Детектив
«Виждонли қиз» воқеаси
12.11.2016
Жаноб Паркер Пайннинг столидаги селектор жиринглади.
– Нима гап? – деди у тугмачани босиб.
– Бир хоним қабулингизга кирмоқчи, – котибанинг овози эшитилди. – Лекин у бугунгилар рўйхатида йўқ.
– Кираверсин, – деди жаноб Пайн.
Бир дақиқа ўтар-ўтмас эшикдан ёшгина, ораста кийинган, хушбичим­ қиз кириб келди.
– Хайрли кун, хоним. Марҳамат, ўтиринг, – деди уни очиқ чеҳ­ра билан кутиб олган жаноб Пайн.
Қиз у кўрсатган курсига ўтириб­, иккиланганча унга қаради. Қизнинг тим қора, учлари бежирим халқача­ларга чирмалган жингалак сочлари,­ бошдан оёқ оппоқ кийими уни янаям нафосатли кўрсатар эди.
– Сиз жаноб Паркер Пайнсиз-а? – сўради нимадандир асабийлашаётгани билиниб турган қиз.
– Ҳа, мен.
– Эълон берган экансиз. Унда муаммога дучор бўлганлар, бахтсизлар...  олдингизга келиши мумкинлиги ёзилган.
– Шундай.
– Мен эса жудаям бахтсизман. Шунинг учун қабулингизга киришга қарор қилдим, – деди қиз ўзича бир тўхтамга келиб олгандай бўлиб.
Паркер Пайн жим туриб қизнинг гапида давом этишини кутди.
Қиз асабий тарзда сиқимини қисди.
– Менда... Мен кўнгилсизликка дуч келдим.
– Шунақага ўхшайди, – деди жаноб Пайн. – Айтишга иккила­наяпсизми?
Қиз ортиқ гапиришни истамаётгандай кўринди. Жаноб Пайнга бир муддат тикилиб қолди, кейин бир тўхтамга келди чоғи, худди шошаётгандай гапира бошлади:
– Майли, сизга айтаман. Фақат, биласизми, бир қарорга келишга қийналаяпман. Қаерга бораримни, нима қиларимни билмай, ақлдан озай деяпман. Сизнинг эълонингизга кўзим тушганда, олдинига одатдаги қаллобликдир деб ўйлагандим, лекин негадир эсимда қолган экан. Кейин бир учраб кўрсам ҳеч нима йўқотмайман-ку деб ўйладим. Ҳар қандай вазиятдаям узр сўраб кетиш мумкин, тўғрими, агар...
– Шундай, албатта, – унинг гапини тасдиқлади Паркер Пайн.
– Биласиз, дуч келганга ишониб бўлмайди, – деди қиз дабдурустдан.
– Шунга қарамай, мени ишончли­ одам деб ўйлаяпсиз, шундайми? – табассум қилди жаноб Пайн.
– Қизиғи шунда-да, – деди қиз янаям жонланиб. – Сизни умуман танимайман-билмайман, лекин нега­дир алдамаслигингизга ишонаяпман. Исмим Дафни, Дафни Сент-Жон.
– Сизни эшитаман, мисс Сент-Жон.
– Миссис. Мен турмушга чиққанман.
– Оббо, – деди минғирлаб жаноб Пайн рўпарасида ўтирган хонимнинг никоҳ узугига эътибор бермагани учун ўзидан хафа бўлиб. – Шуниям пайқамаганимни қаранг.
– Эрга тегмаганимда бунчалик ташвишланмаган бўлармидим, – давом этди хоним. – Демоқчиманки, у ҳолда буларнинг бари бу даражада жиддий тус олмаган бўларди. Мен ҳозир Жеральд ҳақидаям ўйлашга мажбурман…
У шундай деб сумкасидан қичкина, думалоқ нарсани олиб столга қўйди: –  Мана! Ҳаммасига мана шу сабабчи.
Бу каттагина олмос кўзли платина узук эди.
Жаноб Пайн узукни қўлига олиб, дераза томон юрди. Тошни шишага юргизиб кўрди, сўнг заррабин билан уни синчиклаб кўриб чиқди.
– Асл тош, – деди у жойига қайтиб ўтирар экан. – Мен уни энг камида икки минг фунтга баҳо­лаган бўлардим.
– Шундай, фақат у ўғирланган. Мен уни ўғирлаб олганман, энди эса нима қилишни билмай ўтирибман.
– Оҳо! – деди жаноб Пайн узукни қизга узата туриб. – Буёғи қизиқ бўлди-ку.
Орага чўккан ноқулай жимлик қизга таъсир қилди. У кўнгилни юм­шатадиган бир аҳволда, юзига даст­рўмолини босиб йиғлай бошлади.
– Ана холос, – деди жаноб Пайн. – Бўлди, бўлди. Кўрасиз,  ҳаммаси­ яхши бўлади.
– Ростанми? – деди қиз бурнини тортиб. – Шундай деб ўйлайсизми?
– Бунга ишончим комил. Қани, энди менга ҳаммаси қандай юз берганини гапириб беринг-чи.
– Нима десам экан, ҳаммаси қарзга кириб қолишимдан бошланди. Билсангиз, мен анчайин ношуд­ман. Бундан Жеральднинг жини қўзийди. Эримни айтаяпман. У мендан анча ёши катта ва ўта жиддий одам. Унинг учун қарз гўё қиёмат қойимнинг ўзгинаси. Хуллас, қарзларим ҳақида унга оғиз очолмас эдим. Танишларим билан казинога йўл олдим... Озгина омад келса менга кифоя қилар эди. Аввалига юта бошладим, ­кейин бор пулимдан айрилдим. Кейин... Қалтис таваккал қилдим...
– Тушунарли, – деди унинг гапини бўлиб жаноб Пайн. – Давом эттирмасангиз ҳам бўлади. Сизни чув туширишди. Шундайми?
Дафни Сент-Жон тасдиқ маъносида бошини қимирлатиб қўйди.
 – Буларни Жеральдга қандай айтишим мумкин? Унинг қимор ўйинларига умуман тоқати йўқ. Қисқаси, аросатда қолиб кетдим. Ўша кунларда Дортгеймерлар бизни меҳмонга чақириб қолишди. Мен Наоми билан бир мактабда ўқиганман. Улар Кобхэм яқинида яшашади, ҳаддан ортиқ бой оила. Биз қайтаётганимизда Наоми Бонд-стритдаги заргарга беришни тайинлаб бриллиант кўзли узугини менга топширди. Узукнинг гардишига нимадир бўлган экан.
Қиз жим бўлиб қолди.
– Сезишимча, биз энг мураккаб жойига яқинлашаяпмиз, – унга ёрдамга келди жаноб Пайн. – Давом­ этинг, миссис Сент-Жон.
– Сиз буларни ҳеч кимга гапириб юрмайсизми? – бирданига хавотирга тушиб қолди қиз.
– Мен шахсий масалаларни дахл­сиз деб биламан, – ишонтирди уни жаноб Пайн. – Қолаверса, сиз кўп нарсани айтиб бўлдингиз, қолганини ўзим сизга бемалол айтиб беришим мумкин.
– Ҳа, тўғри. Майли. Лекин ҳечам айтгим келмаяпти! Бу даҳшат... Хуллас, мен Бонд-стритга бордим. У ерда заргарлик дўконлари тиқилиб ётибди. «Виро» деган дўконда тақинчоқларнинг нусхасини тайёрлаб беришади. Ақлимни еб қўйибманми, билмадим, ўша дўконга кириб узукдан нусха тайёрлаб беришларини сўрадим. Чет элга чиқмоқчилигимни, ҳақиқийсини тақиб кетишни истамаётганимни айтгандим, улар ҳеч нарсадан шубҳаланишмади. Нусхасини тайёрлаб беришди, мен уни Наомига жўнатдим. Узукнинг ҳақиқийсини эса гаровга қўйдим.
Қиз юзини кафтлари билан тўсиб олди.
– Бунга қандай журъат қилдим-а? Қандай? Менинг кўчадаги ўғрилардан умуман фарқим бўлмаса керак!
Жаноб Паркер Пайн одоб билан йўталиб қўйди.
– Менга ҳали ҳаммасини гапирмагандай туюлаяпсиз.
– Ҳаммасимас, – деди хўрсиниб қиз. – Ўшандан бери олти ҳафта ўтди. Қарзларимни тўлаб, бу муам­модан қутулдим. Лекин ўшандан бери ўзимни қўярга жой тополмаяпман. Яқинда узоқ бир қариндошим оламдан ўтиб, ундан менгаям бир мунча пул мерос тегди. Мерос пулини олиб биринчи қилган ишим – мана шу лаънати узукни гаровдан қайтариб олиш бўлди. Ҳаммаси жойига туша бошлаганда, атай қилгандай бошқа бир муаммо чиқиб қолди.
– Хўш?
– Дортгеймерлар билан орамизга­ совуқчилик тушди. Ҳаммаси акция­ларни деб бўлди. Жеральд сэр Рубеннинг маслаҳати билан сотиб олган акцияларнинг нархи тушиб кетди. Шунда сўнг Жеральд аччиқ устида сэр Рубенга у ҳақда нима ўйласа, борини айтган-қўйган: яхши гаплар бўлмаган. Хуллас, мен энди узукни қайтаролмайдиган вазиятга тушиб қолдим.
– Узукни Дортгеймер хонимга аноним тарзда жўнатиб юборсангиз бўлмайдими?
– Бу айбимни тан олиш билан баробар-ку! У дарров ҳаммасини тушунади.
– Гапингизга қараганда, сизлар дугона бўлгансизлар. Унинг олижа­ноблигига умид қилиб, бор гапни айтиб берсангиз-чи?
Миссис Сент-Жон бошини чайқади.
– Дугона эканимиз рост, лекин зебу зийнатлар борасида Наоми манави тошданам қаттиқ. Унга узукни очиқчасига топширадиган бўлсам, мени панжара орқасига юбормасаям, дуч келганга қилмишим ҳақида гапириб бериши тайин. Бу эса ҳаммасидан баттар. Жеральднинг қулоғига етса борми, мени ҳеч қачон кечирмаса керак. Э, худо, нақадар даҳшат!
У яна йиғлашга тушди.
– Бошимни қайга уришимни, нима қиларимни билмай қолдим, жаноб Пайн, бирон маслаҳат бераоласизми?
– Бирон йўлини топамиз, – жавоб қилди Паркер Пайн.
– Ростан айтаяпсизми?
– Шубҳасиз. Одатда мен мураккаб вазиятдан чиқишнинг оддий йўлини тавсия қиламан. Тажрибамдан билганим шуки, оддийлик энг самарали усул бўлиб чиқади. Шу билан бирга, сизнинг эътирозларингизни ҳам ўринли деб ҳисоблайман. Бу нохуш воқеа ҳақида ҳозирча ўзингиздан бошқа ҳеч ким билмайди, шундайми?
– Ўзим ва сиздан бошқа ҳеч ким, – деди қиз.
– Мени ҳисобга қўшмасликни сўрайман. Шундай экан, сиз ҳозир хатардан холисиз. Қилиниши керак бўлган иш ҳеч кимга сездирмай узукни алмаштириб қўйишдангина иборат.
– Айнан шундай, – жонланди қиз.
– Нима ҳам дердик, бу унчалик қийин вазифалар сирасига кирмайди. Мақбул йўлни ўйлаб топамиз, бунга вақт керак…
– Лекин қандай? – баланд овозда сўради миссис Сент-Жон. – Ахир вақт жуда зиқ. Наоми тошни алмаштирмоқчи эмиш. Мени ақлдан оздираётган нарса шу.
– Буни қаердан биласиз?
– Тасодифан билиб қолдим. Куни кеча бир танишим билан тушлик қилган эдим. Унинг зумрад кўзли узуги менга жуда ёқиб қолди. Ўша дугонамнинг айтишича, зумрад кўзли узуклар урфга чиққани учун Наоми ҳам узугининг тошини алмаштирмоқчимиш.
– Бундан чиқди, тезроқ ҳаракатимизни қилишимиз керак, – деди ўйланиб қолган жаноб Паркер Пайн.
– Ҳа-да! – тасдиқлади қиз.
– Уйга киришнинг иложини топиш керак бўлади. Бу борада ўзингизда қандайдир фикр ё таклиф борми, миссис Сент-Жон?
– Дейлик, чоршанба куни Наоми катта зиёфат уюштирмоқчи. Ўша, кеча бирга тушлик қилган дугонам­дан билдим. Наоми зиёфат кечаси учун профессионал раққосларни суриштириб юрган экан. Топган-топ­маганини, тўғриси, билмайман…
– Менимча, бундан нимадир чиқади, – деди жаноб Пайн. – Агар раққосларни топган бўлса, нархи бироз ошади, холос. Яна бир гап, мабодо, Дортгеймерлар хонадонидаги электр шчит жойлашган жойни билмайсизми?
– Буни қарангки, биламан! Уларникида меҳмон бўлган кунимиз кечаси чироқ ўчиб қолди, пробкалар куйган экан. Хизматкорлар ухлаб қолгани учун Рубен уларни ўзи алмаштирувди. У шундоқ кираверишда, деворга ишланган шкафда.
Жаноб Пайн қиздан уй ва электр шчит турган жой тарҳини чизиб беришни сўради.
– Демак, бу ёғига ҳеч нарсадан хавотирланмасангиз ҳам бўлади,– деди жаноб Паркер Пайн ўрнидан қўзғалар экан, – Ҳаммаси кўнгилдагидай бўлишига ваъда бераман. Айтганча, Сент-Жон хоним, узукни­ нима қиламиз? Уни ўзингизда сақлаб туришни маъқул кўрасизми?
– Шундай қилганимиз яхши.
– Келишдик. Кўпам хавотир олаверманг, ҳаммаси яхши бўлади.
– Ҳалиги... хизмат ҳақи қанча бўлади? – тортиниброқ сўради қиз.
– Бу масалани чоршанбага қолдириб тура қолайлик. Сизга сарф-харажатлар рўйхатини бераман. Ишонтириб айтишим мумкин, улар кўп бўлмайди.
Қизни кузата туриб, у котибани чақирди.
– Менга Клод Латрэ ва Мадленни чақиринг.
У чақиртирган Клодни Англиянинг энг кўркам айғири, Мадленни эса Англия офатижонларининг энг мафтункори дейиш мумкин эди.
– Болаларим, сизларга топшириғим бор, – деди жаноб Паркер Пайн рўпарасидаги жуфтликни кўздан кечирар экан. – Бугундан эътиборан сиз дунёга донги кетган раққос ва раққосасиз. Клод, кўп нарса сенга боғлиқ, ҳеч нимани адаштириб юборма.
Дортгеймер хонимнинг зиёфатга тайёргарлик ишларидан кўнгли тўқ эди. Ҳатто гуллар ҳам унинг дидига мослаб терилган. У хизматкорга топшириқ бера туриб, барини аъло даражада уддалаган эрига ажабланиб қараб қўйди.
Зиёфат бошланишига яқин Мишель исмли номдор раққос телефон қилиб, партнёри тўпиғини қа­йириб олгани сабаб боролмаслигини, уларнинг ўрнига Парижда катта ютуқларни қўлга киритган бош­қа бир жуфтлик боришини айтиб қолди. Айтилган вақтда етиб келган раққосларни кўздан кечирган Дортгеймер хонимнинг кўнгли жойи­га тушди.
Кеча ажойиб бошланди. Жюль ва Александра ҳаммани ҳайратга солди. Дастлаб улар испанча инқи­лоб рақсини, кейин «Телба орзуси» деб номланган композицияни ижро этишди. Базмга йиғилганлар замонавий рақс санъатининг сўнгги наму­наларидан ҳам баҳраманд бўлишди.­
Кейин ҳамма рақсга тушди. Базм авжига чиққанида Жюль Дортгеймер хонимни рақсга таклиф қилди. Сэр Рубен эса бу пайтда мафтункор Александрани зимдан қидириш билан овора эди. Уни электр шчит атрофидан топиш унинг хаёлига ҳам келмаётган эди.
Жюль Дортгеймер хонимнинг қулоғига шивирлаб тахминан шундай дер эди: – Йўқ, сиз инглиз хоними эмассиз! Англияда туғилган­лар бундай гўзал рақсга туша олмай­дилар. Сиз бир парисиз, рақс маликасисиз. Pschenichnaya smirnoffka na zdorrovie.
– Бу қандай тил? – сўради унга буткул мафтун бўлиб қолган хоним.­
– Рус тили, – деди Жюль. – Сизга бўлган ҳисларимни ифодалашга инглиз тили ожиз.
Дортгеймер кўзларини юмиб олди. Жюль унинг қўлларидан ўпишга чоғланган маҳалда чироқлар ўчди. Худди шуни кутиб тургандай аёлнинг бармоғидаги узук сирғалиб тушди.
Зум ўтмай чироқлар яна ёнди.
– Узугингиз, – жилмайди Жюль. – Улар бармоғингиздан чиқиб кетди. Рухсат этсангиз, ўзим уни тақиб қўйсам.
Жаноб Паркер Пайн пайшанба куни эрталаб офисига келганида уни Сент-Жон хоним кутиб турар эди.
– Нима бўлди? – сабрсизлик билан сўради хоним остонадан кирар-кирмас.
– Ташвишланибсиз-да, барибир, – гина аралаш деди жаноб Паркер Пайн.
– Кечаси билан кўз юммадим, – деди Сент-Жон хоним. – Минг хаёл­га бордим…
– Ҳа, майли, мана бу харажатлар рўйхати. Йўл кира, либослар, Мишель ва Хуанитага эллик фунт... Жами олтмиш беш фунт ўн етти шиллинг.
– Харажатларни қўя туринг, жаноб. Ҳаммаси кўнгилдагидайми? Эплай олишдими?
Жаноб Паркер Пайн унга ростакамига ажабланиб қаради.
– Мени маъзур тутинг, хоним афанди, бошқача бўлишиям мумкин эмас.
– Худойим-ей! Елкамдан тоғ ағдарилгандай бўлди! Мен бўлсам қўрқиб ўтирибман...
Жаноб Паркер Пайн таъна қилгандай бошини чайқаб қўйди.
– Омадсизлик – мен тоқат қилолмайдиган сўз. Уддалай олишимга кўзим етмаган ишни ҳеч қачон зиммамга олмайман. Ишга киришдимми, демак омад мендан қочиб қутулолмайди.
– Демак, у узугини қайтариб олгану ҳеч нарсани сезмаган, шундайми?
– Мутлақо. Операция қойилмақом тарзда бажарилган.
Дафни Сент-Жон чуқур тин олди.
– Мени қандай юкдан халос қилганингизни тасаввур ҳам қилолмайсиз. Харажатлар қанча бўлди деган эдингиз?
– Олтмиш беш фунт ўн етти шиллинг.
Сент-Жон хоним сумкасини очиб айтилган пулни санаб берди.
– Сиздан миннатдорман, – деди илтифот билан жаноб Паркер Пайн ҳисоб қоғозини узата туриб.
– Бу қанақаси? Бу фақат харажатлар учун экан-ку. Хизмат ҳақи кўрсатилмаган? – деди хоним ҳисоб қоғозига кўз югуртириб.
– Бу иш учун хизмат ҳақи олиш ниятим ҳам йўқ.
–  О, мистер Пайн! Мени ноқулай аҳволга солиб қўяяпсиз, ахир!
– Мен шунга қарор қилдим, фикримни ўзгартиролмайман. Бир чақа ҳам олиш ниятим йўқ. Бу менинг принципларимга тўғри келмайди. Мана сизнинг тилхатингиз. Энди эса...
У гўё мураккаб трюкни бажарган­ моҳир кўзбойлоғичдай, жилмайиб туриб ихчамгини ғилофни столга ташлади ва секин қиз томонга суриб­ қўйди. Уни очган Дафнининг кўзи бриллинт кўзли узукка тушди.
– У-у, нафратланаман бундан! – деди қиз нозик бурнини жийириб. – Кўрарга кўзим йўқ! Деразадан улоқтиргим келаяпти уни.
– Ўрнингизда бўлсам бундай қилмаган бўлар эдим, – деди танбеҳ оҳангида жаноб Паркер Пайн. – Кўрганлар бошқача тушунишлари мумкин.
– Бунинг ҳақиқий эмаслиги аниқми? – қизиқсиниб сўради Дафни.
– Албатта. Энди Дортгеймер хоним кеча кечқурун сиз менга берган узукни тақиб юрибди.
– Унда ҳаммаси жойида, – хитоб қилди Дафни ва қувонч билан ўрнидан турди.
– Дарвоқе, сўраганингизга эсимга тушиб қолди, жуда қизиқ иш бўлди, – дея гап бошлади жаноб Паркер Пайн. – Бугун эрталаб манави матоҳни заргарга олиб борган эдим. Клод адашмаганига ишонч ҳосил қилишим учун.
– Заргарга? – хавотир билан сўради Сент-Жон хоним ва жойига қайтиб ўтирди. – У нима деди?
– Муваффақиятли чиққан одатдаги ясама, – шодмон кайфиятда жавоб қилди жаноб Паркер Пайн. – Аъло даражадаги иш. Энди, ўйлашимча, кўнглингиз бутунлай жойига тушди, шунақами?
Сент-Жон хоним нимадир демоқчи бўлди, лекин гапиролмади. Жаноб  Пайнга бақрайганча қотиб қолди.
У бўлса ўриндиғига жойлашиб олган кўйи қизнинг ҳолатини кузатиб турди.
– Бошқалар учун ўзингни ўтга уриш, – ўйчан ҳолда давом этди у, – унчалик ёқимли иш эмас. Ҳар ҳолда... Кечирасиз, нимадир дедингизми?
– Менми? Йўқ…
– Яхши. Унда сизга виждони қийналган бир ёш хоним иштирокидаги ғаройиб ҳикояни айтиб берсам, нима дейсиз? Майли, у малла­соч, турмушга чиқмаган хоним бўлақолсин. Исмини ҳам Дафни Сент-Жон демай қўя қоламиз. Яхшиси, у Эр-Нестина Ричарде, яъниким Наоми Дортгеймер хонимнинг собиқ котибаси бўлақолсин.
Хуллас, ажойиб кунларнинг бири­да узугининг бриллиант кўзи тушиб­ қолаёзганини кўрган Дортгеймер хоним уни таъмирлатиш учун котибасига бериб заргарга жўнатади. Нари-берисини айтмаганда, сизнинг ҳолатингизга ниҳоятда ўхшаш, шундай эмасми? Буни кўрингки, ­Ричарде хонимнинг хаёлига ҳам сиздаги каби ўй келади. У ҳам узукдан нус­ха ясатади. Аммо у узоқни кўра оладиган қиз. Яъни Дортгеймер хоним эртами-кечми узук алмаштириб қўйилганини билиши ва бу кимнинг иши эканини қийинчиликсиз топиши мумкинлигига унинг ақли етади.
– Хўш, бу ҳолатда Ричарде хоним қандай йўл тутган? – давом этди жаноб Паркер Пайн, рўпарасидаги қизга хотиржам кўз ташлар экан. – Аввалига у сочини қорага бўяб, сўнгги урфда турмаклатади. Сўнгра менинг олдимга келади ва узукни кўрсатиб, унинг ҳақиқийлигига ишонч ҳосил қилишимга эришади. Шундан кейингина у узукни заргар­га олиб боради. Узукни таъмирлаган заргар эса уни қандай лозим бўлса, ўшандай тарзда Дортгеймер хонимга жўнатади.
Кеча кечқурун Ватерлоо вокзали­да Ричарде хоним ўша узукнинг ажойиб  нусхасини тошларнинг фарқига унчалик ҳам боравермайди­ган, бунинг устига, поездга шошиб турган Клод Латрэга топширади. Турган гапки, Ричарде хоним менинг ҳар эҳтимолга қарши таниш бир заргардан жаноб Латрэга йўл­дош бўлишни илтимос қилганимни тасаввур ҳам қилмаган бўлса керак.­ Ўша заргар узук тошига бир кўз ташлашдаёқ унинг бриллиант эмас, шунчаки аъло даражада ясалган нусха эканини аниқлайди.
Ўйлашимча, гап нимадалигини фаҳмлай бошладингиз. Узукнинг алмаштириб қўйилганини билган Дорт­геймер хонимнинг эсига энг аввало ким тушади? Зиёфат кечаси чироқ ўчгани ва бармоғидаги узукнинг тушиб кетишига сабаб бўлган ўша хушсурат йигит! Хоним ҳеч бир қийинчиликсиз суриштириб билади­ки, таклиф қилинган раққосларнинг­ базмга бормасликлари учун кимдир­ пул тўлаган. Шу тариқа калаванинг учи менинг офисимгача етиб келади. Дортгеймер хоним бу ерда Сент-Жон хоним ҳақидаги танқиддан тубан ҳикояни нафрат ила тинг­лайди. Аммо хонимнинг Дафни Сент-Жон исм­ли таниши ҳеч қачон бўлмаган! Ана шунда Дортгеймер хоним рўпарасида пасткаш фирибгар тургани ҳақида хулоса чиқариши турган гап.
Ҳар қандай ҳолатдаям мен бунга йўл қўя олмаслигимни тушунасиз деб умид қиламан. Шу боис, дўстим Клод Наоми Дортгеймер хо­нимнинг бармоғига яна ўша – ун­дан ечиб олган узукнинг ўзини қайтариб тақиб қўйишига тўғри келган.
Жаноб Пайннинг юзига мулойим­ табассум инди.
– Энди нима учун сиздан пул олмаганим сабабини билиб олдингиз. Мен сизга бахтиёр бўлишингизни ваъда қилган эдим, кўриниб турибдики, бунинг уддасидан чиқа олмадим. Сизга яна бир  гап айтишимга изн берсангиз… Ҳали жуда ёшсиз, бундайин ишларга биринчи қўл уришингиздир эҳтимол.
Ёшим бир жойга бориб қолган, тан олинг, шунга яраша тажрибам ҳам сизникидан қўпроқ, айниқса статистика борасида. Ана шу тажри­бамдан келиб чиқиб айтишим мумкинки, фирибгарлик жиноятларининг саксон етти фоизи фош этилади. Саксон етти фоиз! Бу ҳақда яна бир бор ўйлаб кўринг.
Ричарде хоним илкис оёққа турди.
– Ёлғончи қари ҳайвон! Мени лақиллатибсан-да! Яна харажатларниям тўлатганини-чи! Шунча вақт…
У ғазабдан бўғилиб қолди ва ўзини эшикка урди.
 – Узукни унутманг, – деди ваз­минлик билан жаноб Паркер Пайн.
Изига қайтган Ричарде хоним узукни олиб, унга кўз ҳам ташламай­ деразадан ташқарига улоқтирди. Сўнг эшикни қарс ёпиб, ғойиб бўлди.
Жаноб Паркер Пайн деразадан ташқарига қизиқсиниб қаради.
 – Ўзим ҳам шунақа деб ўйлаган эдим, – ўзига ўзи гапирди у. – Таажжуб! Наҳотки, ўйинчоқ сотаётган жентельмен уни нима қилишни мутлақо билмаса.
Шавкат Ёдгоров
таржимаси