Олий суддаги янгиликлар
"Суд-ҳуқуқ ислоҳотлари журналистлар нигоҳида" танлови ғолиблари тақдирланди
26.01.2017
Мамлакатимизда жамиятда ҳуқуқий онг ва маданиятни юксалтириш, ҳуқуқий билимларнинг аҳоли ўртасида кенг тарғиб қилинишини ташкил этиш, қабул қилинаётган қонунларнинг мақсади, мазмун-моҳиятидан одамларнинг хабардорлигини янада оширишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Бу жараёндаги ишларга оммавий ахборот воситалари ходимлари ҳам муносиб ҳисса қўшаётир.
Соҳа вакилларининг меҳнатини муносиб рағбатлантириш ва бу борадаги ҳамкорликни янада кучайтириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Олий суди томонидан “Суд-ҳуқуқ ислоҳотлари журналист нигоҳида” кўрик-танлови эълон қилинган эди. Ўзбекистон Республикаси Олий судида мазкур танловнинг ғолиблари тақдирланди.
Тадбирда мамлакатимизда барча соҳаларда изчиллик билан амалга оширилаётган ислоҳотлар негизида, аввало, инсон ҳуқуқ ва манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш, қонун устуворлиги ва қонунийликни таъминлашга қаратилган эзгу мақсад мужассамлиги таъкидланди. Бу борада Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2016 йил 21 октябрдаги "Суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони муҳим дастуриламал бўлаётир.
Фармонда суд ҳокимиятининг мустақиллигини, фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларининг ишончли ҳимоясини таъминлаш, шунингдек, одил судловга эришиш даражасини ошириш, суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш соҳасида давлат сиёсатининг устувор йўналишлари белгилаб берилган. Мазкур асосий устувор йўналишларни амалга ошириш бўйича суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг муҳим вазифаларидан бири сифатида фаолиятнинг очиқлиги ва ошкоралигини таъминлаш, фуқаролик жамияти институтлари, оммавий ахборот воситалари ва аҳоли билан ҳамкорлик қилишнинг самарали механизмларини кенг қўллаш белгилаб қўйилди.
Мазкур кўрик-танлов ҳам судлар фаолиятининг очиқлигини таъминлашга, оммавий ахборот воситаларида суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотларни ҳамда янги қабул қилинган қонун ҳужжатларини тарғиб қилишга, жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтиришга хизмат қилади. Танловга мамлакатимиздаги нуфузли оммавий ахборот воситалари томонидан аҳолининг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш ва суд-ҳуқуқ соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар мазмун-моҳиятидан кенг жамоатчиликни хабардор этишга қаратилган 300 га яқин ижодий иш келиб тушган.
Танловда «Энг яхши мақола», «Энг яхши телекўрсатув», «Энг яхши радио эшиттириш», «Энг яхши интернет материал» номинациялари бўйича ғолиблар аниқланиб, улар диплом ва совғалар билан тақдирланди.
Манба: uza.uz