Тадқиқот, таҳлил, таклиф
Савдо ёки хизмат кўрсатиш қоидалари: уларни бузганлик учун жавобгарлик масалалари
17.11.2016
Савдо ёки хизмат кўрсатиш қоидаларни анча миқдордаги қийматда бузиш, ушбу қилмишлар учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса, жиноят деб топилади ҳамда Жиноят кодекси (ЖК)нинг 189-моддаси билан жиноий жавобгарликка тортишга асос бўлиб хизмат қилади. Ушбу жиноятнинг объектив томони унинг номидан маълум бўлганидек, савдо ёки хизмат кўрсатиш қоидаларини бузишда намоён бўлади, бироқ бундай қилмишларни жиноят деб топиш учун барқарор икки асос мавжуд бўлиши тақозо этилади:
1) савдо ёки хизмат кўрсатиш қоидаларни анча миқдордаги қийматда бузиш;
2) ушбу қилмишлар учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин бир йил ичида такроран содир этиш.
Олий суд Пленумининг 1996 йил 15 мартдаги “Савдо соҳасидаги жиноятлар ва бошқа ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишлар бўйича суд амалиёти ҳақида”ги қарорида Жиноят кодексининг 189-моддаси ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 164- ва 168-моддаларида жавобгарлик назарда тутилган савдо ёки хизмат кўрсатиш қоидаларини бузиш деганда савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасидаги ҳуқуқий муносабатларни тартибга соладиган Ўзбекистон Республикаси қонунларининг бузилиши тушунилмоғи лозим. Бунда суд айбдор томонидан айнан қайси савдо қоидаси бузилганлигини кўрсатиши шарт, деб тушунтириш берилган.
2000 йил 15 декабрдаги “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиришлар ва қўшимчалар киритиш, шунингдек айримларини ўз кучини йўқотган деб топиш тўғрисида”ги қонун билан ЖКга ўзгартишлар киритилгани ва аввал мазкур моддада назарда тутилган ЖКнинг 187-моддаси чиқарилгани туфайли бундай қилмишларни ҳозир ЖКнинг 189-моддасига мувофиқ квалификация қилиш лозим. Шундай қилиб ЖКнинг 189-моддаси аҳолига товар сотиш ёки хизмат кўрсатиш корхоналарида, шунингдек, савдо ёки аҳолига хизмат кўрсатиш соҳасида якка тартибдаги меҳнат фаолияти билан шуғулланадиган шахслар томонидан кам ўлчаш, кам тортиш, ҳақдан уриб қолиш ёхуд харидор ва буюртмачиларни бошқача тарзда алдаш каби ҳаракатларнинг анча миқдорда содир этилишини ҳам ўз ичига олади (Рустамбаев М.Х. Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексига шарҳлар. Махсус қисм. -  Тошкент: Илм-зиё, 2006. – 478-бет.).
Ушбу жиноят объектив томонидан қуйидаги ҳаракатлар орқали содир этилиши мумкин:
­  кам ўлчаш – бу сотиб олувчи ёки буюртмачига товарларни уларга билдирмай тўлиқ бўлмаган миқдорда ёки ўлчовда бериш;
­  кам тортиш – бу товарларни ҳар қандай усулда тарозидан уриб қолиш;
­  ҳақдан уриб қолиш – бу сотиб олувчи ёки буюртмачига билдирмай товарлар ёки хизматлар учун тўланиши лозим бўлган пул маблағларини била туриб нотўғри ҳисоблаш;
­  харидор ёки буюртмачиларни бошқа тарзда алдаш – бу харидор ёки буюртмачиларни амалга оширилаётган битимга нисбатан янглиштиришнинг ҳар қандай усули тушунилади (товарни бир навдан иккинчи навга ўтказиш, уларни бошқа номда сотиш, товарнинг навида, миқдорида алдаш ва ҳоказолар).
Кам ўлчаш, кам тортиш, ҳақдан уриб қолиш ёхуд харидор ва буюртмачиларни бошқача тарзда алдаш мулкчилик шаклидан қатъий назар, аҳолига товар сотиш ёки хизмат кўрсатиш корхоналарини, шунингдек, савдо ёки аҳолига хизмат кўрсатиш соҳасида якка тартибдаги меҳнат фаолияти билан шуғулланадиган шахсларни ЖКнинг 189-моддаси бўйича жавобгарликка тортишни келтириб чиқаради.
Ушбу масалага янада ойдинлик киритиш учун қуйидагиларни маълумот сифатида келтириб ўтишимиз мумкин:
– ўлчов воситаси – ўлчовлар учун фойдаланиладиган ва нормаланган метрологик хусусиятга эга бўлган техника воситаси;
– ўлчов воситаларини текширувдан ўтказиш – ўлчов воситаларининг белгилаб қўйилган техник талабларга мувофиқлигини аниқлаш ва тасдиқлаш мақсадида давлат метрология хизмати органлари (ваколат берилган бошқа органлар, ташкилотлар) томонидан бажариладиган операциялар мажмуи (Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Ахборотномаси, 1994 йил, 2-сон, 48-модда.).
Юқорида таъкидлаганимиздек, ЖКнинг 189-моддаси бланкет диспозициялидир. Шунинг учун савдо ёки хизмат кўрсатиш қоидаларини бузиш жиноятининг объектив томонини янада ойдинроқ ёритиш учун айнан қонун ва қонуности меъёрий ҳужжатларида савдо ва хизмат кўрсатиш қоидалари ҳақида тўхталиб ўтиш мақсадга мувофиқ деб ўйлаймиз.
Жумладан, амалдаги қонунчиликка асосан сотувчи ўз фаолияти ихтисоси ва ихтисослашувини ҳисобга олган ҳолда, давлат стандартларида, санитария, ветеринария қоидаларида, ёнғинга қарши қоидаларда ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда белгиланган мажбурий талабларга риоя қилиши ҳамда сотувчи стандартлар талабларига мувофиқ, товарларни қабул қилиб олишда, сақлашда, савдо олди тайёргарлигида ва сотиш пайтида уларнинг сифати ва хавфсизлиги савдонинг зарур шарт-шароитларини, шунингдек, харидорларнинг товарларни танлаш имкониятини таъминлайдиган зарур жойлар, асбоб-ускуналар ва инвентарга эга бўлиши шарт.
Бундан ташқари, барча ўлчов воситалари, оғирликни ўлчаш приборлари “Ўзстандарт” агентлиги органларининг текшириш тўғрисидаги кўзга яққол ташланадиган ишонч тамғасига ёки гувоҳномасига эга бўлиши керак, улар белгиланган мақсадда қўлланилиши ҳамда ўлчовларнинг бирлиги ва ишончлилигини таъминлаши ҳамда тегишли паспортга эга бўлиши керак. Носоз ва қўллашга рухсат берилмаган ўлчов воситаларидан фойдаланиш тақиқланади. Тарозилар ва бошқа ўлчов приборлари сотувчи-ходимларнинг иш жойларида харидорлар товарни тортиш ва беришнинг бутун жараёнини кўрадиган қилиб ўрнатилиши керак. Тарозиларни пештахтанинг фасадига томон бурчак остида ўрнатиш, уларнинг олдини товарлар, дарпардалар, инвентарь ва бошқа нарсалар билан тўсиб қўйиш тақиқланади.
Шулар бир қаторда, белгиланган қоидага кўра, сотувчи қонун ҳужжатларида назарда тутилган товарлар тўғрисидаги зарур ва ишончли маълумотларни харидорнинг эътиборига ўз вақтида кўргазмали ва қулай шаклда етказиши шарт. Сотувчи-ходим товарнинг номи, унинг нави, маркаси, модели, типи, товарнинг оғирлиги, ўлчами ёки бирлигига нархи кўрсатилган ҳолда, сотиладиган товарларнинг ягона намунадаги ва аниқ расмийлаштирилган нархномалари бўлишини таъминлашга мажбурдир.
Товарлар учун харидорлар билан нақд пулли ҳисоб-китоблар назорат-касса машиналари қўлланилган ҳолда амалга оширилади, Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно бўлиб, савдо объекти раҳбари сотувчи-ходимни назорат-касса машиналарида ишлаш қоидалари билан таништириши керак.
Сотувчи-ходим харидорга зарур сифатга эга бўлган товарни идишда ва (ёки) ўралган ҳолда, муайян тўпламда (товарлар комплекти) ва комплектлиликда товарга тегишли бўлган ҳужжатлар ва анжомлар билан бирга бериши керак.
Харидорнинг товарни алмаштириш ёхуд қайтариш тўғрисидаги талаби, агар товар истеъмол қилинмаган бўлса, унинг товар кўриниши, истеъмол хоссалари, пломбаси, ёрлиқлари сақланган бўлса, шунингдек, ушбу сотувчидан сотиб олинганининг исботи мавжуд бўлса, қондирилиши керак, зарур сифатга эга бўлган, қайтарилмайдиган ёки ноозиқ-овқат товарлари рўйхатида кўрсатилган, ана шундай ўлчам, шакл, габарит, фасон, ранг ёки комплектациядаги бошқа товарга алмаштирилиши мумкин бўлмаган товарлар бундан мустасно. Бунда сотувчи томонидан харидорнинг бундай асосли ва қонуний талабининг рад этилиши ҳам савдо қоидаларининг бузилиши сифатида баҳоланиши мумкин.
Назорат органлари (муассасалари) савдо ва хизмат кўрсатиш қоидаларига риоя этилишини текширишга мутахассисларни, истеъмолчиларнинг жамоат ташкилотлари вакилларини жалб этиши мумкин бўлиб, савдо корхоналари ва якка тартибдаги тадбиркорлар текширувчи шахсларга текширишларни ўтказишда ва камчиликлар ва қоидабузилишларни бартараф этиш чора-тадбирларини кўришда кўмаклашиши керак.
Юқоридаги фикр-мулоҳазаларимизга якун ясаб, савдо ёки хизмат кўрсатиш қоидаларини бузганлик учун Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ва Жиноят кодексига мувофиқ, жавобгарликка сабаб бўлади, деган умумий хулосага келиш мумкин.  Бозор иқтисодиётига асосланган жамият қуриш жараёнида тадбиркорлар томонидан истеъмолчиларга нисбатан савдо ёки хизмат кўрсатиш қоидаларини бузиш каби ҳолатлар учраб туради. Бу ҳолатларда ўз манфаатларини шу каби қилмишларни содир этиш мақсадида икки ёки ундан ортиқ шахс ёки тадбиркор олдиндан тил бириктириб, жиноят содир этишлари ҳам мумкин. Лекин амалдаги ЖК нормаси таҳрири шу каби қилмишларни уюшган гуруҳ томонидан ёки унинг манфаатларини кўзлаб содир этганлик учун жиноий жавобгарликни ўрнатмаган. Шу муносабат билан биз амалдаги ЖК таҳририга “уюшган гуруҳ томонидан ёки унинг манфаатларини кўзлаб содир этилган” жиноят учун жавобгарлик чораларини ўрнатишни таклиф этамиз.
Алишер ТУРҒУНОВ,
жиноят ишлари буйича
Тошкент шаҳар суди
малака ҳайъати котиби