Олий суддаги янгиликлар
Ёшлар мамлакатимиз суд ҳокимияти тизими фаолияти билан танишди
13.12.2016
Ўзбекистон Республикаси Олий судида Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети талабалари билан учрашув бўлиб ўтди.
Тадбирда мамлакатимизда соғлом ва баркамол авлодни вояга етказиш, уларнинг замонавий билим ва тараққиёт чўққиларини эгаллаши, ўз қобилият ва имкониятларини намоён этиши учун зарур шарт-шароитлар яратилаётгани таъкидланди.
Ушбу мақсадга қаратилган миллий қонунчилик асослари яратилган ва доимий равишда такомиллаштириб борилмоқда.
Ўзбекистон Республикасининг 2016 йил 15 сентябрда кучга кирган “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги қонуни бу борада ўзига хос янги босқични бошлаб берди. Қонун бундай сиёсатни шакллантириш ва рўёбга чиқаришга доир механизмларнинг ҳуқуқий асосларини янада такомиллаштирди. Ёшларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари учун масъул бўлган давлат органлари ҳамда бошқа ташкилотлар масъулиятини кучайтирди.
Учрашувда талабаларга инсон ҳуқуқ ва манфаатларига оид мамлакатимизда яратилаётган кенг имкониятлар, улардан унумли фойдаланиш, Ватанимиз тараққиётига ҳисса қўшишда ёшлар масъулияти каби масалалар билан бир қаторда Ўзбекистонда истиқлол йилларида амалга оширилган суд-ҳуқуқ ислоҳотлари мазмун-моҳияти ҳақида атрофлича тушунча берилди. Талабалар мамлакатимиз суд ҳокимияти фаолияти, таркибий тузилиши ва ваколатлари тўғрисида маълумотга эга бўлиш билан бирга, Ўзбекистон Республикаси Олий судида ташкил этилган музейда ҳам бўлиб, суд тизими тарихи билан яқиндан танишди.
Манба: uza.uz