Бош прокуратурадаги янгиликлар
Ҳуқуқий маданиятни юксалтириш – давр талаби
14.12.2016
Пойтахтимизда “Ҳуқуқий маданият – ҳуқуқий демократик давлат ва фуқаролик жамиятини шакллантиришнинг асосий шартларидан бири” мавзуида халқаро давра суҳбати бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳамда бошқа манфаатдор идора ва халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликда ташкил этилган тадбирда сенаторлар, депутатлар, судьялар, олимлар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар масъул ходимлари, шунингдек, ЕХҲТ, “Минтақавий мулоқот” ташкилотларининг Ўзбекистондаги ваколатхоналари, чет давлатлар прокуратуралари вакиллари, халқаро экспертлар, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.
Давра суҳбатида жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтиришнинг ташкилий-ҳуқуқий асосларини ривожлантириш, қабул қилинаётган қонунларни аҳолига етказиш, уларнинг ижро этилиши устидан таъсирчан парламент ва жамоатчилик назоратини жорий қилиш, ушбу йўналишдаги миллий ҳамда илғор хориж тажрибасини ўрганиш каби масалаларга эътибор қаратилди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раисининг ўринбосари С.Ортиқова, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитаси раиси А.Саидов, Бош прокуратура ҳузуридаги солиқ, валютага оид жиноятлар ва жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш департаменти бошлиғи Ш.Узоқов ва бошқалар жамиятнинг демократия йўлидан жадал ривожланиши ва бу борада амалга оширилаётган ислоҳотларнинг муваффақияти кўп жиҳатдан одамларнинг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданият даражасига боғлиқлигини таъкидлади. Мамлакатимизда бу масалага доимий эътибор қаратилиб, аҳоли, айниқса, ёш авлоднинг ҳуқуқий билим ва маданиятини юксалтириш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири этиб белгиланган.
Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 24 йиллигига бағишланган тантанали маросимда мамлакатимизнинг сайланган Президенти Шавкат Мирзиёев бу масалага алоҳида эътибор қаратиб, қонун устуворлигини таъминлашда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш, фуқароларни қонунга ҳурмат руҳида тарбиялаш муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.
Давра суҳбатида “Жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш миллий дастури”ни янги таҳрирда тайёрлаш, юридик таълим ва ҳуқуқий тарбия тизимини такомиллаштириш, бу борада фуқаролик жамияти институтлари ролини ошириш, ҳуқуқий маданиятни юксалтириш борасида ривожланган демократик давлатлар тажрибасини ўрганиш ва бошқа долзарб масалалар юзасидан фикр алмашилди.
– Аҳолининг ҳуқуқий онги ва маданиятини шакллантириш ва юксалтириш ҳар бир жамият учун долзарб масалалардан ҳисобланади, – деди Бостон коллежи ҳуқуқ мактаби профессори, Массачусетс штати Миделсекс округи прокуратураси қошидаги жюри директори Кевин Кёртин (АҚШ). – Ўзбекистонда бу масалага давлат сиёсати даражасида эътибор берилаётгани, ушбу мақсадга хизмат қилаётган Миллий дастур мавжудлиги ва у такомиллаштирилаётгани диққатга сазовор.
Тадбир доирасида Бош прокуратурада жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтиришда ахборот хизматлари ва ҳуқуқий босма нашрларнинг роли, замонавий талаблар ҳамда стандартлардан келиб чиққан ҳолда юридик кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш масалаларини муҳокама қилишга бағишланган учрашувлар ўтказилди.
Очиқ мулоқот шаклида ўтказилган халқаро давра суҳбатида ҳуқуқий маданиятни юксалтиришга оид миллий ва хорижий тажриба чуқур таҳлил этилди.
Тадбир иштирокчилари “Адолат” нашриёти томонидан ташкил этилган китоблар ярмаркаси, “Тасвирий ойина” ижодий уюшмаси ва “Юрида” масъулияти чекланган жамиятининг ахборот материаллари экспозицияси, “Китоб олами” маънавий-маърифий савдо маркази китоб фондининг юридик адабиётлари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази нашрлари билан танишди.
Манба: uza.uz