бажармаган ҳайдовчилар Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 125-моддасига мувофиқ жавобгарликка тортилиши ҳамда транспорт воситаси ушлаб туриш сабаби бартараф этилгунига ва иш кўриб чиқилгунига қадар тўхташ жойларида ушлаб турилиши мумкин.
 
Уйимни «текин ижара»га ­бермоқчиман
— Ўз уйимни қариндошимга вақтинча яшаши учун текин фойдаланишга бермоқчиман. Бу хатти-ҳаракатим қонунга зид эмасми?
Шуҳрат ­СОБИРҚУЛОВ,
Олмазор тумани
Саволга Олмазор туманидаги 11-давлат нотариал идораси нотариуси Раҳима ЖЎРАБОЕВА жавоб беради:
—  2016 йил 25 апрелдаги «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун билан Фуқаролик кодекси 6261-модда билан тўлдирилиб, уй-жойни текин фойдаланишга бериш шартномасининг шаклига оид норма белгиланди. Унга кўра бундай шартнома ёзма шаклда тузилиши (бундан уй-жойни яқин қариндошлар (ота-она, туғишган ва ўгай ака-ука, опа-сингиллар, эр-хотин, фарзанд, шу жумладан, фарзандликка олинганлар, бобо, буви, неваралар, шунингдек, эр-хотиннинг ота-онаси, туғишган ва ўгай ака-ука ва опа-сингиллари)га текин фойдаланишга бериш ҳоллари мустасно) ҳамда нотариал тартибда тасдиқланиши шарт.
Эслатиб ўтиш керакки, фуқаролар ўртасида бино, иншоот ёки уларнинг бир қисми, тураржойни ижарага ёки текин фойдаланишга бериш шартномасининг мавжуд эмаслиги ёхуд бундай шартномаларни нотариал тартибда тасдиқлатмаслик Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 1591-моддасига асосан энг кам иш ҳақининг 5 бараваридан 10 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Аммо фуқаро уй-жойни текин фойдаланишга бериш шартномасини тузган бўлса-да, амалда уй-жойдан фойдаланганлик учун тўлов олиб келган бўлса, мазкур битим ҳақиқий эмас деб топилади ва қонунбузарга нисбатан тегишли жавобгарлик чоралари қўлланилади.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, агар уй-жойни текин фойдаланишга беришдан мақсад фойда олиш бўлса, қонун ҳужжатларида ўрнатилган тартибда ижара шартномасини тузиш мақсадга мувофиқ.