Бош прокуратурадаги янгиликлар
Ургут тумани прокуратурасининг янги биноси фойдаланишга топширилди
13.12.2016
Конституциямиз қабул қилинганининг 24 йиллиги муносабати билан Самарқанд вилоятида бир қатор маданий-маиший иншоотлар, янги объектлар фойдаланишга топширилди.
Ургут тумани прокуратурасининг янги биноси ҳам соҳа ходимларига ана шундай байрам туҳфаси бўлди.
– 2 миллиард 711 миллион сўмдан ортиқ маблағ сарфланиб, бунёд этилган бинода туман прокуратураси ҳамда солиқ ва валютага оид жиноятларга, жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш департаменти туман бўлими ходимлари учун барча қулайликлар яратилди, – дейди Ургут тумани прокурори У.Ҳамдамов. – Барча хизмат хоналари замонавий, тежамкор иситиш ва ёритиш воситалари, мебель, компьютер, факс ва бошқа керакли жиҳозлар билан таъминланган. Ходимларга қулайлик яратиш мақсадида ошхона ва ётоқхона ҳам ташкил этилган.
Туман прокуратурасининг янги биноси жиноят ишлари бўйича туман суди ва суд ижрочилар бўлими ёнида жойлашган. Айни пайтда туман ички ишлар бўлими учун ҳам ҳар томонлама қулай ва замонавий бино қурилишига киришилган. Бу тумандаги ҳуқуқ-тартибот идораларининг жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, уларга қарши курашиш борасидаги ҳамкорлигини мустаҳкамлаш ҳамда фаолият самарадорлигини оширишга хизмат қилади.
Таъкидлаш лозимки, туман прокуратураси фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, жиноятчиликка қарши курашиш ва унинг профилактикаси бўйича изчил фаолият олиб бормоқда. Бунинг натижасида туманда умумий жиноятчилик ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 2,4 фоизга камайган.
Манба: uza.uz